Овқат Румийни ўқиганми ёки Румий овқатни еганми? – Она тилидаги сўзларни тушунишингизга аминмисиз?


Сақлаш
00:29 / 23.12.2022 952 0

Тушуниш ҳам маҳорат

Тушуниш – кундалик ҳаётимизда қайта-қайта амалга оширадиган вазифаларимиздан бири. Худди юриш каби, йўқ, худди нафас олиш каби, чунки биз инсонмиз ва жамият ичидагина тўлақонли мавжудмиз. Жамият ичида яшаш ва фаолият юритиш бу – бошқалар билан мунтазам ахборот алмашиш дегани. Касбий фаолиятим давомида она тилидаги матнни тушунишни илмий жиҳатдан ўрганганман. Баъзан ҳамкасблар ёки атрофимдагиларнинг одам ўз она тилини жуда яхши тушунади, у ерда англанмайдиган нима бор? Бунинг нимасини илмий ўрганиш, нимасини баҳолаш керак, деган саволларига дуч келаман. Ишонинг, она тилидаги матнни тушуниш қийин ва ўта мураккаб жараён. Буни исботлаш учун илмий тадқиқотимда кичик хабар матнини тўрт марта ўқиб эшиттирганимда 60 кишидан фақат тўрттаси, ўқиш учун қўлига берганимда 88 кишининг атиги ўнтаси тўлиқ тушунгани ҳақида ёзмоқчи эмасман. Шунчаки, тушуниш жараёнида онгимиз қандай ишлаши ҳақида тажрибамга асосланган айрим кузатишларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Юрак харитаси қанақа бўлади?

Бундан бир неча йиллар аввал телевизорда бир клипга кўзим тушди. Хонанда: «Юрагимни узиб бердим, қарамадинг. Харитасин тузиб бердим, қарамадинг», деб куйлаяпти. Клип давомида тасвир актёрлардан хонанда ва чолғучиларга кўчди. Қўшиқчи олдинги планда, орқада чолғучилардан иборат каттагина жамоа ва уларнинг ортидаги фонда… дунё харитаси.Ҳайрон бўлдим: қўшиқда глобал масала эмас, севги ҳақида куйланаётган бўлса, клипда дунё харитасига нима бор?! Тарона нақорати янграй бошлади яна: юрагимни узиб бердим, қарамадинг, харитасин тузиб бердим, қарамадинг…” ва «Эврика!» Шундагина дунё харитасининг ашула матнига (мазмунига эмас) алоқадорлигини англаб етдим. Матнда ишлатилган харита сўзи сабабчи эди ҳаммасига. Матннинг бир парчаси (айни вазиятда матндаги бир сўз) таъсирида юзага келган ассоциация тушунишнинг бошланғич даражасида онгда ҳосил бўлади ва матн мазмуни тўлиғича қабул қилинганда у четга чиқиши керак.

 

Масалан, киши «юрагим...харитасин тузиб бердим» жумласини эшитиш жараёнида харита сўзини алоҳида қабул қилганда дунё харитаси тушунчаси унга ассоциация бўлиши мумкин. Аммо харита сўзини қўшиқ матни ичида у боғланган юрак сўзи билан бирга қабул қилар экан, кўчма маънода қўлланилганини англайди ва дунё харитаси тушунчаси тушуниш жараёнида бошқа иштирок этмаслиги керак. Келтирилган мисолда дунё харитаси тушунчаси клипда орқа фонгача етиб борганидан билиш мумкинки, харитаси сўзининг матн ичидаги маъноси реципиент томонидан қабул қилинмаган, балки алоҳида сўз сифатида қолиб кетган.

 

Демак, матнни тушуниш вақтида тильдаги сўзларнинг маъносини билишнинг ўзи етарли эмас. Улар бошқа жумлалар билан бирга келганда мазмун қандай ўзгариши ҳақида ҳам билимга эга бўлиш керак. Шунинг учун ҳам она тилида матнни тушунишни ўргатиш бу – болада сўзларга, тил бирликларига нисбатан ҳушёрликни тарбиялаш демак, менимча.

 

Овқат Румийни ўқиганми ёки Румий овқатни еганми?

 

Саволни ўқиб, «бу нима жиннилик» деган гап хаёлингиздан ўтган бўлиши мумкин. Ишончим комилки, «Албатта, Румий овқатни еган бўладида. Бу шубҳа остига олинадиган нарса эмаску» деган жавоб хаёлингизга келди. Аммо бошқача ўйлайдиганлар, аниқроғи, сўзларни яхши тушунмагани сабаб хато қиладиганлар ҳам бор. Бир блогер блогида махсус овқатланиш дастурига амал қилиб озаётганини ёзиб боради. Ёзишича, махсус фирма томонидан юбориладиган овқатга ҳар куни бир мотивацион гап ёзиб беришаркан. Бир куни «Сен юришни бошласанг, йўл ўзи пайдо бўлади, деяпти бугунги овқат» деган пост қўйди. Мен изоҳга «Бугунги овқат Румийни ўқиган эканда» деб ёздим. Чунки аввалроқ бу гапнинг муаллифи Румий деб кўрсатилган постни ўқиган эдим. Кейинроқ бошқа кузатувчи менинг изоҳимга жавобан «еган экан, денг» деб ёзди.

 

Фикрлар занжири қандайлигини аниқ ҳис қилишингиз учун кетма-кет келтираман:

- Сен юришни бошласанг, йўл ўзи пайдо бўлади, деяпти бугунги овқат.

- Бугунги овқат Румийни ўқиган эканда.

- Еган экан, денг.

 

Занжир охирги гапга келганда узилиб, ҳар тарафга сочилиб кетганини сиз ҳам ҳис қилдингизми? Нима учун бундай бўлади? Овқат ва инсон тушунчасини боғлайдиган биринчи ҳаракат ейиш. Бунда одам ҳаракат бажарувчиси, овқат эса ҳаракат объекти. Бу оддий ва бошқа боғланишларга асос бўладиган боғланиш. Агар инсон гапдаги лексик-грамматик воситаларни англай олмаса, ўша асос боғланишга мурожаат қилиб, мазмун ҳақида хулоса қилади. Блогернинг пости ва менинг изоҳим овқат сўзига нисбатан жонлантириш бадиий воситасини қўллаш асосига қурилган эди. Охирги изоҳни ёзган фойдаланувчи, афтидан, уни тушунмаган. Бу ҳам худди тепароқда сўз юритганимиз «харита» сўзининг контекстда кўчма маънода қўлланганини тушунилмаганига ўхшайди. Инсон онги гапда келган тушунчаларнинг синтактик боғланишини ҳал қилишга қийналганида сўзларнинг мазмунидан келиб чиқиб, синтактик структурани ўзи ижод қилади. Бу – гап ўқувчи томонидан умуман тушунилмади, дегани.

 

Тил ҳам давлат рамзими?

Бир гал бошқа ўқитувчининг ўрнига маъруза ўтишимга тўғри келди. Мавзу «Тил – рамзлар тизими» эди. Биринчи курс талабаларидан шу мавзуни ўқиганда нимани тушунганларини, нимани тасаввур қилганларини сўрадим. Аксарият жавоблар «тил миллат/давлат рамзидир» мазмунида бўлди. Энди таҳлил қилиб кўрамиз нима учун ёшига етган, яъни катта одам ҳисобланадиган ўзбек тилида сўзлашувчилар «Тил – рамзлар тизими» ифодасини тўғри декодлай олмади? (Тушуниш ифоданинг тил хусусиятларини тўғри таҳлил қила олиш демакдир) Талабалардан тире гапда нима учун қўлланилишини сўрадим, тўғри жавоб беришди. Яъни улар гапда қўлланган бирликларнинг алоҳида ҳолдаги маъноси ва вазифасини билмайди эмас, билади. Унда муаммо нимада? Муаммо «рамз» сўзида. Биринчидан, бу сўз тилимизда у қадар фаол ишлатилмайди, яъни частотаси паст сўз. Иккинчидан, уни деярли ҳамма битта контекстда «давлат рамзлари» бирикмасида учратган. Сўз битта контекстдагина қабул қилинар экан, унинг мустақил ҳолдаги маъноси ўзлаштирилмайди (бу илмий жиҳатдан бир қатор тадқиқотларда исботланган). Демак, «Тил – рамзлар тизими» ифодасини ўқиётган талабаларда рамз сўзи «давлат рамзлари» маъноси билангина ассоциацияланяпти. Учинчидан, рамзлар сўзининг маъноси ўзлаштирилмагандан кейин унинг «рамзлар тизими» бирикмасида нимани англатаётганини аниқлаш онг учун мушкул вазифа. Шу сабабдан, тизим сўзи декодлаш жараёнида ҳисобга олинмаган. Яъни у сўзгача чиқарилган хулоса мия учун қониқарли жавоб бўлган.

 

Ушбу мақолада кундалик ҳаётимизда йўл-йўлакай учраган ҳодисалар – тушуниш жараёнидаги камчиликлар ва уларнинг сабабларини таҳлил қилишга ҳаракат қилинди. Умид қиламанки, энди инсон ўз она тилидаги гапларни ҳам тушуниши осон эмаслиги ва буни жиддийроқ ўйлаб кўриш кераклиги ҳақида мулоҳаза қилиб кўрасиз.

 

Ирода АЗИМОВА,

Филология фанлари номзоди, доцент

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//