
Ноам Хомский – Массачусетс технология институти профессори, лингвист, философ, жамоат арбоби, сиёсий таҳлилчи, ҳозирги замоннинг энг атоқли файласуфларидан бири ҳисобланади. Унинг китоблари дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатларида нашр қилинган. Олимнинг оммавий ахборот воситалари ва ҳукмрон доиралар томонидан инсон онгини манипуляция қилиш усуллари борасида тузган рўйхати бутун дунёда жуда катта қизиқиш уйғотди. Рўйхат қуйидагича тузилган:
1. Диққатни чалғитиш
Сиёсий ва иқтисодий доиралар томонидан қабул қилинаётган ўта муҳим қарорлар ва долзарб муаммолардан одамлар диққатини четга тортиш, чалғитиш учун ахборот маконини аҳамиятсиз хабарлар билан тўлдириш жамиятни бошқаришнинг асосий элементи ҳисобланади. Бунда ахборот макони инсон ақл-идрокини чархлашга қаратилган мавзулар ўрнига спорт, шоу-бизнес, мистика, эротика, маиший турмуш машмашалари, осон ва тез бойишга қаратилган шубҳали сюжетлар билан бойитилган хабарлар билан тўлдирилади.
2. Муаммо – муносабат – ечим
Одамлар таъсирланадиган ва оммавий муносабат билдиришига мўлжалланган шундай бир муаммо, «вазият» яратиладики, аҳолининг ўзи ҳукмрон доираларга керак бўлган чоралар, қарорлар қабул қилинишини талаб қила бошлайди. Мисол учун фуқаролар «гражданлик» эркинликларини чеклашга қаратилган бўлса-да, хавфсизлик чораларини кучайтирувчи қонун қабул қилинишини талаб қилишсин, деб шаҳарларда зўравонликларга атайлаб йўл қўйилади ёки қонли террористик хуружлар уюштирилади.
3. Тадрижийлик (Босқичма-босқич)
Аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқарадиган чора-тадбирлар тадрижийлик асосида, босқичма-босқич амалга оширилади. 1980–1990 йиллардаги тамойил жиҳатдан янги глобал ижтимоий-иқтисодий шароитлар (неолиберализм) худди шу тарзда тиқиштирилган эди. Оқибатда давлат функциялари минимум даражага тушиб қолди, мамлакат мулкини хусусийлаштириш оммавий тус олиб, жамиятда эртанги кунга ишонч ва барқарорлик йўқолди. Оммавий ишсизлик авж олиши билан бирга муносиб турмуш шароитини таъминлайдиган маош йўқолди. Агар бу ишлар босқичма-босқич эмас, бирданига амалга оширилганда эди, шаксиз инқилоблар юз берарди.
4. Ижрони кейинга қолдириш, муҳлатни чўзиш
Аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўладиган қарорнинг «тафтини сўндириш»нинг яна бир усули – уни «оғриқли ва ўта зарур» муаммо сифатида тақдим этиш ҳамда фуқароларни бу муаммони ҳал этишга қаратилган қарорнинг келажакда амалга оширилишига кўндиришга эришишдир. Одамлар айни пайтда эмас, келажакда қурбон беришга тезроқ ва осонроқ рози бўлишади.
Хўш, одамлар нима учун бунга рози бўлади? Биринчидан, норозиликка сабаб бўладиган қарор дарҳол қабул қилинмайди. Иккинчидан, халқнинг жуда катта қисми «эртага ҳамма нарса яхши томонга ўзгаради» ва шу боис ундан талаб қилинаётган қурбонликдан қутилиб қолиш мумкин, деган содда хомхаёлларга берилишга мойилдир. Бу усул вақти-соати келиб ўзгаришларга ўй-фикрларида анчайин кўниккан одамлар гарданига оғир юк бўлиб тушадиган қарорни ҳам жимгина бош эгиб қабул қилишига ёрдам беради.
5. Халқни ёш болага айлантириш
Кенг оммага қаратилган тарғибот маърузаларининг аксариятида далиллар, персонажлар, сўз ва унинг оҳанги шундай танланадики, гўёки тарғиботчи мактаб ёшидаги болалар ёки ақлан ривожланмай қолган индивидлар даврасида иштирок этаётгандек. Хўш, нима учун бундай усул қўлланади? Кимдир одамларга худди 12 ёшли болакайга мурожаат қилгандек сўзласа, табиийки эшитувчининг муносабатида ҳам болаларга хос бўлган танқиддан холи баҳо ва жавобга эга бўлади.
6. Ҳиссиётга урғу бериш
Ҳис-ҳаяжонга таъсир кўрсатиш – одамларда воқеаларни рационал таҳлил этиш уқувини жиловлаб қўйиш орқали атрофда содир бўлаётган воқеликка танқидий қараш кўникмасидан мосуво қилишга қаратилган классик нейролингвистик дастурлаш усули ҳисобланади.
Бошқа томондан эса ҳиссиётга берилиш омилидан фойдаланиш онг остига фикрлар, истаклар, қўрқув, хавотир ёки жамиятда ўзини тутишнинг барқарор моделларини жойлаб қўйишга ҳам йўл очади. Натижада, очлар ва хўрланганларнинг чекаётган азоб-уқубатлари, ҳукуматнинг адолатсизлиги, терроризмнинг шафқатсизлигини ҳиссиётга берилиб лаънатлаш жамиятда содир бўлаётган воқеаларнинг ҳақиқий сабабларини парда ортига беркитади.
7. Аҳолини ақлан заифлаштириш (думбул одамга айлантириш)
Оммани бошқариш ва ҳукумат иродасига бўйсундириш учун қўлланилаётган усул ва методларни англолмасликларига эришиш – муҳим стратегия. Бунда жамиятнинг паст табақасига берилаётган таълим сифати ўртамиёна бўлиши лозим. Токи жамиятнинг қуйи табақаларини олий табақадан ажратиб турувчи жаҳолат енгиб ўта олмайдиган даражада бўлиши шарт.
8. Ўртамиёналикни урфга айлантириш
Ҳокимият эгалари зеҳни паст, фаросатсиз, ҳаёсиз ва тарбиясиз бўлиш ҳозир урфда деган қарашни оммага сингдириш пайида бўлади. Бу усул юқоридаги метод билан чамбарчас боғлиқ, шу боис замонавий дунёда ўртамиёналик ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида – диний соҳадан тортиб илм-фангача, санъат ва сиёсатда жуда катта миқдорда намоён бўлмоқда.
Жанжаллар, «сариқ матбуот», жодугарлик ва сеҳр, шубҳали, бемаъни юмор ва популистик акциялар – буларнинг барчаси ягона мақсадга эришишга қаратилган: одамлар реал, ҳақиқий ҳаётнинг чексиз бағридаги чин ҳақиқатларни англаш даражасида онгли бўлишига йўл қўймаслик!
9. Айбдорлик ҳиссини ривожлантириш
Яна бир вазифа – инсоннинг шахсий бахтсизликларида ақлий салоҳияти пастлиги, уқувсизлиги ва етарли даражада саъй-ҳаракат кўрсата олмаётганлигидир, шу боис бу учун фақат ўзинг айбдор, деган ҳисни сингдириш.
Натижада одам иқтисодий тизимнинг ноқисликларига қарши бош кўтариш ўрнига, ҳар нарсада ўзини айблаб, камсита бошлайди. Оқибат тушкунликка тушади, бу эса кўпгина нохушликлар билан бирга ҳаракатсизликка олиб келади. Айни муддао!
10. Инсон феъл-атворини аъло даражада билиш
Кейинги 50 йилда фан тараққиёти оддий одамларнинг билимлари билан ҳукмрон синфлар эга бўлган ва фойдаланаётган маълумотлар ўртасидаги фарқни ниҳоятда катталаштириб юборди. Биология, нейробиология ва амалий психология туфайли давлат тузилмалари инсоннинг ҳам физиологияси, ҳам психикасига тааллуқли энг замонавий билимларни қўлга киритди. Давлат тизими инсон ҳақида унинг ўзидан кўра кўпроқ нарсани биладиган бўлди.
Жалолиддин САФОЕВ
таржимаси
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ