
Дейдиларки, инсон тоғлар ўсишини сезмайди. Лекин ҳар қандай фикрат соҳиби мамлакат, жамиятдаги ўзгаришу юксалишларни ақлу идрок кўзи ила кўра билади.
Соҳибқирон Амир Темур ўз “Тузуклари”да буюк давлат барпо этиш ҳақида сўзларкан, “Энг баланд минора ҳам ердан кўтарилгай”, деган ҳикматни айтади. Шу маънода, улуғ мақсад йўлига чиққан Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйганини нафақат барчамиз қалбан, руҳан ҳис қилиб турибмиз, балки бу жараёнларда иштирок этяпмиз ҳам. Бугун мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар натижасида жамиятимиз ҳаёти, одамларнинг онгу тафаккури ўзгармоқда.
Президентимизнинг бу галги Мурожаатномасидаги “Биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши зарур”, деган сўзлар барчамизни ҳам тўлқинлантирди, ҳам ўйлантирди.
Нега давлатимиз раҳбари бизни жадидларнинг ҳаёти ва ижодини чуқурроқ ўрганишга даъват этмоқда? Чунки жадидлар янги давр яратувчилари, фидойилари эди. Ҳар қанча қийинчилик ва мушкулотларга қарамай, борини, керак бўлса, жонини тикиб, Ватан ҳурриятига эришиш йўлида чинакам шижоат билан мардона курашдилар. Инсон ҳақ-ҳуқуқларини ўзида ифода этган миллий конституция яратишга киришди. Илм-маърифат йўлида халқни уқубат ва жаҳолат ботқоғидан олиб чиқиш учун янги усул мактаблари, театрлар, нашриётлар, миллатни уйғотишга чорловчи, маърифат сари етакловчи газета ва журналлар очдилар. Истеъдодли ёшларни Европанинг нуфузли университетларида ўқитишга интилдилар. Жамиятга янги озодлик ва маърифат руҳини олиб кирдилар. Миллатни унинг тараққиёти йўлида бирлаштиришга, ҳар бир қалбда Ватан учун фидойилик туйғусини камол топтиришга, миллий нафсониятни уйғотишга интилдилар.
Ватаннинг буюк шаъну шавкатини тиклаш жадид таълимотининг ўзак ғояси ҳисобланади. Абдурауф Фитрат “Юрт қайғуси”ни бежиз “Онам! Сени қутқармоқ учун жонми керакдир?” деган сўзлар билан бошламаган. ХХ аср бошида, бир ёнда мустамлакачилик, бир ёнда мутаассиблик ҳукм сурган давр муҳитида миллий руҳни сақлаган ҳолда, илғор Ғарб илм-фани ва техникаси ютуқларини ўзлаштириш ғоясини илгари суриш, маърифатпарварлик ҳаракатини вужудга келтириш ва амалга ошириш чинакам маънавий жасорат эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ҳақ олинур, берилмас”, “Замона илму фанидан бебаҳра миллат ўзгаларга поймол бўлур”, Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бугун миллатни ёдларидин чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивахоналарға сарф этмакдадурлар”, деган сўзлари бугун ҳам миллатни уйғотувчи, уни бефарқлик ва ортиқча маишатлардан асровчи даъватдек жаранглаб турибди.
Бугунги кунда маънавий етук, ҳар жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш, сифатли таълимни кафолатловчи таълим-тарбия тизимини яратиш, ривожлантириш, маърифатли жамиятни барпо этишга киришдик. Бу борада улуғ мақсадларни рўёбга чиқарадиган, эркин ва янгича фикрлайдиган, таҳликали дунёда турли ғоявий таҳдидларга нисбатан кучли иммунитетга ҳамда жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларига эга, ислоҳотларга янада шиддат бахш этадиган ватанпарвар шахсларни вояга етказиш энг муҳим вазифага айланди.
Биз дунёга бухорийлар, хоразмийлар, самарқандийлар, термизийлар, марғинонийлар, насафию фарғонийларни берган халқмиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугун ана шу силсиланинг бардавомлиги учун замин тайёрланмоқда. Шундай улуғ зотларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароит яратилмоқда. Бу борада жамият ҳаётимиздаги маънавиятга бўлган эҳтиёжни, унинг қудратли кучини тобора ёрқинроқ англаб бормоқда. Негаки, маънавият, биринчи навбатда, халқимиз ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, улуғ орзу ва мақсадларга етиш, келажакни бунёд этиш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлар мажмуасидир.
Ҳар қандай воқелик айнан маънавият асосида шаклланади. Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида қайд этганидек, “Маънавият жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам шунча мустаҳкам бўлади”. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада “Жамиятимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, маданият соҳасини ривожлантириш, илмий-ижодий ташкилотлар, муҳтарам зиёлиларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳам биз учун устувор йўналишлардан бири бўлади”, деди. Бир нарса аёнки, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол инсонни тарбиялаш жисмоний жиҳатдан бақувват инсонни тарбиялашдан кўра, ғоят мураккаб вазифадир. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида, инсон онги ва қалби учун курашлар кучайган, ғоявий таҳдидлар ва хуружлар жамиятимизнинг маънавий ҳаётига таъсир кўрсатишнинг кучли қуроли сифатида намоён бўлаётган бир даврда бу иш жамиятнинг зиёли қатламидан ўша ўктам жадидларга издошлик мақомида янада катта масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилишни талаб этмоқда.
Ҳазрат Алишер Навоий бундай ёзади:
Бу чаман ўлмоғида мавжуд анга,
Бор эди инсон гули мақсуд анга.
Тангри таолонинг бу бўстон, бу замин, бу гуллаган оламни яратишдан бош мақсади, муроди унинг гули бўлган инсон учундир. Кимки мана шу эзгу йўлда инсонни бу оламни гулга буркайдиган, яъни уни фаровон қиладиган бунёдкор, яратувчи куч деб билар экан, шаксиз ўша ерда ободлик бўлади. Кимки ўз халқи қудратини жамлаб, умумхалқ муроду мақсадига элтувчи йўлга бошлай олса, миллат қудрати тўғри йўналтира олинса, у ҳар бир давлатнинг куч-қудрат, ишонч манбаи ҳисобланиб, тенгсиз бунёдкор тўлқинга айланади. Бунда маънавий-руҳий қудратнинг ўрни бетимсолдир.
Ана шундай эзгу мақсадларни кўзлаган ҳолда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтиб бораётган йилда қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш, алломаларнинг ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича миллий дастурни яратиш борасида ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, маънавий-маърифий соҳадаги кенг кўламдаги ишларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида марказ тузилмаси билан вазирлик ва марказий муассасалар, ташкилот ва идоралар ўртасида ҳамкорликдаги “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди. Уларга маънавий-маърифий фаолиятни самарали ташкил этиш борасида назарий ва амалий ёрдам кўрсатилди. Бу борадаги интилишларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
2022 йилда ўтказилган “Энг намунали туман ва шаҳар” танловида 14 та туман ва шаҳар ҳамда “Энг намунали вазирлик ва идора” танловида 21 та вазирлик ва идора иштирок этди. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасида миллий армиямиз эришган ютуқларни янада кенг татбиқ этиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардия ўртасида “Темурбеклар мактаблари”да Соҳибқирон Амир Темурнинг мардона руҳи, жасорати, саркардалик маҳорати, Ватанга буюк садоқати, юксак маънавий фазилатларини ёшлар онги ва қалбига сингдиришга қаратилган туркум тадбирларни ташкил этиш бўйича қўшма дастур имзоланиб, ҳамкорлик тизими йўлга қўйилди.
Халқимизга янги ислоҳотлар нафасини етказиш, ёшлар қалбида ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, шу йўналишда маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини ошириш муҳим вазифага айланди. Шу билан бирга, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ва хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамият аъзолари қалбида меҳр-оқибат, тинчликни қадрлаш, ҳамжиҳатлик, шукроналик ҳиссини уйғотиш, оилада маънавий барқарорликни мустаҳкамлаш, зўравонлик, ажралишларнинг олдини олиш, беморлардан ҳол сўраш, уларга моддий кўмак ва маънавий далда бериш, ёшларни замонамизнинг фидойи вакиллари, қаҳрамонлари билан таништириш, улар қалбида улуғ мақсадларни уйғотиш борасида ҳам қатор ишлар қилинди. “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” шиори остидаги “Маънавият фестивали” доирасида 18 та ижтимоий лойиҳа амалга оширилди. “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва бадиий ижод каби соҳа вакилларидан иборат 500 дан ортиқ аъзоси жалб этилиб, тадбирларга аҳоли ва ёшлар қамраб олинди. Мазкур фестиваль доирасидаги “Ўзбекистон қаҳрамонлари” китоби тақдимоти, “Миллий қадриятлар ҳафталиги”, “Меҳр-мурувват ва саховат”, “Аёлга эҳтиром”, “Зукко болажон”, “Менинг фарзандим – Ўзбекистон фахри!” лойиҳалари, “Зиёлилар форуми”, “Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият сари”, “Оила – маънавият қўрғони”, “Ватан учун яшайлик!” мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар, “Маърифат соатлари”, айниқса, кўтаринки кайфиятда қабул қилинди.
Фестиваль доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган “Маърифат улашиб” ва “Китоб карвони” акцияларида миллий адабиётимиз дурдоналаридан иборат 17 минг 640 нусха китоб аҳолига бепул тарқатилди. Бу тадбирларга “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган оилалар, уларнинг фарзандлари иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
Аждодларимизнинг илмий, адабий мероси ҳамда уларнинг жасоратини янада кенг тарғиб этиш юзасидан марказ томонидан бир қанча амалий ишлар йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, жорий йилда буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасорати, юрт озодлиги йўлидаги курашлари тарихини кенг тадқиқ этиш мақсадида “Жалолиддин Мангуберди изидан” илмий экспедицияси ташкил қилинди. Ўрганишлар асосида Швеция, Туркия, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг етук тарихчи олимлари иштирокида “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифалари” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда самарадорлик ўта муҳим ўрин тутади. Ижтимоий-маънавий муҳит соғломлигини таъминлашда эса мавжуд ҳолатни тўғри баҳолаш, таъбир жоиз бўлса, ташхис қўйиш амалий ишлар натижадорлигини кўрсатишга хизмат қилади. Ана шу мақсадда марказ ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан Чирчиқ шаҳри, Бўка, Янгийўл ва Учтепа туманларидаги 60 та маҳаллада “Ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганиш ва соғломлаштириш технологияси” лойиҳаси доирасида социологик тадқиқот ўтказилди.
Бугун мамлакатимизда ҳар бир соҳанинг истиқболи илм билан боғлиқлигига алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, марказ томонидан “Жадид маърифатпарварлари ғояларидан ёш авлод тарбиясида фойдаланиш” мавзусида инновацион тадқиқотлар доирасида жадид маърифатпарварларининг 5 та китоби ва уларнинг аудиовариантлари тайёрланиб, “Оyina.uz” электрон порталига жойлаштирилди.
“Буюклар мероси” лойиҳаси доирасида буюк алломалар, мутафаккир олимлар, жадидчилик намоёндаларининг тарбия, одоб-ахлоқ, эзгу фазилатлар ҳамда илм эгаллашга чорлайдиган 58 та эзгу даъвати овозлаштирилди ва шу асосда видеоролик тайёрланиб, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда “Тошкент метрополитени” ДУК билан ҳамкорликда метро, темир йўл вокзалларидаги LED экранлар ва вагон ичидаги мониторлар орқали кенг ёритилди.
Имконияти чекланган бўлса-да, фойдали меҳнат билан шуғулланиб, жамиятда муносиб ўрин топаётган ва ёш авлодга ўрнак бўлаётган юртдошларимиз эришган ютуқларни тарғиб этишга қаратилган “Инсон қадри” лойиҳаси доирасида 3 та қисқа метражли фильм тайёрланди.
Ёшларни Ватанимизга садоқат, фидойилик руҳида тарбиялашда мустақиллик, Наврўз каби миллий байрамларимиз, давлат рамзларининг катта ўрни бор. Ана шу мақсадда “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам!” лойиҳаси, давлат герби, байроғи, мадҳияси қабул қилинган кунлар муносабати билан ўтказилган оммавий тадбирлар нафақат мамлакатимиз аҳолиси ва ёшлари, балки хорижлик ватандошларимиз, чет элларда таълим олаётган кўп минг сонли ёшларимизни ҳам қамраб олгани қувонарли, албатта.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 октябрдаги “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорида соҳаларни ривожлантиришда ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган, фидокорона меҳнат қилган ва самарали натижаларга эришган фуқароларни “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш вазифаси юклатилган. Жорий йилда ҳудудий давлат органлари, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари томонидан 500 га яқин номзод тақдим этилди. Номзодлардан энг муносиб кўрилган 96 нафари “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази тасарруфидаги “Маънавият” нашриёти фаолиятида ҳам жуда кўп ўзгаришлар юз берди. Бир қатор ускуналар капитал таъмирланиб, ишчи ҳолатга келтирилди. Шунингдек, муассасада тайёр китоб ва бошқа матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг тўлиқ жараёнини ташкил этиш, ҳамкор матбаа корхоналарига сарфланадиган маблағларни тежаш мақсадида қўшимча техника харид қилинди. Корхонада китобларни қаттиқ муқовада тайёрлаш цехи иш бошлади. 2022 йилда 60 минг нусхага яқин китоб-альбом, китоблар тайёрланди. Нашриёт матбаа базасида “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт”, “Муштум” журналлари мунтазам чоп этилмоқда.
Албатта, қилинган ишлар кўп, лекин ҳали қилишимиз зарур бўлган муҳим ишлар олдинда. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада маънавий тарбия, ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш борасида қатор муҳим вазифаларга эътибор қаратди. Бу бевосита “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” масаласидир. Дунё тобора таҳликали тус олмоқда. Таъкидланганидек, “Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти”. Мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан диёримизда радикализм ва экстремизм ғояларига берилганларнинг бўлиши ҳақиқатда ҳам биз учун уят. Бир қатор давлатларда жамиятнинг турли кўринишларда радикаллашуви, ёшлар онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлаш, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланиш борасидаги ҳаракатлар қандай фожиаларга олиб келаётганини кўриб турибмиз. Қанча-қанча мамлакатлар жаҳолат, ўзаро низолар, қирғинлар оқибатида вайронага айланиб, тараққиётдан орқада қолаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Буюк аждодларимиз дунёни маърифат билан забт этганлар, дунё маърифат дорилфунуни мақомини эгаллаганлар.
Геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали курашиш, айниқса, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, бу борада “маънавий қалқон” вазифасини ўтовчи дастурлар қабул қилиш, натижадорликка эришиш ҳам олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Аҳолининг интернетдан фойдаланиш маданиятини муттасил ошириб бориш, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турлари, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятлар устуворлигига эришиш борасидаги ишларни ҳам янги босқичга олиб чиқишимиз зарур.
Аждодларимиз ҳамиша улуғ бир шукроналик билан тинчлик, илму маърифат, поклик, ҳалоллик, меҳр-оқибат ва саховату мурувват, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни, бир сўз билан айтганда, инсоний фазилатлар, ахлоқий сифатларни бебаҳо неъмат дея қадрлаган. Улар ана шундай инсоний фазилатлар асосида улуғ алломалар, маърифатпарвар олимлар, инсонпарвар шоирлар, ҳалол ва виждонли, ўзгалар ҳаққига ҳиёнат қилмайдиган касб-кор эгалари, оиласи ва Ватанининг тинчлиги, шаънини иймон қадар асровчи қалқон мардларни, ибо-ҳаёни энг катта қадрият деб билган нафосат соҳибаларини тарбиялайдиган маънавий маконни яратган. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг энг юксак инсоний фазилатлар ва илму ирфон, маърифат асосида янги маънавий маконни яратиш борасидаги даъвати айнан буюк аждодларимиз қолдирган маънавий-ахлоқий таълимотлар билан уйғундир.
“Янги маънавий макон нима? Менинг назаримда, у – биз орзу қилаётган Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфаси яққол акс этадиган, халқимиз интилаётган ва эл-юртимиз бахтиёр яшайдиган маърифатли жамиятдир”. Ўйлаймизки, “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобидаги бу улуғ ниятни амалга ошириш борасида 2023 йилда олиб борадиган ишларимиз янада залварли ва самарали бўлади. Президентимизнинг Мурожаатномаси кириб келаётган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да барчамизга муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Минҳожиддин МИРЗО,
Республика маънавият ва
маърифат маркази раҳбари
“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2022 йил 27 декабрь сони.
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ