Ой ўртанар, кўзларида ёш,
Бағри доғу юраги қийма.
Дер: эй, фалак, мен эдим қуёш,
Нега мени қилдинг таржима?
Эркин Воҳидов
Шоирнинг ушбу шеърини болалигимда ёд олгандим. Ундаги оҳанг, мазмун гўзаллиги ҳозирги пайтда ҳам мени ҳайратга солади, завқлантиради. Таржима инсон ҳаётидаги эҳтиёж ва буюк кашфиётлардан бири десак, муболаға бўлмайди. Балки фикримда бир оз қарама-қаршилик бордир, чунки одатда, эҳтиёжларимиз бизни кашфиётларга етаклайди. Қисқаси, таржима – инсон ҳаётидаги зарурат. Уни кўплаб ёзувчи, шоирларимиз, муҳаррирларимиз санъат даражасида амалга оширишгани ҳам бор гап. Биз мукаммал ишлардан завқланамиз, унинг асосида қандай машаққат, ақлий меҳнатнинг қандай нозик қирралари ётганини сезмаймиз. Хатоларга дуч келганимиздагина ўша кўзимиздан пана жараённинг тафсилотлари бизга кўрингандай бўлади. Шу маънода бир тилшунос ва томошабин сифатида «Доктор Хаус» сериалининг ўзбекча дубляжида кузатилган айрим хатолар ҳақида сўз юритишни истадик.
Дунёга машҳур бу сериални дастлаб русча дубляжда кўриб, мухлисига айланган эдим. Сюжетнинг қизиқарлилиги, тиббий масалаларнинг тафсилотлари, айниқса, сатира ва таҳлилга бой диалоглари мени қойил қолдирган эди. Шу сабаб, фильм ўзбек тилига ўгирилиб, эфирга узатила бошланганда жуда қувонгандим. Чунки қатор романтик сериаллардан фарқли ўлароқ илм, ақл, ўз ишига садоқат, мутахассис масъулияти каби тушунчалар биринчи планга қўйилган, инсоннинг ҳаётий воқеаларга романтик ё хаёлий эмас, айнан асл реакцияси акс эттирилган картина ўзбек томошабинига жуда кўп нарса беради. Албатта, таржима мукаммалроқ бўлганида сериалдан янада кўпроқ завқланиш мумкин эди…
Одатда бизда, ғарб сериаллари рус тилидан таржима қилингани боис «Доктор Хаус» ҳам шу тарзда ўзбекчага ўгирилган бўлса керак, дея тахмин қилдим. Айрим ғализ жумлаларни тушунмай, сўзма-сўз рус тилига ўгирганимда, рисоладагидай гап чиқавериши бу фикримни тасдиқлагандек бўлди. Шундан сўнг тил билан боғлиқ хатоларни кетма-кет қайд этишни бошладим. Чунки улар мисолида тил бирликларининг табиатини янада чуқурроқ англаймиз, таҳлил қилганимизда эса ўзбек тилидаги сўзлар, бирикмалар, умуман, лисоний ифодаларнинг хусусиятларини яхшироқ тушунамиз.
Шу маънода сериалнинг ўзбекча дубляжида учраган айрим хатоларни уч гуруҳга ажратиб таҳлил қилдик:
1. Таржимадаги хатолар. Сериалнинг 1-фасл 5-қисмида роҳиба аёл томонидан айтиладиган бир гап бор. Русча дубляжда “…нельзя не верить в Бога и одновременно злиться на него» дейилади. Ўзбекчага шу гап «Уни ғазаблантириб, унга ишонмаслик мумкин эмас», деб таржима қилинган. Аслида эса “...бир пайтнинг ўзида Худога ҳам ишонмаслик, ҳам ундан аччиқланиш мумкин эмас» деган мазмун ифодаланиши керак эди.
Шунингдек, 1-фасл 8-қисмда Форман доктор Хаусга бемор ҳақида «атропинга таъсири йўқ», дейди. Атропин дори бўлса, нима учун бемор дорига таъсир қилиши керак, аксинча бўлиши керак эмасми, деган савол пайдо бўлади. Ҳолбуки, русчадаги «Не реагирует на атропин» жумласи сўзма-сўз таржима қилинганда ҳам «бемор атропинга ҳеч қандай реакция билдирмаяпти» мазмунини беради. Ўзбекчада эса оддийгина ва тушунарли қилиб, «Атропин таъсир қилмаяпти» дейиш тўғри бўларди. Яна бир қисмда Хауснинг Воглерга «Я не завидую комитету по трансплантатам» деган гапида феълдаги инкор юкламаси тушириб қолдирилиб, «ҳасад қиламан» шаклида таржима қилинган. «Ҳасад қилмоқ» ва «ҳавас қилмоқ» феъллари рус тилида ҳам, инглиз тилида ҳам битта феъл билан берилиши ва ўзбекчага таржима қилаётганда контекст ва вазиятга қараб айнан қайси маънода қўлланаётганини аниқлаш лозимлигини кўпчилик билади. Бўлишсиз феъл бўлишли шаклда хато таржима қилиниши билан бирга, айни ўринда «ҳавас қилмайман» маъноси ифодалангани эътибордан четда қолган.
2. Сўзма-сўз таржима. Диалогларнинг аксарияти сўзма-сўз таржима қилингани учун тушунарсиз чиққан. Хусусан, бир сафар Камерон Хаусга «Туғилган кунингиз билан» дейди, жавобан Хаус «Кимни?» деб сўрайди. «Кунингиз» сўзидаги эгалик қўшимчаси туғилган кун кимники эканлигини билдириб турганига наҳотки таржимон ҳам, матнни ўқиётган мутахассис ҳам эътибор бермаган бўлса? Туғилган кун билан табриклаш учун айтиладиган инглизча «Ҳаппй биртҳдай», русча «с днем рождения» ифодаларида гап кимга қарата айтилаётганини вазият белгилаб беради, уларда ўзбек тилидаги каби туғилган кун кимга тегишли эканини очиқ ифодаловчи грамматик кўрсаткич қўлланилмаган. Инглизчада (сериал яратилган тильда) Хаус вазиятдан гап унга қаратилганини билиб турсада, бу масалага бепарволигини кўрсатиш учун «кимни» деб сўрайди. Ўзбекчада эса икки одам гаплашаётиб, бири «Туғилган кунингиз билан» деганда, иккинчи суҳбатдош «Кимни?» дея сўраши камида аҳмоқлик белгиси саналади.
Биринчи фаслнинг охирги қисмида «пешоб пуфаги» бирикмаси ишлатилган. Русчадаги «мочевой пузырь»нинг сўзма-сўз таржимаси. Ўзбек тилида у аъзонинг «қовуқ» деган номи борку!
Шунингдек, сериалда кўп такрорланадиган «таҳлил натижаси салбий / манфий», «дори иш беряпти /бермаяпти», «унда оғриқ бор» каби сўзма-сўз таржима бўлган жумлалар борки, улар ўзбек томошабини учун ўта ғализ эшитилади. Жумладан, «таҳлил натижаси салбий / манфий» ёки «биопция натижаси салбий» каби ифодани олайлик. «Салбий» сўзи ўзбек тилида «ёмон» деган деган маънони билдиради. Рус тилида «отрицательный» бўлса, у инсон сифатларига нисбатан ишлатилганда «салбий» деган мазмунни, тиббий таҳлил натижаларига нисбатан ишлатилганда «инкор қилувчи» мазмунини англатади.
Ҳар қандай тильда кўп маъноли сўзлар, жумлалар бўлиб, бирор ифодани билдириш учун бошқа тильда айнан ўша сўз билан бериб бўлмайди. Масалан, ўзбекча «кўчанинг боши» деган бирикмадаги «бош» сўзини рус тилига ўз маъносида «голова», яъни «голова улицы» деб таржима қилиб бўлмайди. Шунинг учун «таҳлил натижаси салбий / ижобий» дейишнинг ўрнига, «таҳлил натижаси бу касаллик борлигини кўрсатмади / кўрсатди» дейиш томошабин учун тушунарлироқ бўларди.
3. Сўзларни хато қўллаш. Сериалнинг ўзбекча таржимасидаги аксарият гапларда сўзларнинг услубий жиҳатдан хато қўлланганига ҳам гувоҳ бўламиз. Масалан, «ёлғиз, жуфти (эри ё хотини) йўқ» деган тушунча «танҳо» сўзи билан берилган. Ўзбек тилида «танҳо» сўзи «тенги йўқ, ўхшаши йўқ» деган ижобий маънони англатади. Бу тушунча «ёлғиз» сўзи билан ифодаланса тўғри бўлади. Шунингдек, дубляжда бир неча марта «зарба етказди» деган жумла қўлланган. Зарба етказилмайди, берилади; зарар етказилиши мумкин. «Зарба бермоқ», «зарар етказмоқ» каби феъллар ясама феъл ҳисобланиб, худди ясама отлар каби (масалан, ошқозон, отбоқар) битта сўздир. «Ошқозон»ни «оштова» ёки «оштовоқ», «отбоқар»ни «отқарар» деб бўлмагани каби «зарба бермоқ»нинг ўрнига «зарба етказмоқ» деб бўлмайди.
Яна бир ўринда «қандай касаллик эканини тахмин қиляпти» деган мазмунда «унинг ғояси бордир» деган гап ишлатилади. «Ғоя» сўзи мазкур вазиятда нотўғри ишлатилган. Ҳойнаҳой русча «у него есть идея?»дан сўзма-сўз таржима қилинган. Қайси ўзбек шифокор ҳузурига борса «менинг касалим нима эканлиги ҳақида бирор ғоянгиз борми?» деб сўрайди? Нега ўзбек томошабинига тушунарли шаклда «Хаус нима деб тахмин қиляпти» ёки «Хаус қандай фикрда» деб таржима қилиш мумкин эмас?
Дубляж, албатта, жуда қийин ва мураккаб жараён. Ҳозир аксарият ишлар тез бажарилиши ортидан сифат тушиши ҳолатлари кузатилади. Мазкур сериал дубляжида йўл қўйилган хатоларни ҳам шундай сабаблар билан изоҳлаш мумкиндир балки. Аммо маромига етказиб бажарилган иш натижаси узоқроқ яшайди. Сериалнинг ҳам бир неча йил давомида томошабинларни зериктирмай, севимли асарга айлангани уни яратишда ана шундай катта меҳнат қилинганидан далолат беради. Айниқса, бош қаҳрамоннинг истеъдодли ва закий экани, фавқулодда тўғри қарорлар қабул қилиши томошабинларнинг меҳрини қозонди. Шунингдек, Доктор Хауснинг интеллектуал фазилатларидан бири унинг полиглотлигидир. Аммо, афсуски, у ўзбекчани яхши ўзлаштира олмади…
Ирода Азимова
Филология фанлари номзоди, доцент
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ