
1991 йилнинг ноябри охирларида хизмат сафари билан Бухоронинг Ромитан туманига бордим. Куз адоқлаб, қиш оёқлаётган кезлар. Сув ҳам, ер ҳам совиб бўлган. Муз ялаган ел бурунни чимчилайди. Кўк тоқига осилиб қолган эринчоқ қуёш чўғи қочган ўчоқдай жилла иситмайди. Тийрамоҳ ёмғирлари далалардаги сарғайган ўт-ўланлар ва боғчалардаги чириётган хазонларни қорайтириб, ҳазин манзара ҳосил қилган.
Бир қишлоқда машинадан тушиб, оёқларим чигилини ёзиб турганимда, бироз нарида менга тикилиб қараётган чолга кўзим тушди. Қуёш хира тортган эса-да, чол ўнг қўлини манглайига соя қилиб, сингалаб қарарди. Озгина ҳангомалашай дея салом бериб, унинг қошига бордим. Ўртабўй, этининг суви қочиб қолган чол бир саломимга икки марта алик олди. Етмиш ёшлардаги қариянинг калта ва сийрак соқоли тўқай шоқолининг жунидай патаклаб кетган; сарғиш афтига, қошу киприкларига чанг ўтириб қолган; мой босиб, гули титилиб кетган дўпписи гирдига чийиб қўйилган оқ қийиқча кирланиб рангини йўқотган. Негадир менга бу одамнинг кўз косаларига икки дона ёнғоқ тиқиб қўйилгандай туюлди.
Чолнинг эгнидаги кулранг яктаги мой шимиб, қорамтир тусга кирган, енги ва этагидан матонинг ипи ситилиб идрай бошлаган. Оёғидаги кирза этикнинг ултони сичқон кемириб ташлагандай емирилиб кетган.
Уст-боши ҳар қанча абгор бўлмасин, қариянинг юзи кулиб турар, гап-сўзларию ҳаракатлари ёш боланинг қилиқларини эслатар эди. Гапирганда “мен шундайман-да” дегандай, бир юмалаб мўйсафид қиёфасига кириб олган боладай мамнуният билан ўзини алқаб гапирарди.
Суҳбатдошим шу қишлоқдаги мойжувознинг “хўжайини” экан. Мен ундан мойжувозини кўрсатишни сўрадим. У мақтанишга имкон топилганидан хурсанд бўлиб, ўнг қўлини кўксига қўйиб, чап қўли билан юришимиз керак бўлган тарафга имо қилди ва ҳаккалаб-ҳаккалаб мени йўлга бошлади.
Ўттиз қадамча юриб, нақ ер тагига тушиб кетадиган гўр оғзидай каттакон туйнук қошига бордик. Туйнук оғзига тақалган бақувват ёғочдан ясалган қия зина уч қулоч қуйига эниб кетган. Зина қабатлари анча кенг, бир кўрпанинг энича бор.
Чолнинг йигирма беш йиллик ишхонаси манзараси бундай: катта хонадек келадиган чуқур ертўла, уни заифгина электр лампа ёритади. Балчиқ сачраб қотиб қолган каби пашша ўлиги қоплаган лампанинг хиралиги дилни ҳам хира қилади. Ўртада айланаси ярим қулоч келадиган қайрағоч кунда. Кунданинг дубулға учидай торайиб борган паст қисми ерга кўмилиб, ер устига чиқиб турган юза қисми ўғир шаклида ўйилган – у юкхона дейиларкан. Юкхонага зиғир ёки чигит солинади. Юкхона ўртасида ўқ учи сингари конуссимон яна бир ўйиқ. Буниси – ғазна. Ўқнинг бетўхтов айланиши натижасида чигитдан сизиб чиққан мой худди шу ғазнада йиғилади. Ўқни айлантириш учун унинг учига гажак бириктирилган. Гажакнинг узунлиги бир ярим метрча, унинг пастки учи қайиқ ўртасидаги ёғочмўмиққа бириктирилади (қайиқ – мойжувоз қисми, узунлиги бир метр келадиган, йўғон юзасининг бир томони ўйилиб, ичига тош тўлатилган, икки ёнидаги тешикларига кундани ўраб турган тўға учлари қоқилган қурилма). Жувозга қўшилган от юрганида қайиқни олдинга суради, қайиқ – гажакни, гажак эса ўз навбатида ўқни айлантиради. Ўқ хомашёни эзиб, ундан чиққан мойни ғазнага ҳайдайди. Ғазна мойга тўлгач, жувозкаш жувозни тўхтатиб, мойни олади.
Ертўлада бир хил “мусиқа”: ғичир-ғичир... ғичир-ғичир... мойжувоз ўқининг овози, туёқларнинг товуши, отнинг оғир ҳансираши...
От менга – бегона одамга пиёладай кўзлари каттариб, ҳайрон қарайди. Гўё хуриллагандай заиф пишқириб қўяди.
Аллақачонлар қирчанғига айланган саман бир маромда ўқни айлантиради. Отнинг малларанг сағриcи яғир бўлиб кетган, қўймичи қўтирлашган, ёллари қорамтир пўстак ҳолига келиб, манглайидаги қашқаси тер ва ёғдан сарғайган.
Шўрлик от қир-адир ва яшил кенгликлар ҳавосининг ажиб таъми, баданига хуш ёқиб, ёллари орасидан ўйнаб ўтадиган шамоллар гаштини бутунлай унутган; оёқларини кериб, қаддини ғоз тутиб, бошини баланд кўтариб пишқириш, ўйноқлаб кишнаш суруридан тамомила маҳрум... Бечора ерсиз ва осмонсиз; ертўла рутубати унинг руҳию баданига уриб кетган. Жониворнинг сўник кўзларига қараб унинг қонидаги бобомерос аланга аллақачон сўнганини илғайсиз...
Боши ер қадар эгилиб, ўқни инқиллаб тортаётган отга тикилиб қолганимни кўрган чол бундай томошани умрида кўрмаган одам учраганига қувониб кетди ва оғзининг суви қочиб, тамшаниб мақтана кетди:
– Бу от ўз ишига шунчалар ўрганиб кетганки, қамчи уриб ўтиришга ҳожат йўқ, “чуҳ” деб қўйсангиз бўлди, мойжувоз атрофида айланаверади, айланаверади. Кўп эсли жонивор. Суви билан емини вақтида бериб, қорнини тўйдириб турсангиз бас.
Чиндан ҳам, бу хўрлик отнинг қон-қонига сингиб кетган эди. Чолнинг айтишига қараганда, баъзан тўхтатиш учун “Дррр!” деб жиловидан тортиб қўйсангиз ҳам тўхтамас, ҳатто чақириққа жавобан бошини буриб ҳам қўймас, балки киприк қоқмай ўз вазифасини бажараверар экан. Эшак ё хачир, ҳатто туянинг ҳам бу ҳолга тушишига кўнмоқ мумкин, лекин қонида эрк гуриллаган отнинг аянч аҳволи...
Чол менга отини мақтаб яна кўп нарсаларни гапирди. Гаплари қулоғимга кирмади. Мен фожиавий “бир актёр театри”ни кўраётгандай, хира ертўла саҳнасида тинмай айланаётган отнинг қайғули томошаси билан банд эдим.
Гапларини эшитмаётганимни сезган чол секин қўлимга туртиб қўйди ва сўради:
– Тошканда нима гаплар, ука?
Хаёлим бўлинди:
– Ҳозир ҳамма гап мустақиллик ҳақида...
– Ҳа, эшитиб ётибмиз. Телевизорда, радиода фақат шу гап.
Мухбирлигим тутиб чолдан сўрадим:
– Ўзингиз мустақилликка қандай қарайсиз?
Чол юзидаги ўша табассум билан жавоб қилди:
– Энди, балам, катталар нима деса шу-да. Мустақил бўлинглар деса бўламиз, бўлманглар деса бўлмаймиз. – У бироз жим қолди, юзи ғамгинроқ тусга кирди, ўкингандай елкасидан нафас олди-да, сўнг атрофга бир қур назар солиб, аста гапирди: – Катталар нима деса шу, балам...
Мен шу тобда бир оғиз “чуҳ”нинг малайига айланган, бир жойда тинмай айланаверадиган отга қарадим. Шўрликнинг бутун ҳаёти шундан иборат: хира ертўла, эски мойжувоз, сўнгсиз ғичир-ғичир, ёқимсиз тер ва мой ҳиди, емирилган туёқларнинг бежаранг дупури.
Чол ҳам умр бўйи бир жойда, гўрваш ертўлада мойжувоз теграсида айланган отнинг ўзгинаси эди. Унинг бир жуфт ёнғоқдай туртиб чиққан кўзларига ертўла нуқси уриб кетган...
Эшқобил ШУКУР
“Тафаккур” журнали, 2022 йил 4-сон.
“Мойжувоз” мақоласи
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ