Таълим – мамлакатимизни ривожлантириш сиёсатининг устувор масаласи. Таълим тизимида узвийлик ва узлуксизлик унинг сифатини таъминлашнинг асосий тамойили. Бу тамойил таълимни ташкил этишдан унинг мазмунигача қизил ип бўлиб ўтади. Аммо узвийлик ва узлуксизлик қуйидан юқорига поғонали равишда амалга оширилиши кутилган натижани беради. Бунинг том аксини эса магистратура ва докторантурага кириш талабларида кўриб турибмиз. “Занжир” мантиғининг бузилиши қандай натижаларга олиб келганлигига гувоҳмиз.
Магистратурага кириш учун дабдурустдан хорижий тилни билиш сертификати талаб қилинди. Натижа нима бўлди? Ажратилган ўринлар тўлмай қолди. Биринчи хато натижасизликка олиб келди. Буни оқлаш учун яна бир хатоликка йўл қўйилди – бўш ўринларни тўлдириш учун яна қабул эълон қилинди. Бу сафар сертификат талаби бекор бўлди. Иккинчи хатолик энди бебурдликка олиб келди. Зотан, “принсип”га дарз кетди.
Докторантурага қабулда ҳам шундай йўл тутилди. Йўл қўйилган хатодан хулоса чиқарилмади. Айрим ОТМларда докторантурага қабул имтиҳонлари бошланиб ҳам кетди. Аммо Инновацион ривожланиш вазирлиги бемаҳал буйруқ чиқариб қолди: “Хорижий тилни билиш сертификати бўлмаса, талабгор қабул қилинмайди”.
Бу бир нечта саволни туғдирди:
1) Вазирлик қачон ташкил топди, 2022-йил 15-ноябрдами?
2) Кечикиб буйруқ беришнинг сабаби нима?
3) ОТМларда қабул қилинган имтиҳонлар қайси асосда бекор қилинади?
4) ДСc докторантураси учун ҳам сертификат талаб қилинадими? Ахир, бу талабгорлар умтиҳон топширмайди-ку?
Хуллас, бу саволларга тегишли жавобни кутган ҳолда жараёндаги мантиқсизликларга тўхталамиз:
биринчидан, сертификат талабига қарши эмасмиз, ҳатто қўллаб-қувватлаймиз;
иккинчидан, докторантурага кириш учун сертификат талаб қилиш, мантиқан, магистратурани битириш учун сертификат талаб қилишдан кейин қўйилиши керак;
учинчидан, магистратурага кириш учун сертификат талаб қилиш бакалавриатни битириш учун серификат талаб қилишдан кейин қўйилиши керак;
бакалавриат учун сертификат талаб қилиш мактаб битирувчиси учун сертификат талаб қилишдан бошланиши керак.
Кўринадики, мана шу тизимга амал қилиш ҳам таълимдаги мантиқий узлуксизлик ва узвийликнинг бир кўринишидир. Мантиқ ишламаган жойда ҳафсала қарийди, тизимдан нолиш, одамларга кутилмаган жабр пайдо бўлади.
Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,
профессор
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ