Европанинг етакчи тилларида Hungary, Венгрия, Шарқ тилларида эса кўпроқ Можористон деб аталадиган Шарқий Европадаги Карпаторти давлатларидан бири бўлмиш бу ўлка минг йиллардир туркий эл-улуслар учун ёт-бегона эмас. Бир томондан ота-боболаримиз ўзларининг ўнлаб сиёсий уюшмаларини Шарқий Европа кенгликларида барпо қилган кезларда Венгрия – Можористон тупроқлари улар учун бешик вазифасини бажарган бўлса, бошқа томондан эса бу ўлканинг туб аҳолисини ташкил этувчи венгерларнинг туркий халқларга қай даражададир қариндошлиги тўғрисидаги қарашлар нафақат билим дунёсида, балки халқимиз орасида ҳам кенг тарқалган. Қизиғи шундаки, халқимиз орасида Hungary атамасини узоқ аждодларимиз – хунлар билан боғлаб тушунтириш кенг ёйилганидек, ХХ аср бошларида туркистонликлар бу ўлка учун “Можористон” атамасини ишлатишган. Ҳозирги кунда ҳам ерли матбуотимизда онда-сонда бўлса-да, Можористон, “можорлар юрти” каби атамалар ишлатилаётганига кўзимиз тушади. Юртимизда Можор, Можор-сарой сингари қишлоқ ва овул отлари учраши эса бу атаманинг илдизи бизнинг ерларда эмасми? деган сўроқ-саволларга етаклайди. Устига-устак “тўқсон икки бовли ўзбек уруғи” шажарасидаги уруғлардан бирининг “можор” эканлиги узоқ Европадаги бу халқ билан боғлиқ тушунчаларимизни яна-да теранроқ бойитишга ундайди.
Ўтмишда, бундан бир ярим – икки минг йиллар олдин Шарқий Европанинг сўлим гўшаларидан бўлмиш Карпат тоғлари этаклари ва Дунай дарёси қирғоқларидаги яйловларга мўл, қут-баракага эга ҳудудларга Ички Осиёдан сак-скиф, хун, кейинчалик илк ўрта асрларда булғор, авар, савир, огур (ўғур), тўқурғур (тўққиз ўғуз), ўнўғур (ўн ўғур), ўтурғур (ўттиз ўғур), можор, шекел, қабар, ўрта асрларда эса кун, куман, қипчоқ, печенег (бижанак), уз каби ўнлаб Ички осиёлик кўчманчи элатлар бориб ўрнашишган ва ўз сиёсий уюшмаларини тузишган. Уларнинг кўпчилиги туркий тилли эл-улуслар бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Қизиғи шундаки, бугунги кунда ҳам Венгрия – Можористонда Кун, Нагй Кун “Улуғ Кун”, Киши Кун “Кичик Кун”, Шекел, Бесенйо “Печенег” атамаларига бирор туман ёки қишлоқ номи ўлароқ дуч келасиз. Бу ўлканинг йирик туманларидан бири бўлмиш Шекел ёки Шекелияни кўпчилик изланувчилар эски турк уруғларидан бири – чигил ёки изгил билан боғлаб тушунтирадилар. Венгриянинг бу туманидаги ерли элат ушбу атамани ўзларининг қадимий номи деб билишдан ташқари, ерли аҳолисининг шеваси туркий сўзларга бойлиги билан бирмунча ажралиб туради.
Хўш, Венгрия туб аҳолиси бугунги кунда ўзларининг келиб чиқиши, туркийлар билан боғлиқ томонлари борлиги масалаларига қандай қарашади?
XVIII–XIX асрларда Европадаги турли-туман сиёсий бошбошдоқликлардан чарчаган, Австрия-Венгрия салтанатининг кўзга кўринган элатларидан бирини ташкил қилган венгерлар, айниқса, уларнинг етакчи элитаси ўзларининг қардош-қариндош элатларни излаб, улар ёрдамида ўзларини қайтадан тиклаб олишга умид қила бошлайдилар. Бунга венгерлар яшайдиган жойлар Карпат ўлкаларидаги ерли тубжой халқлар – кўпчилиги уларга тил томондан мутлақо ёт бўлган славянлар, руминлар, немислар билан ўралгани ҳам туртки беради. Европаликларнинг деярли барчаси битта тил оиласи – ҳинд-европа тилларининг турли тармоқларида сўзлашиб, улар орасида венгер тилига яқин бирорта тил йўқ эди.
Бундай ёлғизланишнинг фарқига борган венгерлар орасида эса бир неча юз йиллардан бери ўз жавобини кутган “нега бизнинг тилимиз қўшниларникига ўхшамайди, бизнинг ҳам қардошларимиз борми, бўлса улар қаерда?” деган сўроқлар кундан-кунга, йилдан-йилга ортиб бораверади. 1860 йилларда Усмонли ўлкаларидан йўлга чиқиб, Туркистоннинг ўнлаб ўлкаларини яёв кезиб чиққан машҳур Армини Вамбери – “чўлоқ дарвиш” ҳам айнан шундай сўроқларга жавоб топишга интилганларнинг бири эди. Аслида ундан минг йилча бурун ҳам венгер ўлкасидан Шарққа қараб отланиб, ўз қариндошларини излаган кишилар талай бўлган. Улардан бири – венгер руҳонийси Юлиан 1235–1238 йилларда Идил-Волга ва Ёйиқ-Урол қирғоқларида бўлиб, бу ерда ўз қариндошларини топганини шу йўсинда тилга олган: “уларнинг тили мутлақо венгерча: улар – уни ва у – уларни тушунарди”.
Венгерлар ўз қардошларини Шарқдан излаши бежиз эмасди. Орадан бир неча юз йиллар ўтган бўлишига қарамай, халқ хотирасида ўз аждодларининг кунчиқар ўлкалардан – Волга–Уролбўйи ёки ундан-да узоқроқ ўлкалардан келганликлари тўғрисида афсонаю ривоятлар сақланиб қолган бўлса, венгер ойдинлари эса юнон ва лотин тилли қўлёзмаларда бунга имо-ишоралар борлигини сўйлар эдилар. Қисқаси, венгерлар орасида ўзларининг туркий эл-улусларга қариндош эканига ишонч ўрта асрларда шунчалар ўрнашиб қолган бўлиб, бу эса кейинчалик ўнлаб илмий изланишларни бошлаб беради. Бироқ XIX–XX асрларга келиб бу тўғридаги барча қарашлар ўз ечимини топади – венгер тили туркий тилларга эмас, фин-угор тиллари гуруҳига кириши ойдинлашади. Бу тил бўйича барча кўрсаткичлар – саноқ тизими, қариндош-уруғчилик атамалари, келишик ва олмошлар, қўйингки деярли барча-барчаси венгер тилининг фин-угор тил оиласига кирувчи фин, саам, мордвин, удмурт тиллари билан қариндош эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турарди.
Шунга қарамай, венгерларнинг туркийларга қариндошлиги масаласи кун тартибидан тушмасдан давом этди. Чунки бошқа фин-угор халқларидан фарқли ўлароқ венгерлар миллий давлатчилигининг илк илдизлари Европа Хун салтанати (370–469), Можор қироллиги (қурилиши 896 й.) даврига бориб тақалар, венгерларнинг миллий қаҳрамонлари саналадиган Европанинг улкан бир бўлагини ўз қўл остига олган атоқли хун императори Атилла (430–453) ва илк қироллик тамал тошини қўйган Алмушхон (IX аср) ва яна бир қатор бошқа венгер ҳукмдорларининг ҳам келиб чиқишига кўра туркий экани, венгер тилида юзлаб туркий сўз ва атамаларнинг борлиги, халқ номи – венгер ва можор атамаларининг туркий негизда очиқланиши, бир неча венгер қабила-уруғ номларининг туркийларда ҳам учраши, “Венгрия” атамасидан олдин – IX–X асрларда бу ўлка отининг “Ғарбдаги турклар ўлкаси” англамида илк бор юнон манбаларида “Ғарбий Туркия” кўринишида учраши – буларнинг барчаси ўзининг жавобини кутар, венгер жамоатчилиги ўз олимларидан бунга ечим топиш кераклигини уқтирар эдилар.
Кўп йиллик изланишлар натижасида венгер тарихчи, тилчи ва элшунос олимлари ялпи бир тўхтамга келишди – венгерларнинг этник шаклланишида фақат фин-угорлар эмас, туркий элатлар ҳам фаол қатнашган, илк ўрта асрларда Шарқий Европага onogur, ungar / hungar “венгер”, magyar “можор” атамалари остида келиб ўрнашган элат бошланғичда туркий белгилари устувор халқ бўлиб, кейинчалик фин-угорларга аралашиб кетишган. Бугунги кун жаҳон фанида ҳам венгерларни қадим ва илк ўрта асрларда Уролбўйида, бугунги Бошқирдистон ўлкасида яшаб, фин-угор тилларида сўзлашган, бу ердан кунботарга кўчиб, бир сира – VII–VIII асрларда Қора денгиз шимолида Хазар хоқонлиги (630–969) тупроқларида яшаган, IX асрнинг иккинчи ярмидан эса бугунги Венгрия ҳудудларига силжиб, бу ерларга уч-тўрт аср бурун келиб ўрнашган хун, авар, савир, ўғур каби туркий элатлар орасига бориб қўшилган элат ўлароқ қаралади.
Бу нуқтаи назарга зид фикр билдирувчилар ҳам талай, бироқ венгер тилида ҳозирги туркий тиллардан кўра кўпроқ илк ўрта асрларга тегишли юзлаб эски туркча сўзларнинг учраши ҳар қандай тилшунос олимнинг диққатини ўзига тортмай қолмайди. Айниқса, эски турклар билан боғланувчи, экин-тикинчилик ва боғдорчиликка хос “алма” (олма), “арпа”, “буза” (буғдой) каби сўзлар учраши уларни Ички Осиёга етаклайди.
Венгер олимларини кўп йиллардан бери ўзига чорлаб келган жиҳатлардан бири бу – туркийлар орасида бошқирдларнинг венгерлар билан умумий томонларга эгалигидир. Тилчилар бу икки халқ номи – “бошқирд” (bašqırd, bašgar) ва “можор” (magyar)да ўзаро ўхшашлик топсалар, элшунослар “кеса”, “энеу”, “юрмати” каби 6 та етакчи бошқирд уруғ номининг венгерларнинг бош уруғлари бўлган “Keszi”, “Yenö”, “Gyurmat” номларида уйғунлик кўрадилар. Бундан ташқари, ҳар иккала халқнинг куй-қўшиқларида ўзаро уйғунлик борлигига урғу беришади. Венгер халқи орасида ўз ота-боболарининг кунчиқардаги Волга–Урал бўйидан кўчганлиги тўғрисидаги эс-хотиралар эса бу каби ўхшашликлар бежиз эмаслигини кўрсатади.
Аслида туркий халқлар ичида кўпроқ бошқирд–можор ўхшашлиги кўзга ташланиши бу илк ўрта асрларда Волга–Урал бўйидаги сиёсий ва этномаданий аралашувлар натижаси бўлиб, ундан бир неча юз йиллар бурун бундай жараёнлар янада узоқроқда – Ордос ўлкаси (Хуанхе дарёсининг юқори қирғоқлари/Шимолий Хитой)да юз берган, ўшанда хитой йилномаларида ухуан (ўғур), хуа (авар), сянби (савир), було (булғор), ида (эфталит) сингари бир қатор туркий ва турк-мўғул қабила-уруғлари орасида мужунг деган элат ҳам тилга олинади. Тарихчи ва элшунослар мужунг атамасини “можор” деб тиклаш керак, деб қарайдилар. Хитойликлар ўзларига ёт бўлган эл-улусларнинг номини ўз иероглиф ёзувларида беришга қийналиб, турк-мўғулча уруғ номларини турлича ёзишганидан кўпчиликнинг хабари бўлса керак.
Демак, милоднинг бошларида Мўғулистоннинг кунгайи – Хитойнинг шимолидаги Ордос ўлкасида яшага туркий элатлар милодий IV–V асрларда хунлар бошчилигида турли сабабларга кўра кунботар ўлкаларга Олтойга, ундан Волга–Уралбўйига, ундан эса Шарқий Европага кўчиб, кўпроқ бугунги Венгрия–Можористон ўлкасида турғунлаша бошлаган. Шунинг учун византияликлар бу ерни янги келиб ўрнашган туркий элатлар ўлкаси ўлароқ “Туркия”, “Ғарбий Туркия” деб атаган бўлсалар, кейинчалик бу атама бутунлай бошқа тупроқларга – Онадўли (Кичик Осиё) га кўчган.
Шарқий Европага кўчган туркий элатларнинг бир бўлаги – булғорлар эса яна-да илгарироққа – Болқон ярим оролига силжиб, бугунги Болгария давлатининг тамал тошини қўйишган. Бундан ташқари, бу жараён фақатгина шу билан тугамаган, Болқон ва теграсидаги славян халқлари бўлмиш серб, хорват, боснияликлар орасига сингиб кетган ушбу туркий элатлар уларнинг номларида ҳам ўз изини қолдирган. Айрим элшунос изланувчилар савир атамасидан “серб”, қубрат сўзидан “хорват” (Қубрат-хон – Шарқий Европадаги Буюк Булғория давлати бошқарувчиси, ўл. 650 й.), печенег (венгерчаси бесенйо) “Босния” атамалари келиб чиққан дейишади. Бундай қарашлар қанчалик тўғри ёки янглиш экани келажакда аниқланиши керак.
Венгрия туб аҳолисининг номи бўйича ҳам ҳалигача тортишувлар давом этмоқда. ХХ асрнинг бошларида венгер ва бошқа европалик изланувчилар Хунгари (Hungary) атамасини кўпроқ хунлар билан боғлаб тушунтирган бўлсалар, бугунги кунда бу атамани огур (ўғур) туркларининг бир тармоғи бўлмиш Ўн-ўғур (On-ogur) билан боғлаш кенг ёйила бошлади. “Ўнта ўғур уруғи бирлашмаси”га тегишли билгилар юнон ва лотин ёзма манбаларида учраб, Венгрия тупроқларига илк одимини қўйган туркий элатлар орасида огур (ўғур) лар етакчилик қилган. Улар бел-огур (беш ўғур), қутригур/тўқургур (тўққиз ўғур), оногур (ўн ўғур) каби ички бўлинишларга эга бўлган. Қизиғи шундаки, ушбу кўчишлардан бироз кейин Ички Осиё сиёсатида етакчилик қилган туркий элатларнинг бир бўлаги огуз/ўғуз аталиб, эски турк битиктошлари, араб ва форс ёзма манбаларида уларнинг сакиз ўғуз “саккиз ўғуз”, тўқуз ўғуз “тўққиз ўғуз”, ўтуз ўғуз “ўттиз ўғуз” сингари ён тармоқлари бўлган. Эски туркчада ўғур (кейинчалик ўғуз) “уруғлар бирлашмаси”, “уруғ-қабилалар” маъносидаги сўз ўлароқ негизи олд-туркча (прототуркча) оғ “ўғ” (насл)га бориб тақалади. Ўз навбатида Ўрхун битиктошларидаги оғуш “ўғуш” (оила), оғул “ўғул” (бола) сўзлари шу ўзакдан ўсиб чиққан. Бундан кўринадики, венгерларнинг бош этнонимига айланган он-огур (ўн ўғур – ўн ўғуз) сўзининг эски туркчадаги маъноси “ўнта уруғ”, “ўн уруғ бирлашмаси”дир. Кейинчалик бу сўз венгерларга қўшни славянлар тилида бироз ўзгаришга учраб “венгер, венгер” кўринишини олган бўлса, узоқроқ қўшнилари томонидан эса “hongur, hungar” ўлароқ ишлатила бошлаган.
Қисқаси, туркий тилларнинг ўғур тармоғидагилар милодий IV–V асрларда Шарқий Европага келишларидан олдин, Урол ва Ғарбий Сибир кенгликларида, шунингдек, Қозоғистон даштлари, Жунғория пасттекислиги ва Олтой тоғларининг ғарбий этакларида яшаб, кейинчалик олис кунботардаги ўлкаларга кўчишган. Санаб ўтилган ўлкаларда яшовчилар ва уларнинг қўшни элатлари Хитойдан шимол ва шимоли-ғарбда яшаб, йилномаларда сюнну (хун), юебан, гаоче (луғ. “юксак аравалилар”), теле (*тегрек “арава”), хуа “авар”, ида (эфталит), сянби “савир”, мужунг (можор) каби турли этнонимлар билан аталсалар-да, уларнинг кўпчилиги тили ўхшаш элатлар сифатида тилга олинган. Ушбу эл-улусларнинг Шарқий Европага кўчишини милодий III–IV асрларда хунлар бошлаб берган бўлиб, қолганлари бирин-кетин уларнинг изидан боришган. Ушбу кўчманчи элатлар тўғрисида чуқур изланишлар олиб борган айрим ғарблик тилшунослар Европа хунлари тилини “туркий ва мўғул тиллари орасидаги, чамаси биринчисига яқинроқ олтой тилларидан бири”, деб ёзган бўлиб, уларга тегишли сўзларнинг бир қисми венгер тилида сақланиб қолган.
IX–X асрларда чинакам венгер қироллиги ўлароқ майдонга чиққан Арпад сулоласи Hétmagyar, яъни венгерча “етти можор” уруғининг бирлашуви натижасида Шарқий Европанинг энг кучли давлатларидан бирига айланади. 896 йилда қурилган ушбу давлатга орадан кўп ўтмай Шимолий Кавказ ва Қора денгиз бўйларидаги туркий Хазар хоқонлигидан ажралиб, Карпат тоғларига қараб кўчган 3 уруғли қабар турклари келиб қўшилади. Шундан бошлаб ўз ичида Hétmagyar деб аталиб келаётган бу можор сиёсий уюшмаси “10 та уруғ бирлашмаси маъносида” Ўн-ўғур давлати, яъни яқин қўшнилари ва византияликлар ёзма манбаларида Onnoguria деб атала бошлайди.
Бугун венгерияликларнинг кўпчилиги учун ўтмишда бўлиб ўтган бу воқеликларнинг унча аҳамияти йўқ. Қарийб 10 миллион аҳолига эга Венгрия ўзини кўп миллатли, турфа маданиятларга эга давлат ўлароқ кўз-кўз қилади. Ўлка туб аҳолисининг кўпчилиги венгерлардан иборат бўлса-да, сезиларли бир қисми ўзга эл-улуслар, ўзининг келиб чиқишини славянларга тақайдиган миллатлардир. Славян унсури, айниқса, славянча сўзлар бугунги венгер тилининг қарийб 20–30 фоизини ташкил этади.
Тобора илдамлашиб бораётган ўзаро маданий бирикув – глобаллашув жараёнларида венгерларнинг кўпчилик қисми Европа жамиятининг ажралмас бир бўлагига айланиш тарафдори ва ўзларининг бош мақсадини шунга қаратишган. Бироқ венгерларнинг ўзларини айри бир миллат, айри бир давлат сифатида кўрувчи бўлаги, айниқса, уларнинг ойдин қисми, шу билан бирга, бошқарувдагилар ўз келиб чиқиши, ўтмиши, ялпи айтганда ўзлигини сақлашга интиладилар. Бу кейинги йилларда Венрия ҳукумати томонидан туркий давлатлар билан яқинлашиш – ҳар бир туркий давлат билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, Туркий кенгашга аъзо бўлиш ва бошқаларда кўзга ташланмоқда.
Ғайбулла БОБОЁРОВ,
тарих фанлари доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ