ХХ асрнинг биринчи чораги Туркистон ўлкаси тарихида ўзининг мураккаблиги, жараёнларнинг тез ва шиддатли тарзда кечгани, одамларнинг онгги ва тафаккуридаги динийлик ва дунёвийлик ўртасидаги курашнинг аёвсиз шаклга эга бўлгани, бир томондан эскилик анъаналарни сақлаб қолиш мақсадида қаттиқ қаршилик ҳаракатига эга бўлган диний қатлам, иккинчи томондан халқ ва миллатни замона руҳига мос тарбиялаш, одамларнинг тафаккурини ўрта асрлар даражасидан ХХ аср даражасига кўтариш учун бор кучлари билан ҳаракат қилган тараққийпарварлар ўртасидаги кескин кураш билан ёдда қолди. XIХ аср охирида юзага чиққан жадид тараққийпарварларининг ижтимоий-сиёсий ғоялари ХХ асрнинг бошларига келиб сиёсий ва амалий аҳамиятга айлана олди. Бу тарихий жараёнларнинг кечишида Ғози Юнуснинг ҳам ўзига хос ўрни ва роли мавжуд.
Ғози Юнус 1887 йилда Тошкент шаҳар 3-Оҳундгузар маҳалласида Маҳаматюнус ва машхур шоир “Котиб” – Пирмуҳаммад Аълам Турсунмуҳаммад ўғлининг синглиси, мактабдор Зулфия отин оиласида дунёга келган.
Ғози Юнус илк таълимни онасининг қўлида олиб, хат-саводини чиқаради. Бу тўғрида унинг ўзи қуйидагиларни ёзади: “Ибтидои таҳсилим эски мактабда бўлуб, ёшим 15 га кирганда Бароқхон мадрасасина таҳсилга кируб, 8-йил истиқоматимда “Аввали илм”дан бошлаб, “Ақоид”га етдим”.
Сирожиддин Аҳмад Ғози Юнуснинг мадрасани давом эттиришига иқтисодий имконияти йўл қўймаганини таъкидласа, Ғафур Умурзақов аксинча, у мадрасада таҳсил олиб, форс, араб, турк тилларини мукаммал эгаллаганини, ўқишни тамомлагач, унга “мулла” унвони берилганини, ҳатто мударрисликка ҳам таклиф этилганини, бироқ бу таклиф Ғози Юнус томонидан босмахона очишга доир режалари сабаб рад этилганини ёзади. Бироқ биз томонимиздан Ғози Юнуснинг авлодлари қўлида сақланиб қолган илмий мероси ва ўғли Тўлқин Ғозиевнинг хотира дафтарларини ўрганиб гувоҳ бўлдикки, Ғози Юнус ўзига тўқ ва бой оиладан бўлиб, ҳеч қачон отаси иккиси сувоқчилик касби билан шуғулланмаган ва иқтисодий жиҳатдан қийинчиликда яшамаган. Ғози Юнуснинг ўз таржимайи ҳолини бу тарзда ўзгартиришига сабаб давр сиёсати бўлиб, большевиклар ҳукумати йўқсуллар (камбағаллар – М.Алижонов) мамлакатини қурмоқчи ва табиийки бундай мамлакатда ўзига тўқ ва бой одамларнинг бўлиши мумкин эмас эди. Шу боисдан ҳам Ғози Юнус давр тақозиси билан ўзидан “камбағал” шахсни ясашга мажбур бўлди. Қолаверса, адибнинг авлодлари қўлида сақланаётган “Отамға марсия” шеърида ҳам Ғози Юнус отасидан эрта етим қолганлигини қайд этади. Шунингдек, Ғози Юнус мадрасада ҳам бир муддат мударрислик фаолияти билан шуғулланган, диний илмларда замонасининг илғор вакилларидан бири бўлган.
1917 йилнинг февраль ойида большевиклар, меньшевиклар ва сўл эсерлер куч билан ҳокимиятни эгаллаб олгач, 1917 йил 2 ноябрда Ленин ва Сталиннинг “Россия халқалари ҳуқуқлари декларацияси” ва “Миллатларнинг ўз тақдирини ўзлари ҳал этиш имконияти”га доир баёнотлари эълон қилинди. Юқорида тилга олинган баёнотлар билан Ленин ва Сталин империя чегараларида яшовчи халқлар учун миллий давлат қуришга ваъда қилган ҳолда, ҳатто янги барпо этиладиган миллий давлатлар инқилобий органлар томонидан тўлиқ ҳимоя қилинади, деб ваъда беришди.
Шу мақсадда 1917 йилнинг 27 ноябрь куни Қўқон шаҳрида Туркистон мусулмонларининг навбатдаги конгресси чақирилиб, якунда 54 кишилик Кенгашга бўйсунувчи саккиз аъзолик “Туркистон Мухториятининг муваққат ҳукумати”ни сайлади ва Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган воқелик – Туркистон Мухториятига асос солиниб, маҳаллий халқ бўлмиш туркистонликлар яна бир бор давлатчилик меъросига эга эканликларини исботлашди.
Яна шуни илова қилмоқ керакки, Мухториятни барпо қилиш маҳаллий бойларнинг ҳам, диндорларнинг ҳам фикри эмас, балки 1865 йилда генерал Черняев билан шартнома тузган, миллий мустақилликни ҳар нарсадан устун қўйган Мулла Солиҳбек ва унинг тарафдорлари ҳамда тараққийпарвар зиёлилар: Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдувоҳид қори Абдурауфқориев 1907 йилдан буён Россия давлат думасига мурожаатида илгари суриб келаётган ва бир қатор мусулмон қурултойларида қайта-қайта такрорланган фикр-мулоҳазалар ҳосиласи эди.
Ўлка тараққийпарварлари тўла мустақилликни эмас, балки автономия шаклига эга бўлган ҳокимият бошқарувини талаб қилишган эди. Бу борада Маҳмудхўжа Беҳбудий “Федерация, яъни Мухторият, биз Туркистон мусулмонлари истаймизким, Русия мамлакатиға ёпишиб туруб, хорижий ва ишларға анинг ила бир бўлиб туруб, доҳил (ички – М.Алижонов) ишлар ва тирикчиликларимизни ўзимиз идора этсак, мунинг кайфияти шундай бўлур”. Айтиш мумкинки, бу вақтинчалик чора бўлиб, Мухторият сифатида Туркистон куч тўплаб олгач, кейинчалик тараққийпарварлар тўла мустақиллик учун ҳам, албатта, сиёсий ҳаракатларни амалга оширган бўлар эдилар.
Туркистон Мухториятининг эълон қилиниши ўша давр тараққийпарварларининг барчасини хушнуд этди, тўлқинлантирди. Жумладан, Абдурауф Фитрат: “Туркистон Мухторияти… Темур ҳоқонининг чин болалари ёнида, Туркситоннинг тубжой турклари орасинда бундан обрўлик, бундан муқаддас, бундан суюнчлик бир сўзни борлиғига ишонмайман. Туркистон туркининг қонини қайнатгувчи, иймонини юксалтиргувчи бир қувват бор эса, ёлғиз шу сўзда бордир: Туркистон Мухторияти” деб ифтихор қилди. Бу фикрни “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1926 йил 10 декабрь сонидаги мақоласи билан Маннон Рамз ҳам қўллаб-қувватлайди: “Бундан илгари бўлғон мусулмон қурултойлари бўлсун, Туркистон ва умумий Русия қурултойлари бўлсун, ҳаммаси бир оғиздан деярлик Туркистонға Мухторият олишнинг лозим эканлиги тўғрисида қарор қилғон эдилар. Большевиклар ҳукуматининг бошлиғи Ленин ҳам сўнгги фармонида Русияда яшағон миллатларға, шу жумладан қозоқ билан Туркистон мусулмонлариға мухтойита эълон қилиб, ўз ишларини ўз қўллариға олиш мумкин эканлигини баён қилди. Шунинг учун бу кун Туркистон қурултойининг Туркистонни Мухториятли деб эълон қилиши халқ ва ҳукумат тилагига хилоф эмас эди”.
Мухториятнинг эълон қилиниши ўлка зиёлиларини чинакамига тўлқинлантириб юборди. Миллий матбуот Мухториятни олқишловчи шеър ва мақолалар билан тўлди. Шавқий Шаҳрихоний, Чўлпон, А.Беги, Ҳидоятулла Алиев, Саид Сунчалай, Ҳамза Ҳакимзода, Ғулом Зафарий, Муҳтор Бакр каби зиёлилар матбуот саҳифалари орқали халқни Мухториятнинг ташкил этилиши билан қутлаб, уларни бирликка чақирди. Жумладан, Ҳидоятулла Алиев “Туркистонға” шеърида ёзади:
“Кўрмайсанми олдда нурлар сочуб,
Чиқди сенинг ботқон қуёшинг…
…Керак сенга бикрак, кучли тўпқа
Қаршу туратурғон эрларинг.
Жонин, танин шунга қурбон этуб,
Сақлайтурғон эрларинг”.
Ғози Юнус ҳам тараққийпарвар зиёлилар қатори Туркистон Мухториятининг ташкил топганидан хурсанд бўлди ва ўзининг кўплаб мақолаларида қизғин қўллаб-қувватлади. Жумладан, Ғози Юнус “Ишчилар дунёси” журналида фаол тарзда Туркистон Мухториятининг легитимлигини сақлашга, мустаҳкамлашга чақирди ва ушбу Мухториятнинг ноқонуний тузилганлигига доир фитна назарияларни қатъиян рад этди. У “Тошкент масжиди жомеъинда 5 январь, жума куни “Уламо жамияти” тарафидан катта йиғин бўлиб, Умумтуркистон учун зўр кўнгилсиз воқеа бўлиб ўтди. Тарихда Туркистон учун бир қаро саҳифа очилди” жумлалари билан бошланувчи “Туркистон учун хўрлик” мақоласида мавжуд вазиятга холисона баҳо беришга ҳаракат қилади, шунингдек масжидда йиғилган уламоларнинг Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаш ўрнига аксинча, унга нисбатан ишончсизлик билдирганлигини қаттиқ қоралади.
Муаллиф: “Кечагина масжиди жомеъда қарийб икки юз минг бир оғиздан аҳд қилиб, такбир айтиб, йиғлашиб Ҳўқанддағи муваққат ҳукуматга байъат қилиб, керак бўлса жонимиз, молимиз, қонимиз билан ёрдам қилмоққа ваъда қилуб тарқалиб эдик. Яна иккинчи маротаба муваққат ҳукуматга содиқлигимизни ажнабий миллатларга кўрсатмак учун 13 декабрда ёшу қари, уламою ишчи байроқлар кўтариб намойиш ясаб, иккинчи қайтадан муваққат ҳукуматга содиқлигимизни изҳор қилдик. Маъал таъассуф, орада ҳеч қанча фурсат ўтмасдан муваққат озми-кўпми ишлаб турганидан бир тўда лойқа сувдан балиқ овлайдирган иртижопараст Мухторият душманлари масжиди жомеъда, одамлар ўртасида Мухторият хусусинда сўз қўзғотиб, содда халқнинг кўзига бир дона тухумни етмиш хил бўяб кўрсата бошлади. Бечора бизим халқ камоли софдиллиғидан бул жанобларнинг ноҳақ сўзларин ҳақ фаҳмлаб, ҳаяжонга келдилар” деб ёзади.
Большевиклар ҳукумати Туркистон Мухториятини ҳарбий куч билан йўқ қилиб ташлашдан олдин аввал халқ ўртасида унинг обрў-эътибори ва легитимлигини парчалашни мақсад қилган эди. Буни албатта кўпчилик давр зиёлилари сингари Ғози Юнус ҳам чуқур англаган. Шу боисдан ҳам у: “…муҳтарам уламоларимиздан, суюкли ёшларимиздан ўтинамизки, бундан буён ҳар икки тараф ҳам соф бўлиб ҳаракат қилингиз. Уламоларимиз қора халқ бизнинг орқамизда деб, Туркистонга уят келтирадирган ишни ишламасунлар. Ёшларимиз ҳам ўз фойда-зарарини ажратолмаган халқимиз учун кеча-кундуз раҳмат ўрнига лаънат эшитиб, бошдан оёқ куфр печати билан печатланиб, охири ўртада бирор қонли воқеа бўлиб, бадбахт Россияънинг аҳволи, Аллоҳ сақласун, бизим Туркистон бошига тушмасун деб қўрқамиз” деб ёзган ҳолда, халқни, Мухториятни асраб қолиш йўлида ўзаро ихтилофларни бас қилиб, бирлашишга чақирди.
Ғози Юнус қуруқ қоғозда Мухторият деб қўйилгани билан тузилиб қолинмаслигини, бунинг учун Туркистонда яшовчи олти ёшдан олтмиш ёшгача (яъни барча – М.Алижонов) чин дилдан исташи ва бу йўлда жидду-жаҳд қилиши лозимлигини урғулаб, халқни давлатчиликка доир масалаларни тинч ва демократик тамойиллар асосида овоз бериш йўли билан ҳал этишга чақиради. Бироқ муаллиф, энг аввало, ана шу овоз бериш маданиятини шакллантириш лозимлигини қайд этиб, бу борада Туркистон халқининг маданияти ўта саёз эканлигини очиқ-ойдин таъкидлайди: “Маданий миллатлар каби қўл кўтарганда масалани ҳал бўлишини билмасмиз, Эшмуҳаммад қўл кўтарса, Тошмуҳаммадбой қўл кўтарадир. Уламо қиёфатида бир киши минбарга чиқиб “Бизларга оқ керак” деса, “Ҳа, тақсир, оқ керак”, агар қора керак деса “Ҳа, тақсир, албатта, қора керак” деб қичқирадир”. Ғози Юнус ўзининг юқоридаги сўзлари билан халқнинг ижтимой-сиёсий онгининг қай даражадалиги хусусида ҳам маълумот бермоқдаки, муаллифнинг истаги ким қаёққа етакласа кетаверадиган мавжудотни эмас, балки мавжуд ҳолатни ва тарафларнинг ўзаро даъволарини таҳлил қила оладиган, шундан сўнггина хулоса чиқара оладиган шахслар оммасини (яъни ҳуқуқий онг кенг миқёс отган жамиятни) яратиш нечоғлик зарур эканлигига ишора қилади.
Ғози Юнуснинг Мухториятни ҳимоя қилиб ёзган мақолаларининг ичида “Диний мажаллада эътиборсизлиқ” фельетони айниқса муҳим ҳисобланади. Ушбу фельетон “Уламо” жамиятининг нашри-афкори бўлмиш “Ал-Изоҳ” журналида Мулла Пирмуҳаммад Аълам имзоси билан эълон қилинган “Баёни ҳақиқат зарифона” номли мақолага раддия ўлароқ ёзилган. Мақола муаллифи бўлмиш Мулла Пирмуҳаммад Аълам ўзининг олдига ҳали турмуш қурмаган ва никоҳсиз ҳомила орттирган аёл келганлигини, унинг бу иши шариатга зид эканлигини, бунинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини айтиб унга танбеҳ берганлигини ёзади. Аёл кетгач, муаллиф хаёлга чўмиб Туркистон Мухторияти ҳам гўёки никоҳсиз (ношаръий – М.Алижонов) туғилганлигига шама қилади. Ушбу мақола Ғози Юнуснинг ҳақли равишда ғазабини келтиради. Шу боисдан ҳам у уламолардек катта жамиятнинг юзи ҳисобланган журналда бундайин савиясиз ва туҳматдан иборат мақоланинг чоп этилишини қаттиқ қоралайди: “Ақли қосиронамизча, Савол миқдор хонимнинг ғайри машруғ бўлган ҳомиласи Аълам жанобларининг ўз пушти камарларидан бўлган бўлса керак. Чунки бул киши бирлан донлашиб юрганига, ўзларин иқрорларинча, ўн ойдан зиёдароқ вақт бўлди. Агарда хонимнинг муддати ҳомиласи тўлуб ўғул туғса, исмин Москов сездига бағишлаб “Мулла Мусовот” қўюлса, бул шум қадам агарда ўлмасдан катта бўлса, Тошкентдаги масжид, мозорларни сотиб ақчасиға Аълам жаноблариға ўхшаш мусаллас олиб ичиб битурадур”.
Бироқ большевиклар ҳукумати гарчи Польша, Финландия, Украина, ҳатто Арманистон мустақиллигини тан олгани ҳолда, Туркистон Мухториятининг мустақиллигини тан олмади. Натижада 1918 йил январь ойининг охири, февраль бошида Туркистон Мухротияти қонга ботирилди.
Бу хунрезликлар ўзбек зиёлиларини қаттиқ тушкунликка тушириб, бутун умидларни пучга чиқарди. Масалан, “Яшасун Туркистон Мухторияти! Яшасун мусулмон ишчилари шўроси” шиорлари остида чоп этилган “Ишчилар дунёси” журналида Ғози Юнуснинг “Ким айбли?”, “Ҳурриятми, ёки истибдод?” номли мақолалари ана шундай руҳда ёзилган.
“Ким айбли?” мақоласида Ғози Юнус ўзининг чинакам маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, Мухториятни қонга ботиришдаги ваҳшийликларни очиқ тарзда ёзиб, бу фожианинг асосий айбдорлари сифатида Ленин ва Троцкий эканини таъкидлайди: “Арман ваҳшийлари тарафиндан юзлаб бошлари узилган, арман мазолим динчилари тарафидан номуслари пораланиб, сўнг милтиқ учиға кўтарилган бокира заволли қизлар ким? Интиқомни туркистонлилардан оламиз, деб салла ўраб, мусулмонлар тарафида бўлиб, салла-чўпонини ташлаб, қўллариға қурол олиб, истиқболимизнинг чечакларини қирмоқ учун жасорат этган, у тўп, пулемётларни қулоғини бураган, муқаддас масжид ва мадрасаларимизни отдирғон, бутун шаҳарни ҳароб қилғонда том, уй, остинда “во ҳасрато” деб фиғонларин қилғонда, ошуриб оғизларинда “миллат” деб калимайи шаҳодатни талқин қилиб жон берғон ҳарбзадалар ким? Тақдирми, айбли? Ё бўлмаса Мухторият олингиз, умуммусулмонлар бирлашингиз, деб исрофил сурини таратган олий марҳаматли товариш Троцкий ила Ленин афандилар айблими?”.
Адиб, публицист, драматург ва Туркистон Мухториятининг жасур ҳимоячиси Ғози Юнус 1938 йилда Россиянинг Вологда шаҳрига сургун қилинади ва ўша ерда 1942 йил 5 майда очликдан вафот этади.
Ғози Юнус 1957 йил 22 январда Ўзбекистон ССР Олий Судининг қарори билан оқланган.
Ғози Юнус тараққийпарвар инсон сифатида хеч қандай тўсиқдан қўрқмай, мардонавор, қийинчиликларни енгиб ўтди, Туркистон Мухториятини ва унинг легитимлигини дадил ҳимоя қилди. Бу йўлда чинакам жасорат намунасини кўрсатди. Адибнинг ўзи қуйидаги мисраларни ёзганида қанчалик ҳақ эди:
Қайтмагайман, ҳеч қўрқмайман бу йўлдан,
Майли бўлсун кўз олдимда монеълар.
Йўлим тўсиб тиғ ўқталсин ёғийлар,
Умид учун кечмак керак бу чўлдан...
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси давлат
музейи катта илмий ходими
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ