Тўғирлаш эмас – тўғрилаш
Ижтимоий тармоқларда шундай ёзишмаларга кўп дуч келаман: “Фалон жойда хато кетибди”. – “Раҳмат, тўғирлаб қўяман”. Аввал “тўғирлаш”ни тўғриланг, биродар (дегинг келади). “Тўғри” ўзагидан “тўғриламоқ” феъли ясалади. Эҳтимол, бирор шевада “тўғирламоқ” шакли ҳам бўлиши мумкин, аммо мумтоз адабиётимизда бу шакл учрамайди.
Ўғрилаш эмас – ўғирлаш
Яқинда тармоқда кимдир “ўғрилаш” деб ёзибди, “тўғри”дан фарқли, “ўғри”нинг феъл шакли – “ўғирламоқ”, лекин адабий тилда мазкур ўзакдан ясалган отлар “ўғрилик” ҳам, “ўғирлик” ҳам тўғри ҳисобланади. “Ўғри” баъзи шеваларда “ўғири” шаклида ҳам талаффуз қилинади. Бу хусусиятга бир пайтлар Кошғарий бобомиз ҳам эътибор қилган ва “Девону луғотит-турк”да “ўғри”га шундай изоҳ берилади: “Oғрї – ўғри. Аслида غ касрали бўлиши керак эди; енгиллатиб сукун ҳолида талаффуз қилинади” (ДЛТ. I том. Т 1960. 147-бет). “Ўғри” деганда “ғ” (غ) товуши касрали, яъни “ғ”дан кейин қисқа “и” товуши ҳам эшитилиб, аслида “ўғири” бўлиши керак экан, лекин енгиллик учун бу унли қисқариб “ўғри” шаклига келган.
Онсон эмас – осон
Форс тилидан ўзлашган бу сўз форс тилида ҳам – ОСОН, Навоий бобомиз ҳам “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ”, деб ёзган. Менингча, шева таъсирида баъзан “осон” ўрнида “онсон” деб ёзиш ва айтиш ҳоллари учрайди. “Oнсон”дан “ОСОН” дейиш осон эмасми?
Таъқиқ эмас – тақиқ
Ўзбек тилида айириш (ъ) ёки тутуқ белгиси, одатда, араб тилидан ўзлашган, “ъайн” (“ع”) товуши, “ҳамза” (“ء”) ва “сукун” каби белгилар иштирок этган сўзларда қўйилади. Мисол: қатЪий قَطْعىٌّ, масЪул مسؤول, “таЪқиб” تَعْقِيب...
1981 йили чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “ТАҚИҚ” сўзи арабча ёки бошқа тилдан ўзлашган деб айтилмаган. Бу эса сўзнинг бошқа тилдан ўзлашмаган, соф ўзбекча эканлигини ёки, камдан-кам ҳолатда, олимлар сўз этимологиясини аниқлай олмаганини билдиради. Аммо янги 5 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг 2008 йили чоп этилган тўртинчи жилдида бунга аниқлик киритилган. Унда “ТАҚИҚ” араб тилидан ўзлашган сўз сифатида изоҳланиб, арабча تعقيق шакли келтирилади. Агар шундай бўлса, “ТАҚИҚ” ҳам “ТАЪҚИБ” (تَعْقِيب) сингари араб тилида сукунли “айн” ҳарфи билан ёзилар экан ва бу сўзни ҳам “тақиқ” эмас, “таъқиқ” деб ёзсак тўғрироқ бўлади. 2008 йил изоҳли луғатида “тақиқ” – “узиш, тўхтатиш, қулоқ солмаслик, бўйсунмаслик” каби маъноларга эга арабча феълдан ясалганлиги айтилади (қаранг: ўша жилд, 37-бет). Арабча луғатларда бундай феълнинг инфинитив шакли – عَقَّ (“ъаққа”) ва у, айтилганидек, “узиш, тўхтатиш, қулоқ солмаслик, бўйсунмаслик” каби маъноларга эга. Аммо бирорта арабча луғатда бу феълнинг масдари сифатида “таъқиқ” (تَعْقيق) шакли келтирилмаган. Араб ва форс тилларида “тақиқ” маъносида бошқа сўзлар ишлатилади.
Қизиғи шундаки, “тақиқ” сўзи Навоий ёки бошқа мумтоз адабиётимиз вакиллари асарларида ҳам учрамайди. Тахминимча, “тақиқ” сўзи арабча этимологияга эга эмас, балки яқин ўтмишда ўзбекча “тақмоқ” феълидан “тақ+иқ” шаклида ясалган ва кейинчалик бу сўз тожик тилига ҳам ўзлашган бўлиши мумкин. Шу боис бу сўз ўтган аср бошидан буён ўзбек ва тожик тилларида “таъқиқ” эмас, балки “тақиқ” шаклида қўлланиб келади. Агар бу сўз ўтган аср бошида араб ёзувида, изоҳли луғатда келтирилгани каби, “таъқиқ” (تَعْقيق) шаклида ёзилганида, кирилл ёзувида ҳам бу хусусият сақланган бўларди (Бу борада мутахассислар, айниқса, араб тили мутахассислари аниқлик киритиб беришса, миннатдор бўлардим). “Тақмоқ” феълининг “боғламоқ” маъноси ҳам бор. Дейлик, “тақиқ қўйилди” – “боғлаб қўйилди”...
Хуллас, бу сўз юз йилдан буён ўзбек адабий тилида “таъқиқ” эмас, “ТАҚИҚ” шаклида ёзилади ва шундай ёзиш тўғри деб қабул қилинган.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ