Хабарингиз бор, oyina.uz “Ватандош” рукни остида хориждаги ўзбекистонликлар билан махсус суҳбатлар уюштириб келмоқда. Нашрнинг навбатдаги қаҳрамони АҚШда яшаб, бизнес қилаётган сармоядор, ахборот-компьютер технологиялари бўйича дунёдаги етакчи мутахассислардан бири Бобур Акилханов.
Йилнинг энг яхшиси бўлганмиз
Хорижда истиқомат қилиб, IT соҳасида фаолият юритаётганимга 22 йил бўлади. Ўн йил Австралияда яшадим. “Charles Sturt University” таълим даргоҳини тамомлаганман. 20 ёшимда “Student Face” ижтимоий тармоғини яратиб, 1 миллион АҚШ доллари даромад қилгандим. Турли лойиҳалар туфайли, озми-кўп ютуқларга эришдим. 2006 йили “Аnthill” журналида йилнинг энг яхши тадбиркори сифатида эътироф этилдим.
Кейин фаолиятимни кенгайтириш ва янги имкониятлар эшигини очиш мақсадида Россияга йўл олдим. Олти йил мобайнида “Groupon”га ўхшаш веб-сайт ишлаб чиқиб, бир йилдан камроқ муддатда 8 миллион обуначига эга бўлдик. Аir B&B веб-сайти ишга туширилиб, 80 кишилик компанияга асос солинди. Plov.com лойиҳамиз эса Форбес томонидан “Йилнинг энг яхши бизнеси” деб эътироф қилинган.
Мана, сўнгги етти йилдан бери АҚШда яшайман. Бир қанча лойиҳалар бўйича иш олиб боряпман. Улардан бири аутсорсинг компанияси бўлиб, 100 дан ортиқ дастурчилар билан мижозларга хизмат кўрсатамиз. AҚШ, Лотин Aмерикаси ва Европадаги йирик компаниялар, давлат идоралари хизматларимиздан фойдаланиб келмоқда.
Хатолардан сабоқ чиқариш лозим
Ростини айтай, авваллари янги лойиҳа бошлашдан бироз чўчирдим. Лекин вақт ўтгани сари одам чиниқиб борар экан. Олдинги хатолардан сабоқ чиқарилса, келгусида ривожланиш учун замин яратаркан. Муваффақиятларим ортида омади келмаган лойиҳаларим бисёр. Масалан, Павел Дуров билан шартнома тузиш имкониятини қўлдан чиқарганман. Лекин ҳозир бундан афсусланмайман. Афсус сизга ҳеч нарса бермайди.
Бизнес шундай соҳа – бир тушасиз, бир кўтариласиз. Ўхшамаган ишларни ҳам яхши тажриба бўлди деб қабул қилиш керак. Ортиқча ўйлаб, сиқилиб, пушаймон чекишга арзимайди. Афсус ортга тортади, олға юришга ҳалақит беради. Доим олдинга ҳаракат қилиш керак. Бир имкониятни қўлдан чиқардингизми, ундан ҳам яхшироғини, ундан ҳам каттароғини ўзингиз учун яратинг.
Трамп учун қилаётган лойиҳамиз ҳам ижтимоий тармоқ
Қўлимда 120 дан ошиқ ходим ишлайди. Компаниям мўмай даромад келтиради. Америкада истиқболли лойиҳаларга бош қўшганмиз. Бир куни қўнғироқ бўлди: “Ижтимоий тармоқ қилишимиз керак”, дейишди. Розилик билдириб, “Ким учун?” десак, “Битта машҳур одамга” деб, кимлигини айтишмади.
Лойиҳани бошладик. Орадан уч-тўрт ой ўтибгина, Доналд Трамп учун ишлаётганимизни билдик. Маълум бўлишича, аввал ўзлари уннаб кўришган, аммо ўхшамаган. Шартномага кўра, яратилаётган ижтимоий тармоқ ҳақида бошқа маълумотни ошкор қилолмайман.
“Disney” билан ҳам шартнома имзолаганмиз. Яна машҳур америкалик бизнесмен Патрик Бат Девид билан келишувимиз бор. У яқинда компаниясини 160 миллион долларга сотганди. Қувонарлиси, лойиҳада ўзбекистонлик болалар ишламоқда.
Мамлакатдан чиқмай, хориж тажрибасини ўрганишади
Ўзбекистонлик эканимдан доим фахрланганман. Мисол, Австралияда ўн йил яшадим, австралияликман десам ҳам, ҳеч ким эътироз билдирмайди. Лекин ҳамиша ифтихор билан “Ўзбекистонликман!” деганман. Маҳаллам, ланка ўйнаган кўчаларим, сомса, ош, маҳалладаги тўйлар, урф-одатлар, биринчи муҳаббатим – ҳаммаси Ватанни эслатади.
Ўзбекистонни яхши кўраман. Инсоннинг болалиги қандай ва қаерда ўтишидан қатъи назар, энг эсда қоларли ва ширин давр бўлади... Америка ёки Австралияни ёқтирмайман, демоқчи эмасман. Бу мамлакатлар менга кўп нарсаларни ўргатган, кўп тажрибалар орттирганман. Аммо Ўзбекистон доим қалбимда. Кўп ўйлайман: Ватаним учун қандай фойдам тегяпти?
2005 йилдан бери лойиҳаларимга иқтидорли ўзбек йигитларини жалб қилиб, офлайн ҳамда онлайн тарзда ақлий меҳнатидан фойдаланаман ва ишига яраша ҳақ тўлайман. Мен бу ёшлар билан фахрланаман. Улар ўз оиласига ёрдам беради, ҳаётда нимагадир интилмоқда. Мамлакатдан чиқмаган ҳолда хориж тажрибасини ўрганишади. Замон билан ҳамнафас бўлиб, малака оширишади. Шунингдек, IT соҳасига ўқитадиган “Bobir Akilkhanov Tech Academy” ўқув маркази очганмиз. Бу ерда ҳам кўплаб йигит-қизлар билим олишади.
Мақсадим – беш йилда лойиҳаларим қийматини 100 миллион АҚШ долларига етказиш
Айни пайтда барча лойиҳаларим тахминан 10 миллион долларга баҳоланиши мумкин. Беш йилдан сўнг ҳозирги ютуқларимдан ўн баробар зиёдига эришишни, бошлаган ишларим инсонларга кўпроқ фойда келтиришини, лойиҳаларим қийматини 100 миллион АҚШ долларига етказишни ният қилганман.
Албатта, даромад ҳақида ўйламаган тадбиркор чинакам тадбиркор эмас. Ўз олдимга Unicorn – “Яккашох”, миллиард долларлик корпорация тузиш мақсадини қўйганман. Осон бўлмайди, албатта. Аммо меҳнат билан эришиш мумкин. Одам қилган ишни одам қила олади. Муҳими – ҳаракат. Балки қариганда эришарман ниятимга. Балки бутун ҳаётим етмас. Етиша олмасам, “Тақдир эмас экан”, дейман-қўяман.
Фарзандларимга пулни осонликча бериб қўймайман
Катта ўғлим билан индивидуал ишлашга ҳаракат қиламан. Уни 14 ёшидан ишга солганман. Дастурлашни ўргатишга берганман. Ҳозир университетда IТ йўналиши бўйича таҳсил олади. Шахсий компаниямда ишлайди, лекин катта ойлик тўламайман. Бонуслар қўшилиши ҳам ўзининг ҳаракатига боғлиқ.
Ўғлим бўлса, нима бўлибди?! Тасаввур этинг, сиз бирор компания бошлиғисиз ва мен сизнинг ишчингизман. Ҳар куни ишхонага келсам-у, ҳеч нима қилмасам – тезда жавобимни беришга ҳаққингиз бор. Буни табиий ҳолат деб ҳисоблайман. Ўғлим шу характерим сабаб чўчиб туради. Ҳатто яқинда уйга, онасига қўнғироқ қилиб: “Вазифаларга улгурмай қолсам, дадам мени ишдан бўшатиб юбормайдиларми?! Урушмайдиларми?!” деб сўрабди.
2006 йили Америкага, Нью-Йоркка келганимиздан сўнг ўғлимда мустақил пул топиш тажрибасини шакллантиришга ҳаракат қилдим. Хўш, буни қандай амалга оширдим?! Уй тозалаш хизмати бўйича эълон тайёрладик. У хонадонлардаги ишларни бажарар, эвазига 5–10 доллар топарди. Яна, кола идишларини йиғиб топширарди (биттасига 5 центдан тўлашарди).
Менга келиб, “Sony Play Station” олиб беринг, дегани уялган. Чунки 300 доллар туради-да. Ўғлим эса бир ой ишлаб, 10–15 долларгина топганди. Шунда пулнинг қадрини сеза бошлаган. Айтган нарсасини сотиб олиш учун отаси қанча кўп ишлаши кераклигини, ўзи қанча тер тўкиши зарурлигини тушуниб етган. Асосий мақсадим ҳам шу эди.
Аммо кичкинам... жуда айёрлик билан айтганини қилдиради: “Дада, бу жуда керак-да. Дада, нима иш қилиб берай?!” деб, чала-чулпа бўлса-да шартни бажариб, керакли пулни олади. Ундан келажакда яхши бизнесмен чиқишига ишонаман, шунга мойил характери бор. Ҳали 9 ёш. Уч-тўрт йилда секин изга соламиз. “Қўлингдан нима келади?! Youtube’га қизиқасанми?! Видео олсанг, ол. Ёки туғилган кунларингда тушган, йиғиб қўйган 300 доллар пулингни инвестиция қил-да, бирор нарсани олиб, қимматроқ сотиб, пул топ”, демоқчиман. Шунақа қилиб ўрганади.
Катта ўғлим жуда сабрли. Ҳамма ишда тоқат билан натижасини кута олади. Аммо кичиги ғирт акси. Шу боис уларнинг тарбиясига икки хил ёндашаман. Бир нарса аниқки, ҳар иккисига ҳам пулни осонликча топшириб қўймайман. Уй ҳам олиб бермайман. Буни яхши билишади.
Баъзан кичкина ўғлим сўраб қолади: “Менга ҳечқурса 1 миллион атарсиз?”. “Сенга ҳатто 5 доллар ҳам йўқ”, деб жавоб қиламан. Мен уларнинг ўз йўлини топишига ёрдам бераман, албатта. Лекин доимий суямайман.
Энг катта муаммоларимдан бири
Аёлимнинг отаси қозоғистонлик қозоқ, онаси қозоғистонлик рус. Лекин ўзи Ўзбекистонда катта бўлган. 1997 йили Россияга кўчиб кетишган. Асосан рус тилида гаплашишади.
Бола ҳамма нарсани асосан онасидан ўрганади, деганлари рост экан. Ўғилларим рус тилини билади. Ўзбекча сўзлаша олмаслигига эса мен сабабчиман. Чунки бошидан улар билан ўзимизнинг тилда гаплашмадим. “Ҳа, ўрганади, ўрганади”, деб юравердим. Ўзбекистонга юбораман, икки-уч ойда бийрон гапира бошлайди, деб ўйладим.
Йўқ, аксинча, қўшни болалар русча ва инглизчани ўрганиб олишди. “Бор, Мансур билан ўйна, баҳонада чет тилинг яхшиланади”, дейишар экан ота-оналари. Ҳатто онам ҳам набираларини қийнамай деб ўзбек тилида гапиришга мажбурламайдилар... Бу менинг энг катта муаммоларимдан бири.
Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА
Oyina.uz
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Матлуба Юсупова
12:01 / 01.01.1970
Қатъиятли, мулоҳазакор, фикрлари жуда ибратли. Ўзбек тили ҳақидаги афсуслапи ҳам юракка тенади, ибратга ундайди. Инсон хатоеор, уни тан олиш ва тузатиш эса бошқа жўмардлик. Мақола қизиқарли, ўқимишли чиққан. Раҳмат