“Ёш бухороликлар” партияси ҳақида сўз кетганда Бурҳоновлар сулоласини четлаб ўтишнинг иложи йўқ. Бу хонадон вакиллари орасидан йирик давлат арбоблари, маориф, маданият ходимларидан тортиб, педагог, журналист, машҳур композиторларгача етишиб чиқди. Сулола асосчиси самарқандлик уламо Бурҳон Олим ўғлидир. У Самарқанд шаҳри чор Россияси тасарруфига ўтганидан сўнг Бухорои Шарифга келиб кўп йиллар давомида мударрис ва муфти сифатида фаолият олиб борган. Қуйида машҳур Бурҳоновлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Мазҳар Бурҳонов (1878–1937)
Мазҳаруддин Бурҳонов 1878 йил Бухоро шаҳрида дунёга келган. Дастлабкии таълимни отасидан олган. 1908 йилда Бухоро мадрасасини тугатиб, ўқишни Туркияда давом эттиради. Мазхар Бурҳонов 1914 йилдан Истанбул университети математика факультетида ўқий бошлайди. Қатор йиллар Истамбул мактабларида ўқитувчилик қилади. Маккага бориб ҳаж маросимини адо этади. 1922 йилда олий маълумотли математика ўқитувчиси дипломи билан Бухорога қайтиб келади. У 1922-1923 йилларда Бухоро Халқ Республикаси Меҳнат идораси бошлиғи ва Маориф нозири ўринбосари вазифаларида ишлаган. “Нашри маориф” жамиятининг хорижда ўқиётган талабаларни қўллаб-қувватлаш, мактаб ва кутубхоналар фаолиятини кенгайтириш каби тадбирларини Бухоро маорифчилари орасида кенг тарғиб этади. Мазҳар Бурҳонов Бухоро Жумҳурияти тугатилганидан сўнг ҳукумат ишларидан бутунлай воз кечиб фақат таълим билан шуғулланади. У математика соҳасида илк дарсликлар яратган ўзбек педагог олимларидан биридир. 1924–1930 йилларда Бухородаги дорулмуаллиминда, сўнг Самарқанд шаҳрида Mусиқа институтида математика фанидан дарс берган. 1932-1933 йилларда Душанбе (Сталинобод)да, 1933–1936 йилларда Тошкент шаҳрида яшаб, билим юртларда дарс берган. Самарқанд шаҳрига кўчиб келиб, мактаб ўқитувчилигидан нафақага чиқади.
Мазҳар Бурҳонов 1937 йил 19 июлда “Миллий иттиҳод” ташкилотига алоқадорликда айбланиб қамоққа олинган. Бу вақтда унинг турмуш ўртоғи 34 ёшли Саодатхон Самарқанд шаҳридаги ўқитувчилар билим юртида иккинчи курсда таҳсил олаётган эди. Мазҳар Бурхонов 1937 йил 27 август кунги сўроқда: 1910 йил Туркиядан келганимда Файзулла Хўжаев билан танишганман. У 13-14 ёш бола эди. Мен уни сиёсий арбоб эмас, оддий миллионернинг ўғли сифатида таниган эдим. 1922 йил Туркиядан қайтиб келганимда катта ўзгаришлар бўлган экан. Албатта, Туркияда миллий партиялар кўп эди. Аммо, Ўзбекистонда бирорта сиёсий партия ёки “Миллий иттиҳод” номли аксилинқилобий ташкилот ҳақида эшитган эмасман. “Нашри маориф” каби маърифий жамиятлар бўлган. Аммо, у халқ маорифини қўллаб-қувватловчи ҳаракат эди, дейди.
Мазҳар Бурхонов 1937 йил 25 октябрда укалари ва жияни билан елкама-елка туриб шаҳид бўлади.
Мукаммил Бурҳонов (1884–1938)
Мукаммилидин Бурҳонов 1884 йил дунёга келган. Мактаб ва мадраса таълимидан сўнг 1908 йилда “Тарбияи атфол” (“Болалар тарбияси”) жамияти томонидан Истанбулда таҳсилни давом эттирди. Бухорога қайтгач, мактаб ва мадраса таълимини ислоҳ қилиш, ёшларга янги усулда таълим беришга киришди. “Ёш бухороликлар” партиясига кириб, Бухоро заминига тараққийпарварлик ғояларини кенг ёйишга интилди. 1912 йилда Исмоил Гаспрали, Абдуқодир Шакурий мактабларига қиёсан ўз уйида янги усулдаги мактаб очади. 1913 йилда катта ёшли саводсиз ва чаласаводлар учун кечки мактаб ташкил қилади.
Мукаммил Бурҳонов 1917 йил апрелдаги ёшлар намойишидан сўнг Бухорони тарк этиб, Самарқандда яшаган. Амир ҳокимияти ағдарилгач, Мукаммил Бурҳонов ҳамиша Файзулла Хўжаев ёнида таянч ва тиргак бўлди. Олимжон Идрисий инқилобгача Бухоро мадрасаларида таҳсил олган ва кейинроқ “Ёш бухороликлар” томонидан Туркияга ўқишга юборилган эди. У Германияда вақтида ҳам Абдурауф Фитрат билан доимий алоқада бўлган. 1922 йил Фитрат БХР Маориф халқ нозири бўлган вақтида бухоролик ёшларни чет эл таълим муассасаларига йўллашни йўлга қўяди. 1922 йил октябрда Файзулла Хўжаев РСФСРнинг БХСРдаги доимий вакили Кожевников, Мукаммил Бурҳонов ва ўғли Берлиндаги фельдшерлик билим юртида ўқиётган Бухоро яҳудийси Эдельманлар билан 25 кун мобайнида Германияда бўлади. Улар Берлинда Абдувоҳид Бурҳонов, Олимжон Идрисий ва Бадри Сайфулмулк билан учрашиб, талабалар ҳаётидан хабар олади. Айни пайтда Файзулла Хўжаев Эдельман билан машҳур миллионер Аминжон Сулаймонов, Потеляховлар орқали Германия ҳукумати вакиллари билан ҳам алоқа ўрнатишга ҳаракат қилади. Бу вақтда Мукаммил Бурҳонов асосий вақтини туркистонлик талабалар таҳсили масаласи билан машғул бўлиш билан ўтказади. Кейинчалик бу танишув дўстликка айланди. Мукаммил Бурҳонов 1923–1925 йилларда Германиядан кўплаб хатлар олди. Абдувоҳид Бурҳонов Мунзим, Олимжон Идрисий хатларида асосан талабаларнинг иқтисодий таъминотдаги қийинчиликлари ҳақида гап борса, Аҳмад Наим, Азиз Хўжаларнинг хатлари ёрқин туйғуларга бой, Бухоро заминига Оврўпо илм-фани, техникаси ютуқларини самарали жалб этиш ҳақидаги ўйлар ва истиқлол орзуси билан тўлиб тошган эди. Қиямиддин Киромиддин, Аброр Рашидларнинг хатлари эса болаларча беғубор содда кечинмалардан иборат эди. Мукаммил Бурҳонов 1920–1924 йилларда Бухоро Халқ Республикасида Адлия нозири, БХСРнинг РСФСРдаги мухтор вакили вазифаларида фаолият олиб борди.
Ўзбекистон Республикаси ташкил этилгач пойтахт Самарқандда ҳам Файзулла Хўжаевнинг шахсий котиби сифатида иш олиб борди. Бироқ, орадан кўп ўтмай Мукаммил Бурҳонов ҳам ўзининг сиёсий фаолиятини тўхтатади ва фақат ўқитувчилик билан машғул бўлади. Бўш вақтларида мақом дарғалари Ота Жалол ва Ота Ғиёслардан таълим олиб, жияни Мутаваккил Бурҳоновга дастлабки мусиқий тарбия беради.
1937 йил 23 майда Мукаммил Бурҳонов 1921 йилдан “Миллий иттиҳод” аъзоси ва 1921–1923 йиллар ташкилотнинг ғазнасига масъул бўлган, 1923 йилда халқни қуролли қўзғалонга чорлаган каби айбловлар билан ЎзССР ЖКнинг 66-, 67-моддалари қўлланиб қамоққа олинади. Мукаммил махсум Бурҳоновнинг хонадонига 10 тача қуролли киши ёпирилиб киради. Ҳатто, икки ёшли қизчаси Ракинанинг ўйинчоқ-қўғирчоқларининг ҳам “қорнини ёриб” кўришади. Мукаммил Бурҳонов хотини билан ажрашгани учун бу вақтда ёлғиз қизи билан яшар эди. 1937 йил 2–5 июль кунлари ўтказилган тинимсиз таҳқирли сўроқ-саволларнинг сўнггида Мукаммил Бурҳонов НКВД ходимларини ҳақорат қилган деб 3 кунга карцерга ҳукм этилади.
1937 йил 9 август куни бутунлай ҳолдан тойган Мукаммил Бурҳонов ўзига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар билан тўла қоғозларга имзо чекишга мажбур бўлди.
Мутаваккил Бурҳонов амакилари Мазҳар, Мукаммил ва Муаммир Бурҳоновларнинг 1937 йилда қамалиб, 1989 йилда ЎзССР прокурори томонидан тўлиқ оқлаганганини таъкидлаб ҳамда уларга тааллуқли ҳужжат ва буюмларни қайтариб беришларини сўраб 1991 йилда тегишли идораларга хат ёзади. Бурҳоновлар, аслида, 1965 йил 2 декабрда ЎзССР Олий суди томонидан номига бўлса-да оқланган эди. Аризада сўралган – уларнинг қабрлари ҳақида маълумот аниқланмади. Фақат Мукаммил Бурҳоновга 1922 йилнинг 24 октябрида Германиядаги РСФСР доимий вакили томонидан берилган №232 рақамли гувоҳнома нусхаси 1991 йил 3 июлда Мутаваккил Бурҳоновга топширилди.
Муҳаммир Бурҳонов (1897–1937)
Муҳаммир Бурҳонов 1897 йил Бухоро шаҳрида дунёга келган. Муҳаммир жадид мактаби ва мадраса таҳсилининг илк босқичини тугатиши билан 1912 йил Туркияга ўқишга юборилади. У “Ёш бухороликлар”нинг Туркиядаги “Таъмими маориф” уюшмаси ташкилотчиларидан бири эди. 1914–1921 йилларда Туркиянинг Бурса, Эски шаҳар, Қостумания шаҳарларида таълим олди, ўқитувчилик қилди. Бухорода амир салтанати ағдарилиб, “Ёш бухороликлар”нинг ҳокимиятга келганини эшитиб, 1921 йил Ватанга қайтиб келади.
Муҳаммир Бурҳонов 1921 йил кузидан Бухоро шаҳар милицияси бошлиғи бўлди. 1921–1923 йилларда БХСР милиция нозири ўринбосари, сўнг уч ой давомида БХСР Нозирлар кенгаши раиси котиби вазифаларини бажаради. 1923 йил саккиз ой давомида Чоржўй вилояти милиция бошлиғи, 1923-1924 йиллар олти ойча Шаҳрисабз вилояти милиция бошлиғи лавозимларида иш олиб боради.
Муҳаммир Бурҳонов 1924 йил апрелда турмуш ўртоғи ва ўғлини олиб келиш мақсадида яна Туркияга йўл олади. Бироқ, ўғлининг соғлиғи ёмонлашгани ва хотинининг Бухорога келишни хоҳламаганлиги туфайли у икки йилдан ортиқроқ Туркияда қолиб кетади. Муҳаммир Бурҳоновнинг бу галги Туркия сафари шўро маъмурлари томонидан Усмон Хўжаевга катта миқдордаги пул олиб борганлик ва Туркиядан БХР ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ёхуд жаҳон ҳамжамиятидан унинг истиқлолини сақлаб қолишда ёрдам умиди эди деб талқин этилади. Муҳаммир Бурҳонов 1926 йил июнда Бухорога қайтиб келади. Бироқ, шундан сўнг ҳукумат ишидан воз кечиб, фақат муаллимлик билан шуғулланади. Бухоро вилоят ўқитувчилар уюшмаси аъзоси ва Самарқанд шаҳрига кўчиб келгач шаҳардаги 5-сонли мактабда ўқитувчилик қилади.
1937 йил 23 май куни Муҳаммир Бурҳоновни “Миллий иттиҳод” аъзоси, милицияда ишлаб юрган вақтида қизил армияга қарши қўрбошиларни қўллаб-қувватлаган, 1924–1926 йиллари Туркияда бўлиб, хориж мамлакатларидан советларга қарши курашда ёрдам сўраган каби айбловлар билан қамоққа олишга қарор чиқарилади. Аммо қарор кечиктирилиб, фақат 1937 йил 2 июнь куни уни қамоққа олишга ордер берилди. Унинг турмуш ўртоғи Маҳфузахон (25 ёш) ҳам ўқитувчи эди.
Муҳаммир Бурҳонов 1937 йил 13 июнь куни сўроқда ўзининг 1921-1922 йилларда Файзулла Хўжаев ва Усмон Хўжаевлар раҳбар бўлган “Иттиҳод ва тараққий” партиясининг аъзоси бўлгани ҳамда Тошкентда Мунаввар қори очган “Миллий иттиҳод” ташкилоти билан яқин алоқада бўлганлигини тан олади.
Муҳаммир Бурҳонов 1937 йил 14 октябрда олий жазога ҳукм қилинган.
Мисбоҳ Бурҳонов (1905–1937)
Мисбоҳ Бурҳонов 1905 йил 26 декабрь куни Бухоро шаҳрида дунёқараши кенглиги ва аниқ фанларни яхши билиши билан донг таратган мударрис Музаиниддин Бурҳонов оиласида дунёга келган. Зиёли хонадонда улғайган Мисбоҳ жадид мактаби ва замонавий таълим муассасаларида ўқиб ўз даврининг илғор ёшларидан бирига айланди. Мисбаҳ Бурҳонов 14 ёшида Бухоро амири томонидан отаси Музаин билан бирга зиндонга ташланади. 1919 йил отаси вафотидан сўнг Бухорони тарк этади. Мисбоҳ Бурҳонов Самарқанд, Тошкент билим юртлари таҳсилидан сўнг Москва давлат университети Журналистика факультетига ўқишга киради. 1928 йил олий маълумот тўғрисидаги дипломни қўлга киритгач бир муддат Самарқандга, шундан сўнг Тожикистоннинг пойтахти Душанбе (Сталинобод) шаҳрига кўчиб бориб 1933 йилгача “Тожикистони сурх” газетасининг бош муҳаррири бўлди. Айни пайтда ёш ёзувчи сифатида ўзининг ўткир қалами билан халқ ва ижод аҳли орасида танила бошлайди. Тожикистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлади. Бироқ, 1933 йил 11 октябрда чақув ортидан аксилинқилобчи деган айблов билан қамоққа олиниб, шу йилнинг 2 ноябрида 5 йилга қамоққа ҳукм қилинади.
1937 йил 1 сентябрь куни Мисбоҳ Бурҳоновга яна ЎзССР ЖКнинг 60-, 67-моддалари қўлланиб айблов эълон қилинади. 1937 йил 11 октябрда ҳибсга олинган Мисбоҳ Бурҳонов қамоқнинг оғир шароити туфайли бутунлай соғлиғидан айрилган, заиф ва касалманд ҳолатда эди. Унинг оила аъзолари деб талаба укаси Мутаваккил (20 ёш) ҳамда Самарқандда уй бекаси бўлган синглиси Фотима (23 ёш)ларнинг номлари келтирилган. Мисбоҳ билан айтарли сўроқ ҳам, юзлаштириш ҳам ўтказилмайди. 1937 йил 25 октябрда олий жазога ҳукм қилинган. Ҳеч бир гуноҳини англамаган иқтидорли Мисбоҳ ҳали оила қуриб улгурмай, 1937 йил 25 октябрь куни қардошлари ёнида шўро малъунларининг ўқидан ҳалок бўлди.
1960 йил 25 апрелда Фотима Музаиновна Бурҳонова Тошкент шаҳридан ЎзССР ДХҚ бошлиғига ариза ёзиб акаси Мисбоҳ Бурҳоновнинг қисмати ҳақида хабар беришларини сўрайди. Унда 1939 йил акаси тақдири билан қизиқиб, Москвага боргани ва у ердан 1938 йил жазо муддатини яна 10 йилга узайтиргани ҳақида хабар билан қайтганини эслайди. Бу гал эса масъул ташкилот Фотима Бурҳоновага Мисбоҳ Бурҳонов 1937 йил 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинган ва 1943 йил 10 октябрда жазони ўташ даврида вафот этган деган ёлғон хабар йўллаш билан чекланади.
Мисбоҳ Бурҳонов 1958 йил 16 январда оқланган.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ