Сариосиёда вафот этган аскар, човгумга оёғи тиқилган қизалоқ – ҳарбийлар ҳаётидаги хатарли вазиятлар


Сақлаш
02:15 / 14.01.2023 870 0

Ватан ҳимоясига отланган ҳар бир йигит ўз умрини, ҳаётини хавф-хатарга тикиб, хизмат вазифасини бажаришга киришади. Бу вақт давомида йигитлар нафақат Ватан тупроғини ҳимоя қилади, балки ватандошларимизни турли офат-балолардан асрашади ҳам. "Оyina.uz" худди шундай юрт тинчлигини асрашга ҳисса қўшаётган, кези келса ҳаётини хавфга қўйиб бўлсада вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган жасоратли Ватан ҳимоячиларининг ҳикояларини тақдим қилади.

 

Муҳиддин Қўлдошев, Шайхонтоҳур тумани Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўлими ўринбосари, подполковник:

 

 

2014 йил, 8 октябрь куни эрталаб смена бошлиғи вазифасини бажарувчиси сифатида навбатчиликни қабул қилиб олдим. Кун тинч ўтди. Аммо кечки 22:30 да диспетчер ўрнида турган йигитларимиздан бири бонг чалди. Бу қаердадир ёнғин бошланганидан дарак эди. Бизга Яшнобод тумани Тошкент юк тушириш бўлинмасидаги молларни сақлаш омборхонасида бошланган ёнғин сабаб чақирув келиб тушганди. Қанчалик тезлик билан ҳаракат қилмайлик, манзилга етиб борганимизда олов катта майдонни эгаллаб олганди. Бор имкониятни ишга солиб, оловни ўчиришни бошладик. Аммо, айтганимдек, ёнғин жуда катта эди, ёлғиз шахсий таркиб билан бу ёнғинга қарши чиқиб бўлмаслигини англаб, ёрдамга яна иккита гуруҳни чақирдим.

Ичкарида уч вагон юк ёнаётганди, улар орасида велосипед қисмлари, гугурт чўпи ва мой бор эди. Мой оқиб чиқиб, ёнғинни ўчиришга халақит берар, йигитлар нимани ушласа, худди балиқдек сирпаниб кетарди, бир-иккитаси йиқилди ҳам. Бу вазиятда нарвондан ҳам фойдаланиб бўлмасди. Ёнғинни ўчириш раҳбари билан бинонинг орқа томонига ўтиб қараганимизда эса бир вагон – олтмиш тонна бензин турганини кўрдик. Ёнғин бўлаётган жойдан атиги беш-олти метр нарида. Катта талофатни олдини олиш мақсадида зудлик билан цистернани парвозга улаб узоқлатдик.

Бу масалани ҳал қилиб яна ўз ўрнимизга қайтаётганимизда, киравериш жойида ишлаётган ўт ўчирувчиларимиз устига том қулабди. Бақир-чақир, қоч-қоч... Югуриб борсак, Баҳром Эргашев деган йигит томни парчалари остида қолиб кетган, бўлинма командири эса деворга сиқилиб қолган. Беш киши бўлиб томни кўтариб, йигитимизни тортиб олдик. Шу орада ППХ ходимлари ҳам бизга ёрдам бераётган эди, машинасида Эргашевни яқин шифохонага олиб кетишди. Бўлинма командири деворга сиқилиб қолган, устига ғишт тўкилганди. Биз уни қутқаргунча тез ёрдам етиб келди. Уни ҳам тан жароҳатлари, куйиш туфайли шифохонага олиб кетишди.

Соат тонгги уч бўлган, ўт эса ҳали ҳам ўчгани йўқ.шу вақт шифохонадан телефон бўлди: «Эргашев сизнинг ходимингизми? Минг афсус, уни асраб қолишни иложи бўлмади» деди гўшакни нарисидан шифокор. Бир зумда музлаб қолдим, боягина ёнма-ён олов билан курашаётган йигит энди дунёда йўқ эди... Оловни эса эрталабки 9-10 лар атрофида бошқа талофатларсиз ўчирдик. Аммо Баҳромнинг хотираси доим биз билан қолаверди, чунки мардлар ҳеч қачон унутилмайди!

 

Бобомурод НУРАТОВ, шартномадаги ҳарбий хизматчи, учинчи даражали сержант:

 

 

2000 йили Сариосиё ва Узун туманларида жангларда қатнашдим, улардан ҳануз оғритувчи хотиралар қолган. Тасаввур қилинг, тоғли ҳудуд, баланд тоғ қоялари, арчазор, бутазорлар. Улар шунчалик қалин эдики, ярим чақирим нарини кўришнинг имкони йўқ. Биз авиация ёрдамида тепага кўтарилиб борар, йигитлар билан бир тану бир жон бўлиб, мамлакатимиз тупроғини булғамоқчи бўлган қузғунларга қарши жанглар олиб борардик. Ўшанда юз берган бир воқеани ҳеч унутолмадим, кўзим олдидан ҳеч кетмади, кетмаса ҳам керак.

Гуруҳда бошловчи, етакловчи ҳисобланувчи дозор қисм бўлади. Бунда 20-30 кишидан иборат гуруҳни учта-тўртта одам бошлаб боради ва олдиндаги пистирмалардан хабар беради. Шу қисмимизда ҳаракатланаётганлар ичида Эломон (Отажонов) ва Дониёр исмли йигитлар бизни бошлаб кетишарди. Бир бутазорга яқинлашиб, пастга эниб бораётганимизда, бирданига ўқ овози янгради. Табиийки барчамиз зудлик билан яширинишга ҳаракат қилдик. Таҳлика ичида мендан 60-70 метр узоқда яраланиб ётган Эломон ва Дониёрга кўзим тушди. Эломон ўнг кўкрак қисмидан ўқ еган ва қуролини қўлида тутолмайдиган ҳолатда эди. Аммо у ётган жойида, алоқа воситаси орқали бутун гуруҳимизни асраб қолганди. Яъни рация орқали у бизга қайси томонга ўқ отишимизни айтар, ўргатиб турганди, чунки унга ёв томон яхшироқ кўринарди. Биз Эломоннинг кўрсатмалари билан душман пистирмасини яксон қилгандик, аммо уларни омон сақлаб қола олмаганмиз. Улар Ватаннинг чинакам мардлари эди, ҳаётининг охиригача чин фарзандлик бурчини бажаришди, улар билан бутун миллат фахрланса арзийди.

 

Миркомил МИРКАРИМОВ, Тошкент шаҳар ФММ қутқарув отряди командири:

 


Қутқарувчилик касбида одам кўп нарсанинг гувоҳи бўлади, тўғри, одатда ҳаётимиз ҳар доим хавф остида бўлавермайди. Аммо бу соҳада ишларкансиз, ҳаётда ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлиб қоларкансиз. Муҳими, бошига бирон фалокат тушган, ёмон аҳволда қолган одамни ўз вақтида қутқариш, бунда арзимаган 5-10 дақиқа ҳам ҳисобли бўлади. Шунинг учун ҳам бизга чақирув хабари келса, оёғимизни қўлимизга олиб чопамиз.

Катталар ўз йўлига, улар дуч келадиган вазиятларда кўнгилни тўқ қилишимиз мумкин, аммо болалар билан содир бўладиган воқеалар борки, уларни асраш, авайлаш ва қутқариш учун кўп ҳаракат қилишимизга тўғри келади.

Эслайман, 2019 йилнинг бошлари эди, ҳали қишнинг қаҳри тугамаган. Ўша куни тушга яқин Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик диспетчерига Яккасарой тумани Бошлиқ кўчасида турадиган оиладан қўнғироқ бўлди. Хонадоннинг икки яшар қизалоғи уйда ўйин ўйнаб, каттароқ човгумнинг ичига оёғини тиққан. Кейин ўтирган ва ўша ҳолича чиқа олмаган. Човгум ичида боланинг оёғи тиззасигача бўлган қисми қотиб қолганди, қизалоқни ўзи эса ҳам оғриқ, ҳам қўрқувдан роса қичқириб йиғларди. Ўшанда бир гуруҳ қутқарувчилар отряди билан воқеа жойига тезлик билан етиб бордик. Ҳолатни кўриб, дарҳол темирни қирқиши мумкин бўлган асбоб-ускунани ишлатиб, қизалоқнинг оёғини чиқариб олдик. Бу наздингизда кичик бир ҳолатдек кўринар, аммо мен касбимни одамларга кичик бўлсада яхшилик қила олганим учун ҳам яхши кўраман!

 

Баҳодир Газиев, ДАН инспектори:

 

 

2021 йилдан 2022 йилга ўтар кечаси «Янги Ўзбекистон» боғидаги байрамда хизмат вазифамни бажарардим. Боғ шаҳардан узоқроқ жойлашган бўлсада, одам кўп, биз бу ҳолатда ҳудудда машиналар тиқилинчини олдини олишга масъул эдик.

Аммо қанча ҳаракат қилмайлик, баъзи ўпкасиз ҳайдовчиларни эплаб қийин бўлади доим. Шундайлардан бири ўзини назорат қила олмади ва боғга яқин жойда йўл четига тўхтаб одам тушираётган машина ортидан катта тезликда келиб урди. Олд ўриндиқда ўтирган онаси зарб натижасида машина ойнасини тешиб чиқиб кетган, ҳамма жойи қонга беланганди. Нуқул «оғрияпти» деб қичқирарди.

Аёлга биринчи ёрдам кўрсатиб, патруль машинамизда яқин орадаги шифохонага олиб бордик. Аҳволи яхшиланганига амин бўлгач, ортга қайтиб, содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасини расмийлаштириш билан шуғулландик. Бу воқеани хизматимизни миннат қилиш учун эмас, балки юртдошларимиз саломат бўлишларини исташимиз сабаб айтдим. Чунки халқимизнинг хотиржамлиги учун биз туну кун, байрам, ҳайит демай хизматдамиз ва бу бизга шараф бағишлайди.

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 13487
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//