Бугунги кунда маданияти, фан ва технологияда қўлга киритган ютуқлари билан дунёга танилган давлатлар – Болгария, Венгрия, Сербия, Хорватия, Босния номларининг келиб чиқиш тарихи туркийларга тақалиши ҳақида эшитганмисиз? Агар бу фаразни бирор туркий элат кишиси айтса, очиғи ишониш қийин бўларди, бироқ деярли юз йилдан бери болгар, венгер, олмон ва бошқа европалик билим одамлари бу тўғрида тинмай ёзишаркан, мавзуни чуқурроқ таҳлил қилишга эҳтиёж пайдо бўлади ўз-ўзидан.
Масалан, Болгария – Булғор эли, Венгрия ё бўлмаса Хунгари – Ўнўғур, Хорватия – Қубрат, Босния – Бесенё (Бажанак) эли, Сербия – Савир ўлкаси экани ҳақида европаликлар кўплаб ўрнаклар келтириб ёзсаю, атамаларнинг эгалари бўлмиш биз туркийлар «барчаси ёлғон», «бизда бундай сўзлар йўқ» деб турсак қандай бўларкан? Шу маънода ушбу эл-улусларнинг туркийларга боғлиқлиги, ўзлигини билдирувчи этник атамалар бизнинг тилимизга қанчалик тегишлилига тўхталиб ўтсак, фойдадан ҳоли бўлмайди, назаримизда.
Милоддан олдинги бир мингйилликнинг сўнгги асрларида Скиф-Сак каби йирик элатлар уюшмасининг Волга – Уролбўйидан кунботар ўлкаларга силжиб, Қора денгиз қирғоқлари орқали Дон, Днепр, Днестр, Дунай ирмоқларини кечиб ўтган, Карпат тоғларию Болқон ярим оролида ўрнаша бошлаган чоғларида, улар орасида эроний, славян ва бошқалар ёнида туркий элатлар ҳам ўзларига янги ерларни ўзлаштирганликлари айтилади. Бу қараш қанчалик тўғрилиги келгусидаги изланишларда янаям аниқ бўлар, бироқ милоднинг илк асрларидан ўнинчи асргача «хун» ва уларнинг издошлари «булғор», «ўғур» (ўғуз), «авар», «хазар», бироз кейинроқ эса «қун», «қуман», «қипчоқ», «уз» каби туркий ёки олд-турк элатларининг Шарқий Европага бориб ўрнашишлари бу ерларда туркий қатламнинг янада ошишига олиб келди.
Ушбу элатларнинг илк йўлбошчилари бўлмиш «хунлар» ИИИ асрда Олтой ўлкаларидан йўлга чиқиб, ИВ – В асрларда биргина Шарқий Европада эмас, бу қитъанинг қоқ ўртасида учрай бошлаши сабаб бу ерларда «Хун-ланд», Хунсберг (Хун ўлкаси) каби атамалар пайдо бўлиши ва уларнинг бугунги кунгача сақланиб қолиши Европадаги илк туркий тамға бўлди. Орадан кўп ўтмай, «ўғур», «булғор», «авар» сингари атоқли отларнинг кўрина бошлаши туркийлар салмоғининг қанчалик кенг кўламли бўлганини кўрсатади.
Хунларнинг йирик издошлари бўлмиш венгер эли ва «Венгрия» атамасининг «Хун-гари» (Хунлар ўлкаси), ё бўлмаса «Ўн-ўғур» (Ўнта ўғур/ўғуз ўлкаси) деб аталиши негизига Шарқий Европадаги хунлардан кейинги туркийлар тўлқини эди, деб қаралади.
Учинчи тўлқин эса Шарқий Европага кўчган туркий элатларнинг бир бўлаги – булғорлар ВИ – ВИИ асрларда Кавказ ва Қора денгиз ўлкаларига ва ундан янада илгарироққа – Болқон ярим оролига силжиб, бугунги Болгария давлатининг тамал тошини қўядилар. Бу каби силжишлар фақатгина шу билан тугамайди. Болқон ва унинг теграсидаги славян халқлари бўлмиш серб, хорват, боснияликлар орасига сингиб кетган бир неча этноним ўрнагида ҳам ўз изини қолдиришади. 671 йилда Аспарух йўлбошчилигида булғорлар бугунги Болгария ўлкасини қўлга киритиб, қўл остидаги славянлар орасида эриб, она тилини йўқотсаларда, ўз номлари ва айрим этник белгиларини сақлаб қолади.
Византия ёзмаларида булғорларнинг ВИИ асргача Қора денгизнинг шимолида – Азов денгизи юқорисидаги қир-адирларда яшагани, бошқарувчиси Қубратхон ўлгач, тушкунликка юз тута бошлаганликлари тилга олинади. Қубратхон тўнғич ўғли Батбой Азов теграсида, иккинчи ўғли Қотрағ Дон дарёси қирғоғида, учинчи ўғли Аспарух эса Дунай бўйларида булғорларга бошчилик қила бошлайди. Азов бўйидаги Батбой бошчилигидаги булғорлар юнон (Византия) ва рус йилномаларида «Қора-булғор» атамаси остида эслатилиб, бугунги қорачой-булғорларга уларнинг издошлари, деб қаралади.
Қизиғи шундаки, булғор турклари бошқарувчиларидан бирининг оти Шарқий Европадаги эл-улуслардан бири – хорват атамасининг ўртага чиқишига туртки бўлади. Қубрат сўзидан «хорват» (Қубратхон – Шарқий Европадаги Буюк Булғория давлати бошқарувчиси, ўл. 650 й.) атамаси келиб чиққан деган қарашлар бунинг мисолларидан биридир.
Европанинг кунчиқар томонларида юз берган яна бир катта туркий тўлқин ВИ асрнинг ўрталарида юз берган. Бу вақтда Авар турклари Карпат тоғлари ва унинг теграларида ўз бошқарувини ўрнатади. Хунлардан бирмунча кейин – 558 йилда Кавказга кириб келган аварлар хунларнинг булғорларга яқин бир тармоғи бўлиб, бироз муддат бу ерда яшагандан сўнг булғорлар билан бирга Болқондаги Дунай ўлкасига кўчиб ўтишади ва ўз бошқарувининг негизини ўрнатади.
Авар хоқонлиги 562-823 йилларда Шарқий Европада яшаб ўтган, келиб чиқиши осиёлик бўлган кўчманчилар давлати экани тан олинган. Ушбу хоқонлик энг куч-қудратга эришган кезларида бугунги Венгрия, Украина, Словакия, Чехия, Полша, Хорватия, Словения, Австрия, Руминия ва Сербия тупроқларини ўз ичига олган йирик салтанат эди. Авар тили бўйича европалик, айниқса, Венгриялик тилчилар кўплаб изланишлар олиб борган. Бироқ бу тилга тегишли деб саналадиган сўз ва атамалар оз сақланиб қолгани учун аниқ бир тўхтамга келинмаган. Айримлар аварларни туркий, бошқалар эса мўғул ёки тунгус-манжур тилларидан бирида сўзлашган, дея тахмин қилади. Византия ёзма манбаларида улар билан боғлиқ «Баян», «Хоқон», «Хотун», «Тудун», «Юғруш», «Тархон» сингари атамалар етиб келган бўлиб, кўпчилиги туркий унвонлар билан боғланади. Шунингдек, Қам-савчи, Кўк, Сўлоқ каби атамалар ҳам сақланиб қолган бўлсада, уларнинг бирор атоқли исм ёки сўз бўлгани тўғрисида бир ечимга келинмаган. Айрим изланувчилар улардан биринчиси – Қам-савчини эски туркча «қам» (шомон) ва «савчи» (сўзчи, элчи) сўзлари билан тенглаштиради.
Аварлар билан деярли бир пайтда ёки бирмунча кейин ва ё олдин Шарқий Европада кўрина бошлаган туркий элат «савир»лар ҳисобланади. Юнон, амран, араб, форс, туркий тилли қўлёзмаларда «савир», «сабир», «сувор» кўринишларида тилга олинган ушбу эл ўша чоғлардаги қипчоқ, ўғуз, хоқония туркчаси (ўзбекча, уйғурча)дан бирмунча ажралиб туриб, бугунги чувашчага яқин бўлган, дейилади. Қизиғи шундаки, қанчалик тўғри экани бугунгача тўлақонли аниқланмаган фаразларга кўра, славянларнинг бир тармоғи бўлмиш «серб» атамаси эски туркча «савир / сабир / сувор» билан битта негиздан дейилади. Шунингдек, Хитойнинг шимолидаги Ордос ўлкаси (ички Мўғулистон)да яшаган туркий элатлардан бири Чин қўлёзмаларида «сян-би» кўринишида учраб, унинг туркча айтилиши «серби» бўлган.
«Венгрия» ва «Хунгари» атамалари бўйича эса турлича қарашлар бор. ХХ асрнинг бошларида венгер ва бошқа европалик изланувчилар Хунгари (Ҳунгарй) атамасини кўпроқ хунлар билан боғлаб тушунтирган бўлсалар, бугунги кунда бу сўзни огур (ўғур) дея туркларининг бир тармоғи бўлмиш Ўн-ўғур (Он-огур) билан боғлаш кенг ёйила бошлади. «Ўнта ўғур уруғи бирлашмаси»га тегишли маълумотлар юнон ва лотин ёзма манбаларида учраб, Венгрия тупроқларига илк қадамини қўйган туркий элатлар орасида огур (ўғур)лар етакчилик қилган. Улар бел-огур (беш ўғур), қутригур / тўқургур (тўққиз ўғур), оногур (ўн ўғур) каби ички бўлинишларга эга бўлган. Қизиғи шундаки, ушбу кўчишлардан бироз сўнг ички Осиё сиёсатида етакчилик қилган туркий элатларнинг бир бўлаги огуз / ўғуз аталиб, эски турк битиктошлари, араб ва форс ёзма манбаларида уларнинг сакиз ўғуз «саккиз ўғуз», тўқуз ўғуз «тўққиз ўғуз», ўтуз ўғуз «ўттиз ўғуз» сингари ён тармоқлари бўлган.
Эски туркчада ўғур (кейинчалик ўғуз) «уруғлар бирлашмаси», «уруғ-қабилалар» англамидаги бу сўзнинг негизи олд-туркча оғ «ўғ» (насл)га сўзи тўғри келади, деб қаралади. Ўрхун битиктошларидаги оғуш «ўғуш» (оила), оғул «ўғул» (бола) сўзлари шу ўзакдан ўсиб чиққан. Бундан кўринадики, венгерларнинг бош этнонимига айланган он-огур (ўн ўғур – ўн ўғуз) сўзининг эски туркчадаги маъноси «ўнта уруғ», «ўн уруғ бирлашмаси»дир. Кейинчалик бу сўз венгерларга қўшни славянлар тилида бироз ўзгаришга учраб «венгер, венгер» кўринишини олган бўлса, узоқроқ қўшнилари томонидан эса «ҳонгур, ҳунгар» ўлароқ ишлатила бошлаган.
Венгерлар Шарқий Европага бориб ўрнашгач ҳам туркийларнинг кунботардаги ўлкаларга кўчиши тўхтаб қолмайди. Х-ХИИ асрларда «қун», «қуман», «қипчоқ» каби қипчоқ тилли туркий уруғлар билан бирга «печенег», «бажанак» деб аталадиган ўғузларнинг бир тармоғи Сирдарё бўйи ва Хоразмдан кўчиб, Европанинг кунботар томонларида ерлашади. Айрим босниялик изланувчилар печенег (венгерчаси бесенё)дан «Босния» атамаси келиб чиққан ҳам дейишади.
Эътиборлиси, ушбу туркий элатлар даставвал Хитойнинг терскай томонлари – шимолидаги Ордос ўлкасида яшаб, ИВ – В асрларда ёппасига кунботарга кўча бошлайди. Хунларга қўшилиб ёки уларнинг изидан Шарқий Европага бориб қолган бу элатлар йиллар ўтиб, тилларини йўқотган бўлсаларда, ўз этник атамасини, айрим тил кўрсаткичларини сақлаб қолади. Шу ўринда кейинги йилларда Ордос ўлкасида яшаган сян-би (савир)лар ва уларга қўшилиб Шарқий Европага кўчган бир қатор туркий элатларнинг номи билан Хитойнинг терскайида яшаган элатлар отининг уйқаш келишини келтириб ўтамиз: Ҳсиен-пи «савир» (сäрби. Бу ерда ундошлар ўрин алмашинуви юз берган: сäрби > сäбир / савир), Му-лу-ҳуи / Пу-лу-кен «булғор» (турк. булğа- «аралаштирмоқ, буламоқ», Му-жунг / Му-йü-кêн «можор», Wу-ҳуан / Ҳуа «авар».
Умид қиламизки, Европанинг кунчиқарида жойлашган Венгрия, Босния, Хорватия, Сербия, Болгария, Руминияга йўлингиз тушиб, ўнлаб, балки юзлаб туркий тилни эслатувчи сўз ва атамаларга дуч келсангиз ҳайратланмайсиз. Уларнинг салмоқли қисми у ерларни бир неча юз йиллаб бошқарган Усмонли туркларига тегишли бўлган ҳар тугул. Бироқ улар орасида шундай сўз ва атамаларни учратасизки, улар Усмонийлардан деярли беш юз – минг йил олдин Шарқий Европани эгаллаган туркий ота-боболаримиз билан боғлиқ сўзлардир, десак адашмаймиз.
Ғайбулла БОБОЁР
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ