Адабиёт қачон санъатга айланади? Қачон у бозор дунёнинг турфа найрангларию ўйинлари домига тушиб қолмайди? Қачон адабиёт адабиёт бўлади? Бу саволлар бугун ёки кеча янграб, аҳли ижодни ўйга чўмдираётгани йўқ. Олам айвонида илк асар пайдо бўлибдики, улар мавжуд – ўшандан буён тинчлик бермайди.
Асар нега ёзилади? Кимга ёзилади? Шу саволлар ҳам турфа баҳс-мунозараларга сабаб бўлаверади. Кимдир адабиёт халқ учун, одамлар, шу қоракўз эл болалари учун ёзилади, деса, кимдир қатъий: “Йўқ, адабиёт адабиёт учун!” дейди. Яъни, адабий асар дегани халқнинг кўнглини олиш, халққа ёқиш учун ёзилмаслиги керак, аксинча, адабиётнинг чинакам мақсадларига, принципларига хизмат қилиши лозим, дейди. Ҳар икки тараф ҳам ўз асосларига эга, ўзича ҳақ. Бироқ амалда адабиёт қайси йўлдан боряпти? Назаримда, шу саволнинг жавобида жуда кўп ҳақиқатлар, аччиқ ростлар бор...
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ҳақида сўз борса, ижоди таҳлил этилса, негадир шу саволлар билан курашаётган, шу саволлар ижод столида чироқдек порлаб турадиган адиб кўз олдимга келади. У бирор асар қоралашдан олдин ва ёзиш жараёнида, ундан кейин ҳам шу саволларга тўқнаш келаверади – ҳар бир сўз билан гаплашиб, унинг рентген таҳлилини ўрганаётган, борингки, тўрт қатор ёзса ҳам, бир қарич ёзса ҳам ҳар сафар игна билан қудуқ қазийдиган адиб кўз олдимга келади. Баъзан шоирлик ёки ёзувчилик машаққатини душманингга ҳам раво кўрмай қоласан... Ахир кимлардир сигарет қолдиғидек дуч келган жойга итқитаётган сўзни авайлаб “қўлга олиб”, ундан гул яратиш осон эканми?
Бу ёзувчи кўп ҳам ўзини кўз-кўз қилавермайди, умуман, жимжимадор базмлардан, турфа фестиваллардан узоқ юради, ҳатто наҳорги ошга энг яқинлари айтса ҳам бормайдиган принципиал адиб... Ёзганлари ўзига, ўзи ёзганларига ўхшаш. Ҳикоясими, қисса ёки романларидами, албатта, бирор жойида адибнинг ўзини ҳам кўрасиз. Айнан ўзини учратасиз. Шундай характерли инсон бирор эпизодда ярқ этиб кўзга ташланади. Шунинг учун ҳам Эркин Аъзам ижоди маҳсулларини мутолаа қилганда сохталик, ясамалик, мужмалликни кўрмайсиз. Адиб аллакимлар каби ўзи кўрмаган, билмаган нарсалар билан сизни ҳам, ўзини ҳам қийнамайди. Лекин бу Эркин Аъзам ижодини силлиқ ўқийсиз, бир томчи сувдек ютиб юборасиз, дегани эмас. Йўқ, “Отойининг туғилган йили”, “Олам ям-яшил”, “Жавоб”, “Байрамдан бошқа кунлар”, “Пакананинг ошиқ кўнгли”, “Кечикаётган одам”, “Жаннат ўзи қайдадир”, “Шовқин” каби қисса ва ҳикоялардан иборат китобларини ёки сара публицистик асарлари жамланган “Эрталабки хаёллар” тўпламини ўқиш, мағзини чақиш учун профессионал китобхон бўлишингиз керак. Агар ҳаётингизда илк бора китоб ўқигингиз келиб қолса-ю, уни Эркин Аъзам асарларини ўқишдан бошламоқчи бўлсангиз, у фикрдан қайтинг. Эркин Аъзамни мазза қилиб ўқиш учун ҳаваскор китобхоннинг қурби келавермайди, тоқати ҳам етиши мушкул...
Тўгарак баҳона ташкил этилган учрашувда ҳам булар ҳақида гап борди. Муҳими, кеча самимий руҳда, ўйчан тарзда, чинакам адабий ўзанда ўтди.
– Мени яқинда Тошкентда ўтган кинофестивалга айтишди, – деди адиб дўрилласа-да, ўз овози ила. – Олдин ҳам шундай фестиваль бўлганди – мутасаддилар уни “Гепард” деб номлаган. Мен бир инжиқ одамман. Номга эътибор беринг. Ўзинг ўзбек бўлсанг, бир иш қилгинки, у ўзингга ярашсин. “Гепард”га бало борми? Бунисини “Ипак йўли дурдонаси” деб номлашибди. Нима дегани бу? Унинг фестивалга нима алоқаси бор? Албатта, қорин тўйгандан кейин одамнинг ўйнагиси келади. Ўзини кўрсатгиси, битта-яримтани чақиргиси келади... Лекин кинофестивалнинг ўз қонун-қоидаси, талаблари бор. У пулни сочиб ташлаш дегани эмас. Тўғри, қизил гилам устидан ўтиш анъанаси бор. Киночилар йилда бир яйраса, ҳеч нима қилмайди. Хуллас, мен ўша иккала фестивалга ҳам бормадим. Бироқ сизлар билан учрашгани, Нурафшон деган шаҳарни кўргани, у ердаги ўзгаришларни, мана бу Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими биноси ва унга туташ кутубхоналарни кўргани келдим.
Мен тоғлар ошёни Бойсунда туғилиб ўсганман. Болалигимиз жуда бир машаққатларга бой бўлган. Эрта тонгда туриб, тупроқ томли уйнинг тепасига чиқиб, тиззабўйи қорни кураб, кейин мактабга борардик-да, масалан... Биламан, биз тенги одамларнинг ҳаммаси шундай дейишади. Йўқ, у даврларнинг ҳам ширин, бугун топиб бўлмайдиган ўзгача гўзалликлари бор эди. Биз учун телефон ҳам, телевизору магнитофон ҳам, интернет ҳам китоб эди. Китоб ҳаммасининг ўрнини босарди.
Кейин телевизор пайдо бўлди. Дастлаб шапалоқдай келадиган телевизорлар пайдо бўлди, ичига сув солиб қўйиларди. Битта одамнинг уйида бўларди у ҳам. Бутун маҳалла томоша қилгани борардик... Болалигимиз шундай дилгир лавҳаларга тўла. Лекин ҳеч қачон китобни қўлимиздан қўймаганмиз. Аслида чалғий десак, бошқа қизиқроқ нарса ҳам йўқ эди-да.
Яна бир гап айтсам, болалигимизда “пионер адабиёти” деган жумла бўларди. Жуда ҳаёт бежаб-бўялган, ҳаётнинг жонли ўчоқларидан анча узоқ асарлардан иборат эди. Дастлаб рус тилидан ўзбекчага ўгирилган асарлар билан танишганмиз. Биз уларни ўқиб, ҳайрон бўлардик – бу манзаралар, бундай бахтиёр одамлар қаерда экан-а, дердик. Аниқ Бойсунда учратмасдик уларни. Балки Фарғонада шунақадир, дердик.
Уларнинг ичида яхшилари ҳам бор эди, албатта. Марк Твеннинг “Том Сойернинг бошидан кечирганлари”, Пушкиннинг ўша “Капитан қизи” китоблари биринчи ўқиганларимиз. Ёки Н.Гоголнинг “Тарас Бульба”сини айтайлик... Кейин улғайиб, шу “Бульба”ни ёки “Капитан қизи”ни такрор ўқидим. Биласизларми, бунақа гениал асарлар жаҳон адабиётида йўқ. Мен ўқиган энг яхши асарлар булар.
Бу “пионер адабиёти”да “Васёк Трубачев ва унинг ўртоқлари”га ўхшаган мажбурий ўқитиладиган асарлар ҳам бор эди. Ўқимасангиз, бўлмасди. Бизнинг кўп вақтимиз ана шундай бемаъни нарсаларни ўқиш билан ўтди. Сизлар эса бундай мажбуриятлардан холисиз. Табриклайман. Хоҳласангиз, Эркин Аъзамдан икки саҳифа ўқиб, кейин китобини бир чеккага қўйиб қўйишингиз мумкин. Бизга эса ҳатто ёзги таътилга чиқаётганимизда ҳам ўша “пионер адабиёти” туркумидаги асарларнинг рўйхатини ёздириб, ўқиб келиш буюриларди.
Шунга қарамай, яхши асарлар ҳам яратилган. Мана, Чингиз Айтматов бошқа даврда яшаган эмас. Колумбияда яшагани йўқ. Лекин у биз билан бир муҳитда, бир заминда яшаб, инсоннинг фожиасини, давр фожиасини кўрсатиб берди. Инсон кўнглининг, муҳаббатининг тантанасини ҳам кўрсатиб беролди.
Сизларга айтадиган гапим шу, ёш дўстларим, яхши асарларни ўқинглар. Яхши китобнинг ҳаммасини ҳам ўқитувчидан сўрайвермайсиз. Ўқиб кўринг, тортса, давом этасиз. Лекин бу билан сизларни ялқовликка даъват этаётганим йўқ. Ҳа, энди сизларга Худойберди Тўхтабоевнинг асарлари ёқади. Унда болаларнинг қувноқ ҳаёти бор, болаларча ширин тилда ёзилган. Мириқиб ўқийсиз. Бироқ катта, жиддий адабиёт жудаям шариллатиб ўқиладиган, қизиқиб ўқиладиган бир машғулот эмас. Унинг ўзига яраша меҳнати-машаққати бор. Даврангизда жуда ёш қизлар ўтирибди. Улардан айни пайтда мен “Бу асарни ўқи”, “Бунисини ўқима”, деб талаб қилолмайман. “Улуғбек хазинаси”, “Диёнат” романларини ўқигин, деб айтолмайман уларга. Сизлар бу асарларни тушунмаслигингиз, ёқтирмаслигингиз мумкин. Ҳатто баъзи асарлар боис адабиётдан безишингиз мумкин. Шунинг учун масалаҳат – ўзингиз истаб китоб ўқинг, китоб ўқинг, китоб ўқинг.
Кейин бировнинг маслаҳати билан... Албатта, ота-она ёки устозлар “Ёмон бўл”, демайди. Сиз ўзингизни кавлаб кўринг. Ахир бировнинг фикри билан, бировга ёқиш учун, бировнинг эътиборини тортиш учун китоб ўқиган одам эртага ижодкор бўлса, худди шундай важлар учун асар ёзадиган бўлади. Охир-оқибатда бундай қаламкашнинг юзи бўлмайди. Ижодий қиёфаси бўлмайди. Бизга бу каби шоир-ёзувчилар керакмас.
Албатта, устознинг гапини, ота-онанинг гапларини олиш керак, қулоқ солиш лозим. Лекин мустақил фикрингизга ҳам эга бўлинг. Бунга китоб ўқиш орқали эришасиз.
***
Мен ўқувчилик йилларимда бир қисса ёзганман, сизларга айтсам. Бир пайтлар Парда Турсун деган ёзувчи бўлган. Унинг “Ўқитувчи” номли асари бўларди. Билмайман, айни пайтда нима сабабларга кўра бу асар адабиёт китобларига киритилмаяпти. Бироқ унда айрим социализм унсурларини айтмаса, реал ҳаёт нафаслари бор эди. Саноқли яхши романларимиздан биттаси шу эди.
Мен уни 4-синфлигимда ўқиган эканман. Ундан таъсирланиб ёзганман ўша қиссамни. Бобларга бўлиб, уларга сарлавҳа қўйиб чиққанман. 7-синфда ўқирдим ўшанда. У пайтлар қисса деган сўз йўқ, “повесть” деб атаганман. Раҳматли отам кўриб: “Нима повесть? Сен ёздингми буни?” дея ишонмаганди. Эсимдан чиқмайди. Ўша пайтлар биз томонларга, ўзи ҳам Бойсуннинг фарзанди, Шукур Холмирзаев бориб қолди. Мен ўзимнинг асаримни унга кўрсатгани кўтариб борганман. Ўқи, деди. Бир дафтарни тўлатиб борганман. Қисса билан қисман танишаркан, “Ўқитувчи”ни ўқиганмисан, деди. Мен кам эмас, кўп эмас, бой ва унинг қўлидаги етим бола ҳақида ёзган эканман-да... “Ўқитувчи”да ҳам шундай. Етим бола охири бойнинг уйидан қочиб кетади. Қизиғи, мен бойни ҳам кўрмаганман, етимни ҳам. Ўйлаганманки, адабиёт шундай бўлиши керак. Китоб бошқача ёзилади, ҳаёт эса бошқача бўлади, деб ўйлаганман. Шукур ака менга битта гап айтди ўшанда: “Ўзинг яхши билган, яхши кўрган нарсалар ҳақида ёз”.
Ҳа энди, 7-синф боласи ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида туриб, қандай қилиб, йигирманчи йилларнинг манзарасини чиза олсин? Кейин улғайиб, маълум тажриба ва маҳоратга эга бўлгандан кейин ҳатто антик даврга оид роман яратиш мумкиндир. Улуғбек ёки Амир Темур ҳақида асарлар битса бўлади...
Албатта, адабиётнинг қайсидир сўқмоқларидан ўтасиз. Аввал бу сўқмоқлардан бошқалар ўтган бўлади. Улардан таъсирланасиз, тақлид ҳам қиласиз. Чунки туғилибоқ, мактаб ўқувчиси бирдан фавқулодда нарса ёзиб қўйиши қийин. Ҳеч кимникига ўхшамаган нарсани қандай ёзади, қаердан олади. Ҳали кўникма йўқ, дунёқараш тўла шаклланмаган, принциплар сочилиб ётибди. Муҳими, қўрқмаслик керак. Дастлаб яхши асарларни ўқиш керак. Кейин улардан таъсирлансангиз, ҳатто тақлид қилсангиз ҳам майли. Секин-секин ижодкор ўзини топиб олади.
Мен яна такрорлайман, бу тўгаракда ўтирган ўғил-қизларимизнинг ҳаммаси ҳам албатта шоир ёки ёзувчи бўлиб етишмаса керак. Лекин уларнинг орасидан ёмон одам чиқмайди. Чунки улар шеър ўқияпти, шеър ёзишга ҳаракат қиляпти.
***
Биз ўқиган йили тасодифий курс бўлган экан. Бизгача Тошкент давлат университетида журналистика факультети бўлмаган. Балки филологиянинг бир бўлими бор эди. Ўша биз талаба бўлган йили аввал 40 абитуриентга буйруқ чиққан. Кейин курсдан қолган, армиядан қайтган ва бошқалар жамланиб, катта факультетга айланганмиз. Қаранг, Тоғай Мурод ҳам, Ҳалима Худойбердиева ҳам биз билан ўқиган. Худди кимдир саралаб олгандек терма – йиғилган курс бўлган эканмиз-да. Биздан кейингилар сал бўшашди...
Умуман, шундай даврлар бўларканки, шоиру ёзувчилар авлоди гуриллаб кириб келади. Улар қандайдир муддатда ҳамма ёқни адабиёт нафасига буркаб, жуда бақувват асарлар ёзиб ташлайди. Адабиётни янгилаб ташлайди. Шов-шув бўлиб кетади. Яна шундай даврлар бўладики, ўн, йигирма йил ўтаверади, бироқ биттаям шоир чиқмайди, ёзувчи кашф бўлмайди. Ваҳоланки, ўшанда ҳам шеърлар, ҳикоялар ёзилаверади. Аммо улар йўл-йўлакай ёзилгандек, йўқдан кўра бордек бўлиб кўринаверади.
Биласизми, Нурафшонда шоир ва ёзувчиларга яратилган шарт-шароитлар беқиёс ва айни пайтда ғанимат. Улардан унумли фойдаланиш керак. Ёзувчи-шоирлар қисматига битилган аввалги хатолар такрорланмаслиги учун ҳам бугун бу муаззам биноларни маҳкам тутиш керак... Айтмоқчи бўлганим, Сизлардаги бугунги имкониятлар, шароитлар унча-мунча жойда топилмайди. Сизлар унинг қадрига етинг. Телефон деган, интернет деган балодан қочинг. Ёшман, ҳали ҳаммасига улгураман, деб хомтама бўлманг. Умрингиз шу балога тикилиб, бир зумда ўтади-кетади. Бир пасда етмишга чиқиб қоласиз.
Илгари бирор жойга шеър ёки прозами кўтариб борсангиз, саралашдан ўтарди. Кейин муҳаррир деган эринмаган одам бўларди. Уни тузатиб чиқарди, тилини, табиатини тартибга солиб чиқарди. Шу нарса бўшашиб кетди. Чунки нашриёт кўпайиб кетди. “Ойнаси бор кишининг бари Искандар эмас, Чеҳраси кулган гўзалнинг барчаси дилбар эмас”, дейди-ку Навоий бобо. Китоб магазинларига кирсангиз, у ерда турганларнинг ҳаммаси китобга ўхшайди – чиройли, номлари ундан-да яхши, ичидаги аннотацияни ўқиб, янада маҳлиё бўласиз, муаллифларининг исм-шарифи-ку, камида даҳо. Лекин уларда моҳият йўқ, изтироб йўқ, ҳақиқат йўқ. Сўз санъати йўқ, бир гапни эплаб айтолмайди.
Сўз санъати нима дегани? Муайян воқеликни чиройли шаклда, гўзал сўзлар билан таъсирчан қилиб ифодалаш дегани. Ёш қаламкашларимиз албатта, мана шу жиҳатларга эътиборли бўлмоғи лозим.
***
Ёзувчининг ижодий парвози прототипларнинг даражасига ҳам боғлиқ. Лекин бугун прототип деган тушунча ўз моҳиятини янгилаяпти. Яъни бизга бир пайтлар типиклаштириш ҳақида уқтиришарди. Бу “ҳар боғдан бир гул териш”, дегани содда айтганда. Яна ҳам оддий тушунтирсак, акамнинг дўппиларини, бу кишининг кўйлагини, менинг шимимни ва сизнинг бўйинбоғингизни олиб, бирлаштириш, яъни битта одамга кийгазишга типиклаштириш – умумлаштириш деймиз.
Бу ҳам шартли гап экан, бугунги тенденцияларга назар солсак. Дунё очилиб кетди-да, адабиёт очилди. Аслида битта одамнинг ҳаётидан кичик лавҳани ёки ўша одамнинг кўнглини очиб беролсангиз, кўрсата олсангиз, шу ҳам катта гап экан. Типиклаштиришга ҳожат йўқ экан. Мен шуни англагунча ёзганларимни типиклаштириш йўлида ёзганман. Прототипларимнинг қаеридир бир одамга, қаеридир бошқасига ўхшашининг боиси шунда. Конкрет бир одамни олиб, айнан ўшанга хос бўлган жиҳатларнигина қаҳрамонларимга тиркамаганман.
Бошқа томондан, мен кул сепишга уста бўлиб кетганман. Бир асарда қаҳрамоним “Адабиёт надур?” деган мақола ёзади, ҳамма уни Чўлпон деб ўйлайди. Аммо у мутлақо Чўлпон бўлмаслиги ҳам мумкин. Усмон Носирни ёдга соладиган жойлари ҳам бор, ҳатто унинг тилидан шеър айтилади, бироқ у ҳам айнан Усмон Носир эмас!
Бир-иккита ҳикоям чиққанида ёшлик чоғларимиз, изимдан хат келган редакцияга. Улар раҳбарларимизга иддао қилиб: “Буни ҳайданг, у бизнинг маҳалламизни ёзган!”, дейишган. Масала вилоят раҳбарларигача етиб борган. Бутун маҳалла бош кўтариб келган. Устозимиз Асқад Мухторга мендан астойдил шикоят қилиб келишган “Маҳалламизни ёмонлабди”, деб. Ваҳоланки, мен сира ёмонлаган эмасман. Кейин кўзим очилиб, билдимки, бундай жанжалнинг ҳеч кераги йўқ. Ёки мана “Жавоб” деган бир нарсам бор. Унда “профессор Қориев” деган қаҳрамоним бор. Умримда кўрган эмасман. Қарангки, ҳақиқатан ҳам шундай унвони ва фамилияси бор ректор бўлган экан. Бор экан.
Бир куни Асқад ака касал бўлиб қолди. Уйига кўргани борсам, аёли бирдан “Сени қамашмадими?” деб қолди. Ҳайрон бўлдим. Устимдан устозга галдаги шикоят хати келган экан. Ҳатто, назаримда, судга чақирув қоғози ҳам юборилган, бироқ Асқад Мухтор ҳаммасини ўзи босди-босди қилган, билдирмаган. Мен жанжаллардан безорман. Салбий прототипнинг ортида, албатта, бирор ишкал туради-да...
1994 йили “Шоирнинг тўйи” номли қисса ёзилган. Бу асарнинг қўлёзмасини ўқиган эҳтиёткорроқ бир дўстим “Ўзини билган-билмаган бирортаси ғалва қўзғаб юрмасмикан?” дегандек иштибоҳ билдирган эди. Шу гап сабабми, қўлёзмани талай йил ташлаб қўйдим. Бир китобимни нашрга тайёрлаётганимда, иттифоқо, иш столим ғаладонидан ўзи чиқиб қолди. Ўқиб кўрдим, назаримда – “тўйга боргудек”. Албатта, асардаги воқеалар осмондан олиб ёзилмаган, ул-бул туртки бўлган. Албатта, ўша давр адабиётига хос жангарироқ бир руҳ бор унда. Лекин бадиий асар кимнидир ранжитиш ёки фош этиш мақсадида ёзилмаслиги маълум. Шундай деб ўйлаган одам эса – ё адабиётдан йироқ, ё… ўзидан кўрсин. Қолаверса, яқинда бу қўлёзма билан танишган яна бир дўстимнинг гапи менга нашъа қилди ҳам далда бўлди. “Нега шу чоққача чиқармай юрибсиз? – деди у. – Бадиий асар-ку бу!”
Лекин бу қисса ёзилаётган пайтларда ундаги прототиплар деймизми, хуллас, зукко ўқувчилар тахмин қиладиган оқсоқол шоир ва ёзувчиларнинг кўпи тирик эди. Мени улар иккиланмай судга беришлари муқаррар эди. Шунинг учун мен прототиплар билан ишлашнинг бошқа йўлларини ўргандим. Куни кеча “Жаҳон адабиёти” журналида янги қиссам чоп этилди. Уни ўқиётганларнинг ҳаммаси ҳайрон: “Энди таний деб турсак, бошқа одам бўлиб чиқади!”, дейишяпти. Мен бу прототип борасида бошим тошларга урилавериб, уста бўлиб кетдим, шунчалик ўқувчини чалғитиб ташлайманки, қаҳрамонимнинг ҳаётдаги эквивалентини изламай қўя қолади. Аслида профессионал ёзувчи сўраб ўтирмайди, асардаги образларнинг либоси қандай матолардан тўқилишини у яхши билади.
Афсуски, аввалги адабиёт раҳнамолари ёзувчи-шоирлардан ёлғончиликни, риёкорликни талаб қилган. Ижодкорларнинг аксарияти шу қолипда шаклланган. Бугун эса, ўша даврларнинг хатосини такрорламаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам бу қиссалар ёзилган, ёзилаяпти.
***
Ёшлар масаласи... Бугунги ёш қаламкашларнинг ижодини кузатаман. Ёшлардан кўпини танийман ҳам. Асосан қўлимга тушган ёш адибларнинг асарларини деймизми, китобини ўқийман. Жуда шовқин-сурон кўтараётганларини “Нима экан?” деб кузатаман. Жонтемир Жондор деган болани ўқийман. Журналимизни кузатаётган бўлсангиз, шу болани бера бошладим. Чунки уни кўрган одам ёқтирмайди, сочи, соқоли – кўриниши ёқимсиздек, лекин шу болада шоирқалб бор, оташқалблик бор. Шу йигитнинг атрофидаги болаларни танийман, ижодини баҳоли қудрат кузатиб бораман. “Тафаккур” – бу кексаларнинг журнали, Жонтемирлар эса бутун жон-жаҳди билан курашга кирган бола. Шу нуқтаи назардан унинг шеърларини, фиқраларини бердик.
Бу йигитлар ижодида дунёнинг носозлигини ички дард билан, тажрибасизларча, лекин самимият билан қабул қилиб, унга қарши курашнинг мотивини кўраман. Яна Кумуш Ўсарова деган қиз бор экан. Унинг “ЎзАС”да бир кичкинагина ҳикоясини ўқиб қолдим. Эй, кўплаб катта-катта “Мен ёзувчиман”, деб юрганлардан яхшироқ ёзибди. Уларнинг кўпи ясама гапларни ёзса, Кумуш бир қишлоқдаги оиланинг бир кунлик ҳаётини ортиқча безаклар, зўриқишларсиз, шундоқ кесиб олган. Мен у қизни танимайман. Мана шундай кузатаман ёшларни. Аммо изчил, батафсил кўриб бормайман. Бу менинг катта армоним. Биласизми, уйимдаги – ижодхонамдаги китобларимнинг ярмини ҳам ўқиб бўлганим йўқ. Бўлмаса, китоб ўқишдан бошқа ишим йўқ – кетмон чопмайман, беда ўрмайман. Китоб ўқиб ётаман, китоб ёзаман. Шу.
Лекин журналда ёшларнинг уринишларини бердик. Эҳтимол уни катта шоирларимиз ўқиб, энсалари қотиши мумкин: “Бу нима, шуям модерн бўлдими?”, деб. Ҳа, энди, ёшларимизни ҳам берайлик, одамлар кўрсин, билсин, танисин. Олти-еттитасини бердик. Уларнинг ичида ўша Кумуш Абдусаломова, Мадина Норчаева, Тилланисо деганиям бор. Масалан, Тилланисо қизимизнинг ёзганларини ҳеч тушунолмадим. Бироқ уларнинг пайпаслаб-пайпаслаб, бир куни ўз йўлини топиб кетишига ишонгим келади.
***
Эркалик... Менинг эркаликларим ҳақида ўзимдан кўра, дўстларим яхши билса керак. Қолаверса, қайси одам ўзининг эркаликларини айтиб ўтиради. Назаримда, ижод оламида эркаликни кўпроқ шоирлар қилади. Бизнинг “Тафаккур”да бир Насрулло Эргаш деган йигит ишлайди. Унинг хонасига кираётиб айтаман: “Шуҳрат ва шеърият қондош-эгизак”. Чунки у манови телефонда ҳар куни шеър ёзади ва ижтимоий тармоқларга жойлайди. Кейин у постнинг тагидан шеърхон қизлар, мухлислари “Офарин”, “Ухлай олмадик шеърингизни ўқиб...”, “Бунча гўзал...” деган изоҳларни қолдиришади. Мен айтаман: “Шоир, жимгина юрсанг бўлмайдими? Хўп, хотининг бор, уйлантирдик. Олдин ёзардинг, ёшлик – шўхлик, дердик. Бир қизинг ҳам бор. Жим юр-да, энди”... Ана шундай, эркалик шоирларга ярашаверади. Мен – етмишга кирган ёзувчига эркаликни ким қўйибди.
Ҳа, уйимда эркаман. Ахир одам бир жойда эрка бўлиши ҳам керак-ку. Кеннойингиз уйда жуда сийлайди. Унга бирта эрка, менга эса бир суянадиган меҳрибон қўл лозим, дейман.
***
Иш, ижод тартиби... Олдин жуда интизом, тартиб зўр эди. Ҳозир бетартиб бўлиб қолганман. Ёш ўтгандан кейин одам сал эринчоқ, дангаса бўларкан. Аввал ишдан келиб ҳам тинмасдим – ижод столимга ўтириб, соат кечки биргача ёзардим. Ваҳоланки, кун бўйи ижод билан кураш кечган, дўстлар билан баҳслар, идоранинг иши! Биз ҳеч қачон ишга вақтида, яъни саҳар борган эмасмиз. Албатта, соат 11 да борардик. Шундай жойларда ишлаганман: “Гулистон”да ҳам, “Ёшлик”да ҳам ҳолат шу эди. Нега? Чунки раҳбарларимиз ҳам шоиру ёзувчилар эди-да. Улар ҳам ишга вақтида келмасди.
Бугун эса саҳархезман. Тонгда, тўртда уйғониб оламан – у ёғига қани уйқу келса. Шунга қарамай, эрта туриб, ошга бориш одатим йўқ. Ҳозир анча эркинман. Бу кексаликнинг шарт-шароити бўлса керак: исталган пайтимда ётаман, исталган пайтимда тураман. Ёзув-чизув ҳам шундай – кўнгил тусаса, қўлимга қалам оламан. Қолаверса, бизга ҳеч ким бола боқ, демайди, улар катта бўлиб, ўзлари болалик бўлишган. Аёлимиз иккимиз бир-биримизга суяниб яшаяпмиз.
***
“Тафаккур” журналидаги “Муҳаррир минбари”... Бу кўпчиликка манзур ва маъқул бўлгани қатори кимларгадир ёқмади. Бир томондан, кексайиб қоляпмиз. Шундай деб қўя қолай-да. Тўғрисини айтсам, балога қоламан. Бу фиқраларни тўхтатганимга бир ўн йилча бўлди, адашмасам. Лекин ҳамма кейинги пайтларда “Муҳаррир минбари”ни ташлаб қўйдингиз дейишади. Унга анча бўлган. Қаерга борсангиз, “Тафаккур” ҳақида гап борса, олдин ёзардингиз, энди жимсиз, деган гап, албатта, бир янграйди. Мен шундай бўлиши керак экан, бўлди, деб мавзуни ёпиб қўя қоламан. Бугун фикрларимни журналдаги бошқа материалларга, муаллифларнинг мақолаларига сингдиряпман. Нима фарқи бор – фикр айтилса бўлди-да! Уларни, албатта, мен айтишим шартми?!
***
Ғойибона устозим... Аниқ айтсам, Асқад акани яхши инсон сифатида яхши кўрардим. У кишининг қўлида ишлаганман, дедим. Билмасам, мен эл қатори ўқиб-ўрганганман. Энди мени кўпинча Абдулла Қаҳҳор билан солиштиришади... Абдулла акани кўрганман, уйларига ҳам борганман. Менинг тенгдошларимдан бошқа бирортасига бу насиб қилмаган, боиси ўшанда мен 17 ёшга ҳам тўлмагандим.
Келинг, шуни айтиб берай. Биз олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, имтиҳондан ҳам ўтдик. Дадахон Нурий деган ёзувчимиз бор эди. Шу киши “Гулистон”да ҳамшаҳрим Шукур Холмирзаев билан бирга ишларди. Биз Усмон Азим иккимиз редакцияга кўп бориб юрганимиз учунми, Дадахон ака “Булар зўр йигитлар”, деб айтган экан. Ёш бўлсак-да, ака бизга “Бегона” деган қиссасини берган ўқишга. Кейин буни Хадрадаги уйимга бориб, бир муҳокама қиламиз, деди. Биз Усмон иккимиз асарни ўқиб, Дадахон Нурийни роса танқид қилганмиз. Тўғри, мақтаган жойларимиз ҳам бўлган. Кейин бир куни шу одам айтяпти: “Сизларни Абдулла Қаҳҳор чақиряпти”. Ҳайронмиз: “Бизни мутлақо танимаса, қандай қилиб чақиради?”. Ака ҳам: “Йўқ, шу ёшлар бир келиб кетсин”, деяпти, деди. Усмон, мен ва Муҳаммад Раҳмон уччовимиз бордик устознинг уйига. Икки соатча суҳбатлашганмиз. Ўшанда у киши 60 ёшларда экан-у, бироқ бизга саксонга борган жуда қари чолдек кўринган. Кейин билсам, устозда қанд касали бўлган экан. Очиғи, биз ўша кезлар ўспиринлигимизга бориб, ўзбек адабиётининг энг забардаст, курашчан вакилининг уйига борганимизни, суҳбатлашганимизни чуқур ҳис қилмаганмиз. Устоз эса худди тенгдошлари билан гаплашгандек гурунг берган. Кейинчалик ҳам Кибриё опа менга “Абдулла ака устозингиз”, деб айтган. Эҳтимол, ғойибона устозим деб Абдулла Қаҳҳорни айтсам бўлар... Яна Антон Чеховни унутиб бўлмайди. Унинг қисқа умри давомида қилган улуғвор ишларига, ижодига ҳавас қилмай илож йўқ.
***
Шогирдлар... Мен кимларнингдир номларини айтсам-у, кейин улар “Менинг бундай устозим йўқ”, деса хижолатда қоламан. Қолаверса, бир пайтлар яқин кўриб, бағримга босиб юрган укаларим бор эди. Уйимнинг тўри ҳам уларники эди, қаерга борсам, шуларни шогирд демай, укаларим дердим. Кейин пушаймон қилдим. Назаримда, бу мавзуда бундан ортиқ ва бундан тўлиқроқ жавоб бериб бўлмас...
Йўл-йўлакай қанчасининг ёзганларини ўқиймиз, фикримизни айтамиз, китоби чоп этилишига ёки асари бирор журналда чиқишига кўмаклашамиз. Бошқа таҳририятларга тавсия этаётганда “Бизнинг мактабдан чиққан”, деб қўямиз. Бунда “Тафаккур” журнали мактабини назарда тутамиз. Лекин “сен менинг шогирдимсан”, демаймиз. Ёзувчи дегани сипо бўлади. Буни Асқад акадан ўрганганмиз. Бахтимизга шогирдлар омон бўлишсин.
Суҳбатни
Зоҳиджон ОЛОВ
оққа кўчирди.
“Адабиёт зиёси” газетаси, 2022 йил 37-38-сонлар.
“Бугунги имкониятларни қадрланг” суҳбати.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ