Туркий давлатлар ташкилоти доирасида маданий-гуманитар ҳамкорликнинг янги имкониятлари


Сақлаш
22:43 / 09.11.2022 1239 0

Шу ҳафта дунёнинг нигоҳи кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига қаратилади. 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд яна бир муҳим анжуман – Туркий давлатлар ташкилотининг I саммитига мезбонлик қилади. Саммитда Евроосиёнинг муҳим стратегик ҳудудларида жойлашган туркий дунё мамлакатлари раҳбарлари иштирок этиши кўзда тутилган. Мазкур анжуман ташкилотнинг ҳуқуқий мақоми ва номи ўзгаргандан кейин илк саммит сифатида тарихга кириши билан ҳам аҳамиятли. Бугунги Самарқанд барча йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш, муштарак мақсадларга эришиш учун сиёсий-дипломатик, маслаҳатлашув, мулоқот майдони сифатида дунёга намоён бўлмоқда.

 

Мазкур ташкилот тарихига назар ташлар эканмиз, бугунги кунга қадар бир қатор трансформация жараёнини ўтказганини кўришимиз мумкин. Туркий тилли давлат раҳбарларининг биринчи саммити 1992 йил 30 октябрь куни Туркия Республикаси Президенти Тургут Ўзал ташаббуси билан Анқара шаҳрида бўлиб ўтган. Озарбойжоннинг Нахичеван шаҳрида 2009 йил 3 октябрь куни бўлиб ўтган Туркий тилли давлат раҳбарларининг IX саммитида Нахичеван битими имзоланиши натижасида мазкур ташкилот Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши сифатида фаолият кўрсата бошлади ва биринчи саммит 2011 йил 21 октябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ташкил этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 14 сентябрда «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун имзолади. Ўтган йили 12 ноябрь куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VIII саммитда ушбу тузилмани Туркий давлатлар ташкилоти сифатида ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу саммитда Туркий Кенгаш номи «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартирилиши қардош давлатлар ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди, десак муболаға бўлмайди. Таъкидлаш лозимки, Ташкилотнинг истиқболи, келажаги порлоқлиги ҳақида кўплаб маҳаллий ва халқаро эксперт-таҳлилчилар ижобий фикр билдирмоқда.

 

Маданий-гуманитар соҳада алоқаларни мустаҳкамлаш Туркий давлатлар ташкилоти ҳамкорлигининг асосий вазифаларидан саналади. Хусусан, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, спорт ва туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш шулар жумласидан. Туркий халқларнинг бой тарихий-маданий меросини оммалаштириш ва тарғиб қилишда ОАВ ўртасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтириш ҳам мақсад қилинган.

 

ТДТ шафелигида маданий-гуманитар соҳада қатор ташкилотлар фаолият олиб бораётгани, мазкур йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этиш даркор. Туркий тилли халқлар ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни тиклаш мақсадида 1993 йил 12 июль куни Турк маданияти халқаро ташкилоти (ТЮРКСОЙ) ташкил этилган бўлиб, штаб-квартираси Анқара шаҳрида жойлашган. 2010 йил 25 майда туркий дунёни тадқиқ этиш мақсадида ихтисослашган марказ сифатида Остона шаҳрида Халқаро турк академияси очилди. 2012 йил 23 августда туркий халқлар тарихий-маданий меросини оммалаштириш, тарғиб этиш, қайта тиклашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи Турк маданияти ва мероси жамғармаси тузилган (штаб-квартираси Боку шаҳрида).

 

Мамлакатимиз ТДТга аъзо бўлгач, ўтган қисқа муддатда давлатимиз раҳбари ўттиздан ортиқ савдо-иқтисодий ва инвестициявий, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар, иқлим ўзгариши ва экология соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш борасида муҳим ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Уларнинг аксарияти бугунги кунда амалий ифодасини топганини таъкидлаш лозим.

 

Ўзбекистон шерик давлатлар миқёсида туризмни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. 2021 йил июнда Қўқон шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қўқон туркий дунёнинг илк туризм пойтахти, деб эълон қилинди. Мамлакатларимиздаги муқаддас қадамжолар бўйлаб «Табаррук зиёрат» лойиҳасини амалга ошириш бошланди.

 

Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган «Табаррук зиёрат» туризм концепцияси бўйича ташаббусни юқори савияда ташкил этиш, туризм соҳасидаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш, шунингдек, Қўқон шаҳри 2022 йили «Туркий дунёнинг туризм пойтахти» деб эълон қилингани муносабати билан шаҳарнинг маданий ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, туристлар учун қўшимча қулайликлар яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини такомиллаштириш ҳамда жозибадорлигини ошириш мақсадида 2022 йил 29 июль куни Президентимиз «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ушбу қарор билан Туркий дунё доирасида «Табаррук зиёрат» туризм концепцияси тасдиқланди.

 

Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотларда ўзаро манфаатли иштирок этиши масаласи қабул қилинаётган стратегиялар ва давлат дастурларида ҳам ифодасини топганини таъкидлаш зарур. Шу йилнинг 28 январь куни қабул қилинган, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 93-мақсадида «Мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш», деб қайд этилган.

 

«Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 349-бандида Туркий давлатлар ташкилоти саммитига Ўзбекистон раислигини самарали ва фаол амалга ошириш вазифаси алоҳида белгиланган. Шунингдек, йирик тадбирларда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон позицияси ҳамда глобал ташаббусларини илгари суриш каби фаолиятни ташкил этиш алоҳида белгиланганини таъкидлаш ўринли. Бугунга қадар Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 20 дан ортиқ юқори даражадаги тадбирларда Ўзбекистон иштироки таъминланди.

 

Ишончимиз комилки, Самарқанд шаҳрида ўтадиган саммит маданий-гуманитар соҳада халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва механизмларини очиб бериши билан алоқаларни янги босқичга кўтаради. Бутун турк дунёсини бирлаштириш, сиёсий-иқтисодий интеграцияни кучайтиришда муҳим бурилиш даврини бошлаб беради.

 

Анваржон МИРКОМИЛОВ,

"Тараққиёт стратегияси" маркази эксперти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//