Эскирган этник айирмачилик, амалдаги сиёсий миллатчилик, таназзулга кетаётган давлатчилик... – инсоният келажакда қандай ўзликлар асосида яшайди? Блогер Элдар Асанов билан суҳбат


Сақлаш
22:47 / 07.11.2022 1268 0

– Оламни ўзиникилар ва бегоналарга бўлиб тасаввур этиш инсон тийнатида бор. Одамзод яйраб яшаш учун қулай шароит яратиш, бойликларни қўлга киритиш... каби мақсадларда турли гуруҳларга бўлинади. Ушбу асл сабабни хаспўшлаш важидан тўқиб-бичилган миллатчилик каби мафкуралар эса замонлар оша эврилиб келган. Хўш, миллатчилик тарихан турли ҳудудларда қай тарзда шаклланган?

 

– “Миллат” истилоҳини турли маъно-мазмунда ишлатавериб ўрганиб қолганмиз, аммо соф илмий нуқтаи назардан қараганда, унинг қўлланадиган ўз ижтимоий макони ва замони бор. Олимлар XVII асрдан олдинги тарих ҳақида гап кетганда мазкур атамани тилга олишдан тийиладилар. Негаки, бугунги маънодаги миллат тушунчаси XVII-XVIII асрлардан шакллана бошлаган.

 

Миллатчилик, аслида, айирмачилик идеологияси бўлмаган. Бизда ҳозир бу атама салбий маъно касб этади, лекин илмий жиҳатдан у шунчаки бир сиёсий қараш, дунёни идрок этиш шакли эди. Илк миллатчиликлар ўз даври учун прогрессив аҳамиятга эга бўлган. Унга қадар эса одамлар бошқача ўзлик таълимотлари асосида яшаган. Европада XIV асрда бошланган улкан ўзгаришлар миллий қарашларнинг шаклланишига туртки берди. Бу эврилишлар ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраган эди. Жумладан, иқтисодий жабҳада: савдо йўллари ўзгарди, Янги дунё кашф этилди, денгизчилик ривожланди, кейинроқ саноатлашув ва капитализмга ўтиш бошланди; маданият йўналишида: Уйғониш даври юз берди, янгича дунёқарашга асосланган санъат куртак ёзди; диний соҳада: протестантизм вужудга келди; илмда: академик методология шаклланиб, фан диний қарашлар ва мифологиядан мустақил дисциплинага айланди; сиёсатда: либерализм, шунингдек, турли сўл қарашлар кучая борди. Ана шундай тиғиз жараёнлар асносида миллатчилик бўй кўрсатди. Янги дунёқарашга эга зиёлилар ҳамда замона зайли билан бойиб кетиб, имкониятлари кенгайган, лекин эски тоифа нуқтаи назарича ҳали ҳам жамиятнинг қуйи қатлами саналган буржуазия бу ҳаракат бошида турди. Улар тартиб-қоидалар эскирганини англаб, ўзгаришларни талаб қилди. Дастлаб Нидерландия ва Англияда инқилоб рўй берди. Кейин Француз инқилоби ва АҚШ озодлик кураши содир бўлди. Шу тариқа тарих саҳнасига миллатлар чиқди.

 

Миллат – кишилик жамиятининг янги босқичи эди. Олдинги тартиботлардан фарқли равишда мазкур бирлашма тенг ҳуқуқли аъзолардан иборат бўлиши керак эди. Миллат вакиллари тоифага қараб ажратилмас, ҳар бир фуқаронинг табиий ҳуқуқлари тан олинар эди. Миллатнинг ўз рамзлари, бирлаштириб турувчи умумий тарихи, муштарак қадриятлари бўлиши керак эди. Шу каби талабларга жавоб берадиган бирлашмагина миллат деб тан олинарди.

 

Барча сиёсий таълимотларда бўлгани каби, миллатчилик ҳам секин-аста ривожланиб, унинг турли мактаблари вужудга келди. Баъзиларида миллат дефакто фуқароликка тенглаштирилган бўлса, айримларида этник мансублик, тил ва ирқ каби жиҳатларга кучли эътибор қаратилди. Қисқа муддатда жадал тараққиётга эришган Европа дунёни эгаллаб, йирик империялар қитъасига айлангач эса гегемон миллатларда ирқий ёки ақлий жиҳатдан бошқалардан устунлик кайфияти илдиз отди. Европаликлар тарихий омилларга кўра ўзини ва дунё тартибини ислоҳ этиб, янгича жамиятлар қургани учун эмас, балки ирқий жиҳатдан олийроқ, табиатан ақллироқ бўлгани боис улкан натижаларга эришди, деган сохта ғоя урчиди. Бу эса шовинизм ва ирқчилик тегирмонига сув қуйди. Миллатчиликнинг бундай тадрижи охир-оқибат инсоният тарихидаги мудҳиш фожиа – Иккинчи жаҳон урушига замин ҳозирлади. Алҳол, бир вақтлар кишилик жамиятининг ривожланишига туртки берган миллатчилик тушунчаси ёмонотлиқ бўлди, салбий маъно касб эта бошлади.

 

Осиё ва Африка ўлкаларига миллий ҳаракат нисбатан кейин кириб келган. Метрополия таъсирида мустамлака ўлкаларда етишиб чиққан янги авлод зиёлилар Европанинг илғор қарашларини ўзлаштиришга интилган. Шу аснода улар ўз жамиятини миллат деб тасаввур эта бошлаган. Бироқ қайд этиш жоизки, кўпинча бу ғоя-қарашлар кенг тарқалмай, охиригача ишланмай, аро йўлда қолиб кетган. Ёки тушунчанинг ўзигина қабул қилиниб, уни ташкил этувчи жиҳатлар етарли даражада шаклланиб улгурмаган. Сирасини айтганда, қарамликдаги халқлар миллат деб аталса-да, эски этник ва қабилавий тасаввурлар деярли ўзгаришсиз сақланган. Буни Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

 

Мустақилликка эришиш даврида собиқ мустамлака мамлакатларда ўз миллатчилигини қайта қуриш учун имконият туғилди. Таассуфки, кўпгина ёш мустақил давлатлар бундан унумли фойдалана олмади. Биринчидан, улар турли тарзда озодликка эришган эди: баъзилари улуғ мақсад сари жидди жаҳд қилиб, қон ва жон бериб қулликдан қутулган бўлса (Ҳиндистон ва Покистон), айрим мамлакатлар мустақилликка тайёр эмас, бундан манфаатдор ҳам эмас эди. Иккинчидан, қай бир ўлкада ҳурлик ҳаракатида бутун халқ қатнашиб, мамлакат келажагини барпо этишда кўпчилик фаоллик кўрсатган бўлса, бошқа диёрларда кенг омма сиёсатдан неча тош нарида эди. Бундай мамлакатларда ҳокимият ажнабий ҳукмдорлардан маҳаллий хўжайинларга ўтди, холос. Халқнинг уйғониши эса уларнинг манфаатига тўғри келмас эди. Учинчидан, собиқ мустамлака ўлкалар муайян тарихий даврга чўзилган жараёндан ортда қолган эди. Ғарб давлатлари миллатчиликнинг энг фожиали босқичидан ўтиб, энди ислоҳ этиш ёхуд ундан бутунлай воз кечиш ҳақида ўйламоқда эди. Бундай шароитда собиқ мустамлакалар Европа каби ҳаммасини бошдан бошлаши керакмиди ёки умумий оқимга қўшилиб, бирданига замонавий миллатчилик идеологиясига ҳатлагани маъқулмиди? Дунё давлатлари бу борада турли йўллардан бориб, турфа натижаларга эришди.

 

Хуллас, постколониал мамлакатларда миллатчиликнинг йўли бошқачароқ кечди. Мустамлакачилик сиёсати уларни тарихан ривожланиб келган ўзанидан чиқариб, Европадан “экспорт” қилинган мутлақо бошқа оқимга солиб юборди. Яъни миллатчилик тарихан кутилган ҳосила ўлароқ шаклланмади, балки шакллантирилди. Бунинг ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатлари бор. Ижобий томони, собиқ мустамлакаларга мутараққий дунёнинг илғор тажрибаси кириб келди. Зотан, Европанинг ёрдамисиз кўп нарсаларга эришиш қийин кечар ёки узоқроқ муддат талаб қилар эди. Салбий жиҳат шундаки, жамиятнинг ижтимоий эволюцияси ташқи таъсир туфайли бошқа йўналишга бурилгани боис кўплаб мамлакатлар ҳалигача ўз йўли ва ўрнини топа олмаган.

 

– Минтақамизда ўрта асрларда маънавий сарҳадларни белгилашда дин омили кучли таъсир кўрсатгани, мафкура ҳам мусулмонлар ва ғайридинлар зиддиятига қурилгани маълум. Хонликлар замонида эса бир муддат бошқа мазҳабдаги қизилбошларга қарши кайфиятдан халқнинг бошини қовуштирувчи ғоя сифатида фойдаланилган. Марказий Осиёда этник айирмакашликнинг илдизи қайси даврга бориб тақалади?

 

– Аслида, этник айирмачилик минтақада азалдан бўлган. Энг қадимги манбаларда турли қабилалар, халқлар ўртасидаги курашлар тилга олинади. IX–XI аср солномаларида икки асосий этник гуруҳ (турк ва тожик) зиддияти нақл қилинади. Мўғуллар даврида ҳам этник бўлиниш кузатилади: турли адабиётларда маҳаллий ўтроқ аҳолига паст назар билан қараш ҳукм сургани, муносабатлардаги ишончсизлик тасвирланади. Яқин хонликлар даврида ҳам аҳоли бир неча этник гуруҳга бўлинган, улар ўртасида ихтилофлар чиқиб турган. Бу ҳақда, масалан, мажор сайёҳи Арминий Вамбери ёзган. Аммо бу зиддиятлар қай даражада этник мазмун касб этганини аниқ айтиш қийин. Этнос – кишилик жамиятининг миллатдан олдинги уюшмасидир. Тадқиқотчилар бу тушунчани турлича талқин этади. Қолаверса, тарихан турли минтақаларда этник ўзликлар турлича таркиб топган. Илмий таснифни осонлаштириш учун барчасини умумлаштириб “этнос” деб юритилса-да, бу борада мусулмон Шарқи, Шарқий Африка ва Европада муайян фарқлар кузатилади. Шу боис замонавий антропологлар умумлаштирувчи атамалардан воз кечиб, ҳар бир минтақанинг ўзлик тажрибасини алоҳида воқелик ўлароқ ўрганишни таклиф қилади. Марказий Осиё тарихи ҳақида сўз юритилса, этнослар конфликти эмас, қабила, аймоқ ёки эллар конфликти иборасини ишлатган маъқул дейишади. Аммо бу ҳали фанда мустаҳкам илдиз отган, умумэътироф этилган хулоса эмас.

 

Марказий Осиё бўйича экспертларнинг тадқиқотларида икки хил ёндашувни учратамиз. Колумбия университети профессори Эдвард Оллворт каби олимлар этнос тарихини номнинг пайдо бўлишига боғлайди, яъни этник мансубликни олис ўтмишдан қидиради. Масалан, ўзбек этноси кечмиши Ўзбекхонга боғлиқ ҳолда шарҳланади. Яъни этнос авлодлар силсиласи, генетик бирлашма деб эмас, бир номни қабул қилган инсонлар жамоаси дея талқин этилади.

 

Россиялик таниқли олим Сергей Абашин эса XIX асргача Марказий Осиёда этнослар бўлганини тан олмайди. Бу ёндашув рус шарқшуноси Николай Ильминский қарашларини эслатади. Миссионер олим “Ўрта Осиёда миллатлар йўқ, фақат алоҳида қабилалар бор”, деб ёзган ва ҳар бири учун айрича тил ва ёзув ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу – қабилаларни алоҳида этносга тенглаштириш йўлидаги ҳаракат эди. Ильминскийнинг шогирди Николай Остроумовнинг қарашлари ҳам маҳаллий зиёлиларнинг кескин қаршилигига учрагани бежиз эмас. Чунки жадидлар майда бўлинишларга барҳам бериб, “туркистонлик” ўзлигини шакллантиришга уринган эди.

 

– Бугун Марказий Осиё мамлакатларида кузатилаётган айирмакашлик иллати бир-биридан қай жиҳатларига кўра фарқланади? Бизнингча, Ўзбекистонда миллатчиликдан кўра маҳаллийчилик омили кучлироқ (яъни ресурслар учун кураш асосан ҳудудлар аҳолиси орасида кечади). Мамлакатда бағрикенглик доминант миллат манфаатларига қарши бориш даражасига етади, қабилидаги нуқтаи назар ҳам мавжуд. Дейлик, “Миллатчилик қилма!” деган биргина дўқ-пўписа билан одатда тил, тарих каби мавзулардаги даҳанаки баҳсларга нуқта қўйилади. Қўшниларимизда вазият қандай? Постсовет ўлкаларда миллий ўзликни англаш жараёни бўлгинчилик ғоясига асосланиб қолмадими? Минтақада интеграцияни янада кучайтириш, ўртадаги “олтин девор”ларни йиқитиш учун нима қилмоқ керак?

 

– Ўзбекистонда маҳаллийчилик кайфияти кучли деб ҳисоблайдиганлар кўп учрайди. Бундай ёндашув асосан публицистик мақолаларда кўринади. Мамлакатга умуман йўламаган қўшни давлат экспертлари ҳам шундай баҳсталаб фикрни жиддий тафтиш-текширувсиз такрорлайверади. Лекин тадқиқотлар Ўзбекистонда, аксинча, миллий қарашлар устунроқлиги, ўзбек жамияти мураккаб ва иерархик эканига қарамай, анча мустаҳкамлигини кўрсатади. С.Абашиннинг хулосасига кўра, айнан маҳаллийчилик иллати Тожикистонда даҳшатли фуқаролик урушини келтириб чиқарган. Камина ҳам, Ўзбекистондаги маҳаллийчиликка доир гап-сўзлар кўпиртириб юборилган, деб ҳисоблайман.

 

Ўзбек миллатчилиги, назаримда, анча бақувват илдизга эга. Негаки, у туркистончилик ҳаракатининг давомидир. Катта Туркистонни қура олмаган жадидлардан бир қисми большевиклар билан муросага бориб, Кичик Туркистонни барпо этишга уринган. Шу боисми, ўзбек миллатчилиги минтақадаги турдошларига нисбатан этник белгиларга энг кам боғлангандир. Дейлик, қозоқ бўлиш учун албатта муайян уруққа мансуб бўлишингиз керак. Бир вақтлар қўшни мамлакат зиёлилари бу ҳол бизга тоза қонни, ворисийликни сақлашга ёрдам беради, деб фахрланарди. Аммо охирги йилларда қабилачилик кайфияти замонавий жамият қуришга халал бериши ойдинлашиб қолди. Қолаверса, илгари устунлик саналган жузларга бўлиниш вақти-вақти билан ихтилофларга олиб келмоқда. Қабилавий бирдамлик таниш-билишчилик ва маҳаллийчилик каби салбий оқибатларни келтириб чиқаради, яъни бирор соҳа, бирор ташкилотни битта аймоқ вакиллари тўлиқ эгаллаб олади, оқибатда уруғлар ўртасидаги муносабат таранглашади.

 

Жузлараро зиддият қай даражада кескинлигини билиш учун Ғарбий Қозоғистондаги вазият билан танишиш кифоя. Ҳудудда табиий бойликлар кўплигига қарамай, бунинг эвазига келадиган фаровонликдан тубжой аҳолига кам насиба тегади. Ижтимоий-иқтисодий ҳаёт оғирлигидан жиддий ихтилофлар рўй беради. Йил аввалидаги намойишлар ҳам Ғарбий Қозоғистондан бошланганини эсланг. Ҳатто мустақил давлат яратиш кайфиятидаги гуруҳлар ҳам бор. Бугун қабилачиликнинг бундай оқибатларини кўрган айрим тарихчи ва зиёлилар жузларга бўлиниш шунчаки уйдирма, ёлғон эканини исботлашга интиляпти. Абай ватанида миллатчиликдан воз кечиб, “қозоғистонлик” ўзлигини яратишга ҳаракат бошланган.

 

Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонда уруғ-аймоқчилик, Ўзбекистон ва Тожикистонда маҳаллийчилик жиддий ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу эса кучли ва бирдам миллат шаклланмоғини талаб этади.

 

Гоҳида қўшни давлатлар билан муносабатда ички ихтилофлар эсдан чиқиб, лисоний ва этник айирмачилик ғоялари илгари сурилади. Миллатчиликнинг бундай нохуш кўринишлари минтақа халқлари бирлашувига йўл қўймайди. Орада ҳамиша кўринмас ғов туради, уни четлаб ўтиш мақсадида якдиллик ташаббуслари илгари сурилади, аммо майда миллий низолар туфайли муносабатлар яна бузилиб кетаверади.

 

Вазиятни ўнглаш бўйича жўяли таклиф билдириш қийин. Муаммо жуда жиддий бўлиб, теран ўйлаб иш кўришни тақозо этади. Юзаки билимга таяниб билдирилган таклиф-ташаббуслар кўп нарсани ўзгартирмайди. Ҳозирги вазиятда биз айрим ҳолат-ҳодисалар асосида хулоса чиқара оламиз, холос. Жамиятларнинг ички овозини эшитиш учун эса чуқур тадқиқотлар ўтказиш керак.

 

Лекин бир тавсияни қўрқмай айтиш мумкин – мияларда ўрнашиб қолган турғун тасаввурлардан воз кечиш (деконструкция), дабдабали шиорларни унутиш реалликка қайтишнинг энг мақбул йўлидир. Буни минтақанинг ҳар бир миллати босиб ўтиши керак бўлган босқич десак адашмаймиз. Шонли тарих ва ўзига хослик ҳақидаги стереотипларга барҳам бериш миллатчилик кайфиятини анча сусайтиради; одамлар реал ўтмиш ва реал ҳозирни кўра бошлайди, ҳеч ким бировдан ортиқ эмаслиги, ҳамма ўзига яраша ўринга эгалиги тан олинади; буюк тарих абгор бугунни буюк қилиб қўймаслиги идрок этилади. Ҳатто алоҳида шахс ҳаётида ҳам ўтмишдан тўғри хулоса чиқариш, унга буткул суяниб қолмаслик муҳим психологик таъсирга эга. Жамият мисолида ҳам айни қонуният амалда бўлмоғи; одамларимиз бир-бирини миллатлар номига боғланиб қолган стереотиплар призмаси орқали эмас, аввало, инсон сифатида қабул қилиши муҳимдир.

 

– Замонавий дунёда диний, этник айирмакашлик қолоқ доктринага айлангани рост. Бироқ инсоният барибир ўзимизникилар ва бегоналар деган таснифдан қутула олмайдигандек. Мутараққий мамлакатларда аҳоли қандай белгилар асосида уюшади? Дарвоқе, одамзод келажакда бўлгинчиликнинг яна қандай турларига дуч келиши мумкин?

 

– Бугун ҳам миллатчилик ғоялари ўлмаган, турли давлатларда ана шу мафкурани байроқ қилган сиёсий ҳаракатлар, партиялар фаолият олиб боради. Шунга қарамай, мутлақ кўпчилик зиёлилар инсоният бу босқичдан ўтиб бўлди, энди бизга янгича ғоялар, янгича дунё тартиботи керак деб ҳисоблайди. Хўш, ўша янги ғоялар қачон шаклланади, қандай кўринишда бўй кўрсатади ва миллатчиликни қандай сиқиб чиқаради, шундан сўнг жаҳоннинг сиёсий харитаси нечук ўзгаради? Бу борада аниқ гап айтиш мушкул.

 

Курраи арздаги бугунги жараёнларни ҳамма ҳар хил талқин қилади. Кишилик жамияти кенгайиб, мураккаблашиб кетгани боис илмий ўрганиш ва тушуниш хийла қийинлашган. “Ахборий пуфак” ичидаги бундай изланишларга мурожаат этсангиз, турлича манзараларга гувоҳ бўласиз.

 

Бир гуруҳ тарихчи, антрополог ва экспертлар дунёда сўл кайфият авж олаётгани, янги анархизм мавж ураётганидан баҳс этади. Уларга кўра, миллий давлатлар тез орада ана шу тўлқин остида қолиб, парокандаликка юз тутади. Бутун куч, ҳокимият, интеллектуал ва моддий ресурслар эса тобора йириклашаётган шаҳарларда тўпланади. Одамлар мегаполис ва гигаполисларда яшайди, шаҳар ўзлиги ҳар нарсадан устун келади. Оқибатда давлат институти билан бирга миллатчилик мафкураси ҳам аҳамиятини йўқотади. Қизиғи, ушбу фараз фақат сўл қарашдаги тадқиқотчиларгагина тегишли эмас. Таниқли сиёсатшунос ва иқтисодчи олим, Жаҳон банкининг собиқ ижрочи директори Мойзес Наим ҳам “Ҳокимиятнинг интиҳоси” китобида янги дунё манзарасини тахминан шундай чизади. Унинг фаразича, бутун ҳокимият, бойлик ва инсониятнинг катта қисми қарийб 100 та гигаполисда жамланади. Аҳоли сони кескин кўпайди, саводлилик даражаси аксар давлатларда 100 фоизни ташкил этади, жамият сиёсатни яхши тушуна бошлади, ижтимоий робиталар тиғизлашиб боряпти. Бошқарув институтларига ўз шартини қўйишга қодир фуқаролик ҳаракатлари, диний жамоалар, ижтимоий тармоқ фаоллари тимсолида микроҳокимият марказлари шаклланмоқда. Ваколатли демократия институтларига эса ишонч сўниб бораётир... М.Наим тахминига кўра, буларнинг бари биз тушунган шаклдаги ҳокимият ва миллатларнинг аста-секин йўқолишига олиб келади. Модомики, давлат ҳокимияти бўлмас экан, фуқароларни унинг атрофида жипслаштирувчи миллат ғоясига ҳам ҳожат қолмайди. Пировардида шаҳар ўзлиги биринчи ўринга чиқади.

 

Бошқа гуруҳ олимларнинг вазмин-босиқ ва менимча, анча ҳақиқатга яқин нуқтаи назарига кўра, дунёда кескин тўлғанишлар, буҳронлар кузатилаётгани рост, аммо миллат ёки давлатлар йўқ бўлиб кетиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Давлат ва миллат институти халқаро сиёсатдаги позициясини бой бераётганини тасдиқловчи ишонарли асос-далиллар йўқ. Аксинча, мазкур институтлар янги шарт-шароитга мослашиб, ўзини ислоҳ қилмоқда. Келажакда ҳозирги тушунчадаги давлат ҳокимияти кучини йўқотса ҳам, бу ҳол яқин орада содир бўлмаслиги аниқ. Аксинча, инқироз босқичидан ўтиб олиб, янада мустаҳкамланиши мумкин. Қолаверса, тузилмавий ўзгаришларни бошлаб келиши кутилаётган, сал аввал санаб ўтилган омилларга қарши ҳаракат ҳам бош кўтаряпти. Европада янги анъаначилик ва консерватизм қад ростлаётгани, бутун дунёда секуляризм ҳаёт тарзига айланиб бораётгани шундан далолат бермоқда. Хуллас, инсониятнинг яқин келажаги ҳақида ана шундай қарама-қарши нуқтаи назарлар мавжуд.

 

Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошланган глобаллашув ва мультикультурализм сиёсати, баъзи тадқиқотчилар фикрича, ахийри миллатчиликнинг аҳамиятини йўқотиши керак эди. Космополитизм ғоялари ёйилиб, чегаралар орадан кўтарилиши башорат қилинган эди. Аммо маданиятларни уйғунлаштириш кутилганидек осон кечмади. Аввало, бу жараённи собиқ мустамлака ва метрополияларнинг янгича муносабати деб тушунсак, икки томонда ҳам ўзига хос муаммолар кузатилди. Постколониал жамиятлар мультикультурализмни замонавий босқичдаги умуминсоний қадриятлар деб эмас, балки Европа маданиятининг навбатдаги босқини деб қабул қилди ва анъанавий тутумларидан воз кечишни истамади. Оқибатда Ғарбда янги геттолар шаклланди. Собиқ империяларда эса мигрантларга нисбатан ксенофобия кайфияти кузатилаётир. Африкалик ва осиёлик муҳожирларни, айниқса, мусулмонларни Европа жамиятига интеграция, ҳатто ассимиляция қилиш ёки, аксинча, уларнинг оқимини тўхтатиш чақириқлари янграяпти. “Илдизларга қайтиш”, янги миллатчилик ва янги ирқчилик оёққа қалқмоқда. Бундай ташаббуслар ҳали ҳукмрон мавқега кўтарилмаган бўлса-да, катта сиёсатга таъсир ўтказадиган даражага етди, сайловда кўп овоз тўплаётган миллатчи лидерлар етишиб чиқаётир. Шунга кўра айрим экспертлар мультикультурализм сиёсати аллақачон муваффақиятсизликка учраганини таъкидлаяпти. Бу қарашга мухолифлар эса турфа маданиятлар уйғунлашуви ғояси қийинчиликларни енгиб ўтиб, янада кенг қулоч ёзади, деб ҳисоблайди.

 

Жаҳон сиёсий манзараси шиддат билан ўзгараётган бир паллада футурологик фаразлар билдиришда ўта эҳтиёткор бўлган маъқул. Америкалик олим Тимур Кураннинг тадқиқотларида келажак башоратлари кутилмаган кичик воқеалар туфайли йўққа чиқиши мумкинлиги яхши асослаб берилган. Ҳозирча фақат моделлар қуриб, амалиётга жорий этишга уриниш мумкин. Бир нарса аниқ – инсоният қандай мушкулотларга дуч келмасин, пировардида ҳамиша олға юришнинг уддасидан чиққан. Келажакда қандай жамият қурилишидан қатъи назар, ҳозиргисидан бағрикенгроқ, илғорроқ бўлиши, миллий, диний айирмачилик сусайиши, янги ўзлик таълимотлари вужудга келишига шубҳам йўқ.

 

Фаррух ЖАББОРОВ

суҳбатлашди.

 

Tafakkur журнали, 2022 йил 3-сон.

Ўзимизникилар ва ўзгаларсуҳбати

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17371
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//