Индамас адибнинг оғир болалиги


Сақлаш
12:09 / 17.09.2021 824 0

 

Абдулла Қаҳҳорнинг болалик йиллари Фарғона водийсининг кўпдан-кўп қишлоқларида кечган. Абдуқаҳҳор ака темирчи бўлгани боис оиласи бир ерда муқим яшай олмади. У қишлоқдан бу қишлоққа тирикчилик сабабли ёки бошқа сабабларга кўра кўчиб юришга мажбур эдилар. “Ўтмишдан эртаклар”га қулоқ тутсак, шуниси энг мақбули: “Менинг болалик йилларим Фарғона водийсининг Яйпан, Нурсуқ, Қудаш, Бувайда, Толлиқ, Олқор, Юлғунзор, Оққўрғон деган қишлоқларида ўтган. Ўттизинчи йилларнинг ўрталарида болалигимни ўйлаганимда чалакам-чатти туш кўргандай бўлар эдим; думли юлдуз чиққан эди; қўшнимиз жуда сершовқин одам эди; отқоровул Бабар (Бобир бўлса керак) деган йигитни милтиқ билан отганда йигит ўлмаган эди, шунда отқоровул одамларга юзланиб: “Умрим бино бўлиб, бунақа баттол ўғрини кўрган эмасман, устидан ошириб ўқ узсам киприк қоқмади-я!” деган эди”.

Бўлажак адиб Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва унинг дунёқараши, руҳиятида бу кўча-кўчлар, ҳақоратлар, азоб-уқубатли кунлар ўз изини қолдирмасдан иложи йўқ эди. Иккинчи томондан эса бўлажак адиб қора халқнинг ич-ичида юриб, ҳақиқий аҳволни, авом халқ ҳаётини яқиндан ўрганди-кузатди.

Оилавий мусофирчилик туфайли ёш Абдулла болалигидан “ичимдагини топ”, “одамови”, “уятчан” бўлиб ўсди. “Ўтмишдан эртаклар” қиссасининг иккинчи ҳикояси “Индамас”  деб аталади. Унда ёзувчи Яйпан қишлоғининг “Қўшариқ” маҳалласида кечирган воқеаларни ёдга олади. Ёш Абдулла кўчада болалар билан “Оқ терак, кўк терак” ўйинини ўйнашгани, уни ҳам “керак” деб танлашларини, югуриб бориб, сафни бузишни орзу қилиб, юраги ҳаприқганини ёзади. Аммо болалар уни “Келгинди” деб ҳақорат қилишади. Бу сўз ёш Абдулланинг жон-жонидан ўтиб кетади. Мана, ёзувчи нима деб ёзган бу ҳақда: “Келгинди, келгинди ит”, деган гапни Олим буводан эшитганимда бунинг ҳақоратдан ташқари яна одам ҳазар қиладиган маъноси ҳам борлигини билмаган эдим. Чолнинг бу гапи бошимдан кириб, товонимдан чиқиб кетди”. Абдулла Қаҳҳорнинг болалигида унга ва унинг оила аъзоларига нисбатан билдирилган мана шундай совуқ муносабатлар бўлғувси адибнинг камгап, вазмин, индамас бўлиб қолишига сабабчи эмасмикан, деб ўйлаймиз. Зеро, ёзувчи қиссада яна шундай ёзади: “Ҳовлига кирдим. Бу гапни аямга айтмадим. Ичимга солдим. Шундан кейин кўчадан, болалардан ҳам, одамлардан ҳам кўнглим қолди; аям туққандан кейин дардга чалиниб, “уй қизи” бўлиб қолганим ҳам чандон малол келмади”.

Абдулла Қаҳҳорнинг замондошлари ҳам унинг уятчан, вазмин, камгап инсонлигини таъкидлашади. Масалан, К.Симонов ёзади: “Қаҳҳор уятчан эди. У ҳеч қачон суҳбатдошига ўзининг закийлигини кўрсатишга ошиқмас, буни асосан, адабиёт учун, оқ қоғоз ила ёлғиз қоладиган палласи учун асрар эди. Қаҳҳор ўзининг қадрини биларди, айни чоқда, уятчан, вазмин ва камтарлигича қоларди”. Демак, хулоса қиладиган бўлсак, Абдулла Қаҳҳор табиатига хос уятчанлик, камгаплик, вазминликнинг асоси БОЛАЛИКда кечирилган мушкул шарт-шароитлар билан боғлиқ.

 Абдулла Қаҳҳорнинг болалик йиллари энг қийин замонларга 1917 йил воқеалари, Биринчи жаҳон уруши, мардикор олиш воқеалари, очарчилик, ишсизлик, хуллас, жамиятда у тузумдан бу тузумга ўтиш даврига тўғри келди. Нафақат Абдуқаҳҳор аканинг оиласи, умуман, Туркистон аҳолиси жаҳолат ва разолатга ботиб ётган, оғир мушкул шароитларда кун кўраётган пайтлар. Мана шундай ижтимоий-сиёсий, маиший ҳаётнинг ич-ичида яшаб кўрган бир бола Абдулла ёзувчи бўлиб танилганида асарларида ўз халқининг қийналган, жабрланган, хўрланган, топталган номус-ори, ҳақ-ҳуқуқсизлиги ҳақида ёзмаслиги керак эдими? Абдулла Қаҳҳор бу кўрган-кечирганлари ҳақида албатта ёзиши, халқининг ўтмиш тарихини тирилтириб, келажак авлодга қолдириши керак эди. Ёзувчи шундай қилди ҳам. Аммо афсуски, унинг бу услубини баъзи китобхонлар, ҳатто туппа-тузук олимлар нотўғри талқин қилишга уринишмоқда. Бироқ бундай ноўрин, адолатсиз баҳолар ўткинчи. 

Абдулла Қаҳҳорнинг замондоши Ойбек ҳам “Болалик” қиссасини ёзган. Ҳар икки қиссани ёнма-ён қўйиб фикрлаб кўрадиган бўлсак, Абдулла Қаҳҳор асаридаги шафқатсиз муҳит, хўрланган, ҳақоратланган, эзилган одамлар қисмати билан Ойбек асаридаги худди шундай тасвирда фожиавийлик билан лиро-романтик услуб ажиб тарзда бирикиб кетганини кузатиб ёқангизни ушлайсиз. Икки асарда икки хил услуб кузатилади. Ойбек ўзбек халқининг ХХ аср бошларидаги мураккаб турмушини, хусусан, косиблар ва ҳунармандлар ҳаётини (маҳсидўз, баққол, чегачи, тўқувчи, дўппидўз, темирчи, бўзчи, тунукасоз) Абдулла Қаҳҳор сингари реал тасвирларда берса-да, унда лиро-романтик тасвирий услуб, романтик кайфият устун. Саҳифалар оша гўзал пейзажлар ўрин олади. Камида ярим, бир, бир ярим саҳифалик табиат манзараларини ўқиш мумкин. Абдулла Қаҳҳор эса пейзажга кенг ўрин бермайди. Қисқа-қисқа пейзаж тасвирлари ҳам даҳшатли воқеа, чуқур инсоний дард, фожиавий бир ситуацияга ишора этади. Масалан: “Яқин икки ҳафтадан бери кўз очирмаётан кузак шамоли яйдоқ дарахтлар шохида чийиллайди, ғувиллайди; томларда вишиллайди, ёпиқ эшик ва дарчаларга бош уриб уф тортади”.  Бу парча “Даҳшат” ҳикоясининг экспозицияси. Ҳикоя мана шундай “чийилаб”, “ғувиллаб”, “вишиллаб” эсаётган кузак шамоли тасвири билан бошланар экан, ҳикояда баён этилмоқчи бўлаётган даҳшатли бир воқеага, қисматга ишора этади. Яъни, ўн гулидан бир гули очилмай хазон бўлган Унсин қисматига рамзий ишора беради.

Яна бир мисол. Бу “Ўтмишдан эртаклар”дан, албатта: “Қўқоннинг бўри бўлиб улийдиган ва мушук бўлиб вағиллайдиган куз шамоли бошланиб кетди”. Мазкур парча қиссанинг “Худо” деб номланган қисмидан олинди. Адиб Қўқон шамолига айрича таъриф беради. Назаримизда, бундай бадиий ифода бошқа ижодкор асарида учрамайди. 

 Икки тенгқур ёзувчи ижодидаги икки хил услуб сабаблари ҳақида ўйлаб қолдик. Бизнингча, Ойбекнинг  бағри бутун. Чунки уни эркалаб суювчи бобо-бувиси, хотиржам яшаб кун кечириши учун ҳовли-жойи бор. Ойбек болалигида шўх-шаддод бўлиб ўсади. Аммо ёш Мусо қиссанинг бошидан охиригача боғи бор ҳовлида яшашни орзу қилади. Унинг оилада дегани-дегани. Бобо билан буви ёки ота-она боланинг истакларини қандай бўлмасин вожиб қилишади. Абдулла Қаҳҳорнинг эса бағри бутун эмас. Даҳшатли даражада оғир шароитда, камбағалликда кун кечирган. Ота-онасининг яккаю ягона фарзанди бўлишига қарамасдан, усти ялтираб кийим киймагани “Ўтмишдан эртаклар”да ёзилган. Абдулла Қаҳҳорнинг меҳрибон бобо-бувиси ҳам, муқим уй-жойи ҳам йўқ. “Ўтмишдан эртаклар”да бувиси тасвирланади, лекин биз ўзбек момоларига хос меҳр, иссиқ бағир, болажонликни кўрмаймиз.

Абдулла Қаҳҳор “Ўтмишдан эртаклар”да Ойбек каби чўзиқликка, романтик тасвирларга берилмайди. Ойбек каби академик нигоҳ билан ҳаётни, воқеаларни таҳлил қилмайди. Балки қисқаликка, воқеаларни китобхонга “холис ҳикоячи” мақомида туриб кўрсатади, хулоса-ҳукм чиқармайди. Қаҳҳор қиссасида ҳар қадамда фожиа, ҳар қадамда изтироб, ҳар қадамда камбағаллик, қашшоқлик, жоҳил ҳаёт қурбонлари ҳаётий лавҳаларда очилади.

Икки автобиографик қиссанинг муҳим бадиий хусусиятлари  ҳақида Умарали Норматов шундай ёзади: “Ўтмишдан эртаклар” – муаллифнинг болаликда кўрган-кечирганлари ҳақидаги автобиографик асар. Бироқ ўзбек адабиётидаги мавжуд автобиографик асарлардан, жумладан, замондоши Ойбекнинг “Болалик” қиссасидан кескин фарқ қилади. “Болалик”да лирик талқин, ҳодисаларни поэтик идрок этиш устун. Бола образи Ойбек қиссасида биринчи планда кўринса, унинг кўрган-кечирганлари, саргузаштлари, шу кечинмалар туфайли мурғак қалбда туғилган ранг-баранг туйғулар ифодаси асар асосини ташкил этса, “Ўтмишдан эртаклар”да бола Абдулла образи гувоҳлиги орқали оилада, оила теварагида юз берган воқеаларни – турмушнинг объектив лавҳаларини чизишга қаратилган”.

Ойбек туғма шоир, ҳассос қалб эгаси эди. Ҳатто насрда ҳам унинг шоир қалби сезилиб туради. “Болалик” қиссасининг баъзи саҳифалари Машраб, Фузулий ғазаллари ва унинг академик Ойбекка хос таҳлил ва талқинлари билан бойитилган. Бу эса бола Мусо образидан қиссанинг мавзуси узилиб, ақли тўлишган Ойбек шахсиятига яқинлашганини кўрсатади.  Абдулла Қаҳҳор босиқ, табиатан вазмин бўлгани боис “Ўтмишдан эртаклар”да унинг донишманд нигоҳи бўй кўрсатади. Туғма носирга хос холис, шафқатсиз реалистик тасвир етакчилик қилади. Абдулла Қаҳҳор билан Ойбек бир хил оғир шароитда яшаган бўлса-да, воқеаларга, кишилар тақдирига ёндашувда икки хил йўлдан кетади. Бирисида беҳад қайғу-ғам, чексиз изтироб ҳукмрон бўлса, бирисида қайғу бағридан романтик ҳиссиёт ўсиб чиқиб келаверади.

Абдулла Қаҳҳор “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси композициясини яратишда ўзигача бўлган реалистик проза намояндалари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби йирик адиблар ва мумтоз шарқ адабиёти анъаналари, ҳамда рус-европа адабиёти анъаналарини давом эттирди. Ёзувчи ўтмиш воқелигини жонлантиришда бола нигоҳи, болалик мотивидан унумли фойдаланди. Академик Матёқуб Қўшжонов адиб учун адабий мактаб бўлган ижодкорлар услубини шундай таърифлайди: “Абдулла Қаҳҳор фожиали воқеалар тасвирига қўл урмоқчи бўлган вақтларда адабиётимиз анча тажрибага эга эди. Алишер Навоий поэмаларида романтик бўёқлар асосий ўрин тутса-да, етакчи образлар тасвирида фожиа элементлари устун турар эди. Ўзбек совет адабиётида фожианинг классик намунасини Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида яратиб берган эди. Отабек ва Кумушнинг фожиавий тақдири ўзбек адабиётида реалистик фожианинг асоси  бўлди... Алишер Навоийда фожиа романтикани улуғласа, Абдулла Қодирийда романтика фожиадан келиб чиқадиган маънони улуғлайди.

Абдулла Қаҳҳор бу ҳар иккала устоздан ўрганган бўлса ҳам, у тасвирлаган фожиалар  на уни ва на буни такрор қилади. Абдулла Қаҳҳор  яратган фожиалар фақат унинг ўз ижодий услубига мос”.

Абдулла Қаҳҳор болалигида кўрган-кечирганлари асосида нодир асарлар яратди. Жумладан, “Бошсиз одам”, “Томошабоғ”, “Анор”, “Ўғри”, “Бемор”, “Даҳшат”, “Қабрдан товуш” каби оригинал ҳикоялар ёзди. Уларнинг реал, тарихий заминини, образларнинг прототиплари “Ўтмишдан эртаклар” қиссасида қаламга олинганини англаш мумкин. Демак, фожиавий ҳаётий лавҳалар тасвирининг асоси аслида ёзувчи яшаган, болалиги кечган макон ва замон, ижтимоий-маиший турмуш билан чамбарчас боғлиқ. Тўғри, ёзувчи бадиий шартлилик талабига мувофиқ бироз ошириб юборган ёки бироз камайтириб тасвирлаган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, ёзувчи бадиийлик мезонларидан келиб чиқиб, шахсан ўзи кўрган-кузатган воқеалар ва кишилар тақдири, муаммоларини профессионал ёзувчилик қалами билан тарихга муҳрлади.

Марҳабо ҚЎЧҚОРОВА,

филология фанлари номзоди

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси