Ахборот хуружи – муаммо ва ечим


Сақлаш
05:05 / 21.09.2021 1411 0

Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар давлатимиз равнақи учун тамал тоши бўлиб хизмат қилади. Бундай жараён, табиийки, халқимизнинг онгу тафаккурининг шаклланишига, дунёқарашимизнинг ўсишига бевосита таъсир кўрсатади. 2021 йил 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан имзоланган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги қадами, десак адашмаймиз.  Мазкур қарор негизида илгари сурилган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги янгиланишлар ҳамда маънавий-маърифий йўналишда олиб борилаётган фаолиятнинг узвий давоми саналади.

 

Буюк мутафаккир аждодимиз Маҳмуд Аз-Замахшарийнинг: “Бамисоли тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек, аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди” деган пурмаъно ибораларини ҳар бир инсон ақл муроқабасидан ўтказиши керак бўлади. Шу боис ҳар биримиз ҳавои нафсга берилмасдан, ақл кучи билан ўз фарзандларимиз, ўз келажагимиз йўлида бирлашишимиз, курашишимиз зарур.

 

Шу билан бирга, сиёсий ислоҳотлар халқаро муносабатлар тизимида янги жаҳон тартиботини шакллантириш учун олиб борилаётган бир даврда кечмоқда. Глобаллашув жараёнининг шиддат билан кечиши натижасида жаҳон халқаро муносабатлар тизимида кескин ўзгаришлар юз бермоқда.  Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Учинчи Реннесанс” даври нафақат ёшларда, балки ҳар бир шахс, ҳар бир фуқарода масъулият ҳиссини юзага келтирмай қолмайди.

 

Бу эса, ўз навбатида, маънавий-маърифий тарғибот тизимини такомиллаштиришни, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалаларига жиддий эътибор қаратишни тақозо этади.

 

Бизнингча, олдимизга қўйилган вазифаларни амалга оширишда юзага келган сиёсий воқеликни атрофлича илмий таҳлил этиш, миллий, иқтисодий, ижтимоий хавфсизликни таъминлаш билан бир қаторда ахборот-мафкуравий хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлади.

 

Бу борада, Евросиё маконида вазият ва кучлар нисбатининг ўзгариб бориши, миллий ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш масаласи юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар негизида мунтазам равишда кузатиб бориш, бу борада янгича ёндашувларни излаб топишни тақозо этмоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик тизимининг шаклланиш жараёни якунига етмаганлиги, минтақада турли экстремистик гуруҳларнинг бош кўтариб чиқишлари эҳтимолининг мавжудлиги, жаҳондаги етакчи давлатларнинг Марказий Осиё минтақасини ўз “таъсир доиралари”га тортишга интилишлари миллий хавфсизлик ва ижтимоий барқарорлик масалаларига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

 

Бугунги кунда ўз геосиёсий ва геоиқтисодий манфаатларига эришиш, халқаро майдонда етакчилик учун рақобат олиб бораётган кучлар тарафидан юртимизга нисбатан “ахборот ҳужуми” уюштирилаётганлигини кузатиш мумкин. Бундай чиқишлар нафақат хорижий оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, балки юртимиз радио ва теледастурларида, реклама роликларида ҳам бўлиб турибди.

 

Сиёсатшунослик фанидан маълумки, сиёсат бу – кураш, манфаатлар кураши. Қадимги даврда давлатлараро низолар жангга олиб келган ва улар ўртасидаги муаммолар ечими жанг натижаси билан бевосита боғлиқ бўлган. Бироқ, даврлар ўтиб, “ҳарбий ечим” С.Хантингтоннинг “маданий рақобат”ига айланган бўлса, бугунги кунда эса бу муаммо Ф.Фукуяманинг “ғоявий-мафкуравий қобиқ”қа ўралган “ахборот уруши” доирасида олиб борилмоқда. Милоддан аввалги II асрда хитойлик саркарда Сунь Цзи томонидан айтилган: “Юз маротаба жанг қилиб, юз маротаба ғалаба қозониш ғалабанинг аълоси эмас, ғалабанинг аълоси жангга кирмасдан туриб душманни маҳв этишдир” ғояси даврнинг долзарб масаласига айланиб бормоқда.

 

Ахборот уруши глобаллашув жараёнининг маҳсули бўлиб, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, турфа хил сиёсий кучлар ва марказларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини айтиш ўринли. Албатта, бугунги кун учун бу ҳолат янги эмас. Инсоният тарихида чуқур из қолдирган қудратли шахслар ҳарбий аслаҳалардан минг чандон устун турган “ахборот қуроли”дан самарали фойдаланиб келганлар. Таъкидлаш жоизки, мазкур йўналишдаги изланишлар хорижий мамлакатларнинг қатор ақлий марказларида ХХ асрнинг 60-йилларидаёқ бошланган. Бирлашган Қироллик Бош вазири Уинстон Черчиллнинг: “Ҳақиқат ўз шиппагини кийгунига қадар, ёлғон бутун дунёни кезиб чиқишга улгуради” ибораси айнан ахборот урушининг мазмунини белгилаб беради.

 

Бугунги кунда минтақа ва юртимизга қарши қаратилган “ахборот қуроли”дан фойдаланиш кўлами тобора ортиб бормоқда. Маълумки, “Ахборот уруши” ҳарбий хатти-ҳаракатларга нисбатан жуда арзон бўлиб, у ядро қуролидан ҳам қудратлироқ кучга эга. Яъни, ахборотга эга шахс ҳар қандай жараённи назорат қила олиши ва ундан ўз мақсад ва манфаати йўлида самарали фойдалана олиши имкониятини қўлга киритади. Бу курашнинг объекти ҳам, субъекти ҳам Инсон саналади. Айрим давлатлар томонидан илгари сурилаётган концепция ва доктриналарда “инсонлардаги ижтимоийлашув ғояларини йўқотиш зарур”лиги очиқдан-очиқ айтилади.

 

Сиёсатшуносларининг фикрларига кўра ахборот урушининг вазифалари қуйидагилардан иборат: 1. Соф мафкуравий таъсир ўтказиш; 2. Мамлакат аҳолисига нотўғри маълумот бериш (давлат ва ҳукумат раҳбарларига ишончсизлик уйғотиш, давлат сиёсатининг айрим йўналишларига норозилик кайфиятларини туғдириш, расмий тарғибот ва ахборот манбалари ва каналларига ишончни йўқотиш); 3. Фуқароларга психологик босим ўтказишга уриниш (миш-мишларни тарқатиш, носоғлом кайфият туғдириш, турли ижтимоий гуруҳлар орасида душманона кайфиятларни – миллатчилик, рацизм, диний экстремизм ва фанатизмни юзага келтириш).

 

Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган фармонда маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизимнинг мавжуд эмаслиги, халқимиз, айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишларининг олиб борилмаётганлиги, ушбу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмаганлиги таъкидлаб ўтилади.

 

Бугун атрофимизда маданият соҳасида кечаётган воқеаларни таҳлил қилиб кўрсак, индивидуализм – шахсиятпарастлик ғояларининг тарғиботини кўрамиз. Аксарият бадиий фильм, реклама, жумладан кўчалардаги баннерларда, мусиқа ва клипларда фақат пул, бойлик ва маънавиятсизлик тарғиботига кўзимиз тушади. Айрим ҳолларда мутлақо миллий маънавиятимизга зид кўринишлар, саҳналар намойиш этилади. Бозор иқтисодиёти муносабатларида бундай “бадиий асарлар” яратилишида фақат айрим “сармоядорлар” ҳомийлик қилиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.

 

Абу Райхон Беруний “Инсон зоти барча ҳайвонлардан устун яратилган, зеро унга юксак шараф – ақл куч берилган” деган фикрни билдиради. Ўз фикрини давом эттирар экан “Инсон ўз эҳтиёжларининг кўплиги ва ҳимоя воситаларидан чекланганлиги ҳамда душманларнинг кўплиги оқибатида ўз яқинлари билан ўзаро қўллаб-қувватлаш ва муайян вазифаларни бажариш орқали мавжудлигини таъминлаш мақсадида жамоаларга бирлашишларига зарурият сезди”, деб айтади.

 

Миллий-маънавий қадриятларимизга хуруж кеча ёки яқин ўн йилликлар олдин эмас, балки бир неча аср аввал бошланган. “Демократик нур” олиб келишга интилган қатор ёзувчи-шоирлар, кинорежиссёрлар, санъат арбоблари аждодларимиз нақадар қолоқ, маданиятсиз бўлганликларини ифода этувчи асарлар ижод этганлар. Афсуски, улар орасида халқимизнинг манқуртлашган “фарзандлари” ҳам бўлиб, уларнинг бу борадаги жонбозликларини ҳали-хануз кўриш мумкин.

 

Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди. Юртимизда шахсиятпарастликни кучайтириш, жамиятни пароканда қилиш, маданиятимизни йўқотишга қаратилган ахборот хуружи тизимли асосда олиб борилмоқда. Мазкур жараёнлар хорижий ақлий ва таҳлилий марказлар доирасида ишлаб чиқилиши билан бирга, ушбу жараёнга юртдошларимизнинг ҳам жалб этилиши, афсуски кузатилмоқда.

 

Тўғри, инсонларда бир хил қадрият ва бир хил эҳтиёжлар бўлмайди. Форобий фикрига қулоқ тутсак, “инсонда мажбурият ва масъулият бўлиши фозил шаҳар”га, акси бўлса жоҳил шаҳарга олиб келишини айтади. Инсонлар эса қайси жамиятда яшашни афзал кўришларини танлаши зарур бўлади.

 

Айнан шу сабабли оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда Марказий Осиё минтақасидаги воқеаларни шишириб кўрсатишга уринишлар орқали мунтазам ахборот хуружи олиб борилиши кузатилади.

 

Бугунги воқеликни илмий таҳлил қилиш асосида қуйидаги йўналишларда “ахборот хуружи” олиб борилаётганини кўриш мумкин:

Биринчи йўналиш, давлат раҳбари, депутатлар, ҳукумат аъзолари шаъни ва фаолиятига нисбатан хуруж;

Иккинчи йўналиш, олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар моҳиятини тушириш, халқнинг ишончини йўқотишга қаратилган интилиш;

Учинчи йўналиш, жамиятни турли гуруҳларга ажратиш орқали дефрагментациялаш, уларни бир-бирларига қарши қўйиш;

Тўртинчи йўналиш, миллий ва маънавий қадриятларни барбод қилиш, “оммавий маданият”га асосланган сохта қадриятларни сингдириш.

Бешинчи йўналиш, ҳуқуқни мухофаза этувчи органлар – ички ишлар, мудофаа, хавфсизлик идоралари фаолиятига нисбатан салбий кайфиятни туғдириш;

Олтинчи йўналиш, келгусида муайян мақсадларни амалга ошириши мумкин бўлган шахсларни оммалаштириш, уларни “халқ қаҳрамонлари”га айлантириш.

 

Демак, ахборот хуружини бартараф этиш мақсадида ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳуқуқий, тузилмавий ва ғоявий асосларни ўзида мужассам этган ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқишга эҳтиёж туғилган. Бу борада, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ташқи хуружлар манбаларини аниқлаш, баҳолаш ва башорат қилиш, давлат ҳокимияти органлари ва ахборот-матбуот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, мамлакат миллий манфаатларининг ахборот соҳасидаги миллий манфаатларини кафолатли таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

 

Маълумки, давлат сиёсати миллий манфаатлар ҳамда ташқи сиёсатга жавоб тариқасида олиб борилиши билан бирга, “ақлий марказлар”нинг илмий концепция ва назарияларига таянган тавсиялари асосига ҳам таянилади. Мамлакатимизда ҳам шундай таҳлилий илмий-амалий марказлар бўлиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Глобаллашув жараёнида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий йўналишлардаги илмий-тадқиқот марказлари ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Шунингдек, тегишли муассасалар мазкур йўналишларда доимо изланишда бўлишни, устувор йўналишларни мунтазам равишда коррекциялаш, уларни амалга оширишда кенг ўлчамли ва чуқур ўйланган фаолият олиб боришни, геосиёсий ва геостратегик тенденцияларни (“геостратегик иштирокчилар” ёндашувини) кузатиб боришни талаб этади.

 

Турк ёзувчиси, шоир ва публицист Ниҳал Атсизнинг “Миллат ва Ватан хоини бўлиш учун душманларга ҳарбий сирларни ўғирлаб, сотиши шарт эмас. Душманларни алқаш, уларнинг мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш, ўз маданияти ва тарихини инкор этиш – бу ҳам хиёнат саналади” деган фикрини эслаш ўринли.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ушбу қарори фуқароларнинг, қолаверса ёшларнинг фикрлаш тарзи, дунёқараши, одамлар билан муносабатида янги қарашларни пайдо қилишда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Зеро, маънавиятли жамият ҳеч қачон таназзулга юз тутмайди.

 

Юқорида санаб ўтилган муаммоларни бартараф этишда, биринчидан, тарғибот-ташвиқот тизимини шакллантириш, иккинчидан, ташқи ва ички сиёсий ҳолатни миллий мафкура билан боғлаган ҳолда миллий манфаатлар негизида кўриб чиқиш ва баҳо бериш, учинчидан, миллий мафкура негизларини аниқлаш ва аниқ сиёсий мақсадларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш керак бўлади.

 

Хайрулла УМАРОВ,

сиёсий фанлар номзоди, доцент

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//