«Излам» туркуми жамият олдига қандай саволларни қўйди? Назар Эшонқул таҳлил қилади


Сақлаш
02:50 / 20.11.2022 3083 5

«Адабиётни кимлар янгилайди?!» деган саволга бир сўз билан «истеъдодлар» деб жавоб бериш ҳам мумкин, албатта. Аммо бу жавобдан сўнг яна ўнлаб саволлар пайдо бўлади. Хусусан, адабиётда янгиланиш эҳтиёжи қаерда ва қай ҳолатда ўзини намоён қилади? У қачон ўзида янгиланишга зарурат сезади? Унинг янгиланиши фақат истеъдодлар билан боғлиқми? Янгиланиш дегани унинг бугунги мавжудлигини инкор қилиш, тан олмаслик орқали юз берадими ёки шу мавжудлик устида пайдо бўладими? Онгга, борлиққа, воқеликка муносабат янгиланмасдан туриб ҳам адабиёт янгиланадими? Хуллас, кўплаб илмий ишларга мавзу бўладиган саволлар келаверади.

 

Қандай савол бўлмасин, санъат, хусусан, адабиёт давр руҳини бошқа соҳалардан кўра эртароқ англайди, муносабат билдиради. Билъакс, ана шу англанма адабиётни ҳам, истеъдодни ҳам янгилайди.

 

Бугунги дунё санъатининг асосий оғриқларидан бири бу – шахснинг емирилиши, ёлғизланиши, мавжуд универсал хулосалардан ўзлигини тополмаган индивиднинг мавжудликка ўзи жавоб излаши. Унинг муҳит билан, қаршисидаги воқелик билан тил топиша олмаслиги, воқелик олдида ўзининг ожизлигини ҳис қилиши, унга ўзини бегона ва омонат сезиши.

 

Бизда ҳалигача бундай дунёқараш, яъни оламни индивид кўзи билан идрок қилиш илдизини четдан излаш анъанаси, унга «импорт» тўнини кийдиришга мойиллик кучли. Гўё шундай йўл танланса, бунақа идрок қилиш касаллиги бизга юқмай қолади, биздан узоқлашади ёхуд олди олинади. Аммо бугун дунёнинг нариги чеккасида пайдо бўлган оддий электрон қурилма зудлик билан дунёнинг бошқа бурчакларига тарқалгани каби, айни шу электрон қурилманинг яралишида ҳис қилинган дунёқараш ҳам маълум маънода бизга кўринмасдан тарқалишини кўп ҳам ҳисобга олавермаймиз.

 

Бугун тараққиётнинг мароми дунёнинг барча бурчагида инсон ҳолати ва сезимларини, муносабат ва қарашларини глобаллаштириб бўлди. Буни тан олмаслик эртага юз берадиган жуда кўп муаммоларнинг тилини билмасликка олиб келади. Башариятда кейинги юз йилда инсоннинг бу оламдаги ўрни борасидаги саволлар бугун дини, ирқидан қатъи назар, заминнинг барча бурчакларини қамраб бўлди. Чунки айнан тараққиёт ривожи, у дуч келаётган тўсиқлар, эътиқод, руҳоният, инсон фитрати борасида жавоб изланаётган саволлар бани башарга хос бўлиб қолди. Айнан шу саволларга бугун дунёнинг барча бурчагида адабий-бадиий шаклларда ҳам жавоб изланмоқда. Тадқиқотчилар тилида «постмодернистик дунёқараш» номини олган бу каби идрок йўсини бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Фақат биз ҳалигача инсоннинг бу руҳий ҳолатини тан олганимиз ва эътибор берганимиз йўқ.

 

Бугун дунёда рўй бераётган воқеалар ва инсон қўли билан қилинаётган ёвузликлар бу хил кайфиятни яна мураккаблаштирди. Охир-оқибат инсоннинг муҳит ва воқелик олдида ожизлигини, мавжудликнинг хаос эканини, жавоблар охиригача тўлиқ эмаслигини, борлиқнинг ҳали англанмаган қирралари кўплигини, буни тушунтиришга инсон ўрни ҳақидаги билимлар ожиз қолаётганини ҳис қилиш кучайди. Бугунги башар тафаккури инсон ва унинг руҳонияти ҳақида янги жавобларга кўпроқ эҳтиёж сезяпти, санъат эса шу йўлда ўз изламларини тақдим қилмоқда.

 

Ана шундай ҳолат ва руҳоният бизнинг миллий воқелигимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Инсоннинг ўрни ҳақидаги универсал саволлар, универсал жавоб излашлар бугун миллий фитратимизда ҳам пайдо бўлмоқда. Бунда, баъзи бировлар таъкидлаётгандек, муаммога модернистик ёки постмодерн, ғарбча ёки шарқча ёндашувнинг алоқаси йўқ. Агар бу ҳиссиёт бошдан кечирилмаса, агар у яшалмаса, уни акс эттирган хоҳ илмий, хоҳ фалсафий, хоҳ бадиий инъикослар ҳам пайдо бўлмайди ёки миллий тафаккурга юқмайди.

 

Адабиёт инсоншунослик экан, инсон қарашларию тутумлари билан бирга ҳамиша ўзгаришда ва ўсишда бўлади. Инсоннинг руҳоний талъати ижтимоий онгдан кўра, энг аввало, санъатда ўзини кўрсата бошлайди. Чунки санъат, ато этилган истеъдодлар эвазига бу сезимларни ҳаммадан олдин ҳис қилади, уни англашга ва ижтимоий муҳокамага қўйишга интилади. Шу сабабли ҳам ҳар бир авлод инсонга, оламга, архетипларга муносабат масаласида ўз қарашлари ва ифода усуллари билан санъатга кириб келади. Инсоннинг қарашлари янгиланяптими, унинг олам ва фалакдаги, жамиятдаги, муҳитдаги, қарашлардаги ўрнига, умуман, жамлаб айтганда, ижтимоий онг ва борлиққа нисбатан муносабати ўзгаряптими, демак, унинг бадиий аксланиши бўлган санъат, ажралмас ва асосий бўғин бўлган адабий дид, муносабат ва ифода шакллари ўзгариши табиий ҳол.

 

Афсуски, янгиланишни ижтимоий онг бирдан қабул қилмаслиги ҳам табиий. Шундай экан, адабиётдаги ўзгаришлар ҳеч қачон жамиятдан ёки ижтимоий ҳаётдан, борлиқдан айро, бегона муҳитдан кўчирилган, импорт қилинган ҳолда пайдо бўлмайди. Агар у миллий тафаккур билан синтезлашмаса, ўзининг ҳосиласини бермайди. Ҳар қандай санъат асари, агар у чинакам санъат асари бўлса, шу муҳитнинг, шу даврнинг, шу давр тийнатининг акси ўлароқ ўзини намоён қилади.

 

Табиийки, санъат сезган, ҳис қилган, кўрган ва ўртага ташлаган кўримларни англаш учун йиллар керак бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳам ҳар бир авлод санъатга кириб келганда, ўзи мансуб авлод ва давр руҳиятини тақдим қилганда унга ҳар хил муносабатлар, хусусан, салбий муносабатлар кўпроқ бўлади, ижтимоий онг асли ўзиники бўлган бу ҳақиқатларни бирдан тан олиши анча мураккаб кечади.

 

Биргина мисол. ХХ аср бошида Анри Матисс, Албера Марк, Шарля Камуан, Робера Деборна, Анри Фриеза, Жана Пю каби француз ёш рассомларининг дастлабки кўргазмасига келганлар картиналарни кўриб, ўша даврнинг диди ва қарашларидан келиб чиқиб, тасвирий санъатга нисбатан туҳмат деб баҳолашган, анъанавий тасвирий санъатни бузишда, умумий ахлоқ ва эстетик талабларни менсимасликда кескин айблар қўйишган, бу авлодга «санъатдан айро ёввойилар» деган тамға илишган. Шу боис улар «ёввойилар авлоди» номи билан санъат тарихига кирган. Қизиғи шундаки, ўша пайтда қабул қилинмаган қарашлар ХХ асрнинг барча янги оқимларига туртки берган ва санъатда янги услублар яратилишига асос бўлган.

 

Бу рассомлар ўзлари мансуб авлодлардан фарқли ўлароқ, техникалашаётган ва моддийлашаётган инсонга ва уни тасвирлашга бўлган универсал ёндашувларда ички сезимларини акс эттириб, индивидуал муносабатларини намоён қилишган. Кейинчалик эса, орадан йиллар ўтиб, бу авлод ўша пайтдаёқ инсон руҳониятидаги ўзгаришларни ўта сезгирлик билан илғагани ва уни намоён этгани дунё миқёсида тан олинган. Буни ХХ асрнинг забардаст мусаввири Анри Матисс ижодига муносабатдан ҳам билса бўлади.

 

Афтидан, «Академнашр» чоп этган «Излам» туркумидаги тўпламлар атрофида ҳам шундай муносабат пайдо бўлганга ўхшаяпти. Бу ёшларнинг юқоридаги фикрларга уйғун баъзи сатрларини келтираман.

 

«Эътиқод ҳақида тўқиманг эртак,

 

Бугун бу маталлар кимга ҳам керак?»

 

(Хуршид Абдурашид)

 

“...Борлиқни янгидан номламоқ учун,

 

 Иккала кўзини ўйганлар билар».

 

«Халложсифат талваса йўлла,

 

Менинг дорга эҳтиёжим бор!»

 

(Жонтемир)

 

«На олдда кўринар тоғлар чўққиси,

 

 На ортда суяйди бобомнинг ёди,

 

 Ҳали ўлмай туриб қийнар дўзахдай,

 

Муаллақ қолмоқнинг аламли тоти».

 

(Феруза Хайруллаева)

 

«На бошим, на охирим аён,

 

Яшаяпман, тўрт тараф сўроқ».

 

(Муҳаммад Сиддиқ)

 

«Бир андуҳ изларман Арш тарафлардан»

 

(Мирзоҳид Музаффар)

 

Бу каби иқтибосларни туркумдаги барча ёшлардан келтириш мумкин. Кўриб турганимиздай, бу авлод «борлиқни янгидан номлаш» истагида. Бу номлаш қай даражада ўзини оқлашини ҳали вақт кўрсатади. Мабодо шеър даврнинг ҳиссий баёни, онг ости кечинмаларнинг намоёни, индивиднинг руҳий жазбаси экан, келтирилган сатрлардан аёнки, бу ёшлар ижодида дунё санъатини оғритаётган бош мавзулар қамраб олиняпти. Индивиднинг Мавжудлик қаршисидаги ўй-кечинмалари, ҳолати, ўрни кўпроқ безовта қиляпти, айни шу жиҳати билан ёшлар ҳам шаклан, ҳам мазмунан дунё адабиётининг илғор анъаналари билан уйғунлашяпти. Бу нафақат адабиётнинг, балки фалсафанинг, социологиянинг миллий тафаккуримизда синтезлашаётганини кўрсатади.

 

Аввало, «Излам» туркуми ўз номи билан айтиб турибди, бу – изланиш, ўзини излаш йўлидаги интилиш. Сўнгги манзил, хулоса, қатъий тўхтам эмас. Изланиш йўлида ҳар хил сакталиклар, оғишишлар, эргашишлар, ҳали ўзи ҳам охиригача англаб етмаган сарҳадлар ҳақида шошиб хулоса айтишлар ёки фақат шундай, мен ҳақман, деган ҳаяжонли иддаолар, саркашликлар бўлиши табиий. Саркашлик – ёшликка хос хусусият. Бу нафақат кимёвий жараён, балки табиат қонуни ҳам.

 

Муҳокамаларга сабаб шуки, бу туркумда ёшлар ўзларининг бизга эриш туюладиган, баъзан эътироз уйғотадиган қарашларини, кўримларини тақдим қилишган. Шундай экан, аввало, туркумликдаги ҳар бир муаллифнинг ўзига хослигини алоҳида таҳлил қилмасдан, уларни бир қолипга солиб фикр билдириш унчалик тўғри эмас. Сабаби шундаки, агар синчиклаб таҳлил қилинса, бу муаллифлар бир авлод сифатида тақдим қилинган бўлсада, ижодида, ифода усулларида, танлаган шаклларида бир-бирини инкор этадиган даражада турли концептуал мақсадлар ётганини кўриш мумкин.

 

«Излам» туркумига жамланган ёшларнинг кўримлари элементлар кимёвий реакцияга киришган паллани эслатади. Реакция жараёнидаги ранг, тус, моддалар ўзгаришига қараб хулоса чиқаришга эрта. Ҳали токи маълум бир элемент қиёфасини олгунча, биз кўк деганимиз оқ, қора деганимиз қизил, оқ деганимиз қора рангга айланиб қолиши мумкин.

 

Ёшлар тақдим қилган намуналар ҳамалда бирдан потирлаб чиққан турфа ниҳолларни эслатади. Ҳали олдинда қанча жалаларга, селларга, изғиринларга, эрта баҳорнинг минг бир тўполонлари, бўронларига дош бериши керак бўлади. Фақат томирлари заминга мустаҳкам илдиз отганлари, ўзи ўсиб чиққан тупроқ билан тил топиша олганлари кузгача етиб боради. Биз ҳар бирининг мевали дарахтга айланишини истасакда, барибир кўп нарса, хусусан, уларнинг гуллаб-яшнаши, аввало, ниҳолнинг иродасига, кейин уни уруғлантирган қувватга, у унган заминда қай даражада эҳтиёж ва минерал борлигига боғлиқ бўлиб қолаверади.

 

Ёшлар мавжудликларини намойиш қилиш учун энди бош кўтарган паллада бурнимизга биз кўникмаган ва бизга ҳатто ножоиз туюлган ҳид таратаётгани учун «Пуф, сассиқ экансан!» деб хулоса қилишга ҳаққимиз йўқ. Табиат шундай қудратли кучки, энди бўй кўрсатган чоғда ёқимли кўкат иси таратган алаф ўсиб улғайганда чидаб бўлмас бадбўйлик тарқатади ёки баъзи гуллар борки, ўсиб чиққанда иркит, хунук, бадбўй бўлади, аммо етилганда унинг ҳам чиройи, ҳам бўйи нақ мўъжизанинг ўзига айланади. «Излам» адабиётимиз учун тахминан мана шундай ҳодиса.

 

Туркумдаги ҳар бир намуна мукаммал, ҳар бир шеър бадиий жиҳатдан етук, деган фикрдан йироқман. Шахсан менга баъзи тўпламлардаги айрим шеърлар ёққани йўқ, ҳатто ўта шахсий, бадиий универсаллашмаган, ассоциативликдан узоқ, психоаналитикада «фаол тасаввурлар» деб аталадиган патолигик комплекслар бўлиб туюлди. Туркумдаги баъзи машқлар, хусусий ва такрорлиги билиниб қолган, бадиий эстетика талабларидан чиқиб кетган, бадиий оғриқ сифатида ҳали пишиб етилмай, тўпламни семиртириш учун киритилган намуналардан воз кечиш керак эди, деган қарашдаман. Лекин ўзимнинг дидим ва хоҳишимга бўйсуниб, хулоса қилгим келмади. Мабодо бу шакл ва усулни ёшлар қабул қилишаётган экан, демак, уларда дунёқараш, дид, Сўз, эстетикага муносабат бизга нисбатан ўзгаряпти.

 

Бир нарсани тан олиш керак. Бу ёшлар аллақачон Сўзнинг таъмини билишади, ижоднинг эскирган тасаввурлар ва кўникмаларга исён эканини англашади. Айнан шунинг учун ҳам «Излам»да норозилик, тушкунлик, қониқмаслик, ўзларича савол қўйиб, ўзлари жавоб излаш руҳи кўпроққа ўхшайди.

 

Турли ифода усулларини танлаган ёш ижодкорларни битта умумий хусусият бирлаштириб туради. Бу ҳам бўлса, улар ўзлари ҳақида ҳам, майллари ҳақида, эҳтиросу қарашлари ҳақида ҳам, воқелик ҳақида ҳам Ёлғон гапиришни, оммавий кўникмаларга, оммавий сийқаликларга, мавжуд қарашларга бўйсунишни истамаётгани. Бошқача айтганда, туркумнинг деярли барча намунасида воқеликка муносабат эҳтиросли, баъзан асосли, баъзан заиф тарзда ўзини намоён қилиб турибди.

 

Муаллифларни воқеликдаги бунчалик ташвишга солган, ҳаяжонга келтирган, оғринтирган дард, оғриқ нима? Агар биз ана шу саволга жавоб тополсак, бу туркумнинг, умуман, авлод бўлишга даъво қилаётган бу ёшларнинг иддаоларини тушунамиз.

 

Карл Юнг бугунги маданийлашган, башарият тараққиётининг ва тафаккурининг юқори чўққисида турган паллада ҳам Шахс психологияси оломон психологиясига қуллигича қолмоқда, деганди. Таассуфки, «Излам» туркуми атрофидаги муносабатларда кўпроқ шу ҳолатни кўряпман.

 

Ҳар бир адабиётда авлод бўлишни истаётган авлод, олдингилари ҳам, бундан кейин ҳам мана шу вазиятга дуч келиши табиий.

 

Чўлпоннинг ҳатто «Навоий ҳам эски» деган норозилигини эсланг. Ёш шоирнинг эътирози билан мумтоз мутафаккирнинг қадри тушиб қолгани йўқ. Аммо Чўлпон «ҳаммаси эски» деган даъвосидан эски қолипларни бузишга, янги адабиёт яратишга ижодий қувват олди. Авлодларнинг бизга одобсиз ва нигилизм бўлиб кўринаётган даъволари тагида аслида инкордан кўра ўз йўлини кашф қилишга ҳаракатлари, ижодий ўзига хосликка интилишга бўлган аҳвол руҳияси ётади. «Излам» туркуми ортида турган ёшларда ҳам шунга ўхшаган иддао борлигини табиий қабул қилиш керак.

 

Тақдим қилинган намуналардан кўриниб турибди, бу ёшлар оммавий иллюзиялардан воз кечиб, ўзларини Шахс ва Индивид сифатида кўришни, ўзларини оломон тасаввурлари босимидан халос қилишни, ўрнига гарчи ҳали тугал хулосага шаклига келмаган, ҳали заиф бўлсада, нарса ва воқелик ҳақида ўз қарашларини баён этишни истаяптилар.

 

Шу сабабли муҳит ҳақида ҳам, муносабатлар ҳақида ҳам, ўзларининг фитратлари ҳақида ҳам ёлғон гапиришни эп кўришмаган. Қандай ўйлашса, бўяб-бежаб, «пардалаб» ўтирмасдан, шундай ҳолича тақдим қилишган. Бу эса бизга «одобсиз»лик бўлиб туюляпти. Умуман олганда, агар одоб мутелик ва қулликни, кўр-кўрона итоатни, оқни қора дейишга тоқат қилишни билдирса, миллат тафаккури маромига чеклов қўйса, унда бу «одобсизлик»ка бўлган норозиликни тушунса бўлади. Худди шунингдек, ҳаё масаласида ҳам. Ҳаёси йўқ одам нафсга берилган, манфаатни биринчи ўринга қўядиган, худбин, безбет, золим, ёвуз, бировнинг ҳақини ейишдан тап тортмайдиган, ожизни эзадиган, инсонийликни тан олмайдиган киши бўлади. Шундай экан, ҳаёни фақат ташқи кўринишга боғлаб тушуниш тўғримикин?

 

Бу саволларни мен бераётганим йўқ. Бу ёшларнинг шеърларини ўқиганда пайдо бўлган, улар баъзан очиқ, баъзан саркашлик, баъзан иддао билан қўйган саволлар. Уларнинг қўйган саволларида жон борми? Агар жон бўлса, биз бирдан инкор қилишдан олдин бу саволларга ҳам жавоб топиб кўрайлик.

 

Адабиётда одоб ва ҳаё масаласи эстетиканинг муҳим талабларидан бири. Мен шундай ўйлайман. Ёшлардан ҳам эсететиканинг бу муҳим талабларига, авлодлар минг йиллардан бери тажрибасидан ўтказган хулосаларга ҳурмат билан қарашни сўрайман. Гап шундаки, агар сиз бугун тиззанинг яланғочлигини тасвирласангиз, буни ижтимоий кўникмага айлантирсангиз, эртага келадиган авлод албатта болдир, кейин юқорироқ аъзоларнинг яланғочлигини ҳам кўникмага айлантиришади. Бу масъулият ҳамиша эсда туриш керак.

 

Нима бўлганда ҳам, «Излам» туркуми бизни кўпдан бери тўниб қолган масалалар ҳақида фикрлашга ундаяпти.

 

Психология фанининг таъкидлашича, ижтимоий онг, хусусан, муҳитни ўзига тобе қилиб олган, йўриғига солаётган оммавий онгсизлик Ёлғон ва ёлғоннинг зийнатланган кўриниши бўлган иллюзия билан бирга яшашга мажбур. Ёлғон энг аввал оммани ўзига ром қилади, уни ўз чангали ва манипуляциясида ушлаб туришга уринади. Ёки акси. Оммавийлашиш, Гассет айтганидек, воқеликни сийқалаштиради, Ёлғонга тахт тайёрлайди, Ёлғонни кўникмага айлантиради. Ёшларда ана шу кўникмага қарши норозилик яққол кўзга ташланади.

 

Агар туркумдаги асарлар қаҳрамонлари кўзи билан қаролсак, юрт, озодлик, шахс, инсонпарварлик, миллийлик, эътиқод ва ҳатто инсон ҳақидаги қарашларимиз заминида қанча ёлғон борлигини тан ололсак, унда бу ёшлар ўртага ташлаган, бизга беодоблик ва ҳаёсизлик бўлиб туюлаётган кўплаб муносабатларимизга ойдинлик киради.

 

Оддийгина «Ватан» деб кўкрагига уришлар остида қанча ёлғон бор? Ватанга муҳаббат бу бақириб, шоу қилиб айтиладиган туйғу эмас. Муқаддас туйғулар қанча шовқин қилинса, шунча яланғочлашади, яъни ёлғонлашади. Озодлик деб ҳайқирганларнинг ўзи озодлик ҳақида тасаввурга эгами? Унинг нималигини биладими? Ростдан ҳам, даъво қилаётгандай, ўзини шунга бағишлай олганми? Ёки кўзимизга одобли, ҳатто эътиқодли бўлиб кўринган, ўзига бу борада роса зеб берганларнинг амали ва тийнати қандай?

 

Ватанпарварлик, эътиқод ва ҳатто одоб тушунчалари хунук ва бетамиз вужудимизни ёпиб туриш учун шунчаки кийимга айланиб қолмаганми?

 

Биз фақат кўринишда, ўзимизни тутишда, ташқаримизда эмас, руҳоний жиҳатдан шу юксак тушунчаларга мос яшаяпмизми? Ички аъмолимиз шунга мосми? Агар мос яшаётганлар бўлса, отасига раҳмат. Уларга қуллуқ. Ва шубҳаларимиз учун улардан узр сўраймиз. Аммо қаршимизда мутлақо бошқа бир манзара, бошқа бир воқелик турибди, демоқда ёшлар.

 

Шахсан мен ёшлар ўз асарларида қўйган бу саволга қониқиш билан «Ҳа» дея олмайман. Бундай кўриниш бизнинг персонамизга айланиб улгурди. Бу персона ичимиздаги «Мен»ни ўзига аллақачон қул қилиб олган. Бундай яшаш оммавий кўникмага айланмоқда. Шахс емирилиши бутун бошли авлодга хос хусусият бўлиб боряпти.

 

«Излам»чилар бизнинг ичимиздаги ана шу Ёлғонни ва унга бўлган оммавий муносабатимизни турли шакллару ифодаларда, ташбеҳу кўринишларда ифодалашга уринишган.

 

«Излам» туркуми бизга қанчалик эриш, ҳатто одобсиз туюлмасин, бугунги ёшларнинг, нафақат ёшларнинг, балки ҳаммамизнинг тийнатимизга боқишга ундаяпти. Бизни Рост фитратимиз билан юзлаштиришни истаяпти. Зотан, бу хусусият деярли барча шеърларга ва деярли барча муаллифларга тегишли.

 

«Излам» туркуми оломончилик тасаввури босимидан ўзларининг шахс ва индивид тасаввурларини халос қилишни истаётган бир авлод адабиётимиз остонасида турганини намойиш қилди. Шу сабабли бу туркум ва бу муаллифлар ҳақида қолипдаги тасаввурлар, қолипдаги ўлчамлар билан эмас, ҳар бирини бугунги авлоднинг руҳий-маънавий қиёфаларини акс эттираётган, ўзларини оломончилик архетипларидан қутқаришни истаётган социал индивидлар сифатида ўрганиш ва фикр айтиш, ижод намуналарини ҳам ана шу ракурсда таҳлил қилиш маъқулга ўхшайди.

 

Назар ЭШОНҚУЛ

5 Изоҳлар

Kamron Abdullayev

12:01 / 01.01.1970

Менимча oyina.uz портали хатога йўл қўйибди. Хато шундаки, 70 йиллар 80 йиллар авлоди бир мақолада таҳлил қилса бўлади. Чунки улар авлод сифатида тан олинган ижоди бир авлод эканини исботлаган давр вакиллари ижоди ҳам умумийлик касб этган. Ва бу давр ортда қолиб бўлган. Лекин изламда чиққан тўрт беш ижодкор ижоди билан бутун бугунги давр адабиётига баҳо бериш нотўғри деб ўйлайман. Булар янги авлодмиз деб иддао қилаётган бўлиши мумкин. Лекин ундай эмас. Ижодида ҳам умумийликлар кўп эмас. Бу ижодкорларни ҳар бирини алоҳида шарҳлаш керак эди. Шу жиҳатдан мақола ўзини оқламаган.

Oloviddin

12:01 / 01.01.1970

"Izlam" ni shu davr ruhi bilan o'qish kerak. Ilonning dumidek birovning fikriga ergashib o'qib ketish kerak emas, kitobni olish imkoni bor olib o'qish kerak. Asarlarni yomon desa, yomonakan deb ergashish kerakmas. Hozirgi jamiyatning dolzarb muammolarini rosmana olib chiqolgan, qoyil qolish kerak

Zulayho

12:01 / 01.01.1970

Men o'quvchi sifatida abiyotimizda yangilanish va rivojlanish bo'lishini istayman. Bu rivojlanishning debochasi balki "Izlam" bo'lsa ajab emas.

Iroda

12:01 / 01.01.1970

Assalomu alaykum ustoz,men ham adabiyot yo'nalishida o'qiyman,to'g'risini aytsam "Izlam"ga boshida qiziqish bildirmagandim,ba'zi professor ustozlar fikri bilan hamohang ularga qaysidir ma'noda qarshi edim,ammo ushbu maqolangizni o'qir ekanman,ularga nisbatan menda qiziqish uyg'ondi.Har qanday hodisaga xolis munosabat bildirishingiz meni hayratlantirdi,men ham har bir asarga shaxsiy emas balki umumiy fikr bilan yondashish tarafdoriman.Va albatta buni to'g'ri deb o'ylayman...

Aziza

12:01 / 01.01.1970

Xolis qarash uchun tashakkur!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//