Дунёнинг энг ноодатий мактаблари ҳақида қизиқарли фактлар


Сақлаш
17:22 / 19.01.2023 1304 0

 Ҳар бир давлат таълим тизимининг ўзига хос қонун-қоидалари бор. Улар мамлакат анъаналари, одамларининг дунёқараши, таълимга бўлган муносабати ва яшаш тарзига кўра шаклланади. Шунга кўра, кўпчилигимиз мактабларнинг анъанавий моделига ўрганиб қолганмиз – бир неча қаватли бино, ўқув хоналари, спорт заллари, ошхона... Бу қулайлик билан бирга ўқувчилар хавфсизлигини ҳам таъминлагани учун мактаблар бошқача бўлиши мумкин, деган ўй хаёлимизга келмайди. Аммо мактаб сузиб ё кўчиб юрувчи ёки кўприк остида қурилган бўлсачи, бунда ҳам ўқувчи сифатли таълим оладими? Бугун биз ҳар қандай шароитда ҳам ўқиётган болалар ва ишлайдиган мактаблар ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

Янги Деҳли харобаларида болалар кўприк остида таълим олишади

Бир неча йиллардан бери фаолият юритиб келаётган бу ғайриоддий мактабга ҳар куни элликка яқин бола дарсга келади. Ундаги ягона ўқитувчи ўсмирлар ўқиши ва кўчада дайдиб юрмасликлари шарти билан, мутлақо текинга ўқитади. Энг қизиғи, бу мактабда ўқувчилар дарс қолдирмасдан, мунтазам равишда уй вазифаларини бажариб боришади.

 

 

 

Дунёдаги энг баланд жойда жойлашган мактаб

Тибетдаги ушбу таълим муассасаси дунё бўйича энг баланд манзилда жойлашган мактаб ҳисобланади. Унинг биноси денгиз сатҳидан 5373 метр баландликда бўлиб, ҳатто спортчилар кўтарилиши осон бўлмаган бундай чўққига Пҳумачангтанг болалари ҳар куни ўз партасига ўтириш учун узоқ масофани босиб келишади. Тибетнинг кичик ёшли аҳолиси учун на совуқ ҳаво, на шамол ва на қор билим олишга тўсқинлик қилолмайди.

 

 

«Қайиқ мактаблар»

Кўпгина давлатларда табиий офатлар сабаб дарслар бекор қилинса, Бангладешда муссон ёмғирлари ё дарё тошқинлари ҳам ўқув жараёнига халақит бермайди. Чунки мамлакатдаги кўплаб қишлоқларда мактаб биноси вазифасини катта қайиқлар ёки баржалар бажаради. Баъзи ўқувчилар дарсга ҳам қайиқларда боришади. Каттароқ қишлоқларда эса қайиқ мактаблар аҳоли пунктлари атрофида сузиб, ўқувчиларни йиғиб чиқади.

 

 

Россиядаги кўчманчи мактаб

Якутиядаги буғу чорвадорларининг ёш авлоди мактабларга тўлиқ қатнаша олмайди, чунки болалар ота-оналари ва кўп сонли кийик подалари билан бир лагердан иккинчисига кўчиб юради. Мактаб-интернатлар тизими бўлсада, ота-оналар фарзандларини ўзларидан узоқда бўлишини хоҳлашмайди. Бу муаммони ҳал қилиш учун Россия ҳукумати вилоятда кўчманчи синфлар тизимини йўлга қўйди. Эндиликда ўқитувчилар ўз тарбияланувчилари ва ота-оналари билан бирга чодирларда кўчиб юриб, машғулотлар олиб боришади.

 

 

Швейцарияда жойлашган энг қиммат мактаб

Ҳозирги кунда илм-фан ва технологиянинг энг янги ускуналари билан жиҳозланган қимматбаҳо хусусий мактаблар кўп. Шунга қарамай, уларнинг аксарияти дунёдаги энг қиммат мактаблардан бири – Швейтсарияда жойлашган Қироллик мактабига тенг келолмайди. Таълим муассасасида қироллик сулолаларининг авлодлари эмас, балки дунёнинг 67 мамлакатидан келган талабалар ўқийди. Йиллик ўқиш тўлови 100 минг еврони ташкил қилувчи мактабда харажатларнинг бир қисми ўқувчиларга муассаса маъмурияти томонидан бериладиган чўнтак пуллари шаклида қайтарилади. Шуниси эътиборга лойиқки, ҳар йили мактаб битирувчиларининг камида 30% и репетиторларсиз дунёнинг 25 та энг яхши олий ўқув юртларига ўқишга киришади.

 

 

Колумбиядаги канатдан ўтиб борилувчи ягона мактаб

Пўлат симлар Колумбиянинг чекка Лос Пинос қишлоғида яшовчилар учун ягона транспорт тури ҳисобланади. Кичик ёшдаги болаларга канат йўлидан ўтишга рухсат берилмайди, шунинг учун улар мактабга ота-оналари ёки катта ака-опалари билан боришади. Акс ҳолда болалар дарсга бориш учун икки соатлик тропик ўрмон йўлидан юришларига тўғри келади.

 

 

Япония мактабларида фаррош ва ошпазлар йўқ

Япониялик болалар эса нафақат ўзлари мактабга боришади, балки синф хоналарини тозалаб, тушликларини ҳам мустақил тайёрлашади. Ўқувчиларга биринчи синфданоқ тозаликга қатъий риоя қилиш ўргатилади. Ҳар куни дарсдан кейин синф, йўлак, ҳожатхонани тозалаш, шунчаки вазифа эмас, балки ҳар бир бола масъулиятни ҳис қилиши учун тарбия усули ҳам ҳисобланади. Шунинг учун ҳам япониялик ўқувчилар эҳтимол, дунёдаги энг мустақил болалардир.

 

 

Американинг саргузаштлар мактаби

 

 

Американинг «Wатершед Счоол» мактаби атрофимиздаги оламни синф хонаси деб ҳисоблайди. Аксарият дарслар синфларда эмас, балки табиат қўйнида, фермаларда ўтказилади. Муассасадаги ўқитувчилар ҳам ғайриоддий, улар мураббийлик билан бирга ўқувчиларга қўшиқ ёки рок гуруҳларини яратишда, роботлар ясаш, видео ўйинлар учун сценарийларни ёзишда ҳам ёрдам беради.

Нигина ҚАҲҲОРОВА тайёрлади

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 58
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10446
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//