Олий таълимдан кейинги PhD ва DSc’га кириш талабларида ўзгаришлар бўлганини айтиб қолишди. Қарорлар чиқибди. Ўқиб чиқмадим. Ҳамкасбларнинг норозилигидан тушундим.
Биз ҳамма нарсада оригиналликка, ўзига хосликка интиламиз. Бу сафарги ўзгаришлардан ҳам ажабланмадим.
DSc’га кириш учун талабгор – у энди росмана олим, илмий даражали, хорижда уни доктор деб чақиришади – инглиз тилидан имтиҳон топшириши керак экан. Имтиҳон Давлат Тест Марказида олинаркан. 400 минг сўмдан зиёдроқ тўлови бор экан...
Бу сафар ҳам оригиналликка ҳаракат қилишганми, деган ўй кўнглимдан ўтди. Бу нарса, тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, хорижда йўқ.
DSc хорижда Postdoctoral босқич ҳисобланади ва PhD илмий даражаси борлар қабул қилинади. Биздаги PhD ва DSc эса, моҳиятан, собиқ Иттифоқдан қолган, ОАК ислоҳ қилдим деган, амалда моҳият сақланган, номи ўзгарган бир тизим. Собиқ Иттифоқ давридаги фан номзоди (PhD) ва фан доктори (DSc), аслида, бошқа номларда сақланиб қолган.
Хорижда Postdoctoral босқичини давом эттириш – постдок қилиш учун ҳеч қандай тил сертификати сўралмайди. Ўзим икки марта постдок бўлганман. 2015-2016, 2017-2018 йилларда. Хорижлик бўлганим учун талаб қилишса, ҳақли бўлишарди. Аммо бирортасида тил сертификати талаб қилинган эмас. Бу амалиёт бутун дунёда амалда. Ҳатто, инглиз тили устувор бўлган АҚШ ёки Британияда, кенг қўлланиладиган Европада... ва ҳатто, Хитойда ҳам.
Хўш, бизда қайси сабаблар билан хорижий тил сертификати талаб этиляпти?
Фараз қилинг, фан номзоди – домла инглиз ёки немис тилидан ДТМга имтиҳон топширгани боряпти. Балки у талабгор бир неча йил хорижда фаолият юритган ёки университетларда маърузалар ўқигандир, зўр-зўр мақолалар эълон қилган, монографиялар, китоблар ёзган (шундайларни биламан). Энди ўша олимларга талаб қўйиляпти-да: “боринг, домла, имтиҳон топшириб келинг!”
Хўш, бу талаб иззат-нафси бор, ғурури ўлмаган олимга қандай таъсир қилади?
Агар менга шундай деганларида бундай “постдокторантура”дан воз кечардим. Нега?
Докторантурада ўқиётган вақтимизда яна ўзимизга хос талаблар пайдо бўлди. Докторлик диссертацияси ҳимоясидан олдин чет тили, Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси... яна аллақандай фанлардан имтиҳонлар топшириш талаб этилди. Фараз қилинг-а, катта-катта домлалар ҳали у институтга, ҳали бу институтга бориб имтиҳон топширганмиз. Агар ўша вақтда чет элдан бирор киши билиб қолса, куларди, шармандамиз чиқарди. Лекин иложимиз қанча, докторлик диссертациялар ёзилган, ҳимоя қилишимиз керак. Микробиолог ёки нейрохирург, айтайлик, демократик жараёнлар, яна аллақандай сиёсий жараёнларни ўқишимиз керак эди. Ўқиганмиз ҳам. Фақат вақтимиз ва нақдимиз кетган.
Ўшанда бир характерли суҳбат бўлганди. Ёши каттароқ ака биз билан имтиҳон топширарди. Ундан кейин менинг навбатим. Ўшандаги тортишув эътиборимни тортганди:
– Бу ёғи энди 3 баҳо, ҳафа бўлмайсиз!
– Нега уч?!
– Бу нарсаларни билишингиз керак. Мана, айтяпсиз, Германияда ишлайман, деб. Германияда сўраб қолишса, “Ўзбекистонда давлат бошқаруви қандай?” деб. Сиз нима жавоб берасиз?
– Домла, Германияда бунақа нарсаларни сўрамайди. Мен нейрохирургман! Нейрохирургиядан докторлик қиляпман. Мендан немислар демократик жараёнлардан эмас, нейрохирургиядан маъруза ўқишимни сўрайди, чунки мен нейрохирургия бўйича мутахассисман!
Шу билан баҳс узилганди. Аниқроғи, баҳсга нуқта қўйилганди. Тўғрида, нейрохирургдан нейрохирургияни, математикдан математикани талаб қилиш керак.
Энг ачинарлиси, яна қандайдир қарор чиқди, талаблар ўзгарди, имтиҳонларни топшириб бўлганимизда булар бекор бўлди. Олган сертификатларимиз керак бўлмай қолди.
Хуллас, бу сафарги ўзгариш ва талабни умуман ёқламайман. Бу ҳам келиб, мен ўтган босқичдаги ўзгаришлар каби бекор бўлади. Бу ишларда мантиқ кўрмайман.
Қатъий фикрим шуки, жамиятнинг зиёли элитаси устидаги тажрибаларда эҳтиёткорлик лозим. Масалага мантиқан ёндашиш керак. Янгилик қиламан деб, бошқаларни овора қилмаслик керак, ҳурматли мутасаддилар. Хориж тажрибасини олайлик, сайқалланиб бу кунги ҳолатига келди. Илм-фан ривожига қандай қилиб халақит бермасак бўлади, деган масалани бир неча ўн йиллар аввал ечиб қўйишган. Дунёдан айри яшай олмаймиз. Дунё фани ва ўзбек фани деган нарса йўқ. Ҳаммаси бир қозонда қайнайди.
Мендан ҳеч ким инглиз тилини талаб қилмаган. Лекин Scopus базасидаги 11 мақоламнинг ҳаммаси инглизчада. Чунки, олим бўлиш ва инглизча билиш, аслида, параллел кечадиган табиий ҳолат.
Бахтиёр АБДУҒАФУР
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ