Унутилган сериалнинг қайтиши – «Wednesday» нега бу қадар машҳурликка эришди?


Сақлаш
20:02 / 22.12.2022 945 0

«Аддамслар оиласи» ҳақида эшитганмисиз? Кўпчилик бу оилани 23 ноябрда премьера қилинган ва фавқулодда машҳурликка эришган «Wednesday» сериали орқали таниди, десак янглишмаган бўламиз. Кутилмаганлиги шундаки, қатор рекордларни забт этаётган ушбу фильм унутилган оила ҳақидаги навбатдаги муваффақиятсиз иш бўлишига ишонилган эди. Аммо «Wednesday», нафақат «Аддамслар оиласи»нинг давоми ёки ремейки бўлиб қолмади, балки у мутлақо бошқача руҳда суратга олинди.

 

Аддамс оиласи ҳақидаги илк ҳикоя 1938 йилда пайдо бўлган. Ўша йили америкалик карикатурачи Чарлз Аддамс «The New Yorker» журнали саҳифалари учун комикс яратади ва у муаллиф вафоти (1988 йил)га қадар нашр этилади. Режиссёр Берри Сонненфелд 1991 йилда ушбу комиксларни фильмга айлантирди. Тажрибали продюсер ва рассомлар сабаб картинанинг савияси янаям оширилади.

 

2022 йил ремейк ва машҳур фильмларнинг давомлари йили бўлди. Носталжи «Wednesday» ҳам шу характерни намоён этганига қарамасдан бошқалардан фарқли фильм классика ва замонавийликни муваффақиятли бирлаштира олган. Сюжет ўзининг бошқа прототипларидан кўп ҳам фарқ қилмайди – ёлғизликни хуш кўрувчи бош қаҳрамон тенгдошлари билан муносабатларни ўрнатиши, дўстлари орттириши ва жамиятга мослашиши керак. Бир сўз билан айтганда, ғарбнинг асосий муаммоларидан бири бўлган ўсмирларнинг ижтимоийлашиши билан боғлиқ воқеалар.

 

 

Жанр жиҳатдан эса мақтаса арзигулик жиҳатлар бор. Трагедик комедия ва мистик фантастика жанрларининг ўзаро комбинацияси мукаммаллик касб этган деса бўлади. «Гарри Поттер»дан фарқли готика услуби ва детектив интрига лойиҳани жуда жозибали қилган. Сериалда илмий ва табиий фантастикадан қочилган, кўпроқ эътибор ғайритабиийлик (махлуқлар, мифик афсоналар ва қасоскорлар)га қаратилган. «Nevermore» мактаби эса классик ғайритабиий фильмларида бўлгани каби инсоннинг эътиборини тортади. Кичкина шаҳарча, ваҳший ҳайвонлар, давомли қотилликлар ва махфий жамиятлар – ҳаммаси бирлашиб, фильм интригасини оширган. Картинадаги романтик саҳналар, бўйин эгмас қаҳрамоннинг муҳаббат ҳақидаги қарашлари ўзига хос «микс» ҳосил қила олган. Шунингдек, сериалнинг Европа ва Америкадаги машҳурлигига бўрилар, вампирлар ва сиреналар каби эпизодларнинг киритилиши ҳам катта ҳисса қўшди.

 

Рассомлик иши одатдагидан кўра мукаммалроқ. Умуман олганда, фильмдаги костюмлар, грим, саҳна декорациялари «Netflix»га хос беқусур тайёрланган. Шунга қарамай, сериалнинг асосий ютуғи яхши кастинг эканини алоҳида таъкидлаш керак. Кетрин Зета-Джонс ва Луис Гусман (Уэнсдейнинг ота-онаси) кўп кўриниш бермаган бўлсада, ўзларининг ролларини етарли даражада ишончли ўйнаган. Мактаб ўқитувчиси ролини ўйнаган Кристина Риччининг иштироки эса рамзий маънога эга. Негаки, у 90 йилларда суратга олинган Адамслар оиласи фильмида Уэнсдей ролини ижро этган эди. Бундан ташқари ҳаракатланувчи қўл образи ҳам фильмга жуда ярашиқли тушган дейиш мумкин. Аммо афсуски, картинадаги кўплаб истеъдодли ёш актёр ва актрисалар Женна Ортеганинг соясида қолиб кетган. Бош қаҳрамон шахсиятининг ниҳоятда ғайритабиийлиги фильмнинг диққат марказини Женнанинг ўзидагина тўпланишига сабаб бўлган.

 

 

Фильмнинг машҳурлашишига анчагина таъсир ўтказган бош қаҳрамон – актриса Женна Ортега 2002 йил 27 сентябрда АҚШнинг Калифорния штатида туғилган. Ёшлигидан кўплаб фильмларда ўзини синаб кўрган Женнанинг таъкидлашича, «Wednesday» сериалида бош ролни қўлга киритиш учун қиличбозлик ва немис тилидан ўрта даражагача таълим олган. Ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалган рақс саҳнаси ҳам унинг ташаббуси билан эпизодга киритган. Фильм нафақат қаҳрамонлар билан балки ўзига хос «оранжировка» билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. Эҳтимол яқин 10 йилликдаги энг яхши овозлаштириш десак, янглишмасмиз. Унда «The Rolling Stones» гуруҳининг «Paint It, Black», «Metallica»нинг «Nothing Else Matters» каби классик мусиқалардан Дуа Липанинг «Physical», «The Cramps»нинг «Goo Goo Muck» каби замонавий поп қўшиқларгача ўзининг яхши хислатларини намоён эта олган.

 

 

Сериал машҳур рейтингларда анчагина муваффақиятга эришган бўлсада, танқидларга ҳам учрамоқда. Масалан, режиссёрлар Алфред Гоф ва Майлз Миллар сериалда «Гарри Поттер»да бўлгани каби мураккаб спорт тадбири қўшилгани, айрим ўхшаш образлар, масалан, жиноятчи профессорнинг борлиги, саҳна декорациясининг қамрови кичкиналигини танқид қилган. Шунга қарамасдан, фильм ҳақида ижобий шарҳлар кўпроқ. Уларнинг аксарида, Женнанинг ўзига хос рақси таҳсинга сазовор экани айтилган. Хусусан, британиялик кино танқидчи Геофф Эндрю сериални шу рақссиз «ўлик» деган. Сериал ҳақидаги шу каби қизғин баҳслар дунё бўйлаб ҳамон давом этмоқда.

 

«Wednesday» «Whip Media» томонидан тақдим этиладиган рейтингга кўра, «The Witcher»дан сўнг инглиз тилида энг кўп кўрилган иккинчи фильмга айланди. Сериал 83 мамлакатда 23-30 ноябрь кунларида кўрилган соатлар бўйича (жами 341,2 миллион соат томоша вақти билан) рекорд ўрнатди. Айни кунларга келиб эса, томоша соати 1 миллиарддан ошиб кетди.

 

Сериалнинг ана шундай «шовқинли» фонида навбатдаги фаслга ҳам сценарийлар тайёрлана бошлаган ва унинг каттароқ лойиҳа бўлиши кутилмоқда. Хусусан, Женна Ортеганинг маълум қилишича, иккинчи фаслда Том Ҳолланд билан партнёр бўлиши кутиляпти. Суратга олиш ишлари қачон бошланиши ҳозирча маълум қилинмаган. Шунга қарамасдан, киношунослар 2-фасл биз кутгандан тезроқ тайёр бўлишини тахмин қилишмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Wednesday» сериали бизни зериктириб қўймайди, назаримизда.

 

Санжар МАШРИҚИЙ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//