Ўзбек халқи миллий маънавиятининг ажралмас қисми саналувчи тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар миллатнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттиради. Аммо ҳозирги кунда ўтказилаётган аксар оилавий тадбирларда исрофгарчиликка йўл қўйиш, ўзини кўз-кўз қилиш, урф-одатлар ва анъаналарни менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланяпти. Маросим ва тадбирларимизга халқимиз дунёқараши, миллий анъаналарига мутлақо ёт одатлар кириб келаётгани ачинарлидир. Бу каби “нағма”лар халқимиз маънавияти ва турмуш тарзига салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Афсуски, дабдабали тўй-маъракаларга хайрихоҳлик миллатнинг бугун пайдо бўлган муаммоси эмас.
Бундан 100 йил олдинги тарихимизга назар ташласак, Бухоро амирлигида ҳам дабдабали тўйлар ва маросимларни тугатиш кун тартибида турган муҳим ижтимоий вазифалардан бири бўлганлигига гувоҳ бўламиз. ХХ аср бошларида Бухоро амирлигида тўйлар ғоятда ҳашамдор бўлиб, одатда 7-8 кун давом этган, ҳар куни 6-7 хил овқат пиширилиб, таклиф қилинган меҳмонларга кетиш чоғида 800 граммдан 16 килограммгача қанд бериш ва чопон кийдириш одат тусига кирган. Бундан ташқари, никоҳ ва суннат тўйларида кўпкарилар ташкил қилинган.
Бухоро амири Саид Олимхон (1910–1920) ҳукмронлигининг дастлабки йилидаёқ тўй-маъракалардаги исрофгарчиликлар ва дабдабабозликларни тугатишга алоҳида эътибор қаратиб, биринчи навбатда вилоят беклари, қозилар, амлокдорлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг оддий оилалар маъракаларида иштирок этишини тақиқлаб қўйди. Уларга фақат бир-бирлариникида бўладиган маросимларга боришга рухсат бериб, ўшанда ҳам шўрвадан бошқа овқат тановул қилишларини ман этди.
Амир 1911 йил март ойида “Жуда исрофли тўйларни тугатиш тўғрисида” фармон чиқарди. Унга кўра, тўйларда 6-7 хил овқат қилиш тақиқланиб, паловдан бошқа овқат берганларга 75 дарра уриш жазоси тайинланди, суннат ва никоҳ тўйларида ташкил қилинадиган улоқ чопиш ва пойга тадбирлари бекор қилинди. Ушбу тадбирни ташкил этган шахс ўлим жазосига маҳкум этилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, тўйга келган меҳмонларнинг ҳар бирига чопон бериш расми ман қилинди. 1916 йил 5 июнда эса Амир Олимхон тўйга келганларга қанд бериш одатини тақиқловчи яна бир фармонни имзолади.
Амир томонидан халқнинг фаровонлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бундай фармонларнинг бузилиш ҳолатлари айрим маҳаллий амалдорларнинг порахўрлиги ва ўзбошимчалиги туфайли содир бўлиб турган.
Бу даврда оилавий маросимлардаги исрофгарчиликлар ва янги ўйлаб топилган одатлар нафақат Туркистон ва Бухоро жадидлари томонидан, балки уламолар томонидан ҳам кескин танқид қилинди. Бухоро амирлигида юқори лавозимларда фаолият юритган муфти Домла Икромнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари фикримиз далилидир. Унинг “Ийқозу-н-ноимийн ва иълому-л-жоҳилийн” (“Уйқудагиларни уйғотиш ва жоҳилларга билдириш”) асарида оилавий маросимларда тўй, “Биби Сешанба” ва аза маросимлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади.
Домла Икром мазкур асарида тўйлар ҳақида “Тўй ва зиёфатлардаги исрофгарчиликларнинг барча кўринишлари том маънода бугунги кунда халқ орасига ўрнашган. Уни бирор киши исроф демай қўйган, аксинча, исрофчиларни карам ва сахийлик соҳиблари деб айтишади, исрофгарчилик қилмайдиганларни эса зиёфатхўрлар бахил деб аташади. Масалан, биров дастурхон устига аҳли салаф одати деб битта нон ва таом қўйса, уни бағоят айблайдилар. Бугунги кунда диёримизда бир кишининг олдига турфа ширинликлару ичимликлар ва егуликларни чунон кўп қўядиларки, ўтиришга жой топилмас”, деб ёзади.
Асарда кўтарилган яна бир муҳим масала Хотинларнинг аза маросимлари бўлиб, халқ томонидан “йигирма”, “қирқ”, ва “йил” (Инсон вафот қилгандан сўнг ўтказиладиган маросимлар ҳақида гап кетмоқда. Исломдан аввалги замонларга бориб тақаладиган бу хилдаги маросимлар – “қирқ” инсон ўлганининг қирқинчи ёки ундан камроқ куни, “йигирма” йигирманчи ёки ундан камроқ куни, “йил” деб эса бир йилдан сўнг ёки ундан олдин ўтказиладиган маросимга айтилади. Бу маросимларни ўтказиш ҳозиргача туркий халқлар орасида жорий бўлиб келмоқда.) деб номланган. Домла Икром бу расм-русмлар ислом динида мавжуд эмаслигини Қуръон оятлари орқали исботлаб, аёлларнинг ишларини қоралайди: “Бир неча ҳамоқатпеша тўпланиб олиб, турли-турли нолалар қилиб, кўкракларига уриб, йиғлайдилар. Бир бошқа аёл таъзияхонага келса, ўша нолаларни такрорлайдилар. Кўкракларига уриб йиғлашни ўзларича вожиб қилиб олганларидек, турли махсус таомларни ҳам шундай белгилаб олганларки, уларни ўзгартириб бўлмас. Бу таомлардан айримларини ўша жойда ейиш вожиб бўлса, айримларини ташқарига чиққач ейишлик вожиб бўлади. Таъзия очган айрим аёлларга муайян кунда газлама ва совун беришлик ҳам вожиб бўлади. Ва аёлларнинг бу ёмон қилиқлари эркакларга, балки уламою фузало, ҳокимларнинг ҳам барчаларига маъқулдирки, бирон киши уни бекор қилишни ўйламас. Аксинча, кўпчилик одамлар буларни керак деб билурлар ва кўп ақчалар сарфларлар”.
Иқтисодий чиқимлар ва исрофгарчиликдан иборат бўлган бу маросимлар ҳокимлар томонидан тўхталиши лозимлигини таъкидлаб, давлат лавозимида хизмат қилувчи мансабдорлар бундай тадбирларни ўтказишда халққа шахсий намуна кўрсатишлари кераклигини уқтиради.
Хулоса қилиб айтганда, Амир Олимхон серхаражат тўйлар оилаларни иқтисодий фалокат ёқасига олиб келишини англаган ҳолда, бундай тўйларни бартараф этиш бўйича қатъий талабларни ишлаб чиққан. Натижада тўй кунлари қисқартирилиб, бир хил овқат пишириш белгилаб қўйилди, чопон кийдиришлар кескин камайди, қанд тарқатиш тўхтатилди ҳамда кўпкарилар ўтказилмайдиган бўлди. Муфти домла Икромнинг “Ийқозу-н-ноимийн ва иълому-л-жоҳилийн” асари эса халқ орасида “Дар баёни бидъаоти машҳура” (“Машҳур бидъатлар баёни”) номи билан танилди ва оилавий маросимларга кириб келаётган айрим янгиликларга чек қўйилди.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
ЎзФА Тарих институти докторанти
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Тил
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Абду Хаким
12:01 / 01.01.1970
Жуда ажойиб тарих буни халқ орасида тадбиқ қилиш керак исрофгарчилик жуда авжига чиқиб борябди буни биркун уволи барчага уради ОЛЛОХ буларга ўзи кифоя қилсин