Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси фуқароларга қандай масалаларда ёрдам бера олади?


Сақлаш
17:10 / 28.11.2022 1149 0

Давлат раҳбари ташаббуси билан 2022 йилда республикадаги барча маҳаллаларда (10 000 га яқин) мутлақо янги тизим – “ҳоким ёрдамчиси” институти жорий этилди.

 

Маълумот учун, ҳоким ёрдамчилари лавозими маҳаллаларда аввалдан мавжуд бўлган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан ташкил этилган.

 

Ҳоким ёрдамчиларига юкланган асосий вазифалар:

1. Маҳаллада ишсиз аҳолини (ўз истагига кўра) иш билан банд қилишга кўмаклашиш;

2. Маҳаллада оилавий ва якка тадбиркорликни йўлга қўйишда кўмаклашиш;

3. Маҳаллада камбағалликни қисқартириш.

 

Келинг, ҳоким ёрдамчилари шу 3 та асосий вазифани НИМАНИ ЭВАЗИГА амалга ошириши ҳақида имкон қадар қисқа тушунча берай.

 

Маҳалладаги ишсиз аҳолини (ўз истагига кўра) иш билан банд қилишга кўмаклашиш мақсадида ҳар бир маҳаллага аҳолиси сони ва ишсизлар кўрсаткичидан келиб чиқиб маълум суммада пул маблағлари ҳар чоракда ажратилади.

 

Масалан, Сиз расман ишсиз мақомига эгасиз (оилали, оиласиз бўлишингиздан қатъий назар). Агар аниқ бир бизнес режангиз (томорқада иссиқхона яратиб, сабзавотлар, лимончилик, гул-кўчатчиликни йўлга қўйиш; хонадонда тикувчилик қилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш; гиламчилик ёки бошқа турдаги касаначиликни йўлга қўйиш; уйда пишириқчилик ёки қандолатчиликни йўлга қўйиш; товуқчилик, балиқчилик, асаларичиликни йўлга қўйиш; автосервис, сартарошхона, гўзаллик салонлари хизматларини бошлаш; шарбат, музқаймоқ тайёрлаб сотиш; ер ҳайдаш учун мини мотокультиватор, аҳолига хизмат кўрсатиш учун мотороллер харид қилиш ва бошқа 50 дан зиёд ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишлари) бўлса, ҳоким ёрдамчисига учрашинг.

 

Ҳоким ёрдамчиси бизнес режангиздаги камчилик ва нуқсонларни кўриб чиқади ва хусусий тадбиркорлигингиз учун ҲЕЧ ҚАНАҚА ГАРОВСИЗ 33 миллион сўмгача (деярли 3 000 АҚШ доллари эквивалентига тенг) бўлган суммани 3 йилдан 7 йилгача 14 % фоизда (Марказий Банк томонидан қайд қилинган энг кам фоизли кредит ставкаси) кредит олишингизга кўмаклашади!

 

Агар янги тадбиркорлик йўналишида тажрибасиз бўлсангиз, унда ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан туманингизда мавжуд бўлган Мономарказ ёки Ўқув марказларидан бирига айнан шу йўналишда БЕПУЛ ўқишингиз, тажрибангизни ошириб, ўқиш якунида махсус сертификат олишингиз ва ишингизни бошлашингиз имконияти яратиб берилади.

 

Танлаган тадбиркорлик фаолиятини бошлашингиз учун сизга зарур бўлган барча асбоб-ускуна ва хизматларнинг асл нархлари бозорда ўрганиб чиқиб, ТАЪМИНОТЧИ орқали ушбу товарлар (тикув машиналари, пишириқ учун махсус печлар, мотокультиватор, мотороллер ва ҳоказо) етказилади, хизматлар (ҳовлингизда иссиқхона, балиқхона қуриб берилади, асалари уялари, товуқларни юқумли касалликдан ҳимоя қилиш учун даволаш ва профилактика ишлари) амалга оширилади.

 

Таъминотчи томонидан етказиб берилган керакли асбоб-ускуна ва хизматлар реал бозор нархидан кўпи билан 10–15% гача қиммат бўлади, чунки таъминотчи ҳар бир хизмат учун солиқ тўлайди, бундан ташқари ўз хизмат хақи фойдасини ҳам қўшади.

 

Савол туғилади, НЕГА СУММА ФУҚАРО ҚЎЛИГА НАҚД ёки ПЛАСТИК КАРТАСИГА ЎТКАЗИЛМАЙ, аксинча 10–15% гача ҚИММАТ НАРХДА АСБОБ-УСКУНАЛАР, ХИЗМАТЛАР КЎРИНИШИДА БЕРИЛЯПТИ?!

 

Жавоби оддий, берилган кредит пулларини МАҚСАДСИЗ ИШЛАТИЛИБ ЮБОРИЛИШИНИ ОЛДИНИ ОЛИШ учун!

 

Фуқаро қўлига пул бериб, унга зарур бўлган товар ёки хизматларни ҚАЧОН сотиб олиши, амалга оширишини назорат қилиб туришнинг имкони йўқ!

 

Қўлига ёки пластик картасига пул тушиши билан сумма бошқа мақсадларга (болам, ота-онам касал бўлиб қолди, олдинги қарзимни тўлаб юбордим, қизим-ўғлимни тўйига ишлатиб юборишга мажбур бўлдим ва ҳоказо сабаблар) ишлатилиб юборилгач, берилган кредит ҳали фоизлари тўланмай туриб МАСАЛАЛИ КРЕДИТ тоифасига киради-қолади! Фуқаро эса берилган молиявий кўмак ёрдамида ижтимоий ҳолатини яхшилаш ўрнига, банкдан қарз бўлиб баттар қашшоқ ҳолатга тушади!

 

Марҳамат, бозорни ўрганинг ва таъминотчини суриштириб, ўзингиз топинг (ҳоким ёрдамчисидан хизматлари орқали танилган ҳалол таъминотчини сўрасангиз, тавсия қилиши мумкин) ва бирга сизга керакли товар ва хизматларни русум, нархи ва муддатларини келишиб олиб, онлайн ариза беринг!

 

Ариза онлайн платформада кўриниши билан, ҳоким ёрдамчиси таъминотчи томонидан хизмат кўрсатиладиган ишлар қийматини текширади (иссиқхона неча сотих ерга қурилмоқда ва қандай сифатли хом-ашё, қанча миқдордаги қурилиш материаллари кетади – яъни сўралаётган кредит суммасига мос равишда ишлатилмоқда) ёки товарлар фуқарога (тикув машиналари, пишириқ учун печлар, мотокультиватор, музқаймоқ ускунаси ва ҳоказо) тўлиқ етказилиб берилганини текшириб, реал вазиятни факт сифатида расмга олиб, банкка тавсия беради.

 

Пул товар ва хизматлар 100% бажариб бўлинганидан кейингина таъминотчи ҳисоб рақамига туширилади!

 

Бу кредит маблағларини НАҚДЛАШТИРИШ ва БЕМАҚСАД (аризада кўрсатилган товар ва хизматлардан бошқа мақсадларда) ишлатилиб юборилишини олдини олиш учун шундай ТИЗИМДА йўлга қўйилган!

 

Ҳўп, ҳаммани қўлидан ҳам тадбиркорлик келавермайди дейишингиз мумкин, марҳамат, деҳқончилик билан шуғулланиш ниятида бўлса, туманига қараб 1040 сотихгача унумдорлик бонитети ўрта ҳисобланган далалардан ерлар 10 йилдан 30 йилгача фуқарога аукцион орқали ИЖАРАГА берилади!

 

E-auksion.uz га киринг, туманингизда қаердан, қандай ерлар қўйилаётганини ўрганиб чиқинг, кейин Давлат хизматлари маркази (Ягона дарча) дан электрон калит сотиб олиб (18 минг сўм), ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилинг, у сизга далани қайси контуридаги ерга эгалик қилиш ҳуқуқларини берувчи аукционга қатнашиш учун онлайн ариза топширишга ёрдамлашади, қўшимчасига аукционда ғолиб бўлишингиз учун сизга катта баллга эга тавсиянома ҳам беради!

 

Инсон омилини четлаб ўтиш мақсадида барча ишлар онлайн тарзда амалга оширилади ва фуқародан тегишли платформаларда ариза бериш учун зарур билим ва техника (андроид телефон, компьютер, ноутбуклардан бири) талаб этилади.

 

Кўпчилик фуқароларда аукционга қатнашиш учун кўникма ва зарур шароит бўлмагани туфайли онлайн ариза ҳоким ёрдамчиси томонидан ёрдам тариқасида амалга оширилади.

 

Ўрнатилган тартибда 280 минг сўмни (Ёшлар ва Аёллар дафтарида расман турганларга БЕПУЛ қатнашиш рухсати берилади) аукционда қатнашиш учун ўз электрон аккаунтингизга гаров пули сифатида қўясиз, агар аукционда ғолиб бўлсангиз, бу сумма сиздан хизматлар учун ечиб олинади, мабодо юта олмасангиз, пулингизни пластик картангизга қайтариб тушириб олишингиз мумкин!

 

Ўзбекистон фуқароси дунёнинг исталган еридан туриб ушбу платформа орқали Ўзбекистоннинг ўзи ҳохлаган ҳудудларидан аукционга қатнашиши мумкин, истаса 10 та лотга қатнашиб омадини синаб кўрсин, барча тафсилот ва талаблар платформада батафсил ёзилган!

 

Агар фуқаро соғлиги жойида бўлиб, оилавий тадбиркорлик ёки деҳқончилик қилиш қўлидан келмаса, ушбу маҳалланинг ҳоким ёрдамчиси томонидан тумандаги бирорта яқин корхона, фабрика, ишхона ёки жамоат ишларига мавсумий, доимий ишга қўйишга кўмак берилади. Ҳамма иш фуқарони соғлиги ва қўлидан нима иш келишига қараб амалга оширилади!

 

Албатта, дунёнинг ҳамма бурчагида ҳам қўлидан бирор иш келмайдиган ишчига катта ойлик тўланмайди! Бошланишига ҳар қандай ойликка ишлаб, кейин аста-секин тажрибаси ошиб, бошқа ишларни кўрса бўлаверади! Шу арзимаган ойлик пули ёрдамида, ҳеч бўлмаса 1 қоп ун, озроқ ёғ, шакар олиб, коммунал тўловларини амалга ошириб турса бўлади.

 

Фикримча, умуман иш танлаб, ойлик танлаб уйида ишсиз, бекор ўтиргандан кўра, керак бўлса кўнгли истаган жойда бепул ишлаган афзалроқ, ҳеч бўлмаса иш ўрганиб, таниш орттириб, яхши хулқ билан ҳалол ишласа қаергадир албатта ишга илинади, меҳнаткаш, ҳалол ишчи ҳамма жойда керак!

 

Якка фарзандларини тарбиялаётган ишсиз аёлларга қўлидан келадиган ишга қараб тикув машинаси, пишириқ, қандолатчилик учун печлар, ҳовлисида иссиқхона қуриб бериш, товуқчилик ва бошқа ишлар учун 10 миллион сўмгача зарур товар ҳамда хизматлар СУБСИДИЯ (товар ёки хизмат кўрсатиш тариқасида бепул бериладиган ёрдам) асосида етказилиб берилади!

 

Хуллас, фуқаро маҳалласидаги ҳоким ёрдамчисига ўрнатилган тартибда хоҳ ўзи, хоҳ онлайн мурожаат қилсин, албатта жавоб олади!

 

Фурқат ҚУРБОНОВ,

Денов туманидаги маҳаллабай ишлаш тизимига

Республикадан бириктирилган вакил

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//