Янги имкониятлари эскича иш тутумини йўққа чиқараётган Янгиқўрғон


Сақлаш
21:53 / 16.12.2022 765 0

Бугунги янгиланишлар ўз-ўзидан пайдо бўлаётгани йўқ, балки изчил изланишлар, янгича дунёқараш ва иш тутуми билан чамбарчас боғлиқдир. Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги ПҚ-5040-сонли қарорига асосан, ҳудудларда маънавий-маърифий ишларни тизимли йўлга қўйиш ва самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда “Энг намунали туман ва шаҳар” ва “Энг намунали вазирлик ва идора” республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Жорий йилдаги “Энг намунали туман ва шаҳар” республика кўрик-танловида Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани фахрли биринчи ўринни қўлга киритди ва олий соврин – “Дамас” русумли автомашина ҳамда 15 миллион сўмлик китоблар тўпламига эга бўлди. Мамлакат миқёсидаги бундай улкан салоҳиятли ютуққа туман аҳли қандай эришди? Мулоҳазаларимиз шу ҳақда.

 

Янгиқўрғон тумани Наманган вилоятининг шимолий қисмида жойлашган бўлиб, умумий ер майдони 54,0 квадрат километр: кенглиги ғарбдан шарққа томон 8-16, узунлиги шимолдан жанубга 65 километрни ташкил этади. Туман жуғрофий жиҳатдан Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Аксу ва Олабуқа туманлари билан 88,53 километр масофада чегараланган. Маъмурий маркази Янгиқўрғон шаҳарчаси вилоят марказидан 22 километр олисликда жойлашган. Бугунги кунда туман худудидаги 44 минг хонадонда 218 мингдан ортиқ 14 миллат вакиллари истиқомат қилади.

 

Туманда полиз, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш комбинатлари, қурилиш-таъмирлаш корхоналари, тикув-трикотаж фабрикаси, 10 дан ортиқ ғишт заводлари, халқ хўжалиги юкларини ва йўловчиларини ташиш бўйича 6 та хусусий транспорт автохўжалиги, 20 га яқин хусусий қурилиш ташкилотлари ва 500 дан ортиқ кичик хизмат кўрсатиш корхоналари мавжуд. Шунингдек, бугунги кунда туман ҳудудида йилига 40 минг тонна мевани қайта ишлаш қувватига эга бўлган 2 та қўшма корхона фаолият кўрсатиб турибди. Йил давомида саноат соҳасида 11 та, хизмат кўрсатиш йўналишида 54 та янги лойиҳа амалга оширилди. Бу мақсадлар учун жами 11,4 миллиард сўм инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, 204 та янги ишчи ўрни яратилди.

 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туман Маънавият ва маърифат кенгашининг 9 та йиғилиши ўтказилиб, уларда маънавий-маърифий ишлар ҳолатини мунтазам равишда ўрганиш ва мониторинг натижалари муҳокама этиб борилмоқда. Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида 2021 йилда 23 та ташкилот ва идоралар билан икки томонлама ҳамкорлик дастурлари ва Йўл хариталари тузилган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 30 тага етказилди.

 

Соҳадаги ишларни намунали тартибда йўлга қўйишда ПҚ-5040-сонли қарорнинг 8-банди ижроси доирасида жорий йилда Янгиқўрғонда “Маънавият ва маърифат масканлари” барпо этилгани жуда қўл келаётганини туман мутасаддилари фахр билан тилга олишади. Шунингдек, бугунги кунда тумандаги 65 та умумтаълим мактабларининг барчасида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ўқувчи-ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни намунали ташкил этиб, кўпчиликка ўрнак бўлмоқда, ютуқларга эришмоқда. Жумладан, “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи кўрик-танловининг Республика босқичида фаол қатнашган Гулчеҳра Муродова "Ташаббускор тарғиботчи" номинацияси ғолиби бўлди.

 

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси юзасидан тумандаги 71 та маҳаллада “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият”, “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш”, “Инсон қадри ҳар нарсадан улуғ” каби мавзуларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида туркум тарғибот тадбирлари ўтказилди. 130 дан ортиқ ушбу тадбирлар давомида 12 мингдан зиёд аҳоли вакиллари қамраб олинди.

  

Исмоил Мамажонов, РМММ Янгиқўрғон туман бўлинмаси раҳбари:

 

   Замонавий услубда бунёд этилган “Маънавият ва маърифат маскани” бугунги кунда тумандаги барча табақадаги фуқароларнинг севимли гўшасига айланиб улгурди. Айниқса, бу ердаги ҳам босма, ҳам электрон нашрлардан иборат катта китоб фондига эга бўлган кутубхона ҳамиша гавжум. Шунингдек, маскан қошидаги фаоллар ўқув залида адабиёт ва санъат тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Ижодий маданий ишлар бўйича тарғиботчилар, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилоларининг маънавият бўйича масъуллари учун ўқув машғулотлари, сиёсий маърифат соатларини мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, доимий равишда тумандаги ижодкорларнинг кўргазмалари, китоб тақдимотлари ўтказиб борилмоқда. Туман маънавият ва маърифат кенгаши ҳамда РМММ туман бўлинмаси томонидан маънавият тарғиботчилари учун 10 дан ортиқ услубий қўлланмалар тайёрланиб, уларга хизматда фойдаланиш учун етказиб берилди.

 

Туман фаолиятини ўрганарканмиз, чиндан ҳам энг яхши дейилишга арзирли ишлар қилинганига амин бўлдик.  Ўйлаймизки, мутасаддилар шу билан тўхтаб қолишмайди ва биз бу туман ҳақида яна кўплаб мақолалар тайёрлаймиз.

 

Сафар ОЛЛОЁР

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//