Адабиёт
Умумий тарихий қардошлик ришталари, ягона дин, тил, маданият, анъана ва урф-одатларнинг яқинлиги Туркий давлатлар ташкилоти ҳамкорлигида муҳим аҳамият касб этади. Айнан мазкур яқинлик туркий халқларни ягона ташкилот атрофида бирлашувига ва Туркий давлатлар ташкилоти тузилишига хизмат қилган десак, муболаға бўлмайди.
Алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, туркий халқлар бой маданияти, ўзига хос санъати, урф-одатлари, адабиёти ҳамда ижодкорлари билан маълум ва машҳурдир. Шу сабабдан ҳам Туркий давлатлар ташкилотининг ҳар бир саммитида маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, аъзо давлатлар томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилади.
Юртимизда ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилотининг мазкур саммити ҳам маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда туркий маданиятни юксалтиришга қўшган ҳиссаси билан аҳамиятли бўлди. Хусусан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Турк маданияти халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ)га тўлақонли аъзо бўлиш тўғрисидаги қарори муҳим аҳамиятга эга.
Маълумот учун қайд этиш керакки, Турк маданияти халқаро ташкилотининг асосий мақсади маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, туркий халқларнинг умумий моддий ва маданий меросини асраб-авайлаш ҳамда ижод аҳли ўртасида ўзаро ҳамкорликка кўмак беришдан иборатдир.
Шу билан бирга яна бир муҳим қарорлардан бири сифатида Турк маданияти халқаро ташкилотининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида кейинги йил Ўзбекистонда Туркий халқлар маданияти фестивалини ўтказиш таклифининг қабул қилинишидир. Мазкур тадбир туркий халқлар маданияти ва санъатини кенг тарғиб этишда ҳамда аҳолига беқиёс театр санъати намуналарини кенг таништиришда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлаймиз.
Шунингдек, алоҳида қайд этиш керакки, яқинда ўзбек тилида “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилдлик муҳташам тўплам нашрдан чиқди. Мазкур тўпламга Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ва кузатувчи давлатлар адабиётининг сараланган намуналари киритилган бўлиб, Президентимиз томонидан аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида ҳам чоп этиш таклифи берилди. Мазкур таклиф келгусида маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни янада ривожлантиришда, қардош халқлар яқинлашуви ҳамда туркий халқлар адабиётини танитишда катта имконият яратади.
Бобиржон ИЗЗАТУЛЛАЕВ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бош мутахассиси
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ