Эл-юрт осойишталигини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда кадрлар маънавиятини ошириш – устувор вазифа


Сақлаш
22:51 / 25.10.2022 1728 0

Республика Ички ишлар вазирлигида айни кунда улуғ маърифатпарвар шоир ва адибимиз Абдулҳамид Чўлпоннинг “Қучоқ очиб халқ ичига борайлик, Барча кучни халқ ичидан олайлик!” деган машҳур даъватига амалга қилган ҳолда, ички ишлар ходимларини халқ билан яқинлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли қарори Ички ишлар вазирлиги тизими олдига ҳам маънавий-маърифий ишлар натижадорлигини ошириш ва соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш орқали ишларни янги босқичга кўтариш ҳамда ижтимоий-маънавий муҳитнинг соғломлиги ва барқарорлигини таъминлаш вазифасини қўйди. Қарорга асосан Ички ишлар вазири томонидан 2021 йил 21 октябрда “Ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар хизмати фаолиятини  такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 400-сонли буйруғи қабул қилинди.

 

 

Тизимнинг ҳар бир тармоқ хизматларида маънавий-маърифий ишлар бўйича алоҳида масъул ходимлар биркитилди. Шахсий таркибнинг маънавий-маърифий дунёқарашини юксалтириш мақсадида “Маънавият ойлиги”, “Уч авлод учрашуви” каби тадбирлар, турли кўрик-танловлар консерт дастурларини ўтказиш, жойлардаги маърифат залларини қайта таъминлашга, ҳар бир ички ишлар идорасида “Ватанпарварлик бурчаклари” ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Шунингдек, 2021 йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 1 июнига қадар ички ишлар органлари тизимидаги 1429 нафар раҳбар-ходимларнинг маънавий-маърифий ҳамда касбий билим ва малакалари оширилди. “Йилнинг энг фаол ёшлар етакчиси”, “Намунали маънавият ва маърифат хонаси”, “Энг яхши кутубхона”, “Энг яхши китобхон”, “Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи” ва “Энг яхши профилактика инспектори” каби 50 га яқин турдаги кўрик-танловлар ўтказилди.

 

Вазирлик томонидан китобхонлик ва мутолаа маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ички ишлар ходимлари албатта ўқиши керак бўлган 39 та китоб рўйхати тузилиб, ҳар бир ходимнинг ўз шахсий кутубхонаси ташкил этилди. Айни пайтда 23 000 нафардан ортиқ ходимнинг шахсий кутубхонаси ва китоб жавони мавжуд. Умумий китоблар фонди эса 776 362 дона бўлиб, бу шахсий таркибга нисбатан ҳар бир ходимга 10–11 дона адабиётлар тўғри келишини англатади.

 

Ички ишлар органлари ходимларининг китобга бўлган юксак меҳрининг ифодаси сифатида, вазирлик биноси олдидаги хиёбонда “Ички ишлар органларининг китобхон оиласи” ҳайкали ўрнатилди. (Ҳайкалда ўриндиқда китоб ўқиб ўтирган майор ва унинг бир қиз ва бир ўғил фарзандлари ҳамда турмуш ўртоғи тимсоли тасвирланган.)

 

 

Шахсий таркибнинг маънавий-маърифий билим савиясини ошириш мақсадида, ички ишлар органларида 2021 йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 1 июн кунига қадар 52 та мавзу бўйича 14 798 марта “Маънавият ва маърифат дарслари” ўтказилди. Ярим йиллик якуни бўйича ходимлардан мавзуларни қандай ўзлаштирганликлари юзасидан синов имтиҳонлари олинди. Ички ишлар органлари ходимларининг халқ орасидаги нуфузини ошириш мақсадида улар фаолиятини кино ва театр санъати воситасида ёритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Республика Кинематография агентлиги, “Ўзбектелефильм” киностудияси ва бир қатор хусусий кинокомпаниялар билан ҳамкорликда ички ишлар органларининг фаолияти билан боғлиқ 10 га яқин бадиий фильмлар, телесериаллар ҳамда қисқа метражли фильм ва видеороликлар тасвирга олиниб, телеэкранларда намойиш этилди. Ўттиз қисмдан иборат “Тузоқ”, “Нафс”, “Қўриқхона”, “Жиноят жазосиз қолмайди”, “Изқувар-2” каби сериаллар, “Афв” бадиий филми шулар жумласидандир. “Маънавият ойлиги” тадбирлари доирасида 1443 та тарғиб этувчи материал ва баннерлар жойлаштирилди. Шахсий таркиб ўртасида 944 та турли давра суҳбатлари ва учрашувлар, 751 та турли кўрик-танловлар, жумладан, 321 та “Санъатда ҳаваскор истеъдодлар” жамоалари иштирокида тадбирлар, 611 та консерт-томошалари ўтказилди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорлик меморандиуми имзоланган ҳамкор идора ва ташкилотлар билан 894 та тадбирлар, 298 та брифинг, 862 та китоб ярмаркалари ташкил этилди. Бундан ташқари, ички ишлар ходимларининг 1907 марта музейларга, 1305 марта тарихий объект ва қадамжоларга, 485 марта театрларга ташрифлари уюштирилди.

 

Тизимда кўп йиллар самарали хизмат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган ички ишлар фахрийларининг кўп йиллик иш тажрибаларини ўрганиш мақсадида, истеъфодаги фахрийлар, ходимлар ва ИИВ таълим муассасалари тингловчилари ўртасида 561 марта “Уч авлод” учрашувлари ўтказилди. Ўтказилган барча маънавий-маърифий тадбирлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилди.

 

Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги жаҳон веб-маконида ўзининг расмий ресурсларига эга бўлиб, вазирликнинг расмий 22 та веб-сайти ҳамда оммалашган ижтимоий тармоқларда 70 дан ортиқ расмий саҳифалари мавжуд. Мазкур веб-ресурслар орқали ИИВнинг Ахборот хизматлари томонидан 2021 йил 1 июнидан 2022 йил 1 июнигача оммавий ахборот воситаларида жами 149 789 та хабар, мақола ва ахборотлар ёритилди. интерчиқишлар қилинди. 603 марта пресс-тадбирлар ўтказилиб, ИИВ раҳбарияти томонидан ОАВда 2 269 маротаба чиқишлар ташкил этилди.

 

Шунингдек, вазирликнинг расмий нашрлари – “Постда”, “На посту“ газеталари ва “Қалқон”, “Шит” журналлари орқали тизим фаолиятидаги янгиликлар ва ислоҳотларга оид жами 1715 та мақола чоп этилди.

 

Маълумки, Президентимиз 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Энг намунали туман ва шаҳар” ҳамда “Энг намунали вазирлик ва идора” танловларини ўтказиш белгиланган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 июндаги 97-сон мажлиси баёни билан танловни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан вазифалар белгиланиб, Махсус комиссия таркиби ва танлов Низоми тасдиқланган эди.

 

 

Танловни ўтказиш жараёнида Маънавият ва маърифат кенгаши фаолиятининг самарали йўлга қўйилганлиги, Маънавият ва маърифат маскани ташкил этилгани, маънавият бўлинмаларининг моддий-техник базаси ҳолати, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш борасида шаклланган ўзига хос тажриба, ёшлар сиёсати ва маънавий-маърифий ишлар учун масъул раҳбарлар фаолияти таҳлили, газета ва журналларга обуна ҳолати, маънавий-маърифий тадбирларда ёшлар қамрови каби масалаларга алоҳида эътибор қаратган туман-шаҳар ҳамда вазирлик ва идораларнинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Амалга оширилган бу каби ижобий ишлар самараси ўлароқ, жорий йилда ўтказилган “Энг намунали вазирлик ва идора” танловида Ички ишлар вазирлиги 92,5 балл тўплаб 1-ўринга муносиб кўрилди. Албатта, соҳада маънавий-маърифий ишларни янада ривожлантириш чора-тадбирлари келгусида ҳам изчил равишда давом эттирилади. Вазирлик иш тажрибасини янада ривожлантириш ва оммалаштириш борасида устувор масалаларга катта эътибор қаратилмоқда. Мақсадимиз – ички ишлар органлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида комплекс чора-тадбирлар қўллаш ҳамда юзага келган вазият ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш, шу билан бирга, ички ишлар органлари тизимидаги раҳбар-ходимларнинг маънавий-маърифий ҳамда касбий малакаларини мунтазам равишда ошириб бориш каби асосий бурч ва вазифалардан иборатдир. Айни пайтда шахсий таркиб ўзига билдирилган эл-юрт ишончини оқлаш мақсадида кечаю-кундуз самарали фаолият кўрсатмоқда.

 

Авазбек ИНОМОВ,

Республика ИИВ Маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17371
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//