Икки мисра шеър учун кесилган бош. Шоир ва амир баҳси


Сақлаш
20:05 / 12.01.2023 1205 0

180 йил илгари ўзбек шоирларидан бири ҳукмдорга ҳақ сўзни айтгани учун қатл қилинган эди.

 

ХIХ аср ўзбек мумтоз адабиётида кўплаб шоиру шоиралар етишиб чиқди. Улардан бири Жунайдуллоҳ Ҳозиқдир. У ўз даврида Марказий Осиёдаги учта давлат Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонлигида бўлиб, у ердаги маданий муҳит билан яқиндан танишган, ҳар учала ўлкадаги ижтимоий-сиёсий воқеаларни ўз кўзи билан кўрган ҳақгўй аллома, нозиктаъб шоир бўлган.

 

Жунайдуллоҳ Ҳозиқ асли ҳиротлик бўлиб, XVIII асрнинг 80 йилларида таваллуд топган. Амир Ҳайдар ҳукмронлиги йиллари Бухорога келиб таҳсил олган, тиббиёт илмини ўрганган, шу боис ўзига “Ҳозиқ”, яъни “Табиб тахаллусини танлаган.

 

Бухорода сарой аъёнлари билан келишолмай қолган Ҳозиқ кейинчалик Қўқонга, Амир Умархон саройига боради. Бухорода ёзишни бошлаган Юсуф ва Зулайҳо достонини тугаллаб, хонга тортиқ қилган. Қўқон адабий муҳити вакиллари билан яқин алоқада бўлган. Унинг ғазаллари Нодирабегимнинг шеър мажлисларида ҳам бот-бот ўқилган. Хусусан, Фазлий Намангоний ўзининг “Мажмат уш-шуаро” тазкирасида Ҳозиқни алоҳида таъриф-тавсиф билан тилга олади.

 

Жунайд он ҳакими билоди сухан,

Ки шаҳри Ҳирот аст ўро ватан.

Мудаққиқ ба таҳқиқи илму сифот,

Бувад ибни Исломшайхи Ҳирот.

 

(Жунайд сўз мамлакатининг ҳакимидир. Унинг ватани Ҳирот шаҳридир. Илм ва сифатларни аниқлашда жуда нозик ёндашади. У ҳиротлик Исломшайхнинг ўғлидир.)

 

Маълумотларга кўра, у кейинчалик Хоразмга ҳам борган, Огаҳий, Мунис сингари буюк шоирлар билан ҳамсуҳбат бўлган, Хива хони Оллоқулихон топшириғи билан Мирхонднинг Равзат ус-сафо асари биринчи жилдини ўзбек тилига таржима қилган, кейин яна Қўқонга қайтиб келган.

 

1842 йилда Амир Насруллоҳ Қўқонни босиб олиб, қонга ботиради. Нодирабегимдек нозиктаъб шоира ва унинг оила аъзоларини қиличдан ўтказади. Хон саройидаги жуда кўп аҳли илмлар қатори Ҳозиқни ҳам олиб Бухорога қайтади. Табиатан ўта ростгўй, ҳақиқатпарвар бўлгани учун Ҳозиқ Мовароуннаҳрдаги ҳар учала ҳукмдор саройида ҳам қадр топа олмаган эди. Амир Насруллоҳнинг зулму бедодлигига ҳам жим қараб туролмайди. Зотан у Қўқонда юз берган қатлу қирғинларни ўз кўзи билан кўрган, бу ноҳақликларга нисбатан қалбида нафрати тўлиб тошган эди. Бу эса Ҳозиқнинг ҳаёти эрта якун топишига сабаб бўлади.

 

Тарихчи Мушриф қаламига мансуб Ансоб ус-салотин ва таворих ул-ҳавоқин асарида Ҳозиқнинг ўлими батафсил баён қилинган.  Мушрифнинг ёзишича, Амир Насруллоҳ Қўқондан қайтишида, Бухорога яқинлашиб қолгач, машҳур шоир сифатида танилган Жунайдуллоҳ Ҳозиқдан эришилган ғалаба шарафига шеър айтишини сўрайди. Ҳозиқ ҳамон рўй берган фожиалар таъсирида эди. У беихтиёр амирга қараб туриб шу байтларни ўқийди:

 

Буриди бар қади худ аз маломат,

Либосе то ба домони қиёмат.

 

(Ўз қаддингга лаънатлардан шундай бир либос тикиб кийдингки, у либос устингда қиёматгача қолади.)

 

Бу шеърни эшитиб амирнинг ғазаби қайнаб тошади. Ранги оқариб кетади. То шаҳарга етиб, Аркка киргунча ҳеч ким билан сўзлашмайди.

 

Албатта, шоҳга тик боқиб, бундай ўткир сўзларни айтиш ҳар қандай шоирнинг қўлидан келавермайди. Бунинг учун жуда катта юрак, жасорат, дадиллик керак. Чамаси, шоир бу байтдан сўнг амир уни тирик қўймаслигин билган, ҳатто ўлимни бўйнига олиб туриб шу байтни айтгандир. Аммо негадир амир бу қатлни кечиктиради. Бундан фойдаланган Ҳозиқ Бухорога қайтгач, ўша куни кечқурун Шаҳрисабзга қочиб кетади.

 

Маълумки, ўша пайтда Шаҳрисабз ярим мустақил тарзда кенагас беклари томонидан идора қилинарди. Шаҳрисабз ҳукмдорлари амирга бўйсунмай қўйишганди. Амир Насруллоҳ бир неча бор Шаҳрисабзга қўшин тортиб, уни ололмай қайтганди. Одатда, Қўқон ёки Бухоро ҳукмдорлари саройидан қочганларнинг кўпи ҳар икки мамлакатга тобе бўлмаган Шаҳрисабздан паноҳ топишарди. Ҳозиқ ҳам худди шу йўлни танлаганди. Қолаверса, ўша пайтларда шоирнинг яқин дўсти, тарихчи ва шоир, Қўқон шаҳзодаларидан бири бўлган Ҳакимхон тўра Шаҳрисабзда истиқомат қиларди.

 

Шоирни Шаҳрисабз ҳокими Хўжақулбий ўз паноҳига олади. Шаҳарда унга алоҳида ҳовли-жой ажратилади, унинг ҳовлисини қўриқлаш учун махсус соқчилар бириктирилади. Ҳакимхон тўра ҳам ҳар тарафлама унга ёрдам беради.

 

Амир Насруллоҳ шоирнинг гуноҳидан кечганлиги тўғрисида Шаҳрисабзга иноятнома ва уч маротаба аҳднома битиб, махсус одам юборганида ҳам Ҳозиқ Бухорога қайтмайди. Ҳатто бир гал Ҳозиқнинг Бухорода яшаб турган, Муҳташам тахаллуси билан шеърлар ёзган ўғлини ҳам отасининг ёнига юборади.

 

Ҳозиқ эҳтимол ўшанда ҳис-туйғуларини жиловлай олмай айтган икки қатор шеъри учун кейин бироз қўрқувга тушган, табиатан қасоскор ва шафқатсиз амир унинг гуноҳидан кечмаслигини биларди. Шу боис, у бироз узрхоҳлик, бироз киноя йўғрилган навбатдаги байтни битиб, ўғли орқали юборади:

 

Чун ҳузурам сабаби ранжиши табъат гардад,

Мегурезам, ки малулат накунам бори дигар.

 

(Менинг ҳузур-ҳаловатим сизнинг таъбингизни хира қилди. Яна бир бор сизни ранжитиб қўймаслигим учун қочиб юрибман.)

 

Бу байт амирнинг унга нисбатан хусуматини янада ўт олдиради. Амирнинг вазири Раҳмонберди Махдум амирга “зиндонда ётган уч-тўртта каллакесарни чиқариб, катта пул ваъда қилиб, Ҳозиқнинг бошини келтиришни буюрсангиз” дея маслаҳат беради. Амир унинг айтганидек йўл тутади.

 

Амир Насруллоҳ Душабой деган ўғрини зиндондан озод қилиб, унга Ҳозиқни ўлдириш вазифасини юклайди. Душабой уч нафар шериги билан Шаҳрисабзга бориб, миршаблар қўриқлаётган Ҳозиқнинг уйига ярим кечаси яширин йўл билан кириб боради. Ухлаб ётган Ҳозиқнинг бошини танидан жудо қилиб, ўзи билан Бухорога, амир ҳузурига олиб кетади.

 

Бу машъум воқеа бундан роппа-роса 180 йил аввал, 1843 йилнинг 13 январь куни юз берганди.

 

Шоирнинг жанозаси эртаси куни Кўк Гумбазда ўқилади. Масжид ҳовлисига одам сиғмай кетади. Ҳамма шўрлик шоирга яратганнинг раҳматини тилаб, унинг қонини тўкканларга лаънат ўқийди. Дафн маросимида унинг яқин дўсти Ҳакимхон тўра мавлононинг шаҳид кетганини айтиб, унга аталган марсияни ўқиганда ҳамма уввос солиб йиғлайди.

 

Мавлононинг бошсиз жасадини Мулло Охунд қабристонига дафн қиладилар.

 

Шоирнинг ўлими билан боғлиқ бошқа фикрлар ҳам бор. Баъзи тарихчиларнинг ёзишича, Амир Насрулллоҳ “тили заҳарханда шоир Ҳозиққа дастлаб ҳеч қандай жазо чораларини кўрмайди”.  Ҳозиқ Шаҳрисабз кенагаслари ичида яшаб, марказий ҳокимият ва Амир Насруллоҳга қарши турли иғволарни авж олдиради. У ва унинг ҳаммаслак шериги Эшон Шофеъ кенагасларнинг ғоявий мафкурачиси сифатида уларнинг сепаратистик ҳаракатини қўллаб-қувватлайди. Ниҳоят, сабр косаси тўлган Амир Насруллоҳ ана шундай шафқатсиз чора кўришга мажбур бўлган.

 

Нима бўлганда ҳам Жунайдуллоҳ Ҳозиқ адабиёт тарихидаги ҳақ сўз учун боши кетган ҳур фикрли шоирлардан бири сифатида из қолдирди. Шунингдек, унинг туркий ва форсий тиллардаги шеърлари ўрин олган “Ғазалиёт девони”, Юсуф ва Зулайҳо достони, Воқеоти исломий” ва Таҳқиқ ул-қавоид риволалари етиб келган.

 

Ҳозиқнинг туркий шеърияти ҳам адабиётимизнинг нодир жавоҳирлари сифатида эътирофга молик.

 

Кел, э, носеҳ эшит пандим ўзинг, девона бўлмишмен,

Нечунким билмадинг девоналарга суд панд этмас.

Табассум гар лабидин кўз тутарсен, йиғлағил, Ҳозиқ,

Булут оқузмагунча ёшини, гул нўшханд этмас.

 

Тарихимизда ҳақиқатнинг юзига тик боқиш учун ҳатто ўлимдан ҳайиқмаган, алалоқибат бошини кундага қўйган қалам соҳиблари кўп ва улар бугунги кунда ҳам ижод аҳли учун ибрат бўлишга арзийди.

 

Рустам ЖАББОРОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//