Немис федерал ҳукуматининг ОАВдаги фаолиятини кузатиш ва тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистон вазирлик ва идоралари матбуот котибларидан иборат делегация Олмонияга сафар уюштирди.
Хўш, ОАВ билан ишлашда немис тажрибасининг фарқли томонлари нимада, қандай қизиқ ва намунали жиҳатлари бор? Германиядан қайтган Инновацион ривожланиш вазирининг матбуот котиби Назокат Абдуқундузова Oyina.uz портали билан таассуротларини бўлишди.
Берлин бизни илиқ кутиб олди
Танишув сафари Германия Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан Гёте институти ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ташкил этилди. Лойиҳада беш нафар матбуот котиби ҳамда АОКА вакиллари иштирок этди. Харажатлар эса тўлиқ олмон ҳукумати томонидан қоплаб берилди.
Берлинга иккинчи марта боришим. Ўтган гал ёш олимлар билан университетлар, технопарклар, илмий-тадқиқот марказлари – Олмония инновацион ландшафти билан танишган бўлсам, бу сафар матбуот, ахборот хизмати, ОАВ фаолиятини ўрганиш имконига эга бўлдим.
Ҳаво совуқ, қалин кийим олинглар, деб огоҳлантиришганди, лекин Берлин бизни илиқ куз билан қаршилади. Тошкент вақти билан уч соатга фарқ қилгани боис кун жуда узун, баракалидек туюлади. Дастлаб Германия Федерал ҳукуматининг матбуот ва ахборот идорасида бўлдик. Яъни канцлернинг матбуот хизматида.
Бир вазирликда 5 нафар матбуот котиби
Куннинг иккинчи ярмида Германия Федерал адлия вазирлигининг савдо ва иқтисодиёт масалалари бўйича матбуот котиби Мари-Кристин Фукс билан учрашдик. Ажабланарлиси, вазирликнинг ўзида беш нафар матбуот котиби бўлиб, ҳар бири турли йўналишларда фаолият юритар экан. Улар ҳам худди биздаги каби барча ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги ахборотлар мониторингини амалга оширади, пресс-релиз ёзади, матбуот анжуманлари ва брифингларга тайёргарлик кўради, мураккаб мавзуларни аҳолига тушунарли тарзда етказишга ҳаракат қилади.
ü Германия ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонунга кўра, давлат органлари ОАВ ва фуқароларга фаолияти тўғрисида маълумот беришга ҳамда сўралган тақдирда расмий ҳужжатларни тақдим этишга мажбур.
Германиянинг йирик нашрларидан бири “Die Tageszeitung” таҳририяти билан танишдик. Интернет асри бўлишига қарамай, газета ҳалигача 500 000 ададда чиқиши ҳайратлантирди, рости. taz.de онлайн версияси эса 3,8 миллион фойдаланувчини қамраб олади. Нашрнинг муваффақияти замон билан ҳамнафаслиги, журналистларнинг ривожланиши учун шароит яратилганида, менимча. Масалан, газетанинг ўз taz-академияси бўлиб, жамоа ва ёш кадрлар учун маҳорат дарслари, тренинглар мунтазам ўтказилар экан.
Ташкилотга ён босадиган журналистлар таклиф этилади
Германияда вазирликлар биносида ўтказиладиган пресс-конференцияга матбуот котиб раислик қилар, одатда ташкилотга ён босадиган, синалган журналистларгина таклиф этилар экан. Модератор саволларни кўпайтирмасликка ҳаракат қилиб, журналистлар жуда ҳаддидан ошиб кетса, “Ўртоқлар, регламентга риоя қиламиз”, дея тадбирни якунлаб қўйиши ҳам мумкин, дейишди.
Шунинг учун 1949 йили парламент мухбирлари томонидан Федерал пресс-конференция ташкил этилган. У айни вақтга қадар вазирликлар, давлат идоралари матбуот анжуманларининг очиқ, шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қиладиган профессионал журналистлар бирлашмаси ҳисобланади. Турли йилларда 700 дан 930 нафаргача журналист ташкилотга аъзо бўлган экан.
Пресс-конференция ҳафтада уч маротаба ўтказилиб, канцлер матбуот котиби ёки ўринбосари ҳамда 16 та вазирлик матбуот котиблари қатнашади. Зарур ҳолларда эса канцлер ёки вазирлар ҳам таклиф этилади. Тадбир ўртача бир соатдан икки, икки ярим соатгача давом этади. Жамиятни қизиқтираётган долзарб масалалар бўйича саволларга жавоб олиш мумкин бўлади.
Бундай тартиб бир идорада турли йўналишлар бўйича бир нечта матбуот котиби бўлишини тақозо қилади. Чиндан ҳам, ҳафтада уч марта ўтадиган пресс-конференцияларда биргина матбуот котибининг доимий иштирок этиши қийин масала.
Пресс-конференцияга аъзолик пулли
Федерал пресс-конференцияга аъзолик пулли бўлиб, журналистлар ташкилот талабларига тўғри келсагина (бунда профессионаллик муҳим омил саналади), бирлашмага қабул қилинади. Аъзо бўлмаганлар матбуот анжуманларида қатнашиши мумкин, аммо савол бера олишмайди. Бироқ муайян мавзуга бағишланган, дейлик, бирор илмий мавзудаги пресс-конференцияда шу соҳани ёритувчи, аммо ташкилотга аъзо бўлмаган журналистларга микрофон берилиши мумкин.
Матбуот анжуманлари тўғридан-тўғри эфирга берилмайди. Агар қайсидир канал ё ахборот агентлигида шундай мақсад бўлса, бу ҳақда ташкилотни олдиндан огоҳлантириши талаб этилади. Шунингдек, тадбирнинг қайсидир қисми фақат журналистлар учунгина мўлжалланиб, ўша пайтда айтилган маълумотлар оммага эълон қилинмаслиги керак. Бу усул қайсидир масалани мухбирларга яхшироқ тушунтириш ниятида қўлланилади.
Телевизор кўриш учун тўлов
Германиядаги ҳар бир хонадон телевизор кўриш учун маълум миқдорда, тахминан 18 евро атрофида пул тўлайди. Биз ZDF телеканалининг Берлин студияси бўйлаб экскурсия уюштирдик. Телеканал 50-йилларда очилган, йирик газеталар томонидан молиялаштирилган. Ҳозирда эфирининг 50 фоизи ахборот дастурлари бўлиб, қолган вақтда ток-шоу, ижтимоий мавзулардаги кўрсатув, спорт дастурлари ва телефильмлар намойиш этилади. Кун давомида 20 дақиқагина реклама берилади. Кечқурун ва байрам кунлари умуман рекламасиз ўтишини эшитиб, биздаям шу тажрибани жорий қилса бўларкан, деган хаёлга бордим.
Телеканалнинг парламент мухбири Франк Бунзвальт билан суҳбатлашдик. “Сиёсий журналист қандай уч муҳим сифатга эга бўлиши керак”, деган саволимга қуйидагича жавоб олдим:
1. Қизиқувчанлик.
2. Мустақиллик.
3. Масофани сақлай билиш.
“Сиёсий жараёнлар ичида бўлиб, сиёсатчиларга ҳаддан ташқари яқинлашиш ярамайди. Уларнинг қучоғида бўғилиб қолиш мумкин”, деди у кулиб.
Журналлар бепул тарқатилади
Сафар шу билан якунланмади. Сиёсий маориф федерал марказига бордик. Германия ички ишлар вазирлиги тизимида тузилган ушбу ташкилотнинг вазифаси мураккаб сиёсий жараёнларни аҳолига тушунарли тилда етказишдан иборат экан.
Турли мавзулардаги китоблар чоп этилиб, арзон нархда (масалан, 1000 саҳифали нашр тахминан 5 евро атрофида бўлиши мумкин) сотилади, журналлар эса бепул тарқатилади. Сиёсий мавзуларда маърузалар ўқилади.
Марказ фаолиятида қуйидаги мезонларга таянилади:
1. Сиёсий холислик;
2. Турли нуқтаи назарлар акс эттирилиши;
3. Сиёсий тафаккурни тарбиялаш.
Германияда сиёсий партиялар кўп, сайловга демократиянинг асоси сифатида ўта жиддий қаралади. Овоз беришда қийналсангиз, фикрларингиз қайси партияникига яқинлигини билишингиз учун сўровнома ташкил этилади. Аввал партиялар, кейин аҳоли жавоб беради. Мисол учун, “Болали аёллар бошқаларга қараганда кунига икки соат камроқ ишлаши керакми?” деган савол қўйилади. Натижага қараб сизнинг қарашларингиз қайси сиёсий партияга мослигини аниқлаб олишингиз мумкин.
Германия ТИВ 229 та хорижий ваколатхонага эга
Германия ташқи ишлар вазирлигининг ахборот хизмати билан ҳам танишдик. Ташкилотнинг пресс-референти билан расмий тушлик чоғи кўплаб масалалар юзасидан суҳбатлашдик.
Германия ташқи ишлар вазирлиги бош қароргоҳи Берлинда жойлашган бўлиб, 229 та хорижий ваколатхонаси мавжуд. Маданий ҳамкорлик ва халқаро алмашинувларни тарғиб этиш, хориждаги немисларни ҳимоя қилиш ва ёрдам бериш ҳам асосий вазифалари сирасига киради.
Германия Федератив Республикаси меҳмон сафарлари дастури Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган. Ҳар йили хориждан мингга яқин журналистика, маданият, сиёсат, иқтисодиёт, фан ва жамият каби соҳалар вакилларидан иборат юқори мартабали меҳмонлар ва ёш мутахассислар ахборот сафарларида иштирок этишади.
“Немис тўлқини” вакили билан учрашув
Биз яна бир ОАВ – “Deutsche Welle” (Немис тўлқини) ахборот компанияси вакили билан учрашдик. Ростини айтсам, “Дойче Велле” деганда радиоканал кўз олдимга келарди, бироқ ҳозирда мазкур ташкилот фақатгина Африканинг айрим мамлакатлари учунгина радио дастурлар тайёрлар экан. Асосий фаолият видео ва матн форматига ўтган. 60 мамлакатда 3000 ходими бор. 30 тилда телевизион, радио ва интернет каналлар орқали ахборот тарқатади.
Ўзбек тилида ҳам фаолият юритиш режангиз борми, деган саволимизга аниқ жавоб бўлмади. Одатда бутун дунё диққат марказидаги воқеалар, асосан нотинчроқ минтақаларнинг ҳудудий бўлинмаларига кўпроқ эътибор берилар экан. Масалан, сўнгги пайтларда турк, украин, араб бўлимларида ходимлар сонини оширишибди. Хаёлимда, тинч бўлаверайлик, ўзбекча ахборот тарқатишмаса, тарқатишмасин, деб қўйдим.
Аудиогидлар билан тарихга саёҳат
Берлин шаҳри худди об-ҳавоси каби менда жуда илиқ тассуррот қолдирди. Делегациямиз учун маданий-маърифий дастур ҳам ташкил этилган бўлиб, тарихий масканлар, музейларга, Берлин филармонияси, Потсдам шаҳридаги Сан-Суси саройига бордик. Оддий берлинликлар каби метро, автобус, таксида юрдик, дўконларини айланишга ҳам улгурдик. Штейн дарёси бўйлаб шаҳарни томоша қилиш гаштини сурдик. Соҳил бўйидаги бинолару хиёбонлар, икки қирғоқни бирлаштирган кўприклар ҳақида қизиқарли маълумотлар эшитдик.
Экскурсиялар чоғи маълумот бериш борасида ҳам олмонлардан ўрнак оладиган экан. Германияда гид деган тушунча йўқлиги мени ҳайратга солди. Тарихий масканга сайрга борсангиз ёки музейга кирсангиз, қўлингизга мобил телефонга ўхшаш восита беришади. Уни қулоғингизга тутиб, барча маълумотларни истаган тилингизда эшитаверасиз. Бу ахборот олиш нуқтаи назаридан ҳам, туризмни ривожлантириш борасида ҳам қулай ва камҳаражат усул. Боз устига, аудио ёзувлар жуда чиройли овозда, мавзуга мос мусиқалар остида ўқилганки, беихтиёр ўша давр муҳитига кириб борасиз, мусиқа ва матн уйғунлиги ўзгача кайфият бахш этади. Бу ҳам ахборот тарқатишнинг зўр йўли-да!
Назокат АБДУҚУНДУЗОВА,
Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби
Тошкент – Берлин – Тошкент
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ