Систематик камситишлар давлатга нисбатан нафрат уйғотади. Бироқ айнан шулар туфайли бугун Полшагача етиб келдим – олий таълимни тамомлаб, пропискаси йўқлиги боис официантлик қилган молиячи


Сақлаш
20:30 / 16.01.2023 843 0

Тиббиётни танлаб, ижодини саҳнада давом эттирганлар, педагогика йўналишини тамомлаб, журналист бўлганлар фақат кино ёки асарларда эмас, ҳаётда, бизнинг атрофимизда ҳам кўплаб топилади. “Oyina.uz” нашри «Танлов ва тақдир» лойиҳаси доирасида бошқа йўналишни режалаштиргану умуман бошқа соҳада фаолият кўрсатаётганлар билан суҳбат қилиб, уларнинг танлови ва тақдири қандай ўзгариб кетгани ҳақида сўз юритади. Бугунги қаҳрамон — Раҳмонжон Асирдинов пойтахтимиз аҳолиси билан ҳуқуқлари тенг бўлмагани туфайли, бугун Полшадаги йирик компаниялардан бирида мутахассислиги бўлмаган соҳада фаолият юритмоқда.

 

1993 йил Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилганман. Таълимнинг бакалавр босқичини 2014-2018 йилларда «Сингапур менежментни ривожлантириш» институтининг Тошкентдаги филиалини “Accounting and Finance” (Бухгалтерия ва молия иши) факультетида ўқиганман.

 

Халқаро таълимда ўқиб, маҳаллий компанияларда ҳам иш тополмаганман

 

2018 йилда “IMZO” ром ишлаб чиқариш заводининг Ишлаб чиқаришни режалаштириш бўлимида иш бошладим. Чунки тамомлаган йўналишим «Бухгалтерия ва молия»да, соҳа «бозори»да ўзимга иш тополмаганман.

 

Ҳолбуки, 2017 йил, тўртинчи курслигимдаёқ иш қидира бошлагандим. Аммо, афсуски, у вақтларда вилоятдан келган талабалар учун «прописка» олиш имконсиз эди. Банк ёки халқаро молиявий ташкилотларга иш қидириб борганингизда, биринчи сўраладиган нарса — «Прописка» бўлган. Жавобингиз «Йўқ» бўлса, соҳа бўйича билимларингиз ҳақида сўраб ҳам ўтирилмасди.

 

Пропискаси борлар ўз йўналишида ишлаб юрганида, мен официантлик қилардим

 

Бир давлатнинг фуқароси бўла туриб, солиқларни, тошкентликлар тўлаган контрактни бир хил тўлаб ҳам, банк ёки молия соҳаларига ишга киролмаганим жуда алам қилган. Ҳатто, банкда ишлаш хоҳишим устунлик қилганидан, «Тошкентда пропискадан ўтганман» дея ёлғон гапириб, «Давр банк»да бир ой ишлаганман. Соҳадаги иш жараёни ва муҳит қандайлигини билишга бўлган қизиқишим баландлиги учун шундай йўл тутганман. У пайтда фанга, ўзим ўқиган соҳага меҳрим жуда юқори эдида. Аммо барибир ишчиларни расмийлаштириш, буйруқ чиқариш учун хужжатларни олиб келишимиз сўралганида, пропискам йўқлигини билган банкнинг бош юристи у бўлмаса, иложи йўқлигини айтиб, хонадан чиқариб юборган.

 

Тошкентда рўйхатдан ўтган курсдошларимиз эса “General Motors”да, нуфузли банкларда, катта супермаркетлар тармоғида ёки халқаро ташкилотларда фаолиятини бошлаган. Мен эса бу вақтда “Torento” ресторанида официантлик қилганман...

 

Ўқишни тамомлашимга яқин, 2018 йил бошида “IMZO”га ишга таклиф қилишган. Суҳбатда биринчи айтган гапим – пропискам йўқлигини, агар усиз ишга олиш мумкин бўлмаса, суҳбатни давом эттириш мантиқсиз эканини айтганман. Унга жавобан, Молия бўлимининг раҳбари «Бизга прописка муҳим эмас. Асосийси, билим», деган. Мен илк бор эшитган мантиқли жавоб ва берилган илк имконият эди бу! Бироқ, йўналишимга мос бўлимларда иш бўлмагани учун янги очилган «Ишлаб чиқаришни режалаштириш» бўлимига ишга қабул қилишган.

 

 

Полшада ишга олиш тартиби

 

“IMZO«дан кейин «Автопром»да 9 ой ишладим. Сўнг магистратурада ўқиш учун Полшага келдим. Жойлашгач, иш қидириб ҳеч қаерга бормадим. Шунчаки, LinkedIn – иш бўйича алоқалар ўрнатишда ёрдам берувчи тармоққа ўзим ҳақимдаги маълумотларни жойлаб, Полшадаги иш ўринларига қизиқиш билдирганман. Декабрь ойида Полшага борган бўлсам, пандемия сабаб бироз кечикиш билан, майда UNILEVERъда айнан ишлаб чиқаришни режалаштириш иш ўрни бўйича суҳбатга таклиф қилиндим.

 

Аввалига, компаниянинг HR бўлимидан қўнғироқ қилиб, Полшага қандай келиб қолганим, қаерда ўқишим, қайси кунлари бўш бўлишим каби умумий маълумотлар бўйича суҳбат қилишди. Кейинроқ мен билан суҳбатлашган ходим, иш жараёнидаги тўғридан-тўғри менежерга «резюме»ни етказади. «Резюме» маъқуллангач, аниқ сана белгиланиб, юзма-юз интервьюга таклиф қилиндим.

 

Бу ерда телефон орқали бўлган суҳбат 15-20 дақиқа давом этса, менежер билан интервью ўртача 1 соатча бўлиши мумкин. Бунда аввал нима иш қилганингиз ва нима қила олишингиз ҳақидаги саволларга жавоб беришингиз зарур бўлади. Бундан ташқари, яна учта асосий саволлар берилади:

 

Тажрибангиз, Excel (ва бошқа дастурлар)да ишлай олишингиз (аввалги иш жойимда SAP дастурида ишлаганман. Бу таққослаш учун, таксичи излаётган компанияга 10 йиллик тажрибам бор ҳайдовчиман, дейишдек гап);

 

Иш жараёнида дуч келган муаммоларингиз ва уларга ўзингиз мустақил берган ечимингиз;

 

Жамоа билан ишлаш қобилиятингиз (Масалан, уларга ақлли, бироқ токсик, агрессив, ёрдам беролмайдиган ва сўролмайдиган мутаxассислар керак эмас).

 

Хориж компанияларида одатда, сиз қаерда, қайси факультетда ўқиганингизнинг аҳамияти йўқ. Ҳали ҳеч қаерда ишга кириш учун дипломимни ҳам кўрсатмадим. Ҳаммасини интервью ҳал қилади. Сўралган саволларга оғзаки жавобингиз етарли. Уни кўрсатиб, исботлаб беришингиз шарт эмас.

 

Бу ерда иш жараёни бутунлай автоном. Яъни, менежерлар саволингиз бўлса жавоб беради, бироқ, тепангизга келиб «Уни бундай, буни ундай қил» деб ўргатмайди, ишингизга аралашмайди. Ҳар бир мутахассис ўз ишини ўзи қилиши, муаммоларга мустақил ечим топа олиши муҳим саналади. Айтишим керакки, Полшадаги илк ишимда “IMZO” компаниясида орттирган тажрибаларим асқатди. Хориж компанияларида тажриба муҳим аҳамият касб этаркан.

 

Бу ерда ишлаб чиқариш нисбатан кенгроқ қамровли бўлим бўлиб, унда ишлаб чиқариш бошланишидан то охирги цикл, яъни сўнгги нуқтасигача режалаштириш масъулияти менинг вазифам саналади. Бу заводлардаги ҳар бир маҳсулотни ишлаб чиқариб, уни савдо нуқталарига етказиб беришгача бўлган жараённи ўз ичига олади.

 

Соҳамни ўзгартиришимга сабаб бўлган уч омилдан миннатдорман

 

Шундай қилиб, биринчидан ўша вақтдаги аҳмоқона сиёсат, иккинчидан, Тошкентда ҳеч ким иш бермагани, учинчидан, “IMZO” компанияси йўналишимда бўлмасада, бошқа бўлимга ишга олиб, имкон бергани учун шу соҳага кириб келганман. Бугун шу уч омилдан миннатдор бўламан.

Мана, орадан 4 йилдан кўпроқ муддат ўтиб ҳам, ҳалигача ишлаб чиқариш соҳасидаман. Ҳозир шу йўналишда Полшада, “UNILEVER” компаниясида фаолият юритяпман. UNILEVER Британия компанияси бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда маиший кимё товарлари бозорида дунёнинг етакчилардан саналади.

 

Февралдан бошлаб, Германиянинг косметика ва парфюмерия дунё бозорида етакчи компаниялардан бири – 150 дан ортиқ мамлакатда фаолият кўрсатувчи “Wella” компаниясида иш бошлайман.

 

 

Полшада меҳнат қонунчилиги

 

Полшада 10 йиллик иш тажрибаси борларга 26 кун, ундан камроқ бўлса 20 кунлик меҳнат таътили берилади. Ўқиган йиллар икки йилдан ҳисобланади. Мени 4 йил ўқиганим ва 3 йил ишлаганим 26 кунлик иш ҳақи тўланадиган меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини беради.

 

Ишчига неча кунлик дам берилишини аниқлаш учун ишхонадан сертификат сўралади (work certificate дейилади). Уларни Ўзбекистондаги аввал ишлаган икки ишхонамдан олиб бердим ва тегишли таътилни олдим.

 

Соҳамни ўзгартирганимдан афсусланмайман. Ортга қайтишга эса аллақачон кеч

 

Бу йил 30 ёшга тўламан. Соҳамни ўзгартириш ҳақида ўйламаяпман. Фаолият юритаётган соҳамда “Senior” (етакчи) даражасига келганман. Бунга эса айтганимдай, 5 йилга яқин муддат сарфланди. Карьера инерция орқали, вақт ўтгани сари кўтарилишда давом этяпти. Агар ўзимни соҳамга қайтадиган бўлсам, барчасини нолдан бошлашга тўғри келади. Бунга эса аллақачон кеч бўлди, менимча. Шунинг учун, буни режаларимга киритмаганман. Бу соҳага ўтганимдан ҳам афсусланмайман, чунки, бухгалтерия ва молияда жуда кўп майда деталли ёзувлар, баёнотлар, умуман, сабр талаб этадиган ишлар кўп. Ишлаб чиқаришда эса ҳар куни янги муаммо ва уларга ечим топиш, янги тўсиқларни босиб ўтиш, қандайдир деградациядан асраб қолиш каби вазифалар, ишга бўлган қизиқишни сўндирмайди. Зерикарли бўлмаган топшириқлар, ҳар куни бир-бирини такрорламас вазифаларни бажариш, яхши энергия билан иш бошлаш — бу соҳани яхши кўриб, унда давом этишимда асосий омиллардан бири бўлиб қолган.

 

Бугунимдан тўлиқ миннатдорман. Бироқ, ўйлашимча, юқоридаги каби систематик камситишлар — давлатга нисбатан нафрат уйғотади одамларда. Бугун «прописка» масалалари тугатилган бўлишига қарамай, ҳали ҳам давлатга, унда ўз эртамизни кўришга бўлган ишончсизлик даражаси юқори. Чунки бундай ноҳақликлар ҳали ҳам бошқачароқ кўринишларда давом этмоқда.

  

Муқаддас МУСАЕВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13488
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//