Табиий фанлар нега керак?


Сақлаш
21:08 / 03.01.2023 841 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим борасида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ҳар қандай мамлакат тараққиёти илм, фан ва таълимга боғлиқ экан, бу масала барчанинг диққат марказида бўлиб қолаверади. Шу кунларда кўзга кўринган журналистлардан бири Шерзодхон Қудратхўжа  бир кўрсатувда мактабда ўтилаётган дарсларнинг ўта кўплиги ва бу ўқувчига оғирлик қилаётгани боис улардан айримларини қисқартириш, уларнинг ўрнига креатив фанларни қўшиш таклифи билан чиқди, бу эса жуда кўп зиёлиларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Зиёлилар табиий фанлар ҳисобланган физика, кимё, биология  фанининг аҳамиятидан тортиб, унинг бугунги кун натижаларигача эътибор қаратишди. Ижтимоий тармоқларда билдирилган изоҳларда ушбу масала кенг муҳокамаларга сабаб бўлди ва бу мазкур йўналишдаги қатор муаммоларни ҳам кўрсатиб берди.

 

Ҳақиқатан ҳам кейинги 15-20 йилда табиий фанларга эътибор сусайди. Бу борада жиддий кашфиёт, ихтиролар ҳам деярли кўзга ташланмаяпти.

 

Мамлакатимизда кўпайиб бораётган илмий ташкилотларнинг салоҳияти ҳам қувонадиган даражада эмас, илмий иш ва илмий тадқиқотлар қилишга рағбат кучайгандек, лекин бу ишларнинг амалий натижаси ҳамон паст, докторант ва изланувчиларнинг аксарияти илмни фақат стипендия ва обрў деб тушунади, холос. Илмий салоҳияти юқори бўлган ёши катта устоз олимлар йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бундан бир неча йил олдин биолог олима Холисхон Олимжонова ўсимликларни тўлалигича фарқлай оладиган олимлардан фақат учтаси қолгани ҳақида ўкиниб гапирган эди. Бундай ҳолат барча соҳаларда ҳам кузатилмоқда. Ҳолбуки, бизда дунёга машҳур физиклар, химиклар, биологлар яшаб ижод қилган, мамлакат ривожига ҳисса қўшишган. Ҳатто биз фахрланадиган Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмийларнинг асосий изланишлари ҳам шу соҳалардаги масалаларни тадқиқ этишга қаратилган. Бутун дунёдаги ривожланиш ва тараққиёт айнан ана шу табиий фанлар негизида амалга ошади. Биз ҳар куни юзлаб физик ҳодисаларга гувоҳ бўламиз, юзлаб физик ҳодисалар кимёвий жараёнлар асосида юз беради. Буни инкор қилиб бўлмайди. Бутун дунё физик, кимёвий, кибернетик ихтиро ва кашфиётларни амалга ошириб, фазоларга учаётган, энергия тежовчи машиналар яратаётган, инсон аъзоларини яратиш устида тинмай бош қотираётган пайтда бу фанларни мактабларда қисқартириш қанчалик тўғри? Бундан мамлакат ютадимми, ютқазадими?

 

Бугунги кунда мактабларда физика ва кимёни ўрганиш қай даражада? 30 йил олдинги мактабларда кимё, физика, биология хоналари махсус жиҳозланиб, ўқувчилар турли махсус асбоб- ускуналар орқали лаборатория ишларини амалга оширарди. Кимё хоналарига махсус кимёвий моддалар ажратилар, ўқувчилар лаборатор ишларни ўзлари бажариши шарт эди. Ҳозирги мактабларда аҳвол қай даражада? Ҳақиқатан ҳам улар амалий ишларни реал бажаришяптими? Ҳеч бўлмаса, виртуал кўриш имконияти борми? Физика, кимё ва биологияда амалий ишларни ўзи кўриб, бажармас экан, ўқувчида бу фан ҳақида на тасаввур ва на бу фанга рағбат уйғонади. Ўқувчиларга ихтисослик бўйича чуқур билимлар берилган тақдирда ҳам махсус асбоб-ускуналарсиз қизиқиши бор ўқувчиларни йўқотиш эҳтимоли катта бўлиб қолаверади. Бу масаланинг яна бир оғриқли томони ўқитувчилардир. Жуда кўп физик ва химик ўқитувчилар ўз соҳасини ташлаб ўзгартириб юборишди. Натижада, бу фанлардан астойдил дарс берадиган ўқитувчилар ҳам бой берилди. Фан тажрибасиз ўқитувчилар қўлида қолгани туфайли кейинги 20 йилда бу соҳани танлаганлар кескин пасайиб кетди.

 

Бутун дунё билимлар жамияти даврида яшамоқда ва айнан табиий фанлар ривожига, бу борадаги тадқиқотларга эътибор ҳар қачонгидан кучаймоқда. Чунки бу фан соҳалари глобаллашув даврида стратегик аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Бунга пандемия даврида ҳам гувоҳ бўлдик.

 

Таниқли физик олим, футуролог Митио Каку ўзининг  «Келажак физикаси», «Ақл келажаги» каби китобларида табиий фанлар келажак дунёнинг манзарасини тамоман ўзгартириб юборишини башорат қилади. Бу башоратларнинг кўпчилигини бугун биз амалда кўришимиз мумкин, электромобиллар ва аъзоларни яратиш бунга ёрқин далилдир. Шундай экан, бутун дунёда оламшумул кашфиётлар ва ихтиролар бўлаётган пайтда мамлакатимизда ҳам табиий фанлар ривожланиши, натижа бериши керак. Бунинг учун таълим тизимида мазкур фанларни сифатли ўқитилишини таъминлаш, ушбу фанларни ўрганишга рағбатни кучайтириш, табиий фанлардан дарс бераётган ўқитувчиларни  устамалар орқали рағбатлантириб бориш, мактабларни энг янги  керакли жиҳозлар, асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, замонавий компьютерлардан фойдаланишни жадал равишда олиб бориш мақсадга мувофиқ. Аксинча бўлса, Артур Шопенгауэр айтганидек, инсон ўз дунёқараши чегарасини олам чегараси деб ҳисоблашда давом этади.

 

Ҳулкар Абдуллаева

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//