Тақиқланган, ердан кавлаб олиб истеъмол қилинаётган, фалажловчи синтетик заҳар – психотроп моддалар янги аср вабоси бўлиши мумкин


Сақлаш
21:28 / 22.11.2022 1460 0

Дорига ўтириб қолганимни, ҳаётим барбод бўлганини билгач, отам уйдан ҳайдаб юборган. Ҳолбуки унинг ўзи айбдор эди барчасига. Онам кетиб қолгандан сўнг уйга деярли келмас, менга эътибор бериш тугул, камдан-кам вақтларда пул берарди. Уйда ейишга ҳеч вақо қолмагач, кафеда ишлай бошладим. Ўн беш ёшли қизга официантлик қилиш осонмасди, кечга бориб, оёқларимда жон қолмас, уйга судралганча қайтардим. Шундай кунларнинг бирида мадорсиз юрганимни кўрган ишчиларимиздан бири «ол, тетиклаштиради», дея дори узатди. Ҳеч нимани ўйламай ичиб юбордим. Бироздан сўнг ростдан кўзларим очилди, кайфиятим кўтарилиб, ҳаммага табассум билан қарай бошладим. Эртаси куни Гулидан бу «сеҳрли меҳригиё»ни ўзим сўраб олдим. Бора-бора, кунига иккита, кейинроқ бешта-ўнтагача ичдим. Кафеда иш вақти сархуш юришимизни пайқаб қолишгач, иккимиз ҳам ҳайдалдик. Шундан кейин дуч келган ишни қилдим, лекин энди мен олдинги эсли, тортинчоқ, қўрқоқ «мен» эмасдим. Дори учун ҳамма нарсага тайёр эдим, йигитлар билан юрар, бозорда ўғрилик қилар, кўчада одамлардан уйга етволай деб, алдаб пул сўрардим. Чунки таблеткаларни ичмасам, бутун танам қақшаб оғрир, миям ишламай қоларди. Ҳеч ким, ҳеч нарса ёқмас, кичик шовқин ҳам танамга юзлаб игна санчгандек оғриқ берарди. Бир куни танишларим билан тоққа йўл олдик. Йўл-йўлакай дори ичиб кетардик, рулдаги йигитнинг кайфи ошиб, олдинда келаётган машинани кўрмай қолди. Ниманингдир қаттиқ қарсиллаган овозидан сўнг эсимда қолгани – олов ва ўзимнинг исиб кетаётганим, кимнингдир ёрдам сўраб бақираётган овози эди. Кейинроқ билдимки, авариядан биргина мен тирик қолибман, на ёлғиз ўғил бўлган бойвачча танишим, на унинг ўртоқлари ва на Гули. Шундан сўнг даволанишга қарор қилдим. Ҳозир анча яхшиман, лекин барибир дорига яна қайтишдан қўрқаман, чунки ортда қолган кунларим дўзахдек туйилади бугун...

 

Зилола каби дунё ёшларини фалажлантириб, чиқитга айлантираётган бу «сеҳрли меҳригиё»нинг пайдо бўлганига кўп бўлмади. Нари борса 3-4 йил. Аммо шу «арзимаган» вақт ичида минглаб, балки миллионлаб ёшлар унинг қурбонига айланиб улгуришди. Энг қизиғи, унинг домига бойнинг ҳам, гадонинг ҳам боласи бирдек тушиб қолмоқда. Гўё кимгадир ёшларнинг қуввати керагу, танламай, сараламай, ҳаммасини бир чеккадан ямламай ютяпти. 20 асрда гиёҳвандлик чангалидан қутилган авлод бугун болаларини янги бир бало – психотроп таблеткалардан ҳимоя қилишга мажбур. Гарчи уларнинг айтилиши жуда оддий, қулоққа енгил эшитилсада, таъсир қилиш доираси, асорати, оқибатлари наркотик моддалар билан бир хил – талваса, қарамлик, оғриқ, ўлим!

 

Маълумотларга кўра, 2011 йилдан бошлаб Ўзбекистонда опий гиёҳвандлиги билан боғлиқ ҳолатлар деярли йўқолиб кетган. Томирдан юбориладиган наркотиклар истеъмолдан чиқиб, 2020 йилга қадар уларнинг истеъмолидан ўлим ҳолати кузатилмаган. Бироқ 2018-2020 йиллардан бошлаб кайф берувчи янги психоактив моддалар – кучли таъсир этувчи таблеткалар пайдо бўлди. Яқин йилларгача уларни ҳар бир дорихонадан топиш мумкин эди. Шунинг учун ҳам уларнинг зарари аниқланиб, сотиш тақиқланганига қадар юзлаб ёшлар заҳарланишга улгурди, заҳарланяпти ҳамон...

 

Oyina.uz мухбири ушбу моддаларнинг кенг тарқалишига сабаблар, уларнинг асоратлари ҳақида Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Фурқат Бахромов билан суҳбатлашди.

 

Сўнгги йилларда ёшлар ўртасида психотроп моддаларга қарамлик ортиб бораётганини турли сабабларга боғлашади. Мутахассис сифатида кузатувларингиздан келиб чиқиб, энг асосий омилларни санай оласизми?

 

- Сиз назарда тутган дорилардан узоқ йиллардан буён тиббий мақсадларда фойдаланиб келинарди. Яқин-яқингача бу препаратларнинг ўзига тобелик чақириш хусусияти аниқланмаган, ҳатто. Жамиятда уларга қарамликнинг пайдо бўлишида эса бир нечта сабаблар кўпроқ кузатилади.

 

Биринчиси бу – биологик омиллар. Инсон организмида маълум моддалар алмашинуви билан боғлиқ хасталиклар наслдан-наслга ўтади. Тўғри, наркологик касалликлар ирсий ўтмайди, аммо яқин қариндошлар, ота-оналарда руҳий хасталик ёки бирор бир моддага тобелик кузатилган бўлса, болада бундай моддаларга қарамликнинг пайдо бўлиш хавфи юқори бўлади. Шунингдек, биологик омилда жинс ҳам аҳамиятли. Яъни бу касаллик кўпроқ эркакларда учрайди.

 

Аммо кузатувларга кўра, касаллик сўнгги вақтларда хотин-қизларимиз ичида кўп учраётган экан?

 

Ундай эмас. Масалан, ҳозир бизда даволанаётган беморларнинг сони 60 тача бўлса, уларнинг 3 ёки 4 таси аёллар, қизлар. Умумий статистикага мурожаат қилсак, касалланганларнинг 1-1,5 фоизни аёл беморлар ташкил этади. Шундай экан, бу гапларда асос йўқ, дея оламан.

 

Юқоридаги саволингизга жавобни давом эттирсам, иккинчи сабаб ижтимоий омиллар бўлиб, бу микро ва макроижтимоий сабабларга бўлинади.

 

Баъзи одамлар фарзандига ҳаддан ташқари эътиборли бўлиб, керагидан ортиқ ғамхўрлик кўрсатади. Бундай муҳитда катта бўлган фарзанд ота-онасиз бирор мустақил иш қила олмайди. Натижада ҳаётидаги қийин вазиятларда керакли қарорни қабул қила олмаслик ёки стрессли ҳолатлардан ижтимоий мақбул йўл билан чиқа олмаслик турли хил дориларнинг истеъмолига олиб келиши мумкин. Шунингдек, бу ҳолатнинг акси ўлароқ, ота-оналарнинг фарзандга ўта талабчанлиги, қаттиққўллиги  ҳам сабаб бўлади.

 

Бундан ташқари ота-оналар тирикчилик билан бўлиб фарзандларини ўз ҳолига ташлаб қўяди. Бундай болалар кўчада санғиб юради, нотўғри йўлга бошловчи шахсларнинг таъсирига тушиб қолади. Ота-оналари бўлса болага ўзи беролмаган меҳр, вақтнинг ўрнини моддий рағбатлантириш билан тўлдирмоқчи бўлади. Оқибат фарзандда атрофдагиларга, биринчи навбатда ўз ота-онасига нисбатан истеъмолчилик муносабати шаклланади, ота-онасининг буюрган ишини бажариши учун улардан нимадир талаб қила бошлайди, тўқликка шўхлик қилади, янги ва янги нарсаларга қизиқиш пайдо бўлади.

 

Гиёҳванд воситалар ва психотроп моддалар истеъмоли тарқалишининг олдини олиш борасида давлатнинг сиёсати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Голландияда баъзи наркотик моддалари легаллаштирилган, сотувига расмий рухсат берилган. Улар ширинликлар, ичимликлар, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида ҳам бемалол ишлатилади. Аҳоли, ёшлар ўртасида бу моддаларнинг зарарлари ҳақида умуман маълумот берилмайди, яъни танлов учун эркинлик берилган. Натижада шу каби йўл тутувчи бир қанча Европа ва АҚШнинг баъзи штатларида гиёҳвандлик, психотроп дориларга қарамлик кенг тарқалган. Шунингдек, жамиятда шу моддаларнинг зарари ҳақидаги маълумотларга, профилактика тизимига ҳам кўп нарса боғлиқ.

 

Суриштирувларимизда психотроп дориларга қарамлик мактаб ёшидаги болаларда ҳам учраётганини айтишди. Беморларингиз орасида ҳам шу ёшдагилари борми? Ўзи, умуман, бу қарамлик одатда неча ёш оралиғида кузатилади?

 

- Охириги йилларда қарамлик ёшлар ўртасида учраши кўпаймоқда. Бизда заҳарвандликдан даволанаётган беморларнинг энг кичиги 20-23 ёш атрофида. Айтганингиздек, баъзи тегишли идораларнинг мактаблардаги сўровнома, суриштирувларига кўра, 14-15 ёшли ўспиринлар, ўсмирлар орасида бу ҳол кузатилган. Лекин бизга бўлган мурожаатлар ичида бу ёшдагилар йўқ. Тўғри, ота-оналар фарзандларидан шубҳаланиб, шифохонага олиб келишади болаларни. Текширувлар натижасида уларнинг қонида тамаки, алкоголь қолдиқлари топилади, аммо шу вақтга қадар уларда психотроп моддалар аниқланмаган.

 

Балки бу ҳолат бордиру, ота-оналар жамиятдан яширишар, «ўзбекчилик» дегандек?

 

Биласизми, мен соҳада 1988 йилдан буён ишлайман. Ва айтишим керакки, касалликни қанчалик яширманг, алал-оқибат, албатта, ошкор бўлади. Авваллари ота-оналар бу ҳолни беркитган, лекин бугун бу борадаги маълумотлар етарличалиги, тушунтириш ишлари олиб борилгани сабаб, улар ҳам касаллик қанча тез даволанса, шунча яхши бўлишини билишади. Шунингдек, бизга ўзлари истаб мурожаат қилишса, рўйхатга олинмайди, шахсий маълумотлар сир сақланиши кафолатланади.

 

Психотроп моддаларни доимий қабул қилиш инсон умрининг қисқаришига олиб келиши мумкинми? Касаллик қанча вақт давом этади?

 

Бу сурункали касаллик бўлгани учун даволанмасдан тузалишнинг имкони йўқ. Қолаверса, инсон организмининг ўзи даво излашга мажбур қилади. Чунки истеъмол бошланганда кишига аввалига кайф, лаззат бағишлайди. Кейинчалик қарамликка чалинган инсон дориларни ҳузурланиш учун эмас, ўзини соғлом инсон деб ҳис қилиш учун истеъмол қила бошлайди. Чунки соғ одамнинг моддалар алмашинувида бегона элемент бўлмайди. Сурункали дори истеъмолидан кейин эса бемор организми психотроп моддаларни «ўзиники» қилиб олади. Яъни моддалар алмашинуви қайтадан психоактив моддани киритган ҳолда «дастурланади». Агар таблеткалар истеъмоли тўхтатилса, организмда турли «носозликлар», «касалликлар» юз беради. Дориларсиз қолган бемор ўзини бошқара олмайди. Натижада қарамликка чалинган инсон овқат ейиш, физиологик эҳтиёжларини қондириш ва ҳатто шунчаки кайфияти яхши бўлиши учун ҳам уларни истеъмол қилишга мажбур бўлади.

 

Қолаверса, психотроп препаратлар кўп ўтмай, инсон руҳиятига таъсир қила бошлайди. Икки йил ичида бемор аввалги инсонийлик қиёфасини йўқотади, шахс сифатида тубанликка учрайди. Энди у наркоман, дангаса, эгоист одамга айланади. Паразитар ҳаёт кечиришга ўтади. Бировни мулкига кўз олайтиради, ўғрилик содир этади. Беморда ўз-ўзидан ёлғончилик бошланади. Чунки энди унга фақат пул ва дори керак. Мана шундай ҳаёт тарзи бора-бора беморнинг ўзини ҳам бездиради. Пулсизлик, доимий стресс, оғриқлар сабаб касалликдан тезроқ қутилишни ўйлаб қолади. Чунки бу йўлнинг охири оғриқлар, озодликдан маҳрум бўлиш, ёлғизлик ёки ҳатто ўлимдан бошқа нарса эмас...

 

Бу моддаларга сотув таъқиқланган, аммо ёшлар истеъмолдан тўхтамаяпти. Беморларингиз уларни қандай топишлари ҳақида ҳам айтишадими? Сўраётганимнинг сабаби, ота-оналар бу моддалар дорихоналарда йўқку, дея хотиржам бўлиб юришларини биламан.

 

Чиндан ҳам кўпчилик ота-оналар дорихоналарда фақат инсонни даволайдиган дориларгина сотилади, психотроп таблеткалар сотувда йўқ деган ўйда анча хотиржам. Аммо ҳозир бизда синтетик наркотиклар тарқаляпти. Уларни ишлаб чиқариш осон, арзон, уй шароитида бир нечта кимёвий модда аралашмасидан тайёрлаш мумкин. Уларни яратадиганлар – «кимёгарлар» синтетик наркотиклар формуласини жуда тезлик билан ўзгартиришади. Агар бирор синтетик наркотиклар қўлга тушиб, уни ноқонуний айланишига нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланса, унинг ўрнига бошқа модда қўшиб бошқача формулага эга бўлганини яратишяпти. Бу эса синтетик наркотикларни таблеткаларни тўхтовсиз тарқатишга, қонунларни айланиб ўтишга ёрдам беради, афсуски. Синтетик наркотиклар ва препаратларни аксар ҳолларда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишяпти. Масалан, дориларни бирор симёғоч, дарахтлар яқинидаги ерга кўмиб, эълон беришади. Пул тўлангач, мижозга ўша ернинг манзили юборилади. Бу ҳолатда сиз тарқатувчини ушлай олмайсиз, фақат дориларни ковлаб олаётган наркотик истеъмолчигина қўлга тушади. Шунинг натижасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар, қидирув ишларида анча қийинчиликлар юзага келади.

 

Аммо буни тўхтатишни имкони бор, фарзандларимиз, яқинларимизга эътиборли бўлишимиз, уларни нималар билан шуғулланаётганига қизиқишимиз, вақтини фойдали машғулотларга сарфлашга йўл кўрсатишимиз керак. Чунки, хавф биз яқин, жипс бўлгандагина йўқолади.



Феруза Хайруллаева,
Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//