Олий таълим, фан ва инновациялар интеграцияси – янги вазирликнинг янги режалари қандай?


Сақлаш
22:51 / 13.01.2023 1414 0

Жорий йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги бирлашиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташкил этилди. Бунинг сабаби нима, нима учун айнан шу икки вазирлик бирлашди, деган савол туғилиши табиий. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов бу ҳақидаги фикрларини Oyina.u билан ўртоқлашди.

 

Олий таълимнинг негизини инновациялар ташкил қилади

 

Буни оддий қилиб тушунтириш мумкин – олий таълимнинг негизида иқтидорни кашф қилиш, шакллантириш ва ҳаётга йўналтириш ётади. Бу инновацион ривожланишнинг асосини ташкил қилади ва  ўз навбатида инновацион ривожланишни иқтидорлар таъминлаб беради. Инновацион фаолият бошқаруви иқтидорларга шарт-шароит яратиш, уларнинг табиий ривожланиши учун рақобат ва рағбат муҳитини яратишни мақсад қилмоғи лозим. Иқтидорли ёшлар, хусусан талабалардаги шижоат, хато қилишдан қўрқмаслик ҳисси инновацияларга етаклайди.

 

Сўнгги йилларда инновацион ривожланиш борасида олиб борилган қатор ислоҳотлар натижасида инсон капитали, инсон ресурси, инсон омилига катта эътибор қаратилди. Бу собиқ вазирлигимизнинг асосий миссияси эди. Бунинг натижасида иқтидорларни танлаб олиш, уларга умид бағишлаш ҳамда ҳаёти давомида ривожланишини таъминлаб бориш асосий мақсадга айланди. Гарчи инновацияларнинг катта қисми иқтисодий самарага йўналтирилган бўлсада, инновацион бошқарувнинг самараси таълим жараёнлари билан узвий боғлиқ.

 

Таълимда эришган энг катта ютуқларимиздан бири бу – олий таълим қамровининг кенгайганидир ва бугун у 38 фоизга етди. Юртимиз аҳолисининг ўсиш суръати жуда ҳам юқори бўлгани сабабли биз аҳолиси ёш давлат саналамиз, бу, аслида катта ютуғимиз ва шу билан бирга бу олдимизга янги вазифа ва мақсадларни қўяди.

 

Олий таълим муассасалари сонининг ошиб бораётгани, ўқув дастурларнинг халқаро стандартларга ҳамоҳанглиги, талабалар учун инфратузилмалар яратилганлиги, лабораторияларнинг моддий-техник базаси яхшиланганлиги, қолаверса, ўқув қўлланмалардаги ўзгаришларни эътироф этиш керак. Лекин шу билан бирга бир қатор тизимли муаммолар ҳам сақланиб турибди. Президентимиз мурожаатномада бежиз таълим сифатни кўтариш кераклигига алоҳида урғу бермадилар. Аввал қилинган асосий ишлар олий таълимни жонлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш бўлган бўлса, галдаги вазифамиз олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ҳамоҳанглиги, бир-бирига уйғунлигини таъминлашдир.

 

Эндиги вазифамиз тармоқ корхоналарига сифатли кадрлар етиштириш

 

Илм-фан билан олий таълимнинг интеграцияси узоқ йиллардан буён муаммо бўлиб келган ва ҳозирда ҳам кун тартибимиздаги асосий масалалигича қолмоқда. Яъни олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар ривожланмас экан, талаба-ёшлар кўпроқ илмий фаолиятга жалб қилинмас экан, таълим сифатни ошириб бўлмайди. Бу биринчи катта масаламиз. Иккинчиси эса, олий таълим муассасаларидаги энг долзарб муаммолардан яна бир тармоқ билан интеграцияланишнинг сустлигидир. Ислоҳотлар даврида бизнес юритиш, тадбиркорлик шиддат билан ривожланди, янги тармоқ корхоналари пайдо бўлди, кластерлар тизими йўлга қўйилди. Бу ишлар беш йил олдин хаёлимизга ҳам келмаганди, бунга талаб ҳам йўқ эди. Олийгоҳ талабалари, битирувчилари учун иш жойлари мавжуд эмасди.

 

Ҳозир эса, жуда кўп хусусий корхоналар ташкил этилди, тармоқларда ишлаб чиқариш объектлари пайдо бўлди. Энди олий таълим муассасалари уларга сифатли кадрлар захирасини яратиб бериши керак. Битирувчиларни иш билан таъминлаш асосий вазифамиз бўлиб турган ҳозирги жараёнда олий таълимнинг ишлаб чиқариш ва илм-фан билан интеграциясини таъминлашимиз ўта муҳим.

 

Бундай интеграция қандай амалга оширилади? Бунинг аниқ механизми ёки дарров натижа берадиган «рецепти» йўқ. Жаҳон тажрибасини тўғридан тўғри кўчириш ҳам натижа бермаслиги турган гап. Ҳар бир мамлакатнинг тараққиёт даражаси, аҳоли менталитетини инобатга олган ҳолда, олий таълим тизимининг ривожланганлик даражаси ва қўйилаётган вазифалар ҳамда иқтисодиётнинг драйвер соҳаларидан келиб чиқиб, тизим яратилиши керак. Айнан шу тизимни яратиш янги ташкил этилган вазирликнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб берилди.

 

Энди нафақат таълим бериш билан шуғулланишимиз, балки битирувчиларимизни самарали иш билан таъминлаш ва уларнинг келажакдаги иқтидорларини юзага чиқариш учун шароитлар яратиб беришимиз лозим. Албатта, бунинг асосида сифатли таълим ётади. Талабаларни тармоқ корхоналари, хусусий ишлаб чиқариш объектлари фаолияти билан ўқув жараёнининг ўзида таништириб боришимиз керак. Битирувчиларимиз тўлақонли янги технологияларга мослашган, ишлаб чиқаришни тушуниб етадиган мутахассис этиб шакллантириб беришимиз керак.

 

Бу жараёнда, албатта, дуал таълим тизимини йўлга қўйиш бўйича ҳам мурожаатномада алоҳида топшириқ берилди. Олий таълим сифати ва қамровини мунтазам ошириш билан бирга, ўрта бўғин муҳандис мутахассисларини тарбиялаб бориш иқтисодий ривожланиш занжиридаги муҳим ҳалқа. Шунинг учун, драйвер тармоқларнинг таркибида профессионал таълимга асосланган ихтисослашган инженерлар мактаби фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти ва бу катта платформа сифатида намоён бўлади.

 

Рақамлаштириш ва чуқур тадқиқотлар билан шуғулланадиган мутахассислар тайёрлашимиз керак

 

Инновацион ривожланиш тенденциялари ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозир бутун дунёда саноатни ривожлантиришдан ҳам кўра, илм, инновация ва таълимга кўпроқ маблағлар сарфланмоқда. Негаки, иқтисодиётнинг ўсишида инновацион ривожланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга ҳозир революцион инновациялар даври ҳам эмас. Дейлик, электр пайдо бўлиши натижасида юзага келган инновацион ривожланиш билан солиштирадиган бўлсак, ҳозирги ривожланишимиз у қадар шиддат билан кетмаётганини англаш қийин эмас.

 

Шу боис бутун дунёда иккита йўналишни ривожлантириш тенденцияси кузатилмоқда, бу – барча соҳаларни рақамлаштириш ва турли йўналишларда чуқур илмий-тадқиқотларни амалга оширишдир. Айнан рақамлаштириш орқали иқтисодий самара бир неча бараварга ошиши исботланган. Шу билан бирга илгари соҳада юзаки ўрганиш қилинган бўлса ҳозир чуқур илмий-тадқиқотлар олиб бориш талаб этиляпти, бу инглиз тилида deep science деб аталади. Бу икки омил иқтисодиётмизга катта ўзгаришлар олиб келади ва ҳар иккаласининг замирида сифатли таълим ётади. Рақамлаштириш учун ҳам, чуқур илмий тадқиқот учун ҳам сифатли таълим талаб этилади.

 

Ҳозир иқтисодиёт соҳаларига нисбатан илм-фан, таълимга 4-5 фоиз кўпроқ маблағ берилаётган бир пайтда буни драйвер соҳаларга кўпроқ йўналтириш олдимизга қўйилган асосий вазифадир. Вазирликни мана шундай чуқур тадқиқотлар ёки рақамлаштирилган платформаларнинг яратишга кўникмаси бўлган кадрларни тайёрлайдиган тизимга айлантиришимиз керак. Бу соҳада энди вазирлик қошида Инновацион ривожланиш агентлиги ўз фаолиятини олиб боради.

 

Шунингдек вазирлик таркибидаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги орқали ҳам хорижий тиллар қаторида турли йўналишлардаги билимларни баҳолаш тизимларини янгилашимиз тақозо қилинади. Сабаби сифатли таълим орқали малакали кадрларни саралаб олиш масаласи ҳам мавжуд. Қолаверса, илмий кадрларни тайёрлаш бўйича ҳам жуда кўп муаммолар мавжуд – бизнинг илмий кадрларни тайёрлаш ёки илмий даражаларни бериш тизимимиз жаҳон андозаларига мос келмайди. Охирги йилларда бу соҳада ҳам кўп ислоҳотлар амалга оширилди, лекин, жаҳон таълим тизимига интеграциялашув яъни, илмий малакали кадрларни тайёрлаш ва уларга илмий даражалар бериш масаласида ҳам олий аттестация комиссияси билан янги тизимни шакллантиришимиз лозим. Ушбу тузилмаларнинг Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қошида жамланганлиги мазкур соҳалар уйғунлашувини таъминлайди.

 

Илм-фан ва таълимга давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ошмоқда

 

Илм-фан ва инновацияларнинг ривожланиши жуда ҳам катта сармоя талаб қилади. Президентимиз мурожаатномада айтганларидек, ҳозирда илм-фанни молиялаштиришга катта маблағлар ажратиляпти. 1,8 трлн. сўм маблағ айнан илм-фанни ривожлантиришга сарфланиши режалаштирилган бўлса, таълим соҳасига ундан бир неча баравар кўп маблағ ажратиляпти. Давлатимиз таълим, илм-фан, инновациялар ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, уларни жаҳон стандартларига тенглаштиришда асосий регулятор сифатида катта маблағ талаб этадиган йирик ислоҳотларни амалга оширяпти.

 

Яқинда 2022 йил учун илм-фан бўйича миллий маърузамизни эълон қилдик. Статистик маълумотларимизга кўра, илм-фанни молиялаштиришда хусусий секторнинг улуши 5 йил олдинги ҳолат билан солиштирилганда қарийб 6 баробар ошган. Бу жуда ҳам катта кўрсаткич. Илгари 8 фоизгина тармоқлар илм-фанни молиялаштирар эди. Ҳозирда эса, бу кўрсаткич қарийб 30-40 фоизга етди. Бу жаҳон тажрибасида ҳам жуда яхши кўрсаткич саналади. Бироқ илм-фан ва таълимга ажратилаётган маблағларнинг аксарияти барибир давлат ҳиссасига тўғри келмоқда.

 

Хусусий секторни илм-фан билан шуғулланишга қизиқтира олмаётганимизнинг сабаби бу – сифатли кадрлар. Яна олий таълимга қайтамиз. Ривожланаётган саноатимизни бошқарувчи кадрлар сифатли бўлсагина, улар илм-фан ёки таълимнинг қадрини билган ҳолда ҳеч иккиланмай маблағни манзилли сарфлай олади. Биз тармоқ корхоналарини мажбурлаб, уларни маълум университет ёки тадқиқот институтларига бириктириб, шуларга масъулсан дейишдан йироқмиз. Бу усул ҳеч қачон кутилган самара бермайди. Биз вазирлик сифатида тармоқ корхоналарига ўз маблағимиз билан тенг шериклик асосида кирмоқчимиз. Тармоқларда инженерлик мактабларини ўзимиз ташкил қилмоқчимизки, у ерларда бизнинг иқтидорли талабаларимиз ишлайди ва уларнинг маблағларини ўзимиз қоплаб берамиз. Бу билан биринчи қадамни биз ташлаймиз, лекин кейингилари биргаликда, ҳамкорликда бўлиши керак.

 

Талабалар ўз орзуларидаги профессордан таълим олишлари керак

 

Хабарингиз бор, ҳозир дунё миқёсида 4-саноат инқилоби кетяпти. У рақамлаштириш ва янги маҳсулотларга бўлган талабларни қондиришдан иборат. Шу билан бирга рақамлаштириш жараёнига ҳам, барча илм талаб қиладиган соҳаларни иқтидорлар билан таъминлаб беришимиз керак. Албатта, кўп вазифаларни компьютерлар бажаради. Лекин техникалар бажара олмайдиган жараёнларни мувофиқлаштира оладиган илмий салоҳиятли кадрлар керак бўлади. Шу сабабли университетларимиз, у ердаги ўқув дастурларимизни режалаштиришимиз керак. Бу борада энг катта йўналишимиз бу ўқув қўлланмалардир.

 

41 та олий таълим муассасамизга академик ва молиявий мустақиллик мақоми берилган. Ҳозир уларнинг ҳар бирида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларимизга буюртмалар портфелини шакллантиряпмиз. Сабаби ҳар бир университетнинг йўналишига қараб ўқув қўлланмалари ўзига хос ва янги бўлиши керак. Биз барча олий таълим муассасаларида битта ўқув қўлланмадан фойдаланиш талабини қўйиш ниятимиз йўқ. Шунинг учун ҳар бир олий таълим муассасада ижтимоий пакетлар лойиҳаларини режалаштиряпмиз. Бу жараёнга мажбурият сифатида эмас, аксинча ижодкорлик билан ёндашиш керак.

 

Қуруқ рақам билан ривожлана олмаймиз

 

Университетларда академик бандлик даражаси ошиши керак. Ҳар бир профессор-ўқитувчининг ўз брендига айланган предмети бўлиши керак. Бу бўйича ҳам ташкилий ислоҳотлар олиб борамиз. Шунда абитуриент фалон университетнинг фалон йўналишида фалон профессорнинг қўлида ўқийман деган орзулар билан ўқишга киришга тайёрланади.

 

Ўз навбатида, ҳар бир университетнинг ўз бренди бўлиши керак деб ўйлайман. Талабалар қайсидир соҳа учун университетларни ўзлари қидириб келишлари керак. Ҳозир олий ўқув юртлари сони 200 дан ортди. Энди улар иқтидорли ёшларимизни ўқитиш учун рақобатлашиши керак. Агар биз шундай тизим қилсак, сифат ўз ўзидан таъминланади.

 

Қолаверса, университетларимизга анъаналар ҳам керак. Ҳар бир университет ушбу анъаналарга содиқ бўлиши керак. Университетлар нафақат билим ўчоғи бўлиши керак, балки тарбия маскани ҳам бўлиши керак. Турли соҳаларни қамраб олган талабалар кенгашлари, жамиятлари тузишни режалаштирганмиз. Университетда шаклланган анъаналар битирувчиларни, уларнинг оилалари ва фарзандларини маънан бирлаштириши, умуминсоний қадриятларни улар орқали жамиятимизга сингдириши талаб этилади

 

Бу ўз навбатида жуда ҳам катта ижодкорлик муҳитини яратади. Ҳозирда ОТМлар сони 200 дан ортиқ, таълим қамрови 40 фоизга етди. Лекин бизни инновацион ривожланишда орқага тортаётган бу ижодкорлик ва креативлик муҳитимизнинг паст даражада эканидир. Креатив фикрлаш бўйича биз дунё мамлакатлари орасида ўтган йили 18 поғонага кўтарилдик. Лекин ҳалиям 140 дан ортиқ мамлакат орасида 102-ўриндамиз. Аммо, муҳандислар ва тадқиқотчилар сони бўйича топ-10 таликка кирсак ҳам креатив фикрлаш, ижодкорлик бизга етишмайди. Ижодкорликсиз эса, сифатга эришиб бўлмайди.

 

Шунинг учун маънавий, маърифий, мафкуравий қадриятлар, маданият орқали ижодкорликни шакллантириб беришимиз керак. Рақамлар билан ишлаш жуда яхши, лекин қуруқ рақам билан ривожланиш бўлмайди. Шу сабабли адабиёт, маданият, анъаналар орқали талаба ва ўқитувчиларимизда ватанга меҳр-муҳаббатни тараннум этиш, ўзликни англаш, миллий ғурурни шакллантириш, 4-саноат инқилобига интилиш, катта кашфиётларни қилиш иштиёқини шакллантиришимиз керак. Бир сўз билан айтганда илм-фан, инновация ва таълимни миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг тарзда инсонпарварлик тамойиллари билан суғорилган руҳан тетиклик, соғлом тан ва ақл ҳамда замонавий интеллектни шакллантириш орқали ривожлантиришимиз керак. Бу сифат ва ривожланган иқтисодиёт демакдир.

 

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//