Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари ўзбек адабиётидаги биринчи роман бўлишидан ташқари “энг кир, қора кунлари” бўлса-да, тарихимизнинг аниқ бир даврини муҳаббат қиссаи воситасида ўзига хос услубда ифода этгани билан эътиборлидир. Энг муҳими, асар, унда айтилган фикр, сюжет кучли, тили равон. Ҳавойи, ишонарсиз, баландпарвоз гаплар йўқ. Роман асосида 1969 йилда олинган бадиий фильм эса кўпларнинг кўнгил мулкига айлангани-да рост.
Китоб асосидаги кинода маълум ўзгаришлар бўлиши табиий. Асар ҳар қанча буюк ва машҳур бўлмасин, режиссёр уни тасвирга муҳрларкан, томошабин истайдими-йўқми, барибир ўз “имзо”си бўлишини истайди ва бунга астойдил ҳаракат қилади. Масалан, Пьер Паоло Пазолини “Шоҳ Эдип”ни кино қиларкан, асосий ғоя ва воқеалар занжирини бузмаган ҳолда фильмга замонавий Эдип образини киритади ва такрорланаётган кўҳна фожиани таъкидлайди (Пазолини олган “Шоҳ Эдип” ўзимизнинг Шукур Бурҳонов ўйнаган Эдипдан фарқ қилса-да, бирини иккинчисидан камсита олмаймиз).
Баъзан режиссёрларнинг асар мазмун-мундарижаси, доирасидан у қадар чиқа олмаганини ёки ҳатто унгача етиб боролмаганини ҳам кўриш мумкин. Дейлик, Камюнинг “Бегона”, Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” ёки Жойснинг “Улисс” асари асосида олинган фильмларда китобнинг сояси кўринган, холос (ваҳоланки улар устида таниқли режиссёрлар, актёрлар, ижодкорлар гуруҳи ишлаган). Яъни бу фильмларда, дейлик, фақат йўл кўрсатилиб, унга элтадиган хаёл, таассуротлар кўринмасдан қолган. “Чол ва денгиз”нинг китоби бўлак, киноси бошқа. Китобни ўқиб, буюк ҳисларга, улуғ инсонга ошно бўласан, кинони кўриб, ўша буюклик жимгина осмондан ерга тушади, ёнингга, ҳатто сендан қуйироққа ўрнашади. Инсоният курашини ифода этган буюк балиқчи кунини зўрға ўтказадиган қашшоқ ва боқиманда кимсага айланади-қолади (бола пиво, балиқ келтирганда қиладиган хушомадини эсланг).
Демак, режиссёрнинг олдида қийин вазифа туради: асарни тўла-тўкис томошабинга етказиб беролса – бахти, аксинча бўлса, шунчаки уриниш сифатида эътибордан четда қолади.
Хўш, “Ўткан кунлар” фильми бу вазифани нечоғлик адо этган? Роман мазмун-моҳияти қанчалик тўғри ва тўкис очиб берилган?
Энг аввал шуни айтиш керак, китоб асосида кино қилинган экан, табиий равишда уни бадиий асар билан солиштириб кўрамиз. Агар китоб биз учун қадрдон бўлса, кинода хаёлда гавдаланганларини кўришни истаймиз. Ўз навбатида ҳар кимнинг ўз Кумуши ва Отабеклари, мушовуру қутидорлари бўлади. Чунки китоб шунга имкон беради: қайси қаҳрамонни қандай тасаввур этиш одамнинг ўзига боғлиқ (ҳарҳолда томошабин “Алпомиш” мультфильмидаги каби “Шатакка олайми?” деган гапни кутмаслиги аниқ).
“Ўткан кунлар” фильми бошидаёқ романдан фарқли жиҳатларга дуч келасиз. Мисол учун, роман воқеалари далв (январь)да, қишки кунларда бошланади. Хўш, нега? Юқорида айтганимиздай, асар тарихимизнинг энг кир, қора кунлари ҳақида. Буни ифодалаш учун ён-атроф ҳам зимистон, кўнгилга у қадар ўтиришмайдиган ҳолда бўлиши керак. Ўз навбатида шу зимистонда Отабек ўз севгисини топади ва кўнглига баҳор келади. Шунда асар учун муҳим зиддият пайдо бўлади.
Кинода эса иссиқ, қуёшли бир кун. Отабек, Ҳомид, бир кўриниб кино охиригача қайта бўй кўрсатмайдиган Зиё шоҳичи ўзаро гурунглашиб боради. Бир қарашда Отабекнинг унча катта ташвиши йўқдай – беғаму бедард, Ҳомид айтган “Азизбачча” деган гапга ўзига ярашмаган бир ҳолда писмиқларча кулиб қўяди.
Кейинги саҳна эса бирданига тўйга уланиб кетади. Энди романда Отабек “маънавий отам” деб санайдигани – Хасаналидан яшириб чеккан оҳ-воҳларни, Хасанали Зиё шоҳичи билан совчиликка боргани, қутидорни хотини раъйига қараб кўндиргани хусусидаги лавҳаларни эсга олсак, “Ўткан кунлар”нинг китобини ўқимай киносини кўрган одам кўп “сирлар”дан бебаҳра қолишини англаймиз.
Китобни ўқимаганлар яна шу нарсада ютқазадики, кинода аниқ Отабек, аниқ Кумуш ҳавола этилади. Отабекни қанча мард, танти, юрт ва ёр ишқи билан ёнган юракли тасаввур қилманг, кинодаги сал бўшангроқ, орқайинроқ қаҳрамонни қабул қилишга мажбурсиз. Романда тасвирланишича, Отабек савдогарлик қилиб, Семипалатинск (Шамай)гача борган, дунёқараши кенг, давр сиёсатини, унинг оқибатларини таҳлил қила оладиган йигит (рус босқини ҳақида ҳам айнан у айтади. Бироқ кино айни советлар даврида ишланганки, бу фикрларни тасвирга кўчиришнинг имкони йўқ эди). Кинода эса у ланж бир аҳволда юради, агар унинг ўзи Худоёрхон ҳузурида савдогар эканини айтмаганида, томошабин Отабекнинг жўшқинлик талаб этиладиган касб эгаси эканини зинҳор хаёлига келтирмайди.
Кумуш романда беғубор, маъсум ва эрка, ўрни келганда, қатъиятли тасвирланади, Отабекнинг соғинч тўла мактублари, уни деб одам ўлдирган Ҳомид, эрдан чиққан, дея “ном” орттирган бўлса-да, эшигидан совчи аримаслиги... Бироқ кинодаги Кумуш... тасаввуримиздаги Кумуш эмас барибир. Баъзан Габриэль Гарсиа Маркес “Танҳоликнинг юз йили” асарини киночиларга бермай тўғри қилган, деган ўйга борасан киши. “Урсула – менинг онам, уни қайсидир актриса қиёфасида кўришни хоҳламайман”, деган экан адиб. Шу маънода тасаввуримиздаги Кумуш ё Отабекни қандайдир артист (қани эди ўша ижрочи шу роль билан умрбод кифояланса) ижросида кўриш бироз эриш туюлар балки.
Маълумки, романда Кумуш ўн саккиз ёшда экани айтилади. Бироқ кинодаги Кумуш бу ёшдан анча илгарилаган, кўзлари ҳам фақат аёллар бўладиган ички ҳовлидан чиқмаган, ёт нигоҳлардан авайлаб-асралган қизнинг чашми эмас. Унинг онаси Офтоб ойим эса нақ элликни уриб қўйган хотинга ўхшайди. Аслида Офтоб ойимнинг ёши ўттиз бешда бўлади – бугунги кундаги 1986–1987 йилларда туғилган хотин-қизларнинг ёшида.
Тўғри, эскининг одамлари ёши бирмунча улуғроқ кўринган, дейиш ҳам мумкин. Бироқ Мирзакарим қутидор хотини кўнглига қараб (Отабекнинг ичкуёв бўлиб қолиши ҳам Офтоб ойимнинг хоҳиши билан бўлганини унутмаслик керак), унинг инон-ихтиёрига қарши бормай, нима деса бажаришини ҳисобга оладиган бўлсак, у хотин киши қаритиб қўйиладиган хонадонда яшамайди. Аксинча Офтоб ойим ёш ва ҳаётга некбин қараши керак. Кинода Офтоб ойим қайси ўринда кўриниш бермасин, меъдага урадиган бир тарзда йиғлаб туради. Қолаверса, у – Отабекни Марғилонга тинимсиз қатнатган Кумушнинг онаси, кинодаги Офтоб ойимдан эса биз тасаввур этган гўзал малакнинг туғилиши мумкин эмасдай туюлади.
Ёки Отабек қутидор хонадонидан ҳайдалганда, унга жой берган уста Олим асарда ниҳоятда кўнгилчан экани кўринади. Бошига бахт қуши қўнган чоғда, ёри бевақт вафот этиб, умиди буткул сўнганига қарамасдан одамларга меҳр-муҳаббатини сақлаб қолган. Отабек ҳар гал келганда, ошга уннайди, ҳатто қўшнисиникида аза бўлаётган чоғда ҳам (Кумушни ўғирлашга борганда, Отабек томонидан ўлдирилган Содиқ – ўша, сохта талоқ хатини келтириб берган қора хотиннинг ўғли) ош пиширишга киришиб кетади (шу ўринда уста Олимнинг Отабек жасоратидан лолу хурсандлигига киришиб, Қодирий бобомиз ҳам сал ҳаяжонга берилиб кетгандай туюлади менга. Чунки ҳеч бир ўзбек, минг душман бўлсин, ён қўшнисиникида аза бўлиб турганда, димоқларни қитиқлаб, ўз уйида ош тайёрламайди).
Кинодаги уста Олим ҳам кўнгилчан, бироқ анча қари. Ҳолбуки унинг ҳам ёши бир жойга бориб қолган эмас, “қирқ ёшлар чамали, қонсиз юзли, сийраккина соқолли” бир одам. Кинодаги юзига ажин тушган, қалин соқолли киши эса китобдаги уста Олим тасаввурини бермайди.
Қаҳрамонлар ёши асар моҳиятини очиб беришга у қадар кескин таъсир кўрсатмайди, бироқ, юқорида айтилганидай, билиб турган нарсамиз кинода қандайдир ўзгаришга учраса, қабул қилиш сал қийин кечади.
Мисол учун, Кумуш романда биринчи марта тасвирланганда, қандай либосда бўлади? Совуқ ҳаво тегдириб, бош оғриғи билан уйда ётган Кумуш (Отабекни ариқ бўйида учратиши ҳам айнан шу бош оғриғидан бошланади. Кўнгли сиқилиб, ташқарига чиққани учун ҳам Отабек уни кўриб, ишқи тушади) эрка ва тантиқ қиз қиёфасида намоён бўлади ва эгнида сариқ атлас экани айтилади. Бироқ кинода Кумушни биринчи марта фақат тўй муносабати билан кўрамиз. Узоқ айрилиқдан сўнг Ўзбекойимнинг рухсати теккач, Тошкентга борганида-чи? Ўшанда Кумушнинг эгнида қандай кийим бўлади? Кинода актрисага ярашадиган ранг танланган, чамамда. Китобда эса Кумуш Тошкентга қора атласда боради – чунки Отабек унинг шу либосини яхши кўради. Аввало Отабек, шу орқали ўқувчи учун муҳимми, демак, кинода ҳам бунга эътибор берилиши ўринли бўлади.
Кинода Отабек дор остига бораркан, Мирзакарим қутидорга “Кумушга аввал уч йигит совчи қўйган экан. Шу ростми?” деган саволни беради. Қутидор бундай саволнинг боисини сўраганда, “Кумушни биринчи марта кўрганидаги рухсорини унутолмайман” деб жавоб беради. Бу суҳбат гўё Отабек хаёлидан бир зум бўлсин Кумушнинг кетмаётганини ифода этса-да, аслида ҳеч нарсага хизмат қилмайди. Чунки қутидор унинг ошнаси ё бир сирдош таниши эмаски, хотинининг рухсори хаёлидан кетмаслигини айтиб ўтирса.
Бундан ташқари, кинода воқеалар занжирининг асосий уловчиси – Ҳомиднинг қиёфаси очилмай қолган. У фақат талоқ хати уюштиргани ва Кумушни ўғирламоқчи бўлгани учун ўлдирилади. Тўғри, у Отабекка нисбатан ёмонлик қилди, бироқ уни шу учун ўлдириш нечоғлик адолатдан?
Китобни ўқиган одам Ҳомиднинг ўлдирилиши нақадар тўғри бўлганини англайди, ҳис қилади. Мисол учун, кинода Ҳомиднинг уста Олимнинг қайниси Сайфига тегажоғлик қилгани, баччабоз эканига бирор ишора йўқ. Аслида у шундай паст кимса эди. Унинг учун бировнинг хотинига кўз олайтириш табиий ҳол саналарди (“Қамчинингдан қон томса, юзта хотин орасида ҳам роҳатланиб тириклик қилоласан! Мен бу кунгача икки хотин ўртасида туриб жанжалга тўйгунимча йўқ, аммо хотинни учта қилишга ҳам ўйим йўқ эмас!” деган ҳам Ҳомид бўлади).
Буям етмаганидай, Отабек талоқ қилди, деб Кумушга харидор чиққанида, куёв, яъни Салим шарбатдорнинг ўғли Комилбекни тўйи бўладиган кунда оғилда сўйиб кетган ҳам шу – “ўзимизнинг” Ҳомид эди.
Ҳамтовоқлари билан Кумушни ўғирлашга келган Ҳомиднинг қилмишларига чек қўйиш саҳнаси эса кинода жуда оддий. Отабекни, унинг отасини хоинга чиқариб, ҳатто дор остига олиб борган, талоқ хати уюштириб, хотинини тортиб олмоқчи бўлган кас билан ҳисоб-китоб буткул бошқача бўлиши керак эди. Бу китобда жуда чиройли ва ишонарли тасвирланади.
“Сиз мендан ҳам яхшироқ биласизки, – дейди Отабек Ҳомидга, – шу уйда сизни аллақанча машаққатларга солган, чексиз жониворликлар ишлатган ва ҳисобсиз тиллалар тўкдирган, ниҳоят шу дақиқага келтириб тўхтатган биров ухлайдир. Агарда сизнинг менинг тилимдан ёзиб берган талоқ хатингиз дуруст ҳисобланмаса, бу ухлагувчи менинг ҳалол рафиқам бўлиб, икки йилдан бери мен ҳам унинг кўйида саргардонман. Демак, сиз билан менинг орамизда шу биров учун кураш борадир. Лекин сиз шу чоққача менинг устимдан муваффақият қозониб келдингиз: қорачопончи, деб дор остларигача олиб бордингиз, Мусулмонқул қўлига топширдингиз, бу ишларингиз фойдасиз чиққач, исмимдан талоқнома ёзиб, икки йиллаб рафиқамдан айириб туришга муваффақ бўлдингиз, бу орада гуноҳсиз бир йигитни ҳам ўлдирдингиз. Ниҳоят, ўғирлик йўлига тушиб икки йигитингизни ҳам менинг қўлимда ҳалок қилдингиз... Энди менга жавоб берингиз-чи: бу ёмонликларингизда сиз ҳақлими эдингиз?”
Бироқ Ҳомид номард эди, “Ҳақли эдим” деб, қўлини силтаб тортади. Ўша ондаёқ Отабек қўлидаги ханжари билан Ҳомиднинг қорнини шир этдириб ёриб юборади.
Сўнг Отабек яна қайта “ҳақлими эдинг” деб сўраганида (иккинчи марта сенсираб айтади), яна “ҳақли эдим!” деган жавобни олади, камига Ҳомид унга қарата қўлидаги ханжарини ҳам отади...
Китобдаги бу драматик, қайсидир маънода кульминацион саҳна кинода аксини топмаган. Ҳомид ўз гумашталари – жони йўқ, қаттиқроқ қўл тегиб кетса, ерга чўзиладиган Мутал (китобдан унинг кучли экани маълум!) ва ташқи қиёфасига кўра илгари хўроз сўйгани даргумон Содиқ (Ҳомидга одам тинчитганини, агар яна зарурат бўлса, бунга тайёрлигини билдиради) билан Кумушни ўғирлашга бораркан, уларнинг Отабекка муносиб рақиб эмаслиги аниқ кўриниб туради. Боз устига Кумуш ухлаб ётган хонага кириш учун лаҳм кавлашда тешани бор кучи билан уришадики, гўё у хонада ҳеч ким йўқдай, биров зарб билан урилаётган товушни эшитмаётгандай. Бу зарбдан аслида кар одам ҳам уйғониб кетиши, хавфни англаши очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бироқ Кумуш кўчага ёндаш хонада бир ўзи ухлайдию, уйғонмайди.
Кинода юқорида айтганимиз каби Отабекнинг Ҳомидга айтар сўзи йўқ. Шерикларини тинчитиб, Ҳомидни ҳам осонгина нариги дунёга равона қилади.
Китобда кураш осон кечмагани, Содиқнинг ханжари бир-икки марта унинг орқасига келиб теккани, Ҳомид қўлини силтаб тортганида, ханжар унинг бош бармоғи орасини суякка етгунча шипириб кетгани ёзилади.
Кинода баттол Ҳомид осонгина жон таслим қиларкан, “ўзига хос” сўкиниш тарзи билан “Едингку, аблаҳ” дейди, холос.
Кейин кинода Ҳомид бирданига жон таслим қилади. Романда эса эртаси куни унинг ўлим билан курашаётгани, бирор оғиз сўз айтолмаётганини Отабекка Ҳомиднинг жияни Раҳмат айтади. Хўш, нега? Барибир тирик қолмас экан, Ҳомиднинг ўлимини чўзиш адибга нима сабабдан керак эди?
Чунки Ҳомид қийналиб ўлиши керак эди. Шунча ғаразгўйлиги билан у осонгина ўлиб кетавериши мумкин эмасди. Шу ўринда бир чекиниш: Назар Эшонқулнинг “Шамолни тутиб бўлмайди” ҳикоясида Байна момо Замон отбоқардан қасос оларкан, унинг ўнта бармоғи билан бирга, бошқа ерини ҳам кесиб олади. Аслида Байна момо учун интиқом кифоя эди. Бироқ хожасини ўлдирган Замон отбоқарнинг тақдири шундай хорлик билан якун топса, адолат қарор топган бўларди.
Кинони кўриб, томошабинда ҳам савол туғилади: хўш, эсини таниганидан буён савдогарлик қилиб, кўплаб масалаларга нозик дипломатия билан ёндашган Отабек (асар бошида рус босқини, Азизбек юритаётган сиёсат ҳақидаги фикрлари) қандай қилиб, бирданига учта жиноятчини тинчита олди? Бунинг жавоби Отабекнинг Кумушга ёзиб қолдирган мактубида ошкор этилади.
“Менинг учун кўйингизда ва оёғингиз учида жон бериш жуда ширин эди ва кўпдан бери ғоям эди, – деб ёзади Отабек. – Шу сабабли яқинроғингизда ўлмоқ учун, ўлар эканман, сўнг дақиқамда яна бир мартаба бўйингизни олиб ўлиш учун душман томонидан уйингизга очилган туйнукчага кирдим. Кирдим-да, сизнинг бўйингизни олдим, ҳафиф тин олгандаги латиф ухлаган товушингизни эшитдим... Шу вақт, субҳонолло... ўзимда кутилмаган бир куч сезган эдим, икки эмас, икки юз душманга муқобила этишга ўзимда қудрат кўрган эдим...”
Бундан ташқари, кино кўпроқ Отабек ва Кумуш севгисидан, шу севги атрофидаги можародан ҳикоя қилади. Романда рус босқини арафасидаги ўзаро зиддиятлар, фитналар, қипчоқ қирғини, юрт оғаларининг манфаатпарастлиги, худбинлигию бошқа иллатлари ҳам қаламга олинади.
Юртга солиқ солиб, иккиюзламачилик қилган Азизбекнинг характери очилади, бироқ унинг тақдири қандай якун топгани кинотомошабинга мавҳумлигича қолади. Китобдан аёнки, халқини қадрламаган Азизбек отга оёғидан боғланиб, судратма қилинади.
Китобда аниқ тарихий воқеалар келтирилгани боис тарихий шахслар ҳам борича кўрсатилиши керак эди. Мисол учун, Мусулмонқул образи. Абдулла Қодирий бу шахсга изоҳ бераркан, куёви Шералихонни ўлдирган, гуноҳсиз Муродхонни шаҳид этган, қўй каби ювош Салимсоқбекни ўлдириб, ўрнига Азизбекни Тошкент ҳокими қилиб қўйган, деб ёзади. 1853 йилда Мусулмонқул қўқонликларга асир тушиб, уни тўпдан отиб ўлдирмоқчи бўлишганида, “Энди қалайсан, чўлоқ” дейишганда, дордек нарсанинг устида баландроқда тургани учун “Алҳамдулиллоҳ, ҳали ҳам сизлардан юқори бир ерда ўтирибман!” деган жавобни берганини қайд этади.
Кўриняптики, Отабек таъриф берганидай Мусулмонқул – “тулки”, “сиёсий ўйин”ларнинг бош ташкилотчиси. Бироқ кинода у иккиюзламачилигини дарҳол билдириб қўяди, чақув билан саройга тасодифан келиб қолган савдогар йигит – Отабек билан ади-бади айтишиб ўтиради. Яъни катта бир давлат бошида турган одамга хос қилиқлар қилмайди.
Китобда қипчоқ қирғинига ҳам алоҳида урғу берилади. Яъни Ниёз қушбеги ўз ўрнига Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбеги мингбоши бўлганини қабул қилолмай, фитна қўзғаб, қипчоқ қирғинига рухсат беради. Ҳар қадамда бегуноҳ қатл этилганларга дуч келгани туфайли, Отабек шунга жаҳл қилиб, отасига аччиқ-аччиқ гаплар айтади. Бу кинода ҳам бор, бироқ қипчоқ қирғини қачон, нима муносабат билан юз берди, деган саволлар очиқ қолади.
Умуман олганда, “Ўткан кунлар” романининг кинога кўчмаган қисмлари кўп. Балки умумий мазмунга фавқулодда таъсир этган, деб бўлмас, бироқ улардан унумли фойдаланиш асар моҳиятини янада очишга, уни ўқувчи-томошабинга янада яқинлаштиришга хизмат қиларди. Бу китоб асосида олинадиган галдаги фильмларда кўринса ажаб эмас. Демак, “Ўткан кунлар” янги талқинларга, янги ёндашувларга муносиб.
Бекзод САЙФИЕВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ