Миллий таълим тизимимиз жар ёқасида эмас, жарнинг энг тубида – мактаб ўқувчилари яна тажриба қуёнчасига айлантириляпти(ми?)


Сақлаш
20:57 / 22.11.2022 1489 2

Бугун таълим ҳақида гап кетса, аксар юртдошларимиз танқидий муносабат билдиришади. Ота-оналардан тортиб соҳа мутахассисларигача ўз салбий қарашларини асослаб бера олишади ҳам. Ростдан, мактабгача таълимдан то олий таълимгача бўлган йўлга назар солишнинг ўзи хулоса чиқаришга кифоя қилади. Мен ҳам тажрибамдан келиб чиқиб, соҳада ислоҳотларга ижобий баҳо бера олмайман. Айниқса, халқ таълими аянчли аҳволда. Нафақат жар ёқасида, балки жарнинг энг тубида, дейиш мумкин.

 

Агар ўтган ўттиз йилдан ортиқ даврни босқичларга бўлиб олсак, биринчи ўн йилликдаги изланишларни тўғри тушунса бўлади. Иккинчи ва учинчи ўн йилликларда дастлабки босқичда тўпланган тажриба асосида танлаган йўлимизни янада мустаҳкамлаш талаб этиларди. Аммо бундай бўлмади. Ҳар бир босқич янгиликлар жорий этиладиган лаборотарияга айланиб қолди. Энг ачинарлиси, бу жараёнда ҳамон ўз услубимизни топа олмадик. Гоҳ у давлат, гоҳ бу давлат таълим тизимига ҳавас билан тақлид қилиш, андаза кўчириш асосий ишимиз бўлиб турибди. Ҳа, бу жуда аламли. Янада аламлиси, мана шу тажриба жараёнида келажак авлод қурбон бўляпти.

 

Ҳар сафар янгидан иқтидорга келган Халқ таълими вазири аввалгисига ўхшамайдиган ўз фалсафасини татбиқ этиш ҳаракатида бўлади. Охирги ўн йилликка назар солсак, уч вазир алмашди. Улуғбек Иноятовдан кейин соҳага қутқарувчи сифатида олиб келинган Шерзод Шерматов илк дамларда чиндан ҳам янги руҳ бахш этишига ишона бошладик. Вазир сифатидаги чиқишларида олдига қўйган мақсадлари бизга ёқди. Аммо бу гапларнинг аксарияти шунчаки гап бўлиб қолди.

 

Агар кимдир ўша йилларда соҳани ислоҳ қилувчи қадамларни вазирга боғласа, тўлиқ қўшилмайман бу фикрга. Масалан, ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан озод қилингани, дарс юкламаларни камайгани, ойлик иш ҳақларини оширилгани асло Шерматов шахсига боғлиқ эмас. Биринчидан ва энг асосийси, вазият шундай қарор қабул қилишга пишиб етилганди. Таълимнинг аянчли аҳволи шахсан Президентни ташвишга солаётганди. Айни шу важлар сабаб тизим ислоҳ қилина бошлади. Бунинг учун зарур меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, ҳуқуқий асослари яратилди.

 

Тан олиш керак, Шерзод Шерматов даврида ривожланган давлатлар тажрибаси татбиқ этила бошланди. Жумладан, Президент мактаблари ташкил этилиши ортидан Кембриж таълим дастури кириб келди. Нега айнан бу тизим танланди, деган саволга мутахассислар энг фойдали эканини таъкидлашганди. Энг муҳими, айни дастур кейинчалик барча мактабларга ҳам татбиқ этиладиган бўлди. Буни Президентнинг шахсан ўзи ҳам алоҳида таъкидлаган эди.

 

Эсласангиз керак, давлатимиз раҳбари илк бор Тошкентдаги Президент мактаби очилишида иштирок этган ва Президент мактаблари келгусида мамлакат таълим тизими локомотиви бўлишини айтган. Мазкур таълим масканларида халқаро тан олинган Кембриж ўқув дастури орқали ўқитиш йўлга қўйилган. Демак, барча мактаблар шу дастур асосида ўқитиши кўзланган. Айтилганидек, бугун Президент таълим муассасалари тармоғи кенгайди. Барча вилоятларда шундай ўқув даргоҳлари иш бошлади. Шу йилдан Халқ таълими тизимидаги ИДУМлар Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилди. Табиийки, уларда ҳам Кембриж ўқув дастурида ўқитиш аниқ бўлди.

 

Аммо бугун Халқ таълими вазирлиги ўз тасарруфидаги мактабларга Финляндия таълим дастурини татбиқ этишни бошлаган кўринади. Расмий телеграм каналида шу ҳақда маълум қилинди. Бу ҳамкорликнинг келгусидаги оқибатлари менда саволлар туғдирмоқда. Масалан, Финляндия таълим дастури бизда тўлиқ ишга тушгач, битирувчилари қайси дастур бўйича олий ўқув юртига кириш имтиҳонларини топширади? Тест саволлари қайси дастур асосида тузилади? Нега Кембриж ўқув дастуридан воз кечилди? Педагогика университетлари келгусида қайси дастурлари учун мутахассис тайёрлайди? Ҳозирги ҳолатда миллий умумтаълим тизимимиз икки оёғини икки кемага қўйиб турган одамдек тасаввур уйғотяпти. Таълим, айниқса, халқ таълими узлуксиз равишда тажриба майдонига айланмаслиги керак.

 

Фин мўъжизаси ҳақида илк бор 2000 йили гапирила бошлаган. Бунга ўқувчиларнинг таълимдаги кўрсаткичларини баҳолаш бўйича халқаро дастур – PISAнинг биринчи натижалари сабаб бўлганди. Яъни, Финляндия ўқиш саводхонлиги бўйича тадқиқотда қатнашган 32 мамлакат орасида 546 балл билан (ўртача балл – 500) биринчи, математик саводхонлик бўйича 536 балл билан (Гонконг, Япония, Жанубий Корея ва Янги Зеландиядан кейин) бешинчи ва табиий-илмий саводхонлик бўйича (Жанубий Корея, Япония ва Гонконгдан кейин) тўртинчи ўринни эгаллаган эди.

 

PISAнинг кейинги рейтингларида натижаларнинг пасайиш ва Осиё мамлакатлари (Шанхай, Гонконг, Тайван, Сингапур, Япония, Жанубий Корея)нинг кўрсаткичи ўсиши кузатилган бўлса-да, Финляндия ҳам юқори ўринларни банд этиб келган. Аммо бугун финларникидан самарали таълим тизимлари кўп. Шундай бўлса-да, биз сўнгги йилларда PISA рейтингида Финляндияни ортда қолдириб кетган давлатларнинг эмас, айнан Финляндиянинг моделини танладик?

 

Бу борада Комил Жалилов ҳам фикрини билдириб, қатор саволлар билан масъулларга мурожаат қилганди. Жумладан, “Финляндия таълим тизими” деганда айнан нима назарда тутилмоқда? Финляндия таълим тизимининг айнан қандай жиҳатлари бизда татбиқ этилади? Масалан, 11 йиллик таълим тугатилиб, ўрнига “9 3 3” тизими жорий қилинадими? Маҳаллий таълим органлари ва мактабларга Финляндиядагидек автономия бериладими? Худди улардагидек мактаб ва ўқитувчиларни назорат қилиш ва текширишлардан воз кечамизми? Худди Финляндиядагидек барча бир хил таълим хизматларидан фойдалана олиши учун президент ва ихтисослаштирилган мактабларни ёпиб, молиявий ресурсларни тенг тақсимлаш тизимини жорий этамизми? Барча ўқитувчилар худди Финляндиядагидек магистр даражасига эга бўлиши шарт бўладими? Ўқитувчиларга улардаги каби энг яхши ойлик маош бера оламизми?

 

Ёки дарсликларнинг финча стандарти деганда нималар назарда тутилмоқда? Фин дарсликларининг айнан қандай хусусиятлари, масалан, бугун президент мактабларида фойдаланилаётган Кембриж дарсликлари ёки бошқа машҳур нашриётларнинг дарсликларидан яхшироқ? Яна муҳим бир савол ўртага чиқади. Агар бизда тўлиқ фин дастурига ўтилса, президент мактаби дастуридан воз кечамизми? Агар воз кечмасак, унда фин тажрибасидан андоза олганимиз қаерда қолади? Ёки икки хил дастурда таълим олган битирувчилар олий таълимга имтиҳонларни қайси дастур асосида топширади? Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассислари бу саволларга жавоб топишганми?

 

Тиббиётда даволашнинг 90 фоизи тўғри ташхисга боғлиқ, дейилади. Агар шу жиҳатдан қараб, мактаб – шифохона, ўқитувчи – шифокор, ўқувчи – бемор, сифатли таълимни муолажа деб тасаввур қилсак, ҳали-ҳамон фарзандларимизга таваккалга асосланган ташхис қўйяпмиз. Шунинг учун ҳам беморларимизнинг аксарияти қурбон – меҳнат мигранти бўляпти, холос.

 

Ўн йиллар аввал дарсларни ноанъанавий тарзда ташкил этиш урфга кира бошлаганди. Қаерни қараманг, машғулотларни интерфаол методлар ёрдамида ўтиш тарғиб қилинарди. Лекин улардан фойдаланишда ҳам аниқ механизм яратилмади. Қайси ўқитувчи хоҳласа, ўз билганича жорий қилди. Бугун мана шу тажриба ҳам ўзини тўлиқ оқламаганини кўриш мумкин. Аммо аксарият мактабларда ўқитувчилар ушбу метод орқали ўз билганича дарс ўтмоқда. Афсуски, ҳеч ким ўқитувчи педтехнологияларни тўғри қўллаяптими, деган саволга жавоб изламаяпти. Ваҳоланки, бу усулларни аниқ тартибда, керакли вақтда ишлатиш талаб этилади. Агар ҳамма дарс вақтини ўзича тақсимлаб ташлайверса, ДТС нега керак?

 

Алқисса, ҳар қанча илғор, инновацион тажрибани татбиқ этсак-да, механизмни тўғри йўлга қўя олмасак, бари бефойда. Бирор йил сўнгра яна бир уринишимиз бекор кетди деб, бундан-да ажабтовур, жозибадор методикаларни излаб қоламиз. Аввал тизимнинг ўзини бир тизимга солиб олиш керак. Сўзим сўнгида айтишим керакки, Финляндия таълим дастурида барча босқичлар бир-бири билан узвий боғланган. Ўртадаги узилиш ёки бирор бўғин қолиб кетиши тескари натижа келтириши мумкин. Агар шундай бўлса, бугунги авлод бой берган имконият учун ким жавоб беради?

 

Хайрулла АБДУРАҲМОНОВ

2 Изоҳлар

Хожиакбар

12:01 / 01.01.1970

Китоб ўқимайдиган,таълимни сариқ чақага олмайдиган хокимларни таълим сохасига мутлақо яқин йўлатмаслик керак.директорга картошка захирасини нима алоқаси бор .шунга ўхшаган буйруқни бажарса бўлди хокимларга .хуллас таълимдаги ислоҳотларни мана шунақа Хоин рахбарлар йўққа чиқаряпти.

Кодирова Угилхон Сотиболдиевна

12:01 / 01.01.1970

Ха жуда уринли гапла,36 йил педагог булиб ишладим,бонг урамиз аммо эртанги кунни уйлаб куркиб кетаман,гапирса гап куп,кундаликком нимага керак,укувчи,ота-она узлаштиришни курмаяпти,олган билимини кузи билан курмаса хали Америка хали Финляндия таьлими нимага керак,Ибрат,Авлонийлар бизга колдирган мерос биз нима колдирамиз...

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//