Нега “отарчи” деймиз? Бу сўзни этимологик жиҳатдан қандай таҳлил қилиш мумкин? Унинг охирида ҳам машҳур “-чи” – от ясовчи қўшимчаси турибди. “-чи” иштирокида ясалган “ишчи”, “қўшиқчи” каби сўзларни тушуниш осон, чунки “иш”, “қўшиқ”нинг луғавий маъноси ҳаммага аён. Лекин “отар+чи”нинг ўзаги – “отар” нима?
Тилимизда от сўз туркумига мансуб “отар” сўзи бор: яйловда боқиладиган қўйларнинг катта суруви, подасига нисбатан айтилади бу сўз, аслида, “ўт-” (“ўтламоқ”) ўзагидан. Қўйлар отарини боқувчи чўпонга нисбатан ҳам баъзан – “отарчи чўпон” дейиш мумкин. Аммо бу “отар”нинг қўшиқчи-отарчига алоқаси борми?
Яна бир “отар” – феъл сўз туркумига мансуб, сифатдош, яъни “отмоқ” маъносига эга. Аммо уни ҳам “отарчи” билан мантиқан боғлаш қийин.
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “отарчи” – сўзлашув тилига мансуб сўз сифатида қайд этилиб: “тўй ва базмларда бебилиска пул топишга ўрганган музикачи, ашулачи, раққоса”, – деб изоҳланган (ЎТИЛ. I т.: М. 1981. 548-бет). “Бебилиска пул топиш” ибораси ҳам сўзлашув тилига мансуб бўлиб: “осонлик билан, заҳмат чекмай пул топиш”, дегани. “Отарчи” бироз салбий буёққа эга. Буни изоҳли луғатда келтирилган ушбу икки қатор шеърда ҳам кўриш мумкин:
“Эй, отарчи машшоқлар, қишлоққа чиқиб туринг,
Виждонни жиғилдонга, пулни ҳамёнга уринг”.
Албатта, “отарчи” қадимий сўз эмас, мумтоз адабиётда учрамайди, шундай бўлса-да, унинг томирларини қадимий ўзак-сўзлардан ҳам излаб кўриш, бизнингча, фойдадан холи эмас.
Қадимги туркийда “öт-” (“ўт-”) феъли – “сайрамоқ, куйламоқ, ун чиқармоқ” каби маъноларни ҳам билдирган. Бу феъл “öт-”, “от-”, баъзан “үт” шаклларида транскрипция қилинади. “Девону луғотит-турк”да келтирилган бир шеърда шундай мисра бор:
“Татлїғ ОТАР сундувач”, –
Маъноси: “Сандувоч (булбул) тотли САЙРАЙДИ (КУЙЛАЙДИ)” (ДЛТ.Т.”Фан”.I т. 1960. 481-бет). Яъни, ушбу мисрадаги “отар” сўзи “сайрар, куйлар” каби маъноларда бўлиб, бир қарашда бизга “отарчи”ни эслатади. “Девон”да бошқа ўринда бу феъл бўлишсизлик шаклида ҳам келган: “Jалңус қаз ÖТМÄС” – “ёлғиз ғоз САЙРАМАС” (ДЛТ.III-т.,Т.1963.394-бет).
“Қутадғу билиг”да ҳам бу сўзга бир неча бор дуч келамиз ва ҳар гал у – “сайрамоқ, ун чиқармоқ” маъноларида қушларга нисбатан ишлатилади: “Унин УТТИ каклик күләр қатқура” – “Каклик ёқимли овоз билан САЙРАДИ, қаҳ-қаҳлаб кулмоқда”; “Қара чумғуқ УТТИ сута тумшуқы” – “Қора зоғ тумшуғини кўпиртириб ҚАҒИЛЛАДИ”; “Чэчакликдә санвач УТӘР мың үнүн” – “Гулзорда булбул (сандувоч) минг овоз билан САЙРАМОҚДА” (ҚБ.Т. ”Фан”. 1971. 74-бет. Насрий табдил муаллифи Қ.Каримов).
“Девону луғотит-турк”да “ўтўрдi” феъли ҳам келтирилиб – “чалди” деб изоҳланади: “ўтўрдi – чалди. “Ол сїбузғу ўтўрдi” – у сибизға чалди (ўтўрўр, ўтўрмäк)” (ДЛТ. I т. 186-бет).
Албатта, “Девон” ва “Қутадғу билиг”даги “куйлар, сайрар” маъносидаги мазкур “отар” ёки “чалмоқ” маъносидаги “ўтўр-” – “отарчи” сўзи ўзаги бўлишга энг муносиб номзоддай туюлади, лекин орадаги масофа яқин ўтмишда пайдо бўлган “отарчи”ни қадим сўзга бориб тақалишини шубҳа остига қўяди. “Сайрамоқ” маъносидаги “öт-” феъли Навоий асарларида учрамайди. Бироқ бу сўз, эҳтимол, шевалар, сўзлашув тили орқали бизгача етиб келиб, ундан “отарчи” исми пайдо бўлгандир.
Юқорида ҳам қайд этилганидек, “отарчи” ҳар доим салбий маънода ишлатилган ва “отарчи” деганда ҳақиқий санъаткорнинг зидди, сохтакор, асосий мақсади енгил-елпи пул топиш бўлган шахс тушунилган. Отарнинг ортидан юрган чўпонлар ҳам баъзан қўшиқ куйлашган, лекин бу билан улар қўшиқчи бўлиб қолишмаган, эҳтимол, шунинг таъсирида “отарчи” исми пайдо бўлгандир. Шунингдек, “отарчи” –“отмоқ” феълининг кўчма “ароқ ичмоқ” маъносидан келиб чиққан бўлиши ҳам мумкин.
Сиз нима деб ўйлайсиз?
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ