Қисқа таржимаи ҳоли
Олим ва шоир Тўғон Эрназаров 1922 йил 15 декабрда (ҳижрий ҳисобда 1341 йил Робиъус-соний ойининг 26-куни, муборак жума кунида) Тошкентда, оддий деҳқон оиласида таваллуд топди. Оилада, мактабда, ўқувчилар саройида илк ҳаёт дарсларини олди. У болалигидан шеърлар, кичик саҳна асарлари ёзиб, турли кўрик-танловларда қатнаша бошлади. Бўлажак журналист хилма-хил мавзудаги ихчам хабар ва лавҳалари билан болалар, ёшлар ва катталарга мўлжалланган газеталарда кўриниш берар эди.
1983 йилнинг 15 январида (ҳижрий ҳисобда 1403 йил робиъус-соний ойининг 1-куни, шанба айёмида) вафот этди. Таваллуд ва вафот куни ҳам робиъус-соний кунига тўғри келди.
Иккинчи жаҳон уруши
1941 йилда Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, неча минглаб ёш тенгдошлари қаторида ўн тўққиз яшар Тўғон ҳам урушга олинди. 1942 йилда эса жанговар алоқачи бўлиб фронтга жўнади. У қўлида қурол ва қалам тутган ҳолда Сталинграддан Прагага қадар бўлган жанговар йўлни босиб ўтди. Икккинчи Украина фронтида чоп этилиб турган ўзбекча газеталарнинг ҳарбий мухбири сифатида жанг майдонларидан хабар, репортаж, очерк, шеър, балладалар жўнатиб, уруш мавзусида ҳикоялар ёзиб, жангчиларни жасоратга ундади.
Ёзувчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Адҳам Раҳмат “Тоғлар орасида” китобида адиб ҳақида қуйидаги сўзларни ёзган: “Тўғон Эрназаров фронтга жангчи алоқачи бўлиб борган. Сталинград окопларида ёвга қарши қўлига қурол олиб жанг қилган, олдинги марраларда ўт-олов ичида алоқа симларини улаган.
У маршал Р.Малиновский қўмондонлик қилган қўшин сафида Чехословакия, Венгрия ва Руминияни фашистлардан озод қилишда иштирок этди. Иккинчи Украина фронтида чиқиб турган “Қизил аскарлар” газетасининг ҳарбий мухбири сифатида жангчиларимиз жасоратини абадийлаштиришга ҳисса қўшди. Жанговар хизматлари учун орден ва медаллар билан мукофотланган...”.
Урушдан кейинги йиллар
Олимнинг садоқатли шогирди, тарих фанлари номзоди Анвар Каримовнинг устоз ҳақида келтирган маълумотларига кўра, ҳарбий журналист бўлиб шаклланган Тўғон Эрназаров уруш тугагач, фронтда чиқиб турган ўзбекча газеталар тахламини бағрига босиб, Тошкентга саломат қайтиб келади. Урушдан кейинги йилларда Тўғон оға республика ёшлар газетасида адабий ходим, бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари, “Билим” жамиятида муҳаррир бўлиб хизмат қилди.
Тарих фанлари доктори
Тошкентдаги Педагогика институтининг кечки бўлимида таълим олди. Яна Москва шаҳридаги олий ёшлар мактабининг тингловчиси бўлди. Ўқишни муваффақиятли тамомлагач, илмий ишни ёқлаб, тарих фанлари номзоди илмий даражасини олди. Ўша пайтдаги “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида масъул котиб бўлиб, айни вақтда Тошкент давлат университетининг журналистика кафедрасида ўқитувчилик қилди. Ўн йил давомида Тошкент олий кадрлар тайёрлаш мактабида кафедра мудири вазифасида ишлади. 1965 йилда Ўзбекистон матбуоти тарихи соҳасида докторлик илмий ишини ёқлади.
Журналистик ва муаллимлик фаолияти
1967 йилда Тошкент давлат университетига ишга ўтиб, журналистика факультетини ташкил этди. Факультет декани лавозимига сайланди, “Матбуот назарияси ва амалиёти” ҳамда “Матбуот тарихи” кафедраларини бошқарди. Журналистика соҳасига оид илмий-тадқиқот ишларида янги йўналишларни бошлаб берди.
Ўттиздан ортиқ ёш, истеъдодли олимлар у кишининг раҳбарлигида номзодлик илмий ишларини ҳимоя килди. Устоз бир неча илмий тадқиқотларга йўриқчи бўлди. Профессор Тўғон Эрназаров барпо этган илмий мактаб ўз вақтида кенг миқёсда эътироф этилди.
Олимнинг шоирлиги
Камина Тўғон Эрназаровнинг шоирлигини Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида ўқиб юрган вақтимда (тахминан 1975–1976 йилларда) билганман. У вақтларда жўшқин мушоиралар, шоирлар билан самимий учрашувлар кўп бўлар эди. Бир гал факультет синфхонасида оташин шоирлар Усмон Азим, Хуршид Даврон, дилкаш ёзувчилар Эркин Аъзам, Нодир Норматовлар билан адабий учрашув бўлди. Тадбирни дарсдошимиз Сирожиддин Саййид ташкил этган эди. Ўшанда анжуманни доктор, профессор Тўғон Эрназаров бошқарган ва Усмон Азим у кишининг шоир эканини эълон қилиб, шеър ўқиб беришини сўраганди. Кейинроқ мен Чорсудаги китоб дўконидан устознинг “Окоп сатрлари” китобини топиб, харид қилдим.
Асарлари
Тўғон Эрназаровдан “Туркистонда вақтли матбуот”, “Ўзбекистонда халқ матбуотининг равнақи”, “Жангчи қалби”, “Окоп сатрлари”, “Европа бўйлаб”, “Таниқли матбуот дарғалари”, 3иёд Есенбоев, Убайдулла Иброҳимов билан ҳамкорликда ёзилган “Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари” каби китоблари, шогирди Адҳам Акбаров билан ҳаммуаллифликдаги “Туркистон матбуоти тарихи”, “Ўзбекистон матбуоти тарихи” дарсликлари халқимизга ёдгор бўлиб колди.
Туркистонда матбуот тарихи
Тўғон Эрназаров фикрига кўра, 1870 йил 28 апрель (янги ҳисобда 10 май) Туркистон ўлкасида вақтли матбуотнинг дунёга келган куни ҳисобланади. Бу кунда «Туркестанские ведомости» (“Туркистон хабарлари”) расмий газетасининг биринчи сони чиққан.
«Туркестанские ведомости» газетаси ўша даврда чоп этилиб турган губерния ва вилоят хабарномаларидан сезиларли даражада фарқ қилган. У даврда, худди Россияда бўлганидек, маҳаллий газеталарнинг муҳаррирлиги қоидага кўра газета ишлари вилоят бошқарувчилари томонидан идора этилган. Туркистонда эса газетага генерал-губернатор тасарруфида белгилаб берилган ҳарбий шахслар муҳаррирлик қилишган. Далил-исбот тақозосига кўра, амалда биринчи беш йилликда газета шахсан генерал-губернатор Кауфманнинг ўзи томонидан бошқарилиб, таҳрир этиб борилган.
«Туркестанские ведомости» (“Туркистон хабарлари”) газетасининг биринчи расмий муҳаррири Ўрта Осиёни биринчи тадқиқ этган шахслардан бири, ўлкадаги географик ва этнографик ҳолатлар ҳақидаги кўплаб илмий ишлар муаллифи, пиёда аскарлар офицери Н.Маев бўлган.
1892 йилнинг 20 ноябридан бошлаб то 1899 йил 17 декабригача «Туркестанские ведомости» газетасига А.Романович муҳаррирлик қилган. Унинг ўлимидан кейин газетага пиёда аскарлар офицери С.Гаппенер (1890 йилнинг 20 апрелидан то 1901 йилнинг 29 май кунигача) муҳаррир бўлган. Унинг изидан газетага муҳаррирлик қилган шахс касбан педагог бўлган Н.Малицкий деб қайд этиш мумкин. У 1901 йилнинг 5 ноябридан то 1907 йилнинг 9 январигача муҳаррирлик қилган” (Т.Эрназаров ва А.Акбаровнинг “История печати Туркестана” (“Туркистонда матбуот тарихи”) китобидан).
Бу маълумотдан равшан бўладики, Туркистон ўлкасида вақтли матбуот ишлари мустамлакачи зобитлар томонидан бошқарилган.
Журналистлар сулоласи
Домланинг оиласи Ўзбекистонда журналистлар сулоласини ташкил этган хонадондир. Устознинг тўнғич фарзанди Қудрат Эрназаров Ленинград (ҳозирги Санк-Петербург) университетининг журналистика факультетини тамомлаб, Москва давлат университетида журналистика соҳасида илмий иш ёқлади, кейинчалик тарих фанлари доктори илмий даражасини олиб, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида кўп йиллар турли лавозим ва вазифаларда хизмат қилди.
Қизи Шоҳистахон Эрназарова мазкур университетнинг шарқшунослик факультетини битириб, кўп йиллар Ўзбекистон телерадио қўмитаси қошидаги “Ватандош” таҳририятида чет элдаги юртдошлар учун эшиттиришлар тайёрлаб, журналистик фаолият юритди.
Кенжа фарзанди Азиз Эрназаров ҳам ота изидан бориб, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида шоир Сирожиддин Саййид, таниқли спорт шарҳловчиси Рихситилла Умаров, буюк адиб Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий, марҳум журналист Маъмуржон Назаров, камина кабилар билан бирга таълим олди. Кўп йиллар Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизматининг бошлиғи ҳамда ўзбек ва рус тилларида чоп этиладиган “Постда” ва “На посту” газеталарининг бош муҳарири сифатида қизғин журналистик фаолият билан шуғулланди. У Ички ишлар вазирлиги тарихида полковник унвонига эришган илк журналистдир.
Азиз Эрназаровнинг жуфти ҳалоли Гулчеҳрахон Эрназарова ҳам ТошДУнинг журналистика факультетида таълим олиб, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида қирқ йил муҳаррир бўлиб хизмат қилди. Устознинг набираси, Азиз Эрназаровнинг қизи Шаҳнозахон Кенжаева Ўзбекистон телевидениясида бошловчи муҳаррир вазифасида хизмат қилмоқда. Азизнинг яна бир қизи Шаҳлохон ҳам журналистика соҳасида таълим олган. Юртимизда бундай сулола кам бўлса керак.
Устознинг юзлаб шогирдлари фақат Ўзбекистонда эмас, балки яқин ва узоқ хорижий мамлакатларда, халқаро ташкилотларда самарали хизмат қилганлар.
Хонадон дўстлари
Тўғон Эрназаровнинг хонадонига Ўзбекистоннинг атоқли олим, шоир ва арбоблари тез-тез ташриф буюриб туришарди. Дарсдош дўстимиз Азиз Эрназаровнинг эслашича, уйларига таниқли олим Асил Рашидов ҳам келиб суҳбатлашиб тураркан. У киши ўша маҳалдаги давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи, Шароф Рашидовнинг укаси бўлиб, акасига жуда ўхшар эди. Асил оғага кўзи тушган қўни-қўшнилар: “Уйларингизга Шароф Рашидов келдими?” деб ҳайратланишар экан.
Шоир Турсун Али яна бир хотирани сўзлайди. Атоқли шоир Абдулла Орипов бир куни (ижоди гуркираб, шуҳрати бутун мамлакатни тутган маҳалда) Тўғон Эрназаровни эслаб: “У киши улуғ одам” дейди ва улар устознинг “Жигули”сида домланинг уйларига боришади. Тўғон ака ва хонадон аҳли буюк шоирни иззат-эҳтиром билан кутиб олишади... Абдулла Ориповнинг фарзандлари ҳам устознинг: “Тўғон ака буюк инсон эдилар, менинг устозим бўлганлар”, деб айтганини эслашади.
Абдулла Ориповнинг ҳаёти Америкада тугагани халқимизга маълум. Азиз ҳожининг эслашича, у киши вафотларидан бир неча кун олдин Азизбекка қўнғироқ қилиб: “Домламизни тушимда кўрибман, иккаламиз ижод ҳақида суҳбатлашаётган эканмиз”, деб айтади... Бу эсламалардан шоир ва олим ўрталарида муайян маънавий яқинлик борлиги аён бўлади.
Олимнинг ғояси – Туркистон ёди
Олим ва шоир Тўғон Эрназаров шўро мустамлакаси даврида “Туркистонда вақтли матбуот” мавзусида илмий иш ёқлаб, фан доктори, профессор мақомига эришган. Айнан шу мавзуда рус ва ўзбек тилларида илмий-тадқиқий китоблари нашр этилган. Асорат даврида улуғ Ватанни Туркистон деб ёд этиш ҳар кимнинг қўлидан келадиган иш эмас эди.
Муаллифнинг содда, лекин жўшқин шеърларида жасорат ва ғалабага бўлган ишонч туйғулари гупуриб туради. Бу шеърлар – тарихга айланган кунлардан хотира...
Домланинг “Жангчи қалби” (1975), “Окоп сатрлари” (1980) каби шеърий тўпламларидан шеърлари ҳамда “Тоғлар орасида” мажмусидан ҳикоялари танланиб, “Гўзал боғлар” номли китоби нашрга тайёрланди. Бу шеър ва ҳикоялар жангчи шоирнинг ғалаба ишончи билан ёнган қалби нидоларидир. Адибнинг шеър ва ҳикояларида давр мафкурасига тобелик ҳолати кўзга ташланса ҳам, самимий инсоний туйғулар устунлик қилади. Уруш – ҳамма даврда ҳам манфур нарса, тинчлик ҳамма даврда ҳам олий неъматдир. Ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик ҳамма замонларда ҳам қабиҳ нарса, адолат, инсоф ва тўғрилик ҳамма замонларда ҳам ҳаётбахш неъматдир. Марҳум устознинг самимий ёзмаларидан мана шу маъноларни уқиш мумкин.
Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
халқаро Бобур мукофоти соҳиби.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ