Ҳаётни англаш, тафаккур қила олиш учун ўнта китоб кифоя. Бироқ ўша ўнтани топиш учун эса юзлаб, минглаб китобларни ўқиб чиқишга тўғри келади. Дунёда шу пайтгача чоп этилган асарларни ўқиб тугатишга бир инсоннинг умри етмаслиги аниқ, шу боисдан ҳам имкон қадар зарурати юқори бўлган сара китобларга вақт ажратиш тўғри қарор назаримизда.
Ушбу тавсия қилаётганларимиз қатъий рўйхат эмас, келинг, бу кетма-кетликни нисбий тушунамиз. Бироқ шунга аминмизки, ёшларимиз ақл қудуғининг тўлиши, дунёқараши ва маънавий қиёфасининг ижобий томонга ўзгаришида бу асарларнинг қиймати бўлак.
Ёшлар, фикрлашдан тўхтаб қолмаслик, тафаккур қилиш бахтидан мосуво бўлмаслик, муваффақият қозониш учун ҳам китоб ўқинг, мутолаа қилинг! Зеро, ўз сўзи, мустақил позициясига эга ҳақиқий шахсга айланишингиз учун бу ғоят муҳимдир! Демак, Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев ёшлар оъқиши учун 10та китоб тавсия қилади.
1. «Бобурнома», Заҳириддин Муҳаммад Бобур
Туркий элнинг буюк фарзанди, шоҳ ва шоир – Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг буюк истиғфори ва иқрорлари ўрин олган асар. Ҳақиқатнинг кўзига тик қарай олган жўмард Бобурнинг шахсиятини, ўша давр ва замон руҳини бу асар орқали таний оламиз. «Бобурнома» адабиёт, тарих, фалсафа, география, психология, ҳарб санъати, умуман, деярли барча соҳани қамраб олган энг уникал, сара китоблардан бири ҳисобланади. Бобур шоир, кучли саркарда ва шу билан бирга жаҳон тарихида катта из қолдирган сиёсатчи. «Бобурнома»дек биографик асарлар эса бобомиз ҳаёти, тажрибасини ўрганиш учун жуда қимматли манбадир.
2. «Асрга татигулик кун», Чингиз Айтматов
Асарда манқурт бўлмаслик, одам ҳамиша ўз шахсий қараши ва қадриятларига эга бўлиши лозимлигига урғу берилган. Дунёдаги ҳеч бир ғоя инсонни қурбон қилишга, инсоннинг инсонлигидан жудо қилишга арзимайди, деган улкан ғоя илгари сурилган. Инсон ўзлигини билиши, таниши қанчалар муҳимлиги ва ўзликдан айрилиш нақадар даҳшатли оқибатларга олиб келишини билиш, тушуниш учун ҳам мазкур асарни ўқишингизни истардим.
3. «Кеча ва Кундуз», Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон
Ўтмишдан тўғри хулоса чиқариш, давр зулмига қурбон бўлган ёшларнинг аччиқ қисматидан сабоқ олиб, доим олдинга интилишга даъват қиладиган бу роман ҳозирги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Романда айниқса, менга жуда ёқадиган жиҳат у миллат қизларини таълим олишга, илм-маърифатли бўлишига ундайди.
4. «Отамдан қолган далалар», Тоғай Мурод
Асар ўзбек халқининг буюк бардошига қўйилган ҳайкалдир. Романда ҳар бир ўзбек ёши ўқиши керак бўлган ўтмишимиз, моҳиятимиз, ғоямиз, илдизимиз бор. Бу асарни, албатта, ўқинг ва мустақиллик нақадар олий неъмат эканлигини яна бир бор чуқур англанг.
5. «Мартин Иден», Жек Лондон
«Мартин Иден»да ёш истеъдод эгасининг қисмати, ялтираган ҳар нарса олтин бўлавермаслиги, жумладан, муҳаббатга ҳам енгил қараб бўлмаслиги ҳақида ғоялар бор. Жаҳон адабиёти дурдоналари ичида ушбу китобга меҳрим бўлакча. Муваффақиятга эришиш учун синовларда тобланиш, мақсаддан оғишмай манзилга ета олиш борасида мазкур бадиий автобиографик асар орқали билиш мумкин.
6. «Уруш ва Тинчлик», Лев Толстой
Романда Бородино жангига сабаб бўлган воқеалар ва унда иштирок этган шахслар, арбоблар тилга олинади. Замон ва макон чегараларидан ўтиб келган бу асар инсоният тинчлик, муҳаббат ва саодат учун яратилгани ҳақида улуғ ёзувчи ва файласуф Толстойнинг замон ва макон чегараларидан ўтиб келаётган ҳайқириғидир.
7. «Уста ва Маргарита», Михаил Булгаков
Романда асли киевлик бўлган ёзувчининг ўз давридаги большевиклар сиёсатига ўзининг ҳаққоний қарашлари ифодаланган. Ўқиш, тушуниш, англаш ва хулоса чиқариш бирмунча мураккаб бўлган ушбу асар ҳаётнинг асл моҳиятини, инсоннинг ўзлигини англашга бўлган чорловдир.
8. «Пуанкаре», Абдуқаюм Йўлдошев
Ушбу асар илм йўлини танлаган ёки олдига катта мақсад қўйган ёшлар учун ҳаётнинг икир-чикирларига ўралашиб, ўз йўлини йўқотиб қўймаслик, ҳаракатларини кечиктирмаслик, мақсадга бугун интилиб, бугун эришиш лозимлиги ҳақидаги энг таъсирли китоблардан биридир.
9. «Бахт етказиш» (Миллиард долларлик интернет дўкон тарихи), Тони Шей
Асар инсон ўз фаолиятида янгиликларни синаб кўришдан қўрқмаслик, асл севган касбини излаб топишда қатъиятли бўлиш, қадриятларни тўғри қўйиш, ҳар ким муваффақиятли ва бошқаларга бахт улаша оладиган инсон бўла олиши мумкинлиги ҳақидаги ҳаётий китобдир. Ёшларимиз бу асардан ҳам катта таассуротлар олиши аниқ.
10. «Кичкина шаҳзода», Антуан де Сент Экзюпери
Қисса – инсоннинг ўзи ва ҳаёт ҳақидаги ҳақиқатларини улғайтириши, қарашларини ўзгартириши, янги ғоялар ва ихтироларга илҳом бағишлаши билан ҳар қайси давр шахс учун қийматли ва муҳимдир. Айримлар ушбу асарни фақат болалар, ёшлар учун деб ҳисоблайди. Йўқ у барча ёшдагилар, тили, дини, миллатидан қатъи назар бутун инсоният учун ёзилган ва улар ўқиши керак бўлган асардир.
Матн: Инобат Аҳатова
Манба: «Ёш куч» журнали
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ