Тожу тахт учун акасига қарши бориб, кўзига мил тортилган бобурий шаҳзода


Сақлаш
15:55 / 18.01.2023 1055 0

...Маккаи Мукарраманинг иссиқ ҳавоси Комрон Мирзони анчайин ҳолдан толдирганди. Ҳаж амалларини бажо келтирган шаҳзода энди қайтиш тараддудини кўрмоқда эди. Аммо... қаёққа қайтади? Киндик қони тўкилган, отасининг қабри макон топган Кобулгами? Оғаси Ҳумоюндан сўнг жияни Акбарнинг ихтиёрига ўтган Ҳинд диёригами? Ёки ота-боболарнинг қадим она юрти Мовароуннаҳргами? Вақтинча қўним топган жойи Дамашққами?  Аслида унинг ватани қаер ўзи?

 

Комрон Мирзо шом  намозини Масжидул Ҳаромда ўтаб, хизматкори Абу Юсуфнинг кўмагида Макканинг чекка қисмидаги ортиқча ҳашамдан холи бўлган фақирона кулбасига қайтаркан, чап кўксида таниш бир оғриқни туйди.

 

Бўсағада уни жуфти ҳалоли Чучук бегим кутиб турарди. Аёли ва чўриси Гавҳарнинг саломига алик оларкан, димоғига хушбўй таом ҳиди урилиб оч қолганини пайқади:

 

– Амирзодам, сиз ёқтирган кобулий шўрва тайёрлагандик.

 

– Ўзингиз ичмадингизми, бегим? – сўради Комрон меҳрибон товушда.

 

– Сизсиз томоғимдан таом ўтармиди?

 

Комроннинг басир кўзларига ёш тиқилди. Бир пайтлар у отамерос мулкларни бошқарганда, тожу тахт ҳукми остида бўлган онларда атрофида не-не ҳурилиқолар парвона эди. Умри давомида у жуда кўп паривашлар васлида сармаст бўлди. Саноқсиз канизлардан ташқари ҳам унинг яна бешта жуфти ҳалоли бор эди. Аммо тож-тахт, давлат қўлдан кетиб, омад юз ўгиргач, фарзандлар ҳам, оиласи ҳам парокандаликка юз тутди. Фақат унинг ёнида шу биргина муштипар аёл Моҳ Чучук бегим қолди, холос.

 

У Синд ҳокими Мир Ҳусайн Арғуннинг қизи эди. Комрон унга уйланганида, ҳарамида ундан-да гўзал маликалар, жориялар бисёр эди. Аммо Чучук бегимга бўлган муҳаббати барчасидан ғолиб чиқди. Комроннинг бошқа хотинлари унинг кўнглини Чучук бегимдан совутиш учун қанча макр-ҳийлаларни ишга солсалар-да, Комрон орқаваротдан тарқалган ҳар хил гап-сўзларга парво қилмади.

 

Ўша пайтда Чучук бегимга ҳаддан зиёда меҳр-муҳаббат кўрсатиб адашмаган экан. Мана, охир-оқибат ҳамма ундан юз ўгирган чоғда шу аёл унга ўла-ўлгунча содиқлигини исботлади.

 

* * *

 

Комрон Мирзо буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳумоюндан кейинги иккинчи ўғли бўлиб, милодий 1509 йилда Кобулда туғилганди. У болалигидан илм-фан ва адабиётга меҳр қўйиб ўсди. Бобур Мирзонинг тўрт ўғли орасида таъби назмда унга тенг келадигани йўқ эди.

 

Бобур Мирзо тожу тахт бир куни келиб, фарзандлари орасига низо солиши мумкинлигини олдиндан англаган, шу боис, ҳар доим ўғилларига ҳамжиҳат бўлишни, салтанатни кенгаш, машварат, иттифоқ билан бошқаришни, зиддиятга бормасликни  уқтирарди. Бобур ҳаётлик чоғидаёқ Комронга Кобул ва Қандаҳор вилоятлари ҳокимлигини берганди. Отанинг вафотидан сўнг, тахтга ўтирган Ҳумоюн Мирзо Панжоб ва Ҳинд дарёси воҳасини ҳам унга топширганди.

 

Аммо, инсон зоти барибир нафсга тобе қилиб яратилган. Комрон кўп ҳолларда ота бир она бошқа акаси Ҳумоюнга ғайирлик кўзи билан боқар, унинг ҳам томирларида темурийлар қони оқаётгани сабабли ҳокими мутлақ бўлишга ўзини ҳақли санар, қулай фурсат пойларди.

 

Шундай фурсат етиб келди. Шимолий Ҳиндистондаги Сурийлар сулоласи вакили Шер Шоҳ Бобурийлар давлатини босиб олганидан фойдаланиб, Комрон укаси Ҳиндол билан бирга Аграни эгаллади. Ҳумоюн Эронга қочиб, Сафавийлар ҳукмдори Таҳмасп биринчидан кўмак сўради.

 

Бир муддат Эронда яшаган Ҳумоюн Таҳмаспнинг кўмагида Комроннинг бошқарувида бўлган бир қанча вилоятларни эгаллади. Жангда асир олинган Комрон акасининг қошига бош эгиб, камарини бўйнига илиб борди. Ҳумоюн отаси сингари бағрикенг, одил ҳукмдор эди. Инисини бу ночор аҳволда кўрган Ҳумоюн уни афв этди ва Кўлобга ҳоким этиб жўнатди.

 

Ўшанда Комрон тақдирга тан бериб, акасига бир умр садоқат билан яшаганида олам гулистон эди. Аммо унинг қонидаги ҳокимиятга ташналик ҳисси яна бош кўтарди. 1550 йилда Кобул яқинидаги Тангиҳо дарасида ака-ука ўртасида қаттиқ жанг бўлди. Бу жангда Ҳумоюн томонида жангга кирган Ҳиндол Мирзо ҳалок бўлди. Комронни асир олиб, акаси ҳузурига бошладилар.

 

Яна оға-ини юзма-юз келишди. Бу гал ҳам тақдир Комронга эмас, Ҳумоюнга кулиб боққанди. Ҳумоюн инисининг бу каби хиёнатларига бир эмас, ўнлаб маротаба дуч келган, ҳар гал қондошлик ҳаққи унинг гуноҳидан ўтиб келганди. Бироқ айни дамда Ҳумоюн ҳам чорасиз эди. Чунки сарой аъёнлари беклар, мулозимлар ҳаммаси Комрондан хун талаб қилишарди. Чунки Комрон ўзининг тор феъли, ҳокимиятпарастлиги сабаб ўзига кўп душман орттирганди.

 

Ҳумоюн сарой аҳлининг раъйига қарши бориш яхшиликка олиб келмаслигини биларди. Қолаверса, шу пайтга қадар Комронни афв этиб барака топмаганди...

 

Ноқобил уканинг устидан ҳукм ўқилди: Комроннинг кўзларига мил тортилди. Шаҳзоданинг қорачиқларидан дунё ва ундаги бор нарсалар чекиниб, унинг бутун олами зулматга айланди.

 

Комрон томондан туриб уришган иниси Аскарий Мирзо Ҳумоюннинг фармони билан ҳаж сафарига  юборилган эди. Комронга ҳам худди шундай “илтифот” кўрсатилди.

 

Ўшанда Ҳумоюннинг хос мулозими кўзига мил тортган чоғда, акаси унга дунёдаги энг бераҳм, энг разил инсон бўлиб туюлганди. Аммо бора-бора бир ҳақиқатни тан олди: ўзини акасининг ўрнига қўйиб кўрди. У нима қилган бўларди? Йиллар мобайнида у ҳам акасининг пойи остида чоҳ қазиб келдику? Эҳ, малъун салтанат. Инсонларни не кўйга солмайди? Ахир мана шу ўткинчи давру даврон сабаб Абдуллатиф ўз отасининг бошини кесмадими? Ҳусайн Бойқаро билиб-билмай ўз жигарбанди Мўмин Мирзонинг қатлига муҳр босмадими?..

 

...Комрон Мирзо аёли дастурхон келтириб қўйган хушбўй шўрвадан бўшаган косани четга сураркан, “алҳамдулиллоҳ” деб қўйди. Қизиқ, одамзот шу бир коса шўрва билан тўяди. Унда нега жаҳонгирлик даъвосини қилади? Бир иқлимни эгаллаб, иккинчи иқлимга кўз олайтиради? Ахир шоҳлик ҳам бу дунёнинг барча неъматлари сингари фоний, бебақо...

 

Дастурхон йиғиштирилгач, Чучук бегим хонтахта устига елим ҳиди келиб турган китобни келтириб қўйди:

 

– Амирзодам, мана, девонингизни саҳҳоф (саҳифаловчи – таҳр.) бугун келтириб берди.

 

Комрон гарчи кўрмаса-да, китобни қўлига олиб, кўзларига яқин келтирди. Оҳиста варақлаб, бармоқларини нафис саҳифалар устидан юргизди:

 

– Яратганга шукур, – деди китобни юзларига босаркан. – Мен бу умрим давомида кўп хатолар қилдим, гуноҳ ишларга қўл урдим. Аммо келгуси авлод мени фақатгина ҳокимият талашиб, оғалари билан жиққамушт бўлган жоҳил кимса деб билмасинлар. Менинг қалбимни тингламоқчи бўлганлар, шу байтларни ўқисинлар, бегим!

 

– Иншооллоҳ келгуси насллар сизни ҳукмдор Комрон эмас, балки шоир Комрон сифатида билиб, ашъорларингизни суйиб ўқийдилар.

 

– Илтимос, менга... ўзингиз ёқтирган ғазаллардан бирин ўқиб берсангиз.

 

– Бош устига, – Чучук бегим китобни оҳиста варақлади. – Менга сиз битган ҳар бир байт суюклидир, амирзодам. – Шундай дедию, кўзи тушган дастлабки мисраларни ўқишга тушди:

 

Гулъузоро, зикру фикрингдин даме холи эмас,

То ватан булбул киби бу гулистон бўлди манга.

Эшигинда юз кетурсам Комрондек айб эмас,

Каъбайи мақсуд чун ул остон бўлди манга.

 

Комроннинг ожиз кўзларидан икки томчи ёш бир-бирини қувлаб соқоллари орасига бекинганини ўзи ҳам, завжаси ҳам пайқамади.

 

Чучук бегимнинг соҳир овози Комроннинг қалбига малҳамдек қуюлганди. Бу овозни илк бор отаси ҳаётлигида, Синдга борганида ҳоким Мир Ҳусайн Арғунинг боғида эшитган, дугоналари билан хандон отиб юрган Чучук бегим бир боқишда Комронни ром этганди.

 

Бу гўзал малакнинг висолига эришиш Комрон учун қийин кечмади. Ахир қайси ота қизини буюк ҳукмдорнинг ўғли, толеи порлоқ шаҳзодадан қизғаниши мумкин? Эҳтимол, бахту иқбол қуши Комроннинг бошига қўнган дамларда у Чучук бегимга яхши эътибор қаратолмагандир? Аммо ҳозир бир дам бўлсин ҳаётини усиз тасаввур этолмасди.

 

...Комрон узоқ тараддуддан сўнг умрининг охиригача Маккада қолишга қарор қилди. Милодий 1557 йилнинг куз ойларида суюкли аёли Чучук бегимнинг қўлида омонатини Ҳаққа топширди. Ўзининг васиятига кўра, Комрон Мирзо Маккада, ҳазрати пайғамбаримизнинг завжалари Хадича онамиз (р.а.) қабрларининг оёқ тарафида дафн этилди...

 

Рустам ЖАББОРОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//