Ахлоқсиз ёзишмалар, унутилган “бижир-бижир”, “парда тутиладиган” мавзуларнинг ошкора муҳокамаси – ўзбекча YouTube каналлар “ижоди”дан намуналар


Сақлаш
20:00 / 24.01.2023 1137 0

2005 йили асос солинган, айни дамда кўрувчилар сони кўплиги жиҳатидан дунёдаги энг кучли веб-сайтлар учлигида турадиган YouTube платформаси ҳеч биримизга бегона эмас. Видеоматериаллар ҳостингини тақдим этувчи веб-сайтнинг шериклик дастури Ўзбекистон ҳудудида ишламаса-да, платформа ўзбек тилидаги материаллардан холи эмас. Бироқ маҳаллий контентлар дарёсига тўр ташласангиз, “балиқлар” билан бирга анчагина “чиқинди” ҳам илинади.

 

Тўғри, YouTube фойдаланилиши мумкин бўлган ҳудудларда ҳаваскор видеоларга ҳеч қандай тақиқ қўймаган. Бироқ бугунги кунда бу имкониятни ўз манфаатига мослаштирган кўплаб “ижодкорлар” аҳмоқона ва мантиқсиз видеолар муаллифига айланишмоқда. Oyina.uz ушбу платформадаги сифатсиз контентлар ва уларни тарқатиш хавфларини турли мисоллар ёрдамида таҳлил қилади.

 

Оғир жудолик! Фалончи вафот этди...

 

Машҳурларнинг вафот этиши билан боғлиқ шов-шувли хабарларга омма бефарқ эмас. Буни билган айрим YouTube каналлари аслида ҳаёт бўлган ижодкорларни ҳам “ўлдиради”.

 

 

Масалан, бундан бир йил аввал таниқли санъаткорлар Адиз Ражабов ҳамда Шукрулло Исроилов вафот этгани ҳақида хабар тарқалган эди. Биринчи манбани қидирувдан топиб бўлмади. Бироқ мана шу канал маълумотлари асосидаги видеолар ва раддиялар ҳозир ҳам платформада мавжуд.

 

Шок хабар! Сиз бу қонунни кутмаган эдингиз...

 

Баъзи каналларда “просмотр”ни кўпайтириш учун қонун ҳужжатлари ёки уларга киритилган айрим ўзгартиришларга ортиқча ёки нотўғри тус берилади. “Пенсия нархи шок ҳолатда ошди”, “Ун энди бепул бўлади”, “Аҳолига пул тарқатилади” ва ҳоказо. Видеоларга ишонган баъзи содда одамлар “лайк” босади, изоҳ ёзади ва видеони тарқатади. Натижада канал материали “топ”га кўтарилади.

 

Шарманда! Видео тарқалиб кетди...

 

Ўзбекча каналлар орасида омма эътиборини тортиш учун шармсизликни тарғиб қиладиган, ҳаёсиз сарлавҳалар қўйилган видеолар бериб борадиганлари ҳам бисёр. Улар кимнингдир видео ва расмларини ваҳима билан тарқатишади. Аксарият “шармандали” видеолар аслида ваҳима қилинган мазмунда бўлмайди ҳам. Шунчаки, миллионлаб аудитория канал муаллифлари ўйлаб топган “маркетинг” ўлжасига айланади. Қизиғи, одамлар сўкиб ёзган изоҳлари орқали ҳам видеони “қўллаб-қувватлайди”. Одоб юзасидан фикримизга далил бўлгулик расмлар ва “скриншот”ларни келтирмаймиз.

 

Севишганлар суҳбатига тобингиз қалай?

 

Айнан “парда тутиладиган” мавзуларнинг яна бири ишқий ёзишмалардир. Тиниб-тинчимас “ижодкорлар” ишқий муносабатдаги ёшларнинг ҳирсга бой ёзишмаларини ҳам жанрга айлантиришди (ҳатто аудио вариантларига ҳам дуч келиш мумкин). Аслида фантазия асосида “ижод” қилинса ҳам, одамлар бу контент ўғринча интернетда тарқалганига ишонишади. Афсуски, аҳмоқликнинг чегараси йўқ.

 

Мана буни янгилик деса бўлади...

 

Янгилик дея жойланаётган видеоларнинг айримларида янгиликдан бошқа ҳамма нарса бор. Уларнинг формуласи оддий:

-       “топ”даги бирор санъаткор танланади;

-       видео фонига унинг энг сифатсиз форматдаги 4-5 та расми териб чиқилади;

-       кадр ортида санъаткор биографиясига оид узуқ-юлуқ маълумотлар уйқусираган овоз билан ўқиб берилади;

-       жимжимадор сарлавҳа ва интригали постер билан безалган видео каналга жойланади.

 

Қарабсизки, мана шу видеолавҳа бир неча юз минг маротаба кўрилади.

 

Айрим видеолавҳаларда эса кичик ҳажмдаги янгилик матни сунъий паузалар, қайтариқлар ва салом-хайр билан узайтирилади. Буни YouTube ҳаваскорлари орасидаги “лайфҳак” деса ҳам бўлади.

 

Ўзбек тилидаги шунга ўхшаш аҳмоқона контентларга сизнинг ҳам кўзингиз тушган бўлса керак. Яхшиямки, YouTube веб-сайтида кадрлар билан боғлиқ чекловлар мавжуд, йўқса, “шармандага шаҳар кенг” қабилидаги контентлар орасида ёқамизни ушлаб тураверардик.

 

Ана энди YouTube оламида оммалашиб кетган ва табиий ҳолдек қараладиган машҳур тенденцияларга тўхталсак.

 

Сарлавҳаси видеодан “қизиқ”

 

Энг кўп тарқалган тенденция бу видеога қўйилган сарлавҳаларнинг жимжимадорлигидир. Умуман, ОАВда сарлавҳа мавзуси азалдан муҳокама қилинади ва, шубҳасиз, унда эътиборни торта олиш хусусияти бўлиши керак. Бироқ YouTube ҳар қандай меъёр, маданият ва ахлоқ чегараларини кесиб ўтди.

 

Бугунги сарлавҳаларни шартли равишда қуйидаги турларга ажратиш мумкин:

-       ёлғон сарлавҳа (масалан, “Фалончи вафот этди”);

-       бўрттирилган сарлавҳа (масалан, “Фалончи нима учун дод деб йиғлади?”);

-       шармсиз сарлавҳа (масалан, “Фалончининг кийими ечилиб кетди”).

 

Афсуски, шундай канал муаллифлари борки, ўзлари топган “сарлавҳа”лар билан мақтанишади.

 

Тренд билан қувлашмачоқ

 

Аҳоли орасида қайсидир санъаткор ёки вазият трендда бўлса, баъзи устаси фаранглар ўша заҳоти шу мавзуда видео чиқаришни бошлайди. Ҳатто айрим каналлар ҳаётлик даврида эсга олинмаган машҳурлар ҳақида вафотидан сўнг лавҳалар тайёрлайди (мақсад кимнингдир хотирасига ҳурмат кўрсатиш эмас, трендга чиқиш).

 

Яна шундай YouTube блогерлари борки, қайсидир тренд мавзу ёки тарқалган видеоларга ўта шахсий ва тор доирадаги фикрлари билан муносабат билдирадилар: эмоцияга бериладилар, сўкинадилар, кимнидир камситадилар ва ҳоказо.

 

Трендлар орасида шоу-бизнес жанжаллари ҳам оммабоп мотивга айланмоқда. Машҳур шахслар ўртасида келишмовчилик кузатилса, бир қанча канал муаллифлари шарҳловчи ва судья ролини ўйнайдилар: “Эшматнинг Тошматга жавоби 1-қисм”, “Тошматнинг Эшматга жавоби 2-қисм”... Буёғи мини-сериал.

 

Афандининг гапи тўғри, бу YouTubeда ҳамма ўғри

 

Платформадаги энг оммавий тенденцияларнинг яна бири ўғриликдир. Жуда кўп каналнинг тирикчилиги шундан. Энг кўп тарқалган ўлжалар: телевидение орқали эфирга кетган фильм, сериал ва кўрсатувлар, машҳурларнинг саҳифаларидаги видеолар ҳамда таниқли YouTube каналларидаги материаллар. Яхшиямки, веб-сайт муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос тизимга эга. Шунда ҳам қаловини топаётганлар талайгина.

 

Унутилган “бижир-бижир”

 

Бугун аҳоли орасида ўзгаларнинг шахсий ҳаётига доир видеолавҳаларни ёки суратларни рухсатсиз тарқатиш жуда оммалашиб бормоқда. YouTube бу борада анча фаол. Ибрат ва хулоса учун қайсидир видеони жойлаган тақдирда ҳам, шахслар ҳақидаги маълумотлар сир тутилиши ва уларнинг юзи акс этган кадрларга, халқ тилида айтганда, “бижир-бижир” қўйилиши лозим. Бизда канал муаллифлари, аксинча, шахслар юзини янада яқинлаштириб, қотириб, керак бўлса, қизил ҳошияга олиб, ёнбошидан “стрелка” ҳам қўйиб қўйишади.

 

Унутмаслик керакки, ҳар қандай фаолият инсоний ва қонуний меъёрларни четлаб ўтмаса, барака бўлади.

 

Биз энг кенг тарқалган тенденцияларни санаб ўтдик. Ана энди айрим эслатмаларга эътибор қаратинг:

 

Биринчи эслатма: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддасига кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

Иккинчи эслатма: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-1-моддасига кўра, асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, барчанинг эътиборига етказиш ёхуд асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг нусхаларида уларнинг тайёрловчилари ҳақида, уларни ишлаб чиқариш жойлари тўғрисида, шунингдек муаллифлик ҳуқуқининг ва турдош ҳуқуқларнинг эгалари ҳақида ёлғон ахборотни кўрсатиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Қолаверса, жавобгарликка тортилган шахсларнинг материал тайёрлашда фойдаланилган ускуналари мусодара қилинади.

 

Учинчи эслатма: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-1-моддасига биноан, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Бу эслатмалар ўзгалар ҳақида ёлғон маълумот тарқатувчи, бошқаларнинг муаллифлик ишларидан рухсатсиз фойдаланувчи, кимларнингдир шахсий ҳаётини оммага кўз-кўз қилувчи YouTube ижодкорларига тааллуқли. Айтганча, маъмурий жавобгарликдан сўнг бу хатти-ҳаракатларни қайта содир этиш жиноий жавобгарликка асос бўлиши мумкин. Кўза кунда эмас, кунида синади.

 

 

Сирожиддин РУСТАМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//