Адабиёт
Бугунги кунда хайрия ишлари тез ривожланаётган дунёнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Бу йўналишда йирик фондлар, жамғармалар фаолият юритади. Шунингдек, машҳур шахсларнинг ўзлари ҳам алоҳида тартибда хайрия қилаётганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Машҳурлик, юқори даромад кўзини кўр қилмаган, аксинча, муҳтожлар билан бирга бўлишдан ийманмайдиганлар орасида санъат вакиллари ва сиёсатчилар билан бир қаторда номдор спортчиларни ҳам учратиш мумкин. Қуйида айнан шундай сахий ва инсонпарвар спортчилар ҳақида сўз юритамиз Уларнинг сони кўплиги боис фақат номдорларгагина тўхталишга қарор қилдик.
Криштиану Роналду
Португалия терма жамоаси ва «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳар йили хайрия ишларига катта маблағ ажратади. У ўзи туғилиб ўсган Мадейра оролида саратонга қарши курашиш маркази қурдирган. Шунингдек, мунтазам равишда ўз шаҳри ривожи учун пул ўтказиб туради.
Роналду 2011 йилда «Йилнинг энг яхши тўпурари»га бериладиган махсус мукофотини сотади. Мукофот аукционда 1,5 миллион еврога сотилади. Бундан тушган барча маблағлар Ғазодаги фаластинлик болаларга ёрдам беришга йўналтирилади.
2015 йилда у Непалдаги зилзилада жабрланганларга 5 миллион фунт хайрия қилади. Бир йилдан сўнг эса Чемпионлар Лигасидаги ғалаба учун олган бонусларини (тахминан, 600 минг евро) ҳам хайрия мақсадларида сарфлайди.
Бундан ташқари, Роналду шахсий сўровларга жавоб беришдан ҳам толмайди. Бир сафар португалиялик аёл 10 ойлик боласини операция қилдиришга етадиган маблағ тўплаш учун ундан бутси ва формасини сўрайди. Аёл буларни аукционда сотишни мақсад қилганди. Футболчи ўз навбатида ҳам муолажа ва ундан кейинги реабилитация учун керакли сумма, ҳам формаларини беради. Ва бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Футбол афсонаси коронавирус пандемияси даврида ҳам аҳолининг муҳтож ва хайрияга эҳтиёжи бор қисми ҳақида унутиб қўймади. Энг муҳими, Роналду пулдан ташқари, мунтазам равишда донорлик (қон топшириш орқали) қилиши билан бошқалардан ажралиб туради. Шу боис ҳам унинг танасида бирорта ҳам татуировка йўқ. Бу эса футболчилар орасида жуда кам учрайдиган ҳолат. Айнан шу хислатлар учун ҳам Роналдуни майдон ва унинг ташқарисида бирдек яхши кўришади.
Мария Шарапова
Дунёнинг энг номдор ва энг бой аёл теннисчиларидан бири бўлган Мария Шарапова ҳам хайрия ишлари билан шуғулланишни канда қилмайди. Корт маликаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус элчиси бўлиб, Чернобил фожиасидан кейинги тикланиш ва ривожланиш каби глобал муаммолар билан шуғулланади. Шарапова, шунингдек, Variety The Childrenʼs Charity ва Sole 4 Shoes хайрия ташкилотларининг фаол иштирокчиси ҳисобланади.
Мэнни Пакьяо
Филиппинлик афсонавий боксчи ўзининг биринчи катта миқдордаги гонорарини ўз шаҳарчасида турар-жой қурилишига сарфлайди. Пакьяо шу билан тўхтаб қолмаган. Филиппинда мунтазам равишда янги уйлар, жамоат бинолари, боғлар, кўнгилочар ва спорт марказлари барпо этилиб келинади — буларнинг аксарияти Пакьяонинг пуллари эвазига амалга ошадиган ишлардир.
Бундан ташқари, Мэнни Филиппин пойтахти Манилада шифохона қурилиши учун нақ 5 миллион АҚШ доллари ажратган. 2014 йилда унинг рингдаги либосини кимошди савдосида 40 минг АҚШ долларига сотилади ва бундан тушган маблағ ҳам тўлиқ хайрияга сарфланади.
Пакьяонинг хайрия билан боғлиқ ишлари фақат пул билан чекланмаган. Унинг ўзи кўп ҳолларда Филиппиннинг кам таъминланган аҳолисига озиқ-овқат ва кийим-кечак тарқатишда иштирок этади.
Серена Уильямс
Теннис тарихидаги энг буюк спортчилардан бири Серена Уильямс ЮНИСEФнинг махсус элчиси ҳисобланади. Унинг «Серена Уильямс фонди» Қўшма Штатларидаги университет ва коллежлардаги кам таъминланган талабаларга стипендиялар беришни ўз гарданига олган. Бундан ташқари, Серена ОИТСга қарши кураш фонди билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, у бир қанча касалхоналар фонди ва стипендия жамғармаларини тўлдиришда катта улушга эга. Уилямснинг бир йилда хайрияга сарфлайдиган маблағининг миқдори бир ярим миллион доллардан кам эмас.
Леброн Жеймс
Миллий баскетбол лигаси (НБА) қироли Леброн Жеймс хайр-эҳсон қилишда ҳам майдондаги мақомига мос тарзда ҳаракат қилади. АҚШ терма жамоаси ҳужумчиси ва «Лос-Анжелес Лейкерс» ўйинчиси ўзи тарбияланган мактабнинг спорт залини таъмирлатиб берган. Лиганинг тўрт карра энг яхши ўйинчисига бу ҳашаматли совға 1 миллион долларга тушган. Бундан ташқари, Леброн рўйхатдаги ҳамкасблари сингари бемор болаларнинг даволаниши учун ҳам пулини аямайди.
Лионель Месси
Криштиану Роналдунинг хайрли ишлари ёдга олинган жойда Месси ҳам эсланмаса, бу Леонинг мухлислари учун чинакамига адолатсизлик бўларди.
Аргентиналик ҳам хайрия борасида майдондаги асосий рақобатчисидан умуман қолишмайди. Лионель 2007 йилда ўз фондига асос солган. Фонд муҳтож болаларга ёрдам кўрсатишни ўз олдига мақсад қилган. Фонднинг энг катта лойиҳаларидан бири Барселонадаги онкологик марказнинг қурилишидир. Футболчи ушбу марказнинг барпо этилишига 2,5 миллион евро ажратган. Шунингдек, мазкур фонд бутун дунё бўйлаб таълимга қаратилган бир қанча ишларни ҳам йўлга қўйишга муваффақ бўлган. Бунга мисол тариқасида Ғазодаги мактабларда нонушта жорий қилиниши, суриялик ўқувчиларни ўқув анжомлари билан таъминлаш, Росариодаги (Аргентина) мактабларни тўлиқ таъмирдан чиқариш каби лойиҳаларни келтириш мумкин.
Фонддан ташқари, Месси ЮНИСEФнинг махсус элчиси ҳисобланади. Шунингдек, у тез-тез ўтказилиб турадиган хайрия учрашувларида қатнашишга ҳам эринмайди.
Мессии ковидга қарши курашиш учун Каталония ва Аргентинадаги икки касалхона учун 1 миллион евро ажратган.
Билол НОРҚОБИЛОВ
oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Дилором
12:01 / 01.01.1970
Аллох ўрнини тўлдирсин.