Адабиёт
Тарихдан маълумки, Султон Ҳусайн Бойқаро ҳокимиятининг сўнгги йилларида, айниқса, Алишер Навоий вафотидан сўнг бошқарув тизими анча-мунча издан чиққан, Хуросонда турли фирибгарлар, халқни лаққа тушириб пул ишловчи каззоблар кўпайган. Ҳаттоки, кўп ҳолларда сарой амалдорлари, подшоҳ хонадони вакиллари ҳам уларга “чув” тушган. Бу ҳақда Ҳусайн Бойқаро саройида бир муддат фаолият кўрсатган ҳиротлик шоир ва тарихчи Зайниддин Восифий ўзининг “Бадойиъул-вақоеъ” асарида эслаб ўтади.
Мисдан тилла “ясовчи” қаллоб
У пайтларда бошқа маъданларни олтинга айлантириш илмини “кимё” деб аташган. Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам ана шундай хомхаёллар билан умрини ўтказган “кимёгарлар”у бошқаларни тузоққа тушириб юрган қаллоблар кўп бўлган. Вафотидан бир неча йил аввал Ҳусайн Бойқаро бод касалига чалиниб, юролмай қолади. Ўша пайтларда Ҳиротда нишопурлик бир табиб ва “кимёгар” ҳақида миш-мишлар тарқалади. У турли касалларни даволаш билан бирга мисни олтинга айлантира олиши билан ҳам эл орасида шуҳрат топганди. Ниҳоят у ҳақдаги гап-сўзлар подшоҳнинг ҳам қулоғига етади ва табибни саройга чорлашни буюради. Унинг келиши арафасида бозорларда миснинг нархи бир неча баравар ошади.
Подшоҳнинг мақсади саройда олтин “ишлаб чиқариш”ни йўлга қўйиш ва саломатлигини тиклаш эди. Энг нуфузли мулозимларига “кимёгар-табиб”ни кутиб олиш учун муносиб ҳозирлик кўришни амр этади. Ҳусайн Бойқаро хатто “агар ўзимнинг ҳам оёғим оғриб, юролмай қолмаганимда, бу улуғ алломага пешвоз чиқардим” деган экан. Хуллас “алломаи замон”ни пойтахтда катта тантана билан кутиб олишади. Уни салтанатнинг энг олий қасрларидан бирида жойлаштиришади, турфа ҳадяларга кўмиб ташлашади. Подшоҳнинг ошпазлари эса табиб учун ҳар куни лаззатли таомлар ҳозирлайди. Бойқаро “аллома”дан икки нарсани: ҳар куни сарой устахонасида бир ман (тахминан 850 грамм) мисни олтинга айлантириб беришни ва оёқларини даволашни илтимос қилади. Табиийки, биринчи ишнинг иложи йўқ, иккинчисни бажариш эса бу қаллобнинг қўлидан келмасди. Амоо агар фирибгарлиги очилиб қолса, боши кетади.
Шунда “аллома” “Ҳозир мисни олтинга айлантирадиган “Иксир” малҳамим жуда оз қолган. Қолган малҳамни подшоҳи оламнинг муборак оёқлари учун сарфламоқчи эдим. Қирқ кун муолажа қилиб, қирқ биринчи куни ҳаммомда ул зотнинг оёқларига ўша малҳамдан сураман. Насиб этса, у ердан ўз оёқлари билан чиқиб келадилар. Мен ўз йигитларимни “Иксир” олиб келиш учун Мағриб мамлакатига юбордим. Олти ойда қайтиб келишади. Шунда истаганча мисни олтинга айлантириб бераман” деб баҳона қилади. Подшоҳ бу таклифга кўнади. Қирқ кун кимёгар-табиб саройда подшоҳга турли дамламалар ичириб, муолажа қилади. Ўзи ҳам шоҳона ҳузур-ҳаловатдан баҳраманд бўлади. Қирқ биринчи кун шаҳар четидаги ҳаммомга олиб боришни айтади.
“Фақат шарт шуки, подшоҳимиз ва камина қулларидан бошқа ҳеч ким бўлмаслиги даркор. Бўлмаса муолажа кор қилмайди” дейди фирибгар. Шоҳнинг Бадана исмли бир ғуломи уни ёлғиз ҳаммомга юборишга рози бўлмайди ва улар билан эргашиб ҳаммомга боради. Ғуломнинг кўрсатмаси билан ҳар эҳтимолга қарши бир қанча қўриқчилар ҳам яширинча уларнинг ортидан боришади. Ҳаммомнинг буғхонасига кирган чоғда табибнинг бир сони иккинчисидан йўғонроқ эканини пайқаган ғулом дарҳол унинг лунгисини юлиб олади. Шунда ҳалиги табиб сонига тасма билан ўткир ханжар боғлаб олгани маълум бўлади. Аниқланишича, сири фош бўлиб, жувонмарг бўлишдан қўрққан фирибгар ҳаммомдан подшоҳни ўлдириб, қочиб қолишни мақсад қилган экан. Шу пайт ғулом ташқаридаги қўриқчиларга хабар қилади. Тезликда фирибгарни қўлга олиб, дорга тортишади ва жасадига камондан ўқ ёғдиришади.
“Миллий цирк”нинг илк куртаклари
Восифийнинг ёзишича, у пайтда шаҳарда турли хил томошаларни қўйиб, кун кўрадиганлар ҳам кўп бўлган. Масалан, шерозлик Ҳасан Шаҳриёр исмли бир паҳлавон тўртта қозиқ билан Ҳиротдаги Гавҳаршодбегим мадрасаси минорасининг ташқи деворидан тепага ўрмалаб чиқиб томоша кўрсатган. У минора девори бўйлаб ўрмаларкан, ҳар доим оёғи остидаги қозиқларни чиқариб, тепароққа қоққан ва уларга оёқ қўйиб кўтарилиб бораверган. Ниҳоят, шу йўл билан у 60 метр баландликка, мпноранинг энг юқори нуқтасига кўтарилган. Унинг бу томошасини ҳатто султоннинг ўзи ҳам келиб томоша қилар, йигитга қимматли совға-саломлар бераркан.
Ўша пайтда Бобо Жамол исмли ироқлик бир чол ҳам ўзининг эшаги, эчкиси ва лочини билан турли томошалар кўрсатаркан. Эшак эгасининг буйруғи билан тўрт оёғини узатиб ўзини ўлганга солиб ётиб олар, кейин унинг ишораси билан сакраб ўрнидан туриб, шаталоқ отаркан. Бобо Жамол узугини кимгадир бериб, даврадан эчкисини олиб чиқиб кетар, ҳалиги одам узукни исталган томошабиннинг қўлига бериб қўяркан. Эчки қайтиб келиб, ҳамманинг муштини ҳидлаб чиқар ва охир-оқибат узукни яширган одамни топиб бераркан. Лочин эса осмонга ирғитилган тангани тумшуғи билан илиб, эгасига келтириб бераркан. Шунингдек, бу қуш турли рангли қоғоз доирачалар ичидан Бобо Жамол айтган рангдагисини топиб, эгасига келтириб берган.
Бурун катакларидаги жинлар
Восифий яна бир қизиқ воқеани ҳикоя қилади. Ўша пайтларда Ҳиротда пайдо бўлган Биби Рўшнойи исмли аёл ҳам макр-ҳийла билан кўпчиликни алдаб, ўз тузоғига илинтиради. У бурниниг икки тешигидан икки хил овоз чиқаришни ўрганиб олган, одамларни “икки нафар жинни ўзимга асир қилиб олганман, уларни бурнимда олиб юраман” дерди. Аёлнинг махсус жориялари бўлиб, улар маҳаллаларни изғир, турли бой хонадонлардаги икир-чикирларни ўрганиб, Биби Рўшнойига хабар қилишарди. Эртаси куни Биби ўша хонадонга бориб, улар ҳақида эшитган гапларни гўёки жинларнинг тилидан ўзларига айтар, яқин кунларда уларни катта фалокат кутаётганини, фақат бу фалокатдан унинг ўзи “қайтарма” қилишини айтиб, катта пул сўрарди. Ҳар замонда ўнг ёки чап бурнидан турли овозлар чиқариб, “жинларим хафа бўлди”, “хурсанд бўлди” деб турли наqрангларни ишга солган. Уй эгалари унинг “каромати”га лаққа тушиб, аёлни нақ авлиё санаб, пойига бош уришар, бор-йўқларини унга пешкаш қилишаркан. Ҳатто Ҳусайн Бойқаронинг севикли аёли, “Маҳди улё” Хадичабегим ҳам Бибининг ажойибу ғаройиб хисларларига тан берган, уни ўз ёнига чақириб катта маош тайинлаганди.
Шайбонийхонни алдай олишмади
1507 йил Ҳусайн Бойқаронинг вафотидан сўнг тахтни эгаллаган Муҳаммад Шайбонийхон бундай фирибгар, товламачаларни тутиб, жазолашни буюради. Ҳалиги аёлни ҳам Шайбонийхоннинг ёнига келтиришади. Хон ундан “каромати”ни кўрсатишни сўрайди. Биби Рўшнойи бурун катакларидан турли овозлар чиқариб, “жинларининг” гапларини хонга “етказади”:
“Жинларим аъло ҳазратларининг тахтлари барқарор, салтанатлари бардавом бўлишини тилашмоқда”.
Хон аёлга бир коса сув беришни буюради.
“Қани мана шу сувни оғзингда тутиб турган пайтингда, жинларинг овоз чиқаришсин-чи?”
Аёл сувни лунжига тутиб турганда, бурнидан овоз чиқмай қолади. Шу тариқа аёлнинг фиригарлиги фош бўлади ва уни хоннинг фармони билан дорга осишади. Шундан сўнг, хон шаҳар ашрофларини чорлаб, подшоҳнинг мана шундай томошаларга ўчлиги, шоҳ хонадони вакилларининг содда ва гўллиги туфайли салтанат емирилганини айтади. “Ўзингиз айтинг, бир лўттибознинг гапига ишониб, уни қирқ кун парваришлаган, ўз соғлиғини етти йил Исфаҳон зиндонида ётган бир найрангбоз қўлига топширган, мисдан олтин ясаш мумкинлигига чиппа-чин ишонган одам салтанатни қандай бошқара оларди?”, дейди у.
Албатта, шуни ҳам унутмаслик керакки, Восифийнинг бу машҳур асари Хуросон ва Мовароуннаҳрда темурийлар давлати парчаланиб, ҳукумат шайбонийлар қўлига ўтган даврда битилган. Ҳар бир янги ҳукумат даврида олдингиларни танқид қилиш ҳатто ўша даврда ҳам янгилик эмасди. Нима бўлганда ҳам, Восифий ўша даврни ўз кўзлари билан кўрган, кўплаб ажойиб воқеаларга гувоҳ бўлган аллома эди. Унинг битганларига ишониш ё ишонмаслик ўқувчиларга ҳавола.
Рустам ЖАББОРОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ