Криптовалюта, биткоин, ватсмайнер, майнердан топилган пул ҳалолми? – қалтис саволларга нозик жавоблар


Сақлаш
17:11 / 08.11.2022 938 0

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири Ғуломиддин Холбоев жавоб берди.

 

Ассалому алайкум, е-auksion интернет сайти орқали ҳар хил турдаги ер, бино ва автомобиллар сотувга қўйилади, унда нархлар ошириб бориш усулида бўлади. Ким юқори нарх таклиф қилса, мулк унга сотилади. Хуллас, мулкни шундай савдо орқали олиш жоизми? Биз бундай савдо бошқа бир савдогарнинг савдосини бузиш бўлиб, ҳаромга кетиб қолмасмикан деган шубҳадамиз. Шунга аниқлик киритиб берсангиз.

 

– Ваалайкум ассалом, агар сиз кимошди савдоси ҳақида сўраётган бўлсангиз, бу савдо шариатимизда жоиз. 

 

***

Криптовалюта, биткоин, ватсмайнер, майнердан топилган пул ҳалолми?

 

Сўнгги вақтларда биткоин деб аталадиган электрон пуллар, яъни криптовалюталар пайдо бўлди. Уларни доллар, евро каби бошқа валюталар билан таққослаш мумкин бўлса-да, улар ўртасида айрим фарқлар бор. Энг асосийси, ушбу пуллар электрон пул бўлиб, фақат интернет тармоғидагина айланади ва ҳақиқий вужудга эга эмас.

 

Биткоинлар орқали тармоқ фойдаланувчилари ўртасида молиявий муомала, электрон имзолар юритилиб, ушбу муомалани тартибга солувчиларсиз, тўғридан-тўғри шифрлаш орқали амалга оширилади. Бунда валюта бир фойдаланувчининг ҳисобидан бошқа фойдаланувчининг ҳисобига бирданига, ҳеч қандай тўлов хизматисиз, ҳатто банк ва унга ўхшаш воситачиларсиз ўтади.

 

Бу хизматлар бутун дунёда мавжуд бўлиб, ҳар хил шарт ва талаблардан холи ҳамда ҳеч қандай тўсиқларга йўлиқмайди. Қачон пулга эга бўлинса, у электрон ҳамёнда сақлаб қўйилади. Кейин уни турли интернет харидларига ишлатиш мумкин. Доллар, евро каби валюталарга айирбошлаш ҳам мумкин. Бунда биткоинга эга бўлган фойдаланувчи уни сотиб олмоқчи бўлган, ҳақиқий валютаси бор бошқа фойдаланувчи билан битим тузади. Битим ўзаро келишув асосида тузилади. Демак, келишув нархини фойдаланувчилар белгилайди. Шунинг учун биткоиннинг нархи худди ҳақиқий валюта каби бозорга боғлиқ равишда ўзгариб туради.

 

Биткоиннинг анъанавий валюталардан фарқли равишда олтин ёки кумуш каби қимматбаҳо металлардан таянчи бўлмайди. Балки уни фойдаланувчиларнинг ўзлари ишлаб чиқаради. Фойдаланувчи деганда интернет тармоғига уланган компьютерга эга бўлиб, биткоин билан муомала қилиш истагида бўлган шахс тушунилади. Бу иш компьютерга махсус илова юклаб олингандан сўнг секин-аста криптовалюта чиқаришни (mining) бошлаш орқали йўлга қўйилади. Ушбу жараённи ишлатиш воситасида фойдаланувчи маълум миқдордаги электрон пулга эга бўлади. Бу пуллар унга компьютерига ўрнатилган илованинг ҳисоб имкониятидан янги валюта ишлаб чиқаришда фойдалана олиши натижасида келади.

 

Шундай қилиб, ҳар бир фойдаланувчи қошида муайян миқдордаги криптовалюта туғилади. У фойдаланувчилар ўртасида маълум алгоритм асосида тақсимланадики, бунда бозордаги биткоин валюталарининг умумий қиймати 21 миллион биткоиндан ортиб кетмаслиги керак. Шунингдек, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган компьютер эгаларига валюталардан жиҳозларининг ишлаб чиқариш лимитига мос равишда кўпроқ тегади.

 

Бу йўл билан мол орттириш, яъни майнерлик ортидан пул топиш масаласига келсак, василага (яъни бир мақсадга олиб борувчи нарсага) мақсаднинг ҳукми берилади деган фиқҳий қоидага биноан унинг ҳукми биткоинни ишлатиш ҳукмидан келиб чиқади. Биткоинлар борасидаги ҳозирги замон уламоларининг фикрларига қаралса, Мисрдаги Дорул-ифто”нинг (фатво уйининг) фикрига кўра, биткоин ҳаромдир. Чунки мазкур пул ҳақиқий асосга эга бўлмаган виртуал пул бўлиш билан бирга шахслар ва ҳатто давлатлар миқёсидаги хатарлардан холи эмасдир.

 

Саудия Арабистонидаги Ҳайъати киборил-уламога (Катта уламолар ҳайъатига) кўра ҳам мазкур валюталар билан муомала қилиш ҳаром. Чунки исломда ҳаром қилинган қимор ва турли хатарга асосланган ўйинлардаги алданиш даражаси биткоин билан муомала қилишдаги хатардан кам.

 

Юқоридагилардан бугунги кунда олимларимиз томонидан биткоин билан муомала борасида рухсат йўқлиги маълум бўлмоқда. Валлоҳу аълам.

 

* **

Мен устаман, прораблар иш топиб беради ва шу иш топгани учун маълум миқдорда ҳақ олиб қолади. Шу олаётган пули ҳалолми?  

 

– Аввалдан иш топиб бериши учун муайян миқдордаги пулни ваъда қилиш мумкин.

 

* **

Мен блогерман. “Телеграм” каналимда қиморга оид рекламани бердим ва мўмайгина ҳақ олдим. Лекин ҳаловатим йўқолди, чин дилдан тавба қилдим, қиморни реклама қилиб олган пулимнинг ҳаммасини биронта касалга ёки ногиронга бериб юбормоқчиман, шу жоизми? Ҳалол ишимга ҳаром пул аралашиб қолди. Энди бундан буёғига топадиган ҳар бир пулим ҳаром ҳисобланадими?

 

– Динимизда ҳаром қилинган ишга тарғиб қилиш – ўша ишни амалга ошириш каби қаттиқ гуноҳ саналади. Бунинг ортидан даромад кўриш ҳам ҳалол эмас. Шундай экан, сиз қилган ишингизга чин дилдан тавба қилинг. Қиморга оид рекламалардан топган даромадларингизни муҳтож ва фақирларга садақа қилинг. Шунда иншааллоҳ, охиратдаги масъулиятдан қутулишингиз умид қилинади.

 

***

Букмекерлик компанияларига пул тикиш қиморга кирадими?

 

Ҳозирги кунда гаров ва қиморга асосланган жуда кўп компаниялар фаолият юритади, улар букмекерлик компаниялари дейилади. Интернет ва ижтимоий тармоқларда айрим кишилар спорт ўйинлари, масалан, футболда қайсидир жамоага пул тикиб, кимнинг жамоаси ютса, ўша одам нариги жамоага тикилган пулларни олиши билан боғлиқ ўйинлар эълон қилиб борилади. Бу фаолиятнинг барчаси қимор ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйинга қимор дейилади.

 

Ислом динида қимор қаттиқ қораланган ва гуноҳи кабира дейилган.

 

Аллоҳ таоло Моида сурасининг 90-оятида бундай марҳамат қилган: Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз.

 

Худо бу оятда қиморни ифлослик ва шайтоннинг иши деб марҳамат қилган. Айнан шу оятда хамр ичиш ва қимор ўйнаш каби гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирган.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ким ўз соҳибига Кел, сен билан қимор ўйнайман деса, садақа қилсин деган.

 

Қимор шу қадар жирканч иш эканки, киши ҳали ўйнамаган бўлса ҳам, ўйнашни таклиф қилиши биланоқ гуноҳкор бўлиб қолар экан. Шу боис унинг каффоратига ўйнамоқчи бўлган пулини садақа қилиб юбориш керак экан.

 

Динимизда инсонлар ҳалол меҳнат қилиб пул топишга буюрилган. Бировни алдаб, хиёнат қилиб, муттаҳамлик билан унинг мулкига эга бўлиб олиш ҳаромдир. Қимор эса айнан шундай йўл билан пул топишдир.

 

Қиморда ютқазган тараф ютган тарафни ҳеч қачон яхши кўрмайди. Ўртада адоват, нафрат, жанжал пайдо бўлади. Ютқазган тараф имкон топилди дегунча ютган тарафдан пулини қайтариб олишга, бунинг учун ҳатто ўша ютган кимсани ўлдиришгача бориб етади. Хуллас, қимор сабабли инсонлар ўртасида душманлик, бир-бирини ёмон кўриш ва ҳатто қотиллик юзага келади. Мана шуларнинг ўзиёқ қиморнинг жамиятга соладиган хавфи, келтирадиган зарари нечоғли аянчли эканини кўрсатади.

 

Одамлардаги меҳнат қилмай, қийналмай, осон ва тез пул топиш истаги уларни мана шундай жирканч иш қимор ўйнашга, қиморга йўналтирилган каналларга аъзо бўлишга ундайди.

 

Қимор ўйновчи кимса бориб-бориб ҳамма нарсасидан жудо бўлади. Ким қимор ўйнаб пул ютиб олган бўлса, ўша ютган пулини дарҳол эгасига қайтариб бериши керак. Агар эгаси ўлиб қолган бўлса, унинг меросхўрларига беради. Борди-ю, меросхўрларни ҳам топа олмаса, эгасининг номидан бирор фақирга беради. Аллоҳ янада билувчидир. Валлоҳу аълам.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 3-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

10:05 / 07.05.2024 0 25
Урушда ғолиблар бўлмайди...





Кўп ўқилган

Барчаси