Бундан 105 йил аввал айни шу кунлар Ҳўқанди латиф бутун минтақадан келган Ватан ва истиқлол орзусидаги Туркистон фарзандлари билан тўлган, шаҳарнинг барча кўчалари байрам шукуҳи остида эди. Абдурауф Фитрат ҳам Мухторият эълон қилинган 27 ноябрь тунини “Миллий лайлатул қадримиз” деб атайди. Шу муносабат билан эътиборингизга иккита манба тақдим этилмоқда. Бири “Ишчилар дунёси” журнали саҳифаларида чоп этилган Кастрома шаҳридаги турк асирларининг Мухторият байрами билан туркистонлик қардошларини қутлаб битган оташин мактуби, иккинчиси эса “Ер юзи” журналида Мухториятнинг 10 йиллигида берилган Рауф Яқубийнинг хотираси. Хотира большевикча бўҳтонга тўла, бироқ сизу бизга қизиқ бўлган ҳақиқатларни ҳам ошкор этади. Шаҳид боболаримиз руҳи шод бўлсин!
Баҳром ИРЗАЕВ
Мухторият байрамин табриклаб
(асир турк қардошларимиздан)
Асрларча русларнинг бўюнтуруғинда ҳар бир шея қаърус қолон, рус чорларининг кайфина қурбон этилиб, ошкинчалар олтинда инглаян турк-тотор вов интиқоми қалбиндан ҳеч бир замон чиқармас. Оталарин, оналарин тансир этдирмак учун чолишон руслардан бу кун турк-тотор турунлари, мусулмон ўғил-қизлари ўч олажаклардир. Эй, турк-тотор ўғлу! Шу очдиғинг кўк байроқ олтина бутун исломият-турклик китласи сенга “Байраминг қутлу ўлсун!” дея фарёд эдиюр. Сенинг дадаларинг муқаддас дини, қиз қардошларинг тамиз номусларини маҳв эдан у золим руслардан интиқом олмоқ учун эълон этдигинг шу мухторият байраминг муборак ўлсун дея такмил турклик олами, исломият дунёси табрик эдиюр.
Рус чирмолари олтинда энгаркан, масжидинг калисая дунуюрди; Сарбаст умаркан себрак эмсиз ерларинда, бўзлар орасинда унутилмиш бир ҳолда бўлинуюрдинг. Покиза исмат уюн ҳамширангнинг афти ҳанг эдиюрди, миллий ғоянгга сод чекилурди. Эшитасан шум золими кўз ўнгина кетарак ёндиғинг сарбасит бойрондаги мухторият мажлисинда интиқом ҳисларин унутма! Сани бутун исломият табрик эдиюр. Сенга бутун турклик “Интиқоми унутма!” дея мозийингни хотирлатиюр! Эй, шавкатли ислом аскари!
Бу кун дининг ўғуринда, офандигинг қонинг, вердигинг қурбонинг мукофотини шу очдиғинг мажлисингда веражагинг қарордан бикла!
Сен мозийдаги олим ҳолларингни, отдаги порлоқ кунларингни душунарак хайрли ишлар кўр! Дадаларинг ўлон “Удамишларинг”, “Ёдгор”ларинг динлариндан жабра дўндирилдигингни унутдингми?
Ивонларнинг, Василларнинг жавру жафосин унутдингми? – Хайр! Хайр!
Исломият душмани турклик жонувори улон Николайнинг, Иванларнинг, Василларнинг хоинликларини сен унутмадинг!
Дадаларингга ёпилон ҳақоратлари сенга япилон зулмлари, динга вурулон зарбаларин сан унутмадинг. Бугун очдиғинг ҳуррият мажлисинда, мухторият қурултойинда, исломият ижтимоинда, унутмадиғинг шейлардан интиқом олмоқ учун аҳд этажаксан, ондайинажаксин? Дин душманларидан ўчингни, миллат душманларидан интиқомингни олажак қурултойингни, дин қардошинг, қон қардошинг ўлан биз турклар табрик эдиюрлар.
Эй, туркли, асломлиғи зиёландиражак ўлон китла воҳда! Санга кибрак модна ва кибракса бадно хидмат этмак, сангла баробар у байрам мажлисинда бўлунмак исдарак; фақат асоратмиз шимдилик сингламади, бадни чолишмоқдин бизим монеъ этди. Локин, маъно чолишуб айрилмаёжиғина, сангла ол оло вируб чолишажағина дин, дил, қон, қардошинг, асир қардошларинг сўз верди. Биз шу ишда муваффақият қозонилмасини Аллоҳдан дилаюруз.
Тутилон ишда муваффақият, отилон одимда музаффарият дуосин эдарак, очдиғинг мажлиси, эълон этдигинг мухторияти табрик эдиёруз.
Истиқболинг порлоқ ўлсун. Истиқлолинг яқин ўлсун!
Қастирумода асир турк зобитлари.
24 ташрин сони, 1918.
Мухторият байрамин табриклаб
(асир турк қардошларимиздан (юқоридаги матннинг ўзбекча тадбили)
Асрлар бўйи русларнинг қўл остида ҳар қандай истибдодга сабр қилишиб, рус чорларининг жабру ситамларига чидаб, исканжа ва хўрликларда инграган турк-татарлар интиқомни қалбидан ҳеч унутмаслар. Аждодларнинг руҳини шод қилиш учун рус чорларидан бу кун турк-татар авлодлари, мусулмон ўғил-қизлари ўч олажаклар. Эй, турк ва татар ўғлони! Шу очганинг кўк байроқ остида бутун ислом-турк эллари сенга “Байраминг қутлуғ бўлсин” деб фарёд этмоқда. Аждодларинг муқаддас дини, қиз қардошларинг муқаддас номусларини топтаган у золим руслардан интиқом олмоқ учун эълон этганинг шу Мухторият байраминг муборак бўлсин, дея бутун турк дунёси, исломият дунёси табриклайди.
Рус чоризми остида қолган масжидларинг черковга айланиш арафасида эди, истиқбол қуёшин кутаркан, қора булутлар атрофни қопламоқда эди. Ўз ҳолингда сарҳуш ҳолатда унутилиб бўлинмоқда эдинг. Покиза қисматинг бўлган шифокоринг ҳангу манг, миллий ғоянгга эса чизиқ тортишмоқда эдилар. Энди сен қайғули толейингни кўз олдингга келтириб ўтказадиган байрамингдаги мухторият мажлисида интиқом ҳисларини унутма! Сени бутун Ислом олами табриклайди. Сенга бутун Турк дунёси “Интиқомни унутма” дея мозийни эслатади!
Эй, шавкатли ислом ансори!
Бу кун дининг йўлида оқизган қонинг, берган қурбонликларинг мукофотини шу очдиғинг мажлисингда берадиган қарордан кутиб қол!
Сен мозийдаги ўлим ҳолларингни, ортдаги порлоқ кунларингни хотирлаб хайрли ишлар бошла! Аждодларинг бўлган “Ўтамишларинг”, “Ёдгор”ларинг динларидан жабр билан қайтарилганини унутдингми?
Иванларнинг, Василийларнинг жабру жафосини унутдингми?
Йўқ! Йўқ!
Исломият душмани, туркийлик қаршилиги бўлган Николайларнинг, Иванларнинг, Василийларнинг хоинликларини сен унутмадинг!
Оталарингга қилинган ҳақоратларни, сенга қилинган зулмларни, динингга берилган зарбаларни сен унутмадинг. Бу кун очганинг ҳуррият мажлисида, мухторият қурултойида, исломият ижтимоида унутмаганинг жабру ситамлардан интиқом олиш учун аҳд этасанми, онт ичасанми?
Дин душманларингдан ўчингни, миллат душманларидан интиқомингни оладиган қурултойинг бирла дин қардошинг, қон қардошинг бўлган биз турклар табрик этурмиз!
Эй, туркийлик зиёнлари кўриладиган бу катта аҳдда сенга керак бўлса тинмай ва эринмай хизмат қилмоқ, сен билан мажлисда бирга бўлмоқ истаймиз. Фақат асоратимиз энди сен билан бошқаларни бирлик қуришига қарши бўлди. Лекин узоқ бўлса-да дастак бериб, сенга ҳеч айрилмай, сен билан қўлни қўлга бериб ишлашга, дин, тил, қон қардошинг, асир қардошларинг сўз берди. Биз шу ишда муваффақият қозонишингни Аллоҳдан тилаймиз.
Кўрилган ишда муваффақият, босилган ҳар қадамда музаффарият дуосини қилиб, очажагинг мажлис ва эълон этганинг Мухториятни қутлаб қоламиз.
Истиқболинг порлоқ бўлсин, истиқлолинг яқин бўлсин!
Қастирумодан асир турк зобитлари.
24 ташрин сана, 1917.
“Ишчилар дунёси”, 1918 йил 17 январь, №2, 25–26 бетлар.
Қўқон мухторияти ва Эргаш
(хотира)
1917 йил декабрь ойининг охирғи кунлари. Қўқон эски шаҳар кўчаларида, жомеъсида, бозор ва майдонларида тўп-тўп оломон. Ҳамма катта бир воқеа бўлишини кутади. Лекин нима бўлишини ҳеч ким айтиб беролмайди. Санаб қарасангиз, ҳукуматдан кўпи йўқ. Мухторият ҳукумати, Шўрои Ислом, Эргаш қўрбоши... Ҳақиқатда ким бош, ким хўжайин эканини халқ яна билмайди.
8-лар 4-ларни уриб ўлдириб қўйибдир, ҳукумат 8-чиларини...
Замон-замон Шўройи Исломники. Замон-замон Эргаш қўрбошиники...
Оломон ниманидир кутади. Лекин нима кутганини ўзи ҳам била олмайди. Ёшу қари томошо қилади. Ёки ички бир сезгининг таъсири ортиши билан йиғилиб, кўзини Шўрои Ислом томониға эгиб туроди.
Жомеъ ичида ҳам халқ тўла. Камол қози халққа қараб, большевиклардан нолийди:
– Большевиклар динимизни хор қилади. Большевиклар ундой қилади, бундой қилади, ким ёмон? Большевик ёмон. Мухториятимизни большевикларга эздирмаймиз ва ҳакозо...
Бу томонда Камол қози ва унга ўхшағонлар халқ кўнглида большевикларга душманлик ўрнатар эдилар.
Уламо халқни шунчалик маҳкам тутган эдики, ҳатто мажлис муассисониға бўлғон сайловда ишчиларнинг спискасини (4-номер) бузиб, ишчилар фойдасиға ташвиқот қилғон 3–4 кишини оломонға урдириб юборғон эди.
Халқ кўр қуролға айланғон. Уламонинг бир сўзи тўполон бошлаш учун кифоя эди. Лекин бу ҳукуматнинг мақсадини ишчи-деҳқон оммаси билмас эди.
– Ҳа, нима гап?
– Билмасам, болшевиклар ҳаммани бетинч қилмоқчи эмиш. Зўрлиқ қилор эмиш...
Петроградда октябрь инқилоби бўлиб, Тошкентдаги ҳукумат ҳам шўролар қўлиға ўтгач, Туркистон буржуазияси ва уларнинг иттифоқчиси бўлғон руҳонийлар Фарғонаға тўлғон эди. Ҳаш-паш дегунча булар Туркистон Мухторияти жумҳуриятини эълон қилдилар. Мухторият ҳукуматига кўпроқ қозоқлардан, руслар, тоторлар, ўзбеклардан ва бошқалардан аъзолар сайланди. Министрлар шўроси бошида Мустафо Чўқоюф, унинг саркотиби Чайковский турар эди. Министрлар бўлса, Исмирнуф, Убайдулла Хўжаев, Шоҳи Аҳмадуф ва бошқалардан иборат эди.
Мухторият ҳукумати ўрта ва майда буржуазияга, шуларнинг қуроли бўлғон эшон, қози ва имомларға, миллий либерал зиёлиларға тоёнар эди. Мухторият ҳукумати пул топиш мақсади билан биринчи бошлаб 30 милён сўмлиқ зоюм чиқорди. Албатта, буржуазия ўз ҳукуматидан пулни аямади, заюмини сотуб олди. Ҳукумат Қўқон эски шаҳаридан нориға ҳукми ўтмаса-да большевиклар билан бўлғуси урушни кўзда тутиб миллий қўшун тузмакка бошлади. Ҳар маҳалладан 5 кишидан йиғиб, миллий қўшуннинг сонини бир мингдан оширди. Лекин қурол йўқ. Қуролсиз аскарнинг қўлидан нима келади. Қишлоққа босмачиларға қарши чиқомиз деб баҳона билан крепустдан 120 милтиқ қарз олуб аскарлариға тарқатди. Аскарларига навбатма-навбат ўша қурол билан ҳарбий таълим берди.
Шу тартибда аскарларнинг ҳаммасига бирма-бир қурол топиб бериб, Туркистоннинг бошқа шаҳарларини ўзига қаратиш, бу нарса мумкин бўлғон тақдирда Бутун Туркистон ишчи-деҳқонларини кишанлаб, бойларға қул қилиб бериш – Мухторият ҳукуматининг мақсади ва вазифаси эди.
Буржуазия ўзининг боласи бўлғон Мухторият ҳукуматига қўлидан келганича ёрдам қилар; ўз заводларини, ўз ерларини большевиклар қўлиға бермаслик учун Мухторият ҳукуматининг яшамоғини, кучаймагини чиндан тилар эди.
Лекин буржуазия ва руҳонийларнинг хаёли юзага чиқмади. Тошкент пролетариати ҳукуматни ўз қўлиға олиши билан Қўқон йўқсуллари ҳам ҳаракат қилиб, Янги шаҳардаги ҳукуматни урушсиз-қонсиз ўз қўллариға олдилар. Крепуст қизил ғувордиялилар ва қуролли фирқалилар томонидан сақлана бошлади.
“Ўтган кеча Мухторият ҳукуматининг аскарлари крепустга сездирмай кириб, қанча бетартибчиликларни қилғонлар. Неча киши ўлган. Шунингдек, бир неча маротаба қилғон талабимизға мувофиқ крепустдан муваққат олғон 120 милтиқ қайтарилмади. Агарда эртага соат 3 гача Мухторият ҳукумати олғон милтиқларни қайтариб бермаса ва мухторият ҳукумати тинчиб туролмаса муваққат инқилобий қўмита ҳарбий ҳаракат бошлашқа мажбур бўлади...”
Ультиматум!
Шундан бир кун илгари, ярим кечада Мухторият ҳукуматининг бир тўп аскари ўша вақтда бош бўлиб юрган бир неча ёш пропуршиклар билан биргаликда, крепуст дарвозаси олдидағи қоровулни ўлдириб крепустга кирган эди. Бироқ, қизил ғувордиялилар уларга қорши ўт очти. Крепуст ичида ётқон шўро раиси ўртоқ Бобушкин (бу йил вафот бўлди) ҳаммани тўплаб олиб, мухториятчиларга ҳужум қилди.
Мухториятчилар натижасиз чиқиб кетдилар. Эртаси бутун крепуст ҳарбий ҳолатга ўтди. Тўплар, пулимўтлар Эски шаҳарга, Шўрои Ислом биносиға қоротиб қўйилди. Крепуст деворида қизил ғувордиялилар доим ихтиёт бўлиб кутиб қолдилар. Шу кун мухториятчиларни узул-кесил тугатиш учун қарор бўлиб, боёғи ултуматум берилган эди.
***
Бугун Шўрои Исломия ултиматумга жавоб беради. (Шу кундан эътиборан муваққат мухторият ҳукумати йўқ ҳисобланғон, фақат бир шакл бўлиб турар эди).
Катта пахтачи бой Потуляхуфнинг контура биноси, бино ичи ҳар хил миллий аъламлар, ёзувлар билан безалган. Ҳар кимнинг юзида ташвиш белгиси, ҳамма букун масъаланинг ҳал бўлишини кутмакда. Шўрои Исломия мажлисида эшон, қози, имом ва пахтачи бойлардан тортиб, “касаба бошлиқлари”ғача бор эдилар.
Масъала ўртоға қўйилди...
Музокараларнинг боришидан мухториятчиларнинг асло ён бермаслиги билинар эди. Музокарага чиққан ҳар бир кишининг оғзидан бир хилда сўз чиқор эди:
– 200 та келар-келмас большевикларга қараб уларнинг айтганини айтамиз, деганини деймиз ёки қил деганини қиламизми? Бу хоинлар бонкалардаги пулларни қоплаб олдилар. Энди бизга зўрлиқ қилодиларми? 120 та милтиқни олғон эканмиз, у ҳақиқатда ўз мулкимиз, уни бермаймиз... Билганини қилсин...
Шу онда касабалардан “вакил” бўлиб келган киши ҳам чиқиб айтади:
– 200 та большевикка кучимиз етмайдими? Шаҳар халқининг ҳаммасини чоқирамиз. Қишлоқлардоғи халқ ҳам қўлиға болта, теша, тош, пичоқ олиб келаберсин. Болшевикларнинг оёғини осмондан келтирамиз. Яна бойларимиз пулларини аёмай Мухторият йўлиға берсалар, албатта, ғолиб келишимизда шубҳа бўлмайди...
Мухторият ҳукуматининг Адлия министири Шоҳи Аҳмадуф гўё ҳукумат бор, дегандай киноя билан нутқ ирод қилади:
– Биз кичкина бир ўтти қаладиқ, энди бунинг ривожланиши сизга ва сизни сайлаб қўйғон Туркистон халқига боғлиқдир. Миллий қўшунимиз у қадар кучга эга бўлмаса-да, бу ишларнинг зафар топишиға умидимиз катта. Албатта, биз ҳам сизнинг ёрдамингизга мунтазирмиз.
Музокаралар битти. Бунда қандай қарор чиқарилиши, сўзнинг боришидан маълум эди.
Ултиматум ўз ишини қилса керак эди.
***
Қўқон Мухторияти эълон қилиниши билан шаҳар, қишлоқларда босмачилар кучайиб кетди. Ҳукумат бу ўғриларни бостиришдан ожиз бўлди. Ўғрини ўғри билади дегандай қўрбошиларнинг ичида ном чиқорғони Эргашни чоқириб келиб шаҳарга қўрбоши (полиса мистер) қилиб қўйди.
Эргашнинг таклифи билан крепустдан 120 та милтиқ қарз олиниб, қишлоққа чиқилди. Кўпчилик бўлиб босмачиларни қўзғотиб, шу баҳона билан меҳнаткаш деҳқонларнинг рўзғорини талаб, қанча “ғанимат”га эга бўлиб қайтдилар.
Эргашнинг бир эътибори икки бўлди. Халқ наздида 8-, Шўрои Ислом, Мухторият деган сўзларни Эргашнинг шакли қоплади.
Эргаш инқилобдан анча илгари Қўқон атрофини босиб, ҳаммани безор қилғонидан сўнг Чор ҳукумати томонидан ушланиб 8 йил муддат билан Сибирга которга хизматига юборилғон эди.
Инқилоб бўлиб, ҳамма маҳбуслар бўшоб чиққонидан кейин, бошқалар билан бирликда у ҳам ўз юрти Қўқонға қойтти. Қойтқони ҳамон эски бош кесар ёр-оғойниларини топиб олиб, яна босмачилиқ қила бошлағон эди.
Эргаш бир қўли чўлоқ, ўрта бўйлиқ, ҳийлакор бир жиноятчи одам эди. Қишлоқ халқи “Эргаш” дегандан қўрқиб, чўчиб тушадурғон бўлғон эди.
Энди шаҳарга кириб, маҳкам ўрношиб олғонидан сўнг ўзини гўё хон деб фараз қилди. Халқ ҳақиқатан Шўрои Исломия ва Мухторият ҳукуматидан қўрқмаса ҳам, Эргашдан қўрқар эди. Эргаш ўз вазифасини адо қила бошлади. Ҳар кун битта-иккита одамни аравага маҳкам боғлаб олиб бозорлардан ўткувчилар Эргашнинг одамлари эди. Буларнинг ҳеч қайсиси Эргашнинг уйидан омон чиқмас эдилар. Булар Эргашга қарши шайкаларнинг одами. Эргаш буларни бирин-бирин тутиб ўлдириб, ўғрилиқни ёлғиз ўзи қилмоқчи эди.
Ўзига қарши ўғрилардан Маззанг ўғри деганини бир кун ушлаб келдилар. Бу одам катта ва кучлиқ бўлғонлиғидан Эргашнинг бир-икки ўқи билан йиқилмади. Ниҳоят бунинг устига етти марта отқонда Маззанг ўғри ерга гурсиллаб йиқилди.
Эргаш душманларидан шундай ўч олар эди.
Хатто, Мухторият ҳукуматининг ҳақиқий таянчи бўлғон Камол қозилар ҳам кечалари сомонхонадан жой ахтарар эди. Замон-замон Эргашники бўлди. Большевикларга “адаб” беришни Эргашдан сўрадилар.
Бу ишга Эргашни кўндириш учун уламо ва буржуазия Эргаш олдида тиз буккан эди. Эргаш “хўп!” деди.
***
Белгиланган соатгача Мухторият ҳукумати жавоб бермади. Крепустдаги икки тўп (3 дюмалик) Шўройи Ислом устига ота бошлади. Эски шаҳардан Эргашнинг одамлари крепустга яқин жойларни эгаллаб крепустга ўқ уза бошладилар. Мухторият ҳукумати томонидан ёлланғон лезгин ва эрони отрядлари оломонни орқасидан суриб, крепустга ҳайдади. Қизил ғувардиялилар қон тўкишни истамасалар ҳам Эргаш одамларининг тўхтовсиз ўқ ёғдиришини қизил ғувордиялилардан қўрғошимлик жавоб талаб қилди. Улар ўқ отишқа мажбур бўлдилар. Уруш бошланди.
***
Уруш бир кун, икки кун, 3–4 кун чўзилиб кетди. Шаҳар устида ўқ ёмғирдай ёғилиб турса-да кўчаларда одам кўплигидан юриб бўлмас эди. Бунинг устига қишлоқлардан арава-арава таёқ билан қуролланган оломон шаҳар ичига сувдай ёғилар эди.
Ҳамманинг кўзини қон бости.
Бир чекадан қирғин бошланди. Эски шаҳарда армани қирғини кетди. (Бунга аччиғланғон арманилар Мухторият ҳукумати ҳайдалгач, аламларини эронилардан олдилар). Ҳамманинг қўлида биттадан йўғон шашвор. Ҳамма келаман ғанимат олиб, деб уйидан чиқади. Нечаси кўчаларда ўқ еб йиқилиб қолади. Лекин бунға эътибор қилғон одам йўқ. Ҳамма ғанимат умиди билан маст бўлғон.
***
Крепустда ўқ бита бошлади. Крепуст ичи овруполилар ва уларнинг оилалари билан тўлғон. Бу хабар ҳамманинг рангини ўчирди. Тошкентдан мадад кутар эдилар...
Ўлган одамнинг оғзиға сув томизғондай Тошкентдан Перфилуф отрадининг келиб етиши ҳаммага жон киргизди. Перфилоф поезддан тушгани ҳамоно, Эски шаҳарнинг таслим бўлишини талаб қилди. Лекин унга жавоб берадурғон одам йўқ. Мухторият ҳукумати, Шўройи Ислом аъзолари, бутун руҳонийлар, буржуазия ҳаммаси тум-тарақай, ўзидан ўзи қўрқуб қочиб кетган. Эски шаҳарда ёлғиз Эргаш хўжойинлиқ қилади. У на Перфулифни билади, на болшевикларни. У қип-қизил босмачи, фақат таламакни, ўлдирмакни билади.
Перфилуф Эргаш устига тўп отишқа мажбур бўлди. Болшевикларга мадад келишидан хабар олғон Эргаш ҳамма хеш-ақраболари, мол-мулкини аравага ортиб, қишлоққа Ҳазрат шо деган жойға жўнатти. Ўзи искаладлардаги кирасинни олиб чиқортириб, бозорни ҳамма жойиға носус билан сепдириб ўт қўйди. Ҳамма жойни аланга бости. Болшевиклар шу кечаси Эски шаҳарни ишғол қилдилар.
***
Эргашнинг крепустга кириб хон бўлишини кутган буржуазия учун бу кутилмаган воқеа эди. Ҳамма чарчаб нима қилишини билмай қолди. Бировнинг таклифи билан бир неча кишилар оқ байроқ кўтарган эканлар. Қолғон халқ буни эшитуб ҳаммаси ўз дарвозасига оқ байроқ тикди. Ҳамма қўлиға оқ байроқча тутиб юрийдурғон бўлди.
***
Уруш битди. Ҳамма тинчиди. Фақат қизил ғувардия ичига оралаб қолғон бузуқ унсурлар маҳалла-маҳаллада тинч халқға ғазаб беруб юрар эдилар. Бозор харобазорга айланган. Ҳар жой-ҳар жойида тошуб олинмай қолғон ўлуклар ётади. Қайсисининг ярмини ит еб кетган. Қайсиси куйиб кўмир бўлуб қолғон...
Рауф ЯҚУБУФ
“Ер юзи” журнали, 1927 йил 7 ноябрь № 30. Б. 2–4.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ