Уялдим, шарманда бўлдим, айбим очилиб қолди, одамлар кўзига қаролмай қолдим, хижолат бўлдим.
“Юз шувут бўлди” деганда тахминан юқоридаги маъноларни тушунамиз. Хўш, “шувут” нима ўзи? “Шувут” (баъзи шеваларда “чувут”) сўзи фақат “юз шувут” иборасида сақланиб қолган ва бизгача етиб келган. Бироқ бу сўзнинг ўзи алоҳида қандай маънога эгалиги, келиб чиқиши ҳақида ҳозирги луғатларда маълумот йўқ. Хўш, юз шувут бўлиш ҳолати қандай кечади: дейлик, юз қизариб кетади ёки шармандалик даражаси жуда юқори бўлганда киши юзи кўкариши, бўзариши, ҳатто оқариши мумкин. Хуллас, ҳаяжондан киши юзида ранг ўзгариши содир бўлади.
Аслида, “шувут” (“чувут”) жуда қадимий сўз бўлиб, маъноси “ранг” эканлиги ҳақида бобомиз Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк”да шундай маълумот беради: “қїзїл ǰўвўт – қизил ранг, ал ǰўвўт – ол ранг, кöк ǰўвўт – кўк ранг, jашїл ǰўвўт – яшил ранг, сарїғ ǰўвўт – сариқ ранг, зирних (олтингугурт кукуни). Билгилки, ǰўвўт (чувут) сўзи бу рангларнинг ҳаммаси учун умумий сўз бўлиб, сўнг унга айрим рангларни англатувчи сўзлар қўшилиб, фарқ қилинади” (ДЛТ. III том. Т.: “Фан”. 1963. 176-бет).
Демак, қадимги туркийда “чувут” ҳам “тус” каби ранг маъносини билдирган. Кейинчалик кўпгина турк лаҳжаларига форсча “ранг” ўзлашган, аммо “чувут” унутилган, фақат “юз шувут”да сақланиб қолган.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ