Охирги 150 йил давомидаги шиддатли жараёнлар онгимизни, дунёқарашимизни ўзгартирди, турмуш тарзимизни яхшилади. Аммо, афсуски, бу вақт орасида бизнинг миллат дунё миқёсида фақат истеъмолчига айланиб қолди. Натижада жаҳонда бўлаётган ижтимоий, маданий трендларни қабул қилиш билан бирга, уларга ўз сўзимизни ҳам айтишимиз зарур бўлган бир вақтда жим қолдик. Бунинг сабаблари кўп. Шулардан бири кечмиш ва айни кундаги энг баҳсли мавзулардан бири ҳисобланувчи гендер тенглиги масаласидир.
Россия империяси даврида гендер масаласи ва Туркистондаги вазият
Россия империясида гендер масаласи Европадаги сингари XIX аср ярмида тилга олина бошланди. Бу мамлакатда урбанизация жараёнлари кучайганидан далолат берарди. Аммо рус қишлоқларида масалага муаммо сифатида қаралмас, асосан, шаҳарликлар ва зиёлилар бу мавзуни кўтаришарди. Айниқса, Лев Толстойнинг «Крейцер сонатаси» асари кўп баҳсларга сабаб бўлди. Ёзувчи гендер масаласини севги-муҳаббат ва оила қуриш билан боғлайди. Унинг фикрича, замонавий оила муҳаббат ва ўзаро ҳурмат асосида қурилиши зарур эди. Албатта, Толстойнинг фикрлари аксар жамоатчилик томонидан қабул қилинмади.
Россия империяси Туркистонни забт этганидан сўнг, мустамлакачиларнинг ерли аҳоли турмуш тарзига қизиқиши ортди. Олимлар ва сайёҳлар туркистонлик хотин-қизлар ҳақида кўпроқ билишни исташар, уларни суратга олишар ва махсус альбомлар яратишарди. Илмий жиҳатдан туркистонлик аёллар ҳақида биринчи бор эр-хотин Наливкинлар китоб ёзади ва бу асар Парижда ҳам эътироф этилади. Шу тариқа Наливкинлар Фарғона аёллари турмуш тарзи билан европаликларни илк бор таништирганди. Аммо муаллифлар ерлик аёлларни озод қилиш фикридан йироқ бўлиб, улар шунчаки хотин-қизларнинг Туркистон ҳаётидаги ролини кўрсатиб беришади, холос. Чор Россияси учун ҳам туркистонлик аёлларни озод қилиш ва гендер тенгликни ўрнатиш зарурати йўқ эди. Бу даврда ўлкадаги барча турмуш жараёнлари исломий мезонлардан келиб чиқиб талқин қилинарди. Чунки империя ерлик аҳоли маданиятига аралашмаслик сиёсатини афзал билганди.
Советлар, жадидлар ва ўзбек аёли
1917 йил воқеалари Туркистон ижтимоий вазиятига ҳам таъсир қилади. Жадидлар, социалистлар, большевиклар аёллар бўйича ўз қарашларини олға сура бошлайди. Улар ичида энг мўътадил ёндашув жадидларники эди. Миллат ойдинлари ўзбек аёлига аввал таълим бериш, сўнгра миллат ривожидаги ролини ошириш ҳақида ёзишар, чиқишлар қиларди. Большевиклар эса Туркистон аёлларини паранжидан, “уй зиндонидан озод қилиш”га ва жамиятда фаол бўлишга чақирар ва ҳатто куч билан ундарди. Яъни, 1917 йилдан бошлаб аёл сиймоси ва шахси сиёсийлашади, ҳар бир сиёсатчи аёллар масаласида ўз фикрини билдира бошлайди.
XX асрнинг 20 йилларида Туркистон аёллари устидан энг катта сиёсий ва ижтимоий эксперимент ўтказилди. Хотин-қизларнинг «манфаати» йўлида улар мажбурий ижтимоий ҳаётга тортилди. Бу даврда ожизаларни “озод қилиш” сиёсати нафақат Совет давлатида, балки Туркия, Эронда ҳам кузатилди. Яъни жараён Яқин Шарқда ва мусулмон жамиятларда кетаётган умумжаҳон тарихий воқеликка айланди.
1927 йилда бошланган «Ҳужум» ҳаракати эса аёлларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Мен бу жараённи бутунлай қораламоқчи эмасман. Чунки, ҳар бир тарихий воқеликнинг ижобий ва салбий натижалари мавжуд. Масалан, «Ҳужум»нинг ижобий томони – мамлакатда хотин-қизлар учун махсус педагогика ўқув юртлари тузилди, ўзбек қизлари фабрика ва тикув ателларида иш бошлади. Албатта, бу жараёнлар аҳолининг исломий турмуш тарзини ўзгартирди, янги ижтимоий муносабатларни юзага келтирди. Кўп ўтмай, ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида аёллар меҳнат қила бошлади. Лекин бу дегани аёллар оила юмушларидан озод бўлишди, дегани эмасди. Шу ҳолат воқеликнинг салбий томони эди – энди ўзбек аёлларининг турмушдаги юмушлари янада кўпайганди. Айниқса, иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек аёлининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётдаги роли ниҳоятда катта бўлди. Урушдан сўнг ҳам коммунистик партия томонидан ўзбек хотин-қизларини жамиятдаги ролини яна-да оширишга киришилди. Бунинг учун кинематографиядан кенг ва унумли фойдаланилди. Биргина мисол, «Маҳаллада дув-дув гап» фильмини эслайлик. Картина XX асрнинг 60 йилларидаги ўзбек хотин-қизлари ва улар ўзларини қандай тасаввур қилишлари ҳақида эди. Асарда архитектор, қурувчи ва консерва заводидаги ишчи қизларнинг образлари намоён бўлган. Шунингдек, улар билан бир қаторда ёш ва илғор авлодни «тушунмайдиган» катта авлод аёллари кўрсатилган. Филмнинг мақсади замонавий совет аёли образини шакллантириш ва уни ўзбек хотин-қизлари учун яшаш моделига айлантириш эди. Албатта, бу “намуна” ўзини оқлайди. Тарихий нуқтаи назардан қарасак, XX асрнинг 60-80-йиллари Совет давлати гендер масаласини ишлаб чиқаришга боғлаб қўйди ва аёллар мамлакатнинг яхши фуқароларига айланди-қўйди. Аммо иттифоқда барибир эркак киши устун, аёл сиёсий жиҳатдан бир поғона пастда эди. Бунинг исботи сифатида, 1965 йилдан бошлаб, 8 мартнинг расмий равишда умумбайрам сифатида нишонлана бошланганини айтиш мумкин. Яъни, бу байрам иттифоқнинг аёлларга ғамхўрлиги ва ишончи тимсолига айланганди.
XX асрнинг 80 йилларда ўлка бўйлаб тарқалган инқироз аёллар ҳолатига ҳам бевосита таъсир қилди. Ушбу давр Шароф Бошбековнинг «Темир хотин»ида бор бўйи билан кўринган. Совет ҳукумати асосан шаҳарлик аёлларга эътибор қаратгани сабабли оддий қишлоқ аёли қисмати яхшиланмади, ижтимоий инқироз авж олди. Лекин шунга қарамай, Совет империясида, айниқса, Ўзбекистонда педагогика ва тиббиётда меҳнат қилаётган аёллар сони эркакларникидан ўзиб кетди. Қизиқарли жиҳати, ушбу устунлик мамлакатимизда ҳамон сақланиб келяпти. Бу номутаносиблик, албатта, совет давлатининг махсус сиёсати натижаси эди.
Мустақил Ўзбекистонда гендер масаласи
Афсуски, бугунги кунда ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 46-моддасида гендер тенглик ўрнатилганига қарамасдан, муаммолар талайгина. Қоғозда, ҳужжатда ҳаммаси жойида, бироқ ҳақиқий ҳаётимизда аёллар гендер тенглиги муаммоси бор. Ҳар қадамда, мисол учун оддийгина, сериалларимизда, фильмларимизда гендер тенглик бузиляпти. «Миллий менталитет» пеш қилиниб, Конституция принциплари менсилмаяпти. Жамиятимизда ҳали ҳам аёлларни камситиш ҳоллари мавжуд, оилавий зўравонлик ҳам кам эмас, уларнинг таълим олиши ва ривожланиши учун тўсиқлар мавжуд. Тўғри, ҳукумат томонидан, зиёли жамоатчилик томонидан гендер тенглик ўрнатиш учун саъй-ҳаракатлар мавжуд, лекин назарий жиҳатдан ишлар жуда оз. Ёзилаётган илмий ишларда ҳам ҳатто ўзбек аёли оила институти орқали талқин қилиняпти. Ҳеч бўлмаса, жаҳон дурдоналарига айланган Виржиния Вулф, Симона Бовуар, Юлия Кристева асарлари ўрганилиб, таржима қилинмаяпти. Миллий зиёлиларимиз аёллар ҳақида ёки зиёли хотин-қизларимиз ўзбек гендер тенглиги қандай бўлиши кераклигини ёзишаётгани йўқ. Бир сўз билан айтганда, бу масалада бизда илмий асосланган ва замонавий модель мавжуд эмас. Афсуски, ўзбек жамиятида гендер тенглик жинсий биологик фарқлар ёки радикал феминизм билан аралаштириб юбориляпти. Гендер тенглик бу – ижтимоий муносабат эканини жуда камчилик англаяпти. Университетларимизда гендер ва жинс масаласи ҳақида махсус курслар ўқилмаётгани ҳам камчилик аслида. Бу барча муаммолар ечилмас экан, биз фуқаролик жамияти ва ривожланган иқтисодиёт яратишимиз даргумон бўлиб қолади. Шунингдек, замонавий дунё маданиятига ўз ҳиссамизни қўшиш ва сиёсий жараёнларда ўз сўзимизни айтиш қийинлашади.
Бахтиёр АЛИМЖОНОВ,
тарих фанлари номзоди
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ