Ўзбек тили кимнингдир шахсий таморқасимас. Тил умуммиллий мерос. Ўзбекистон ҳеч кимнинг онасининг маҳрига қолмаганидек, ўзбек тили ҳам ҳеч кимнинг хусусий мулки эмас. Минг йиллардан буён тилдан тилга ўтиб келаётган топонимлар – жой номлари ҳам халқнинг умумий бойлиги. Жой номи қайсидир каттага ёқмагани учун уни ўзгартириш ўша ернинг аҳолиси учун бориб турган ҳурматсизлик ҳисобланади.
Бир пайтлар Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф “Мингтепани атайлик ўз номи билан” деб бекорга айтмаганди. Ўзбек халқини азбаройи севганидан, ўзбек тилини ардоқлагани учун айтганди.
Мустақил давлат бўла туриб, ўз тилимизни менсимас эканмиз, бизни ҳали анча муаммолар кутяпти. Собиқ Иттифоқ даврида Оҳангаронни Ангрен дедик, Сирғалини Сергели дедик, Қиргулини Киргили дедик. Энг ёмони эса, ҳамон шундай атаймиз. Ундан ҳам ёмони, миллий тилдаги жой номларини ажнабий тилдаги сўзлар билан аташ урф бўляпти. Одат бўлиб улгурди, аллақачон.
Бирор юртдошимиз ўғлига Месси, Раналдо деб исм қўйса, куламиз. Лекин кент (шаҳар) сўзи ўрнига city сўзи ҳамма ёқни ишғол қилса, ҳайрон бўлмаймиз.
Масалан, мен Фарғона вилояти Боғдод тумани Чўринди (Чувринди эмас!) қишлоғида туғилганман.
Боғдодда Олчин, Уйрат, Кенагас, Дўрмон, Қашқари-макей (кичкина Қашқар), Ирғоли, Болғали, Катта Хитой, Кичкина Хитой, Қўғоли, Чуваланчи сингари қишлоқлар кўп. Бу қишлоқ номлари 92 бовли ўзбек уруғининг номларидир. Чўринди сўзи ҳам худди шундай. Тарихий манбаларга кўра, чўран (чуран) деган туркий уруғ бўлган. Чўринди сўзи ҳам худди шу уруғ номидан келиб чиққан. Чувринди сўзидан эмас! Бу маълумотни яхши билиб қўйиш керак. Бир пайтлар туманимизда Бузоқ қишлоқ (Бузовқишлоқ) бор эди. Ёшлар ор қилиб қишлоқнинг номини Мирзаобод деб ўзгартиришди. Аслида, қадим бу ном ҳайвоннинг эмас, қадимий туркий қабиланинг номи эди. Умуман олганда, Боғдод тумани жуда олис тарихий илдизга эга. Туман номидан ташқари, яна Боғдод ва Самарқанд қишлоқлари ҳам бор.
Бунинг ўрнига, юртимизда Ғалча, Каламуш, Оқтовуқ, Ошқозон, Ичак қишлоқлари бор, шуларнинг номини ўзгартириш керак, аслида. Лекин бу жараёнда ҳам бир нарсага диққатли бўлиш керак: бу сўзлар биз ўйлаган сўздан бошқа маъно билдириши ёки вақт ўтиши билан фонетик ўзгаришга учраган бўлиши мумкин.
Ўзбекистонни қандай асраш керак бўлса, ўзбек тилини ҳам шундай ҳимоя қилиш бугунги замоннинг энг долзарб масаласидир. Биз борган сари ўз онасидан уяладиган силлиқ олифталарга ўхшаб қоляпмиз. Онамизнинг юзи офтобда нега куйганини, нега ажин эканини, унинг қўллари нега эркакларникидек дағал эканини эсимиздан чиқариб қўйяпмиз. Бу хаёллар мени жуда кўп қийнайди. Менга қаттиқ алам қилади. “Она тилим, кечир мени, она тилим!”
Давлатжон КАРИМОВ,
“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ