Меҳрибон одамнинг шафқатсиз талаби – муваффақиятга элтувчи бир тарбия усули


Сақлаш
17:18 / 12.01.2023 807 0

Балиқчи ота фарзандини овга олиб чиқди. Ўғил қимирлаётган қармоқни шошиб, барвақт кўтариб юборди. Лекин бир довдир балиқ қорнидан илиниб қолди. Ўғил умрида биринчи марта ўзи мустақил натижага эришганига хурсанд, қувончдан сакрайман деб турганди, хўмрайган отаси балиқни айириб, шарт сувга отди. Бола аламидан йиғлаб юборди, "Oтам бир неча соат уриниб, эришган меҳнатимни ер қилди, менга зулм қилди», деб анчагача хафа бўлиб юрди. Лекин ота ўғлига ниҳоятда меҳрибон эди, шунақа қилмаса бўлмасди...

 

Ишда, бизнесда, спортда, ижодда ҳам шундай. Баъзан тасодифий ютуқлар, «дурной шар»лар, «енгил пуллар» келиб қолади, «удачный партия» чиқиб қолади. Биринчи уринишда «шедевр асар» чиқиб қолади. Меҳрибон устозлар буни тан олмайди. «Отставит! Бошқатдан!» То ютуқлар такрорланадиган қонуният даражасига чиқмагунча тиндирмайди. Тасодифлар, мўъжизалар? Ҳа, руҳан тайёрмиз. Лекин, «Бошқатдан! Такрорла! Натижанг тасодифий эмаслигига ишонч ҳосил қилишим керак!» – Меҳрибон одамнинг шафқатсиз талаби бу.

 

Фиқҳда ҳам шунга ўхшаш. Устоз кўрмаган, тартибли илм олмаган, лекин фаҳми ўткир одам, шаръий масалада тахмини ва мантиғига суяниб, ҳукм чиқаради. Хулосаси манаман деган уламоларнинг (узоқ изланиб топган) фатвосига айни мос келиб қолади. Бу ҳатто кетма-кет ўн марта такрорланиши мумкин. Лекин шу тўғри топган одам ўн марта «хатокор» деб ҳисобланади, қаттиқ маломат қилинади. Агар толиби илм бўлса, меҳрибон устозларидан яхшигина дакки ёки жазо олади.

 

Бошқа илмларда ҳам шундай. Масалан, ҳинд математиги Раманужан нинг иқтидорига, фаҳмига Оксфорддаги илмий раҳбари лол қоларди. У назарий математикани билмай туриб, рақамлар кетма-кетлигига оид ажойиб формулалар кашф қилади. Юзлаб марта текширади, ҳар сафар бехато ишлайди. Лекин мадраслик йигит бу формулаларни илҳом билан, интуитив топган эди. «Тушимда аён бўлди», дерди. Қандай қилиб бошқа формулалардан келтириб чиқарганини асослаб беролмасди. Меҳрибон Оксфорд профессори Харди формулани тан олмайди. «Формуланинг келиб чиқишини илмий асослаб берасан», дея шафқатсиз талаб қўяди. Чунки буни асослаш учун, Раманужан юзлаб бошқа формулаларни узоқ тадқиқ қилиб чиқишга мажбур эди. Камбағаллик ва очликдан сил касалини орттириб олган ёш олим, узоқ меҳнат қилиб, ахийри тасодифан топган формуласи, математик қонуниятларга тушишини исботини чиқаради.

 

Ана шундан кейин, Рамануджан Британия тарихида, Қироллик академиясига ва Оксфорд профессорлигига қабул қилинган илк ҳинд олими бўлади. «Замонасидан 100 йил олдинни кўра олган экзотик математик»нинг формулалари ҳозир қора туйнукларга оид ҳисоб-китобларда ишлатилади.

 

Бу билан ўрни бўлса-бўлмаса, шафқатсизлик, қаҳр билан тарбиялаш керак демоқчи эмасман. Кези келганда, ичи ачишиб турса ҳам, раҳмдилликни «ўчириб», муросасиз талабчанликни «ёқиш» керак бўлади. Албатта, бунда етарлича педагогик-психологик тажриба талаб қилинади.

 

Бобур НИЁЗОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//