Мактабда ўзгармагани – ўқитувчининг дунёқараши


Сақлаш
13:37 / 21.09.2021 953 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ умумтаълим муассасаларида Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилиб, бу вазифага Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этилган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб қилинди. Тарғиботчиларнинг вазифаси қилиб ижодкор ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказишга кўмаклашиш, мушоиралар, адабий кечалар, қизиқарли дарслар, китобхонлик ва шеърхонлик мусобақаларини ташкиллаштириш белгиланган. Мен ҳам ўзимга бириктирилган мактаб билан ижодий алоқани йўлга қўйганман ва мактабдаги баъзи “номсиз” оғриқлар ҳақида туркум мулоҳазаларимни ким биландир ўртоқлашгим келди.

 

Остонадаги учрашув

Мактаб бағрида кечган йиллар, унда олинган сабоқ 99 фоиз одамнинг ҳаёт йўлида қўрғошин муҳрдек ўчмас из қолдиради: ким шу даврда яхши устоз қўлига тушган, яхши сабоқ чиқарган бўлса, бутун ҳаёти яхши, акси бўлса, бу ҳалқадан чиқиб кетиши – умрлик муаммога айланади (Мактабнинг ташхиси бир, нари борса уч-тўрт фоиз хато чиқиши мумкин: педагогика инсон тафаккури маҳсули, ўқитувчи ҳам одам – хато қилиши мумкин. Аммо ёмон ўқувчининг яхши одам бўлиб кетиши кам кузатилган).

Озода, файзли даргоҳга кириб бордим, мактаб раҳбари ташқарида кутиб турган экан, бу ҳам эътиборнинг намунаси. Шинам, файзли хонада суҳбат тез қўр олди, мақсад аниқ, ният холис, эҳтиёж сезилган, шунинг учун бу ҳаракатни – мактабларда маънавий-маданий ишлар  ташкилотчиси бўлишни икки томон ҳам маъқуллаганди. Таассуротлар ёруғ, бу балки болаликка хос беғубор кайфиятдир, лекин моҳиятга разм солиб қаралса, халқ таълими соҳасида, мактабларда жиддий муаммолар тўпланиб қолган. Бу ҳолнинг сабаблари маълум, энди вазиятни ўнглаш шарт. Мактаб масаласи, донишманд боболаримиз таъкидлаганидек, ҳар доим ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган.

– Ижодкор ўқувчиларимиз кўп, дейди мактаб раҳбари уларнинг юзага чиқмаётганига ўзи айбдордек хижолат бўлиб, –  аммо машҳурларимиз йўқ.

– Халқимиз талантли, – оҳангни пастга туширмай давом этаман. – Эзгуликнинг кечи йўқ.

– Энди сизлар келдингизлар, ёрдам берарсизлар...

– Албатта, мақсад ҳам шу.  – Бирдан касб (журналистлик) синдроми қўзғайдими, жиддий саволлар кўндаланг бўла бошлайди:

– Газета ўқиб борасизларми?

Ўйчан нигоҳлар сергакланади, бош ҳам хиёл кўтарилади. Шахт билан шундай сўзлар янграйди:

     Биз газета ўқимаймиз...

Бу гап оҳангида “Бизни жиноят устида қўлга туширмоқчи бўлаяпсизми? Йўқ, кечирасиз, биз  халқнинг ишончли зиёлиларимиз, интизом биринчи ўриндаги бурчимиз ва биз юқорининг буйруғи (балки иродаси)ни оғишмай амалга оширамиз” деганга ўхшаш тарадди бор эди! Ҳа, маърифатга элтувчи ягона йўл – мутолаа, мутоланинг энг қулай воситаси – кундалик газеталар сингари ақидалар билан яшаётган одам  “Биз газета ўқимаймиз!” деган сўзларни эшитса, ажабтовур ҳолга тушар экан. Қандингни ур, муаллим! Самимий айтилган бу эътирофда  асло ғаразлик йўқ эди, фақат соҳанинг энг “катакон”и томонидан “Биз мажбурий обунага қаршимиз” тарзида узоқни ўйламай изҳор қилинган, беписандларча айтилган фикрнинг оқоваси эди бу гап.

Халқимиз табиати қизиқ-да, – “катта”ларни жуда ҳурмат қилади, уларни ота ўрнида кўради. Бу ҳолнинг ҳам яхши, ҳам ёмон томони бор. Ана шу нозик нуқтани англаган ва аллақачон олғирликка ўрганган баъзи кимсаларнинг “катта”ликка интилиши шундан. Бинобарин, “катта”нинг гапини қонун ўрнида кўради. Шундай бўлгач, кимсан вазирнинг гапи ГАП-да! Агар “катта”лардан бири деворни суяшни буюрса, нимагалигини сўрамай 2-3 кун ҳам суяб турадиган халқнинг вакилига бошқа эътироз билдириб ўтириш ортиқча эканлигини сезиб, сукут сақладик.  Демак, “мажбурий обуна” умуман обуна деб тушунилган, изидан газетага обуна бўлмаслик умуман ўқимаслик деб тушунилган. Мана, моҳият! Таги бўш бир оғиз гап қандай салбий оқибатларга олиб келган?! (Рус  тили ўқитувчиси фарзандларига ўзини “Папа” деб аташга ўргатади ва авлод юз йиллардан буён “Папалар”  деган ном олади) Шунинг учун ҳам “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”  дейишади доно халқимиз.

Мактаблар ҳаётида кейинги йилларда кўп ижобий ўзгаришлар бўлди. Ҳовлининг бир оғиз қилиб ўраб олингани, ягона қулфу калит қилингани бу даргоҳга қанча файз бағишлади?! Шу йўлдан қирқ йиллардан бери қатнайман. Бетон устунлар тикланган, темир панжаралар билан қилинган иҳота минг куйда “товланарди”: гоҳ қийшайиб қолган, гоҳ синган, ичкари эса кўчага бемалол кўриниб турар, “номаҳрам”  жой эди. Энди деворлар ҳусн бўлиб турибди. Бошқа ўзгаришлар-чи? Ана шундай янгиланишлар жараёнида бир нарса ўзгармай қолаётган экан (биринчи таассуротданоқ шуни англадим): ўқитувчининг дунёқараши!

Ўтган ўн йилликларда бу соҳа қандай ислоҳотларни бошдан кечирмади? Шу буҳронда ўқитувчининг ўз устида ишлаши учун имкон берилмаган экан; ҳаммаси – оммавий: тадбирлар, мусобақалар, аттестациялар ва ҳоказо. Лекин ўқитувчидан “Шу ўзгаришларга улгураяпсанми? Вақтинг етарлими?” деб сўралмаган, сўралса ҳам жавоби эшитилмаган ёки инобатга олинмаган. Оқибатда ўқитувчи ўзини мукаммаллаштирмай, ўз устида ишламай қўйган – институтда олинган  “багаж”, дарсга нари-бери, мажбурият юзасидан тайёргарлик, янгилик изламаслик... Чунки бунга зарурат бўлмаган: ҳар куни тадбир, ҳар куни комиссия... Кошки бу “тадбир”лар маънавиятга хизмат қилса! Оқибатда, зеҳни лоқайдлашиб, касбга муҳаббати ҳам сўниб кетган, “инсон қалбининг меъмори”га эмас, оддий ходимга, ҳар ойда маошни кутадиган истеъмолчига айланиб қолган. Бундай одам газета ўқийдими, китоб ўқийдими? Ахир бу машғулот учун пул тўлашмайди-ку (тушунча шу даражага етган)! Қолаверса, “юқори”дагиларнинг ўзи ўқимайди-да!

Қаршимда содда, самимий, ишчан раҳбар ўтирарди, бунинг устига у мактаблардаги бугунги педагогик фаолиятда анқонинг уруғига айланиб қолган эркак зотидан эди ва соҳанинг ҳозирги талабларини жуда чуқур билиши, унча-бунча савол-жавобда менга тутқич бермаслиги ҳам кўриниб турарди. Шу ҳолни билгач, кўнгилга таскин берувчи мавзулардан гаплашдик. Мақсадимиз эзгу, бу даргоҳда фарзандларимиз вояга етаяпти, фарзандлар эса келажагимиз. Ким, қандай ақлли одам келажагига, илм даргоҳига бефарқ бўлади?! Ижодкорларнинг мактабларга жалб этилиши ҳам шу жойларга бугунги кунларнинг  ЯНГИ нафасини олиб кириш.

  Яқинда чиққан китобимни совға қилдим. Раҳбар уни лоқайд қўлига олди, ичида “Буни нима қиламан?” ёки “Мақсад нима?” деган саволлар айланаётгани аниқ эди. Эҳтимол, эски “дард” – китобни сотиб бериш ташвиши ҳақидаги ўй қийнаётганди.

– Беғараз, дедим. – Агар яна учрашувлар насиб этса, мен ҳақимда тасаввур ҳосил қилишингиз учун тақдим этдим. Бошқа мақсад йўқ. Ўқинг, тил-адабиёт ўқитувчиларига ҳам  беринг. Ҳатто ичида “Адабиёт муаллими” деган мақола ҳам бор...

Хайрлашдик. Раҳбар мамнуният билан кузатиб қўйди.

Ҳаким САТТОРИЙ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази бош мутахассиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 58
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//