Ўзбекистон халқ артисти Берта Давидовани Оллоҳ раҳмат қилсин, қўшиқлари менга ҳамиша ҳамроҳ. Кўпинча, машинада вилоятларга сафарга чиққанимизда йўл-йўлакай эшитиб кетадиган санъаткорларим бор. Ботир Зокиров, Комилжон Отаниёзов, Шерали Жўраев, Тожиддин Муродов, Ҳасан Ражабий, ака-ука Ваҳобовлар... Улуғ санъаткорлар қаторида албатта Берта Давидованинг қўшиқларидан баҳраманд бўламан. Айниқса, бу соҳир овоз соҳибаси ижросидаги «Адашганман» («Фиғон»), «Муножот», «Жонимдан ўзга ёри вафодор топмадим» каби қўшиқлар руҳимга жуда яқин. Гоҳо тортинчоқликни унутиб ашулага қўшилиб кетганимни билмай қоламан.
Ўйланиб қоламан, Берта Давидова қўшиқларига ошуфталик менда қандай пайдо бўлди? Нима учун эшитган сари эшитгим келаверади? Қандай қилиб бу санъаткор қўшиқлари бу қадар юрагимга яқин бўлиб қолган? Беихтиёр болалик хотиралари бағрига шўнғийман.
Маҳалламизда кимникида магнитофон бўлса, албатта ўзи севган санъаткорлари ҳам бўларди. Мисол учун, бир қўшнимиз деярли ҳар куни эрта тонгдан Таваккал Қодировнинг «Ўхшайдику»сини варанглатиб қўйса, яна бир қўшнимиз Камолиддин Раҳимовнинг «Кўчамдан жонон ўтганда» қўшиғини қўярди. Бизникида эса магнитофон тинмасди. Катта акам санъаткор бўлгани учун Шерали Жўраевнинг ҳар бир янги қўшиғи бутун маҳаллага бизнинг ҳовлидан таралиб турарди. Онам Эргашхон Йўлдошбой қизи ҳам, Оллоҳ раҳмат қилсин, кўпинча Саодат Қобулованинг ашулаларини хиргойи қилиб юрарди. Опаларимку ҳовли супуриб, кир ювадиган бўлсалар, кечгача ҳиндча ашулалар тинмасди.
Дадам, Оллоҳ раҳматига олсин, Мирзобек Абдулқосим ўғли эрталабдан Берта Давидованинг ашулаларини қўярди. Опанинг ашулалари кўп эди. Негадир мен юқорида тилга олганим уч ашулани бошқача яхши кўрардим. Айниқса, улуғ шоиримиз Фурқат мухаммаси асосида яратилган «Адашганман»ни:
Манам шўрида булбул бўстонидин адашганман,
Юзи гул, қомати сарви равонидин адашганман,
Дилим ҳажри-ла қондур дилистонидин адашганман,
Ғариби кўйи ғурбат хонумонидин адашганман,
Ва ё бир мурғи ваҳший ошёнидин адашганман.
Кейинчалик Берта Давидова ижодига бағишланган фильм-концертни телевизор орқали кўп кўрдим. Ҳар гал бу қўшиқдаги «Жунун басту...» деб номланувчи авж пардаларига келганда опа қўлини юрагининг тепасига қўйиб оларди. Менинг назаримда гўё «ув» тортиб бу нидоларни юрагидан сиқиб чиқараётганга ўхшарди. Гарчи ёш бола бўлсамда мана шу жойи келганда менинг ҳам юрагим титраб кетарди. Ҳозир ҳам бу қўшиқни эшитсам, авжига келганда ана шу ҳолатни бошдан кечираман.
Ўзбекистон радиосида ишлаб юрган пайтларим, «Мақом» ансамбли биз ишлайдиган қаватда жойлашган бўлсада, минг истамай опанинг олдига боришга тортинардим. Кўпинча, ишга пиёда келаётганини кўрардим.
Ўзбекистон телевидениеси «Ёшлик» бош муҳарририятида Бош муҳаррир бўлиб ишлаб юрган кезларим, устозимиз бетакрор журналист, ажойиб шоира Ҳафизахон Ҳайитметова Берта Давидова ҳақида «Умр дафтари» кўрсатувини тайёрлади. Шунда Берта опани янгитдан кашф қилгандай бўлдим. Бу кўрсатувда мен ҳам икки оғиз бўлсада опа ижоди ҳақида ўз фикрларимни айтдим. Ўшанда кўрсатувдаги опанинг бир гапи шундай қулоғимда қолди. Берта Давидова ўзбек қизларига хос ибо, шарму ҳаё ҳақида сўзлар эканлар, бир машҳур қўшиқдаги икки бандни тилга олдилар:
– Бу қўшиқдаги «Кетсанг кетавер ёрим, кетсанг нима парвойим, Бу жоним омон бўлса, Яна битта севгоним» сатри ўзбек қизлари ибосига тўғри келмайди, деди опа қатъий. «Аслида бу сатр шундай: «Бу жоним омон бўлса, қайтиб келар севгоним» бўлиши керак. Ҳозирги сатрда садоқат йўқ, сен бўлмасанг яна бири, деган маъно бор. Ўзбек қизлари ҳеч қачон бундай демайди, бу ўзбекона одобга хилоф, дедилар. Барчамиз бу қўшиқни кўп бор эшитганмиз, лекин эътибор бермаганмизда. Қаранг, гап биргина сатр устида эмас, миллатнинг маънавияти, руҳияти ҳақида кетяпти.
Ҳафиза опа Ҳайитметова сабаб опа билан яқиндан танишиш шарафига муяссар бўлдик. Бир куни ҳофиз дўстимиз Муҳиддин, уларнинг аёли, Ҳафиза опа бошчилигида Берта Давидова уйига борадиган бўлдик. Нимадир сабаб билан Ҳафиза опам боролмайдиган бўлиб қолди. Бизга манзилни бердилар, шундай радионинг ёнида экан. «Болалар дунёси» савдо мажмуасига етмай ўнгга бурилдик. Опа бизни жуда катта ҳурмат, самимият билан кутиб олди. Суҳбат асносида Муҳиддин дўстимизнинг аёли Берта опадан рухсат сўраб «Фиғон»ни бошладилар:
Манам шўрида булбул бўстонидин адашганман,
Юзи гул, қомати сарви равонидин адашганман...
Шунда, беихтиёр Берта опа ҳам ашулага қўшилдилар. Бир пайтлар давраларни ҳайратга солган, дардчил, қўнғироқ овоз ўрнига опанинг заиф ноласи эшитилди. Тўлиб-тўлиб қўшиқ айтгиси келяпти, лекин иложсиз, кўзлари бироз мунглангандай бўлди:
– Қаранг, овоз ҳам меҳмон бўларкан,-дедилар ўйчан. Хаёлидан нималар ўтаётганини қалбан сезиб тургандай бўлдим. Шу куни опанинг айтган яна иккита гапи бир умр ёдимда қолди: «Мен бутун дунёни ўзбек қизи бўлиб атлас кўйлакда айландим», «Шукр, санъаткор бўлиб чаккам пул кўрмади» дедилар. Бу икки гап ҳақида кўп ўйлайман. Айниқса, бугунги кунда ҳаёлимдан кетмайди. Қаранг, шу икки гап моҳиятида эътиқод, садоқат, санъаткор шаъни, қадр-қиммати, миллий орият, ватанпарварлик, латофат бор.
Ўша суҳбат чоғида опадан аввалроқ кимлардандир эшитганим бир жиҳатни сўрашга ўзимда журъат топдим. Эшитишимча, опанинг Америкадаги қариндошлари уларни Ўзбекистонни ташлаб «сеҳрли диёр» га доимий яшашга таклиф қилишган экан. Опа эса «менинг Ватаним Ўзбекистон, бу жойни ташлаб қаёққа кетаман, бутун умрим, тақдирим мазмуни шу жойдаку. Мен кетсам, ўзбек халқининг менга бўлган чексиз меҳрига хиёнат қилган бўламан. Ватанимда остона ҳатлаб кўчага чиқсам, бутун халқ қўли кўксида эъзозлайди. Мен бу меҳр ва муҳаббатни ҳеч нарсага алмаштирмайман», деган экан.
Опа сўзларимни эшитиб бироз кулимсиради. – Ҳа, шундай бўлганди, дедилар. Сўнгра ўша воқеанинг давомини айтиб бердилар. Мени Америкага таклиф қилишди, ҳар куни меҳмон қилишди, сайр қилдиришди. Бир куни ёшроқ ватандошларимиздан бири шундай деб қолди: "Берта опа, биз билан қолинг, қаранг бу ердаги ҳаётни, сиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб берамиз. Океан соҳилида вилла, тагингизда машина хизматда бўлади. Ахир Ўзбекистонда нима бор, қолган умрингизни роҳат-фароғатда ўтказсангиз бўлмайдими?" – Мен уларга барибир рад жавобини бердим. Қайтадиган кунимдан бир кун аввал улар менинг шарафимга зиёфат бердилар. Жуда чиройли ўтирдик. Бир пайт мендан қўшиқ айтиб беришимни сўрашди. Мен микрофонни қўлимга олиб аста «Фиғон»ни бошладим. Билмадим, инграб айтдимми, йиғлаб айтдимми, бутун умрим кўз олдимдан ўтди.Юрагим тинмай Ўзбекистонга талпинарди. Бир пайт бояги «Менга, Ўзбекистонда нима бор, Америкада қолинг» деган йигит ёнимга келиб мени қучоқлаб олди. Сўнгра боладай бошини кўксимга қўйиб ҳўнграб йиғлаб юборди:
– Берта опа сиз қандай бахтлисиз, Сиз ватандасиз, ватандасиз, Ўзбекистондасиз...»
Ўзбекистон халқ артисти Берта Давидова чинакам маънода халқимизнинг дилбар фарзанди эди. «Яхшидан боғ қолади» дейишади. Ўзбек санъати оламида Берта опа қолдирган боғ бугун яшнаб турибди. Илоҳим, улуғ қалб соҳибасининг охиратлари обод бўлсин.
Минҳожиддин МИРЗО,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази раҳбари
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тил
Маънавият
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Ватандош
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Жараён
//
Изоҳ йўқ